2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
ТОШЛАР ХАҚИДА ШЕЪР
Мен ҳам золим, тўнг кимсаларнинг
Бағрин тошга этардим қиёс.
Тавоф этгач Мамай қўрғонин
Бу қиёсдан кечгим келди воз.
Бунда тошлар жанг тафсилотин
Васф этиш-чун кираркан тилга,
Ажаб эмас тош қалбларни ҳам
Айласалар тилка ва тилка.
Бунда тошлар фидойи — жангчи,
Ҳамлага шай арслон мисоли.
Бунда тошлар — муҳаббат рамзи,
Тошлар бунда нафрат тимсоли.
Фарзанд доғи — сабаб, тош қотган
Она бунда унсиз чекар оҳ.
Бунда буюк зафардан сўйлар
Инсон забон бахш этган бир тоғ.
Бордир бахти, фожеа ва дарди
Шаксиз бунда ҳар битта тошнинг.
Ўй-хаёли, ёниқ қалби бор
Ҳар бир тошда ҳайкалтарошнинг.
Шу боис бу тошлар қошидан
Таъзим қилиб ўтгай асрлар.
Золимларни тошбағир деманг,
Токи тошлар оғринмасинлар.