Янгийўл тумани Тошкент вилоятининг етакчи туманларидан бири.
Қўлимиздаги маълумотларга қараганда, пойтахтимиз билан деярли туташиб кетган Янгийўл туманининг Жамбул қўрғони аҳолиси бир неча йилдирки нафақат табиий газдан, балки тоза ичимлик суви муаммосидан ҳам азият чекиб келишмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, шу кичик қўрғончанинг ўзида 50 дан ортиқ иссиқхоналар қишин-ёзин фаолият кўрсатиб келмоқда. Помидор, бодиринг, турли кўкатлар етиштиришга ихтисослашган мазкур иссиқхоналар эса туман газлаштириш идораси томонидан пинҳона ва сирли тарзда табиий газ билан мунтазам таъминланиб келмоқда.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузилишига оид мазкур салбий ҳолат юзасидан Жамбул қўрғони аҳолиси маҳаллий қонун идораларига, хусусан, туман прокурорига арз-ҳол қилишган. Бироқ, аҳолининг аризаси оқибатсиз қолдирилган.
Қонун ижросини таъминлашга ва назорат этишга масъул бўлган Янгийўл туман прокуратурасининг хўжасизлиги туфайли Янгийўлдаги Жамбул қўрғони аҳолиси мавжуд муаммо юзасидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакилларига кўмак сўраб мурожаат қилишга мабур бўлишган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташқилоти вакилларининг кўмагида куни кеча Жамбул қўрғончаси аҳолисининг табиий газ ва тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини қондириш юзасидаги талаблари асосида Бош прокурор номига навбатдаги шикоят хати жўнатилди.
“Мазкур муаммони атрофлича урганиб чиқиб, муаммоларни бартараф этиш ва масъулиятсиз мансабдорларга нисбатан қонуний чора кўришларингизни, аҳолининг табиий газ ва тоза ичимлик суви танқислигининг сунъий равишда юзага келтириб чиқарувчи омилларни пухта ўрганиб чиқиб, қўрғонимизда истиқомат этувчи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этишингизни ва табиий газ ва тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини қондиришда амалий кўмак беришларингизни сўраймиз” дейилади шикоят хатида.
Мазкур масалага оид шикоят хатининг бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёев номига ҳам юборилди.
Хабар Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА томонидан юқори қонун идораларига жўнатилган шикоят хати асосида тайёрланди.