O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкент пропискаси бироз енгиллаштирилди, аммо…

Тошкент пропискаси бироз енгиллаштирилди, аммо…
174 views
25 December 2017 - 19:04

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Вазирлар маҳкамаси Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий ва вақтинчалик прописка қўйиш тартибига ўзгартириш киритган. Қарорда пропискага қўйиш учун талаб қилинадиган турли қоғозларнинг камайганини кўриш мумкин.

“Эндиликда Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш учун турар жой ҳужжатлари, уй-жой мулкдорининг аризаси, никоҳ тузилганлиги ёки болалар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари талаб этилмайди”, деб ёзилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 декабрда қабул қилинган 1001-сон қароридан маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида доимий пропискага қўйишда бир неча ҳужжатни тақдим этилиш умуман бекор қилинди.

Бекор қилинган ҳужжатлар орасида эр-хотиннинг амалда яшаган жойида уларнинг камида бир йил биргаликда яшаганлиги тўғрисида маҳалла йиғини раиси ва профилактика инспектори томонидан имзоланган маълумотнома ҳам бор.

Вақтинча пропискага қўйиш учун айрим ҳужжатларни тақдим қилиш бекор қилинган.

Президент Мирзиёев олдинроқ Тошкент шаҳри ва вилоятига пропискага қўйилиши мумкин бўлган касб эгаларининг рўйхатини кенгайтирганди.

Бироқ ўзгартиришларга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган инсонларнинг ўз қариндошларини пропискага қўйишлари мураккаблаштирилганди.

“Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги қонуни билан тасдиқланган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати изоҳи”да “рўйхатнинг 2, 3, 5, 9-12 бандларига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди”, деб қайд этилган.

Пропискага қўйишдаги қоғозбозлик бироз енгиллаштирилган бўлса-да Тошкент пропискаси Ўзбекистон Бош қомусида кўрсатилган, фуқароларнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатланиши ҳуқуқини қўпол бузилишига намуна бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари ўз пойтахтига келиб кетишда махсус рўйхатга туриши керак бўлган ва ушбу жараён мураккаблаштириб қўйилган икки давлатдан бири ҳисобланади.

Диктатура ҳукм сурувчи Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда Тошкентдаги каби прописка тизими кучли равишда сақланиб қолган.

Ўзбекистон марказий каналлари Тошкентдаги прописка тизимининг мантиқсизлиги ҳақида гапира бошлаган.

“Ўзбекистон” каналидаги кўрсатувда адвокат Мансуржон Абдураимов Тошкентга кириб келгандан сўнг 5 кун ичида пропискага туриш тартибини савол остига олган.

Кўрсатувда иштирок этган ИИВ масъули Шавкат Нафасов фуқаронинг пойтахтга кириб келишин аниқловчи тизим йўқлигини, бироқ милиция прописка тўғрисидаги қарорни бажаришга мажбур эканлигини айтган.

Блоггер Санжар Саид Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлаётган икки муаммодан бири сифатида пропискани кўтариб чиққан.

“Пойтахтда ишчи-мутахассисларга талаб жуда юқори. Ишлаб чиқариш, қурилиш, хизмат кўрсатиш, давлат органларида иш ўринлари мавжудки вилоятликлар келиб уларга жойлашмоқда, пешона терини тўкиб, ҳалол меҳнат билан пул топаяпти. Бундай вазиятда прописка сиёсати иқтисодиётни ривожлантиришдан фақатгина тўсиши, ҳеч бўлмаганда тадбиркор вақтини олиб, асабларини бузишдан бошқага ярамайди”, – деб ёзади у.

ЎХҲ хабарлар бўлими