“Тоғли Бадахшоннинг пойтахти Хоруғда олиб борилган ҳарбий амалиётлар Афғонистон билан чегарада босқинчилар йиғилгани боис ўтказилган”, дея маълум қилди Тожикистон президенти қошидаги Стратегик ислоҳотлар ўтказиш маркази.
Афғонистон хавфсизлик хизматлари маълумотларига кўра, афғон Бадахшонида 400 дан 1000гача тўпланган жангариларнинг мақсади тожик Бадахшонидаги вазиятни издан чиқариш бўлган.
Мурожаатда айтилишича, айнан қўшни Афғонистон билан боғлиқ, бутун минтақадаги вазият Тожикистон ҳукуматини Хоруғда хавфсизлик чораларини кучайтиришга ва ҳудуддаги қуролли кучлар сонини оширишига олиб келган.
Кузатувчилар чегара қўшинларининг подполковники Толиб Айёмбековнинг унга қарши амалиётлар бошланадиган бўлса,”афғон жангариларига мурожаат қилиши” ҳақидаги гапларини расмийлар анча жиддий қабул қилганлигини айтишган. Ҳукумат айнан Айёмбековни хавфсизлик хизмати генерали Абдулло Назаровнинг ўлимида алоқадорликда айблаган.
24 июлда 2 мингдан уч минггача аскарлар Тоғли Бадахшон вилоятига махсус амалиёт ўтказиш учун жалб қилинган. Расмий хабарларга кўра, кучишлатар тизимларнинг 12 ходими, 30 жангари ва бир тинч фуқаро ҳалок бўлган.
Норасмий манбаларга биноан ўлдирилганларнинг сони икки юздан ошган, уларнинг ярми тинч фуқаролар бўлганлиги айтилади.
Хоруғда ўзаро оташкесим эълон қилингандан сўнг ҳукуматнинг асосий қўшинлари олиб чиқилган бўлсада, Тоғли Бадахшонда 500 кишидан иборат тузилмани қолдиришга қарор қилинган.
Махсус амалиёт давомида жангларда фаол иштирок этган Афғонистоннинг саккиз фуқароси қўлга олингани хабар қилинган.