O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тоғли Бадахшонда отишма

Тоғли Бадахшонда отишма
136 views
21 May 2014 - 19:53

Cўнгги видеоманзарадан сурат

Тожикистоннинг Бадахшон вилояти маркази Хоруғ шаҳрида юз берган отишма шаҳарда вазиятни беқарорлаштирган.

Маҳаллий манбаларга кўра, шаҳар марказидаги чорраҳада, маҳаллий милиция идораси яқинида юз берган отишмада икки киши ҳалок бўлган ва яна уч киши яраланган.

Хоруғдан олинган кейинги хабарларга кўра, жами уч киши ўлган, тўрт киши яраланган.

Қурбонларнинг иккитаси касалхонада жон берган. Шифокорларнинг сўзларига қараганда тўрт яраланган инсоннинг аҳволи оғир.

Шунингдек, бир полиция зобити ҳам ўлдирилгани ҳақида хабар бор.

Бир маҳаллий манбанинг Би-би-си билан телефон суҳбатида айтишича, махсус милиция кучлари – ОМОН йўлда бораётган бу шахслар машинасига қарата ўқ узганлар.

Хоруғ полицияси билан телефон воситасида алоқага чиқиш имконсиз бўлгани учун Би-би-си ушбу хабарни тасдиқлай олгани йўқ.

Маҳаллий манбаларнинг илова қилишича, ушбу ҳодисадан ғазабланган баъзи хоруғликлар милиция идораси атрофига тўпланиб, милиция биноси ва эҳтимол милицияга тегишли бўлган машинани ёқиб юборишган.

“Милиция идорасидан тутун осмонга кўтарилаяпти. Бир қанча ёшлар милиция идораси биносига бостириб кирганлар ва бино ичкарисидаги ҳужжатларни ташқарига олиб чиқиб, ёқиб юборишаяпти. Милиция ходимлари бинода йўк, афтидан қочиб кетишган,” – дейди маҳаллий манба.

Хоруқ шаҳрининг бошқа нуқталарида вазият тинчдек кўринади.

Бозор ишлаяпти, бироқ маҳаллий аҳоли қаттиқ хавотирга тушгани айтилади.

Маҳаллий вақт билан туш пайти ҳам гувоҳларга кўра ўқ овозлари эшитилиб турган.

Бундан икки йилча аввал Хоруғ Тожикистон ҳукумати қўшинлари ва қуролланган жангарилар ўртасида қонли тўқнашувларга саҳна бўлган эди.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2014/05/140519_cy_tajik_pamir_situation.shtml