O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тоғ соғинчи

Тоғ соғинчи
157 views
18 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

МАЖНУНТОЛЛАР

Не-не умид билан кўз тутдим,
Кутганларим бўлди уволлар.
Мен ақлдан озмай кетаман,
Мажнун бўлиб қоласиз, толлар.

Шиша эмас, тош эди кўнглим,
У барибир синди, билмайсиз.
Йўл бўйида тураверасиз,
Йўл бўйидан сира жилмайсиз.

Телбаларим, наф йўқ. Санаманг
Ҳар қайси бир аср — кунларни,
У бошқага олиб ўтади
Менинг учун ўсган гулларни.

* * *

ТОҒ СОҒИНЧИ

Кунлар ўтаётир мисли йилдирим,
Сен ҳақда индамай куйлар ҳар тошим.
Айрилиққа қаттиқ ғазаб билдириб —
Ўқрайган қўшиқдир менинг бардошим.

Муқаррар бўл, эркам, бамисли баҳор,
Ном-нишон қолдирма қаҳрларимдан.
Лойиқдир эриса бошимдаги қор,
Чечаклар унса ёнбағирларимда.

Шунда пинжимдаги қушлар, оҳулар
Йўлингга мен билан тенг термулади.
Асрлар дастидан нурамас тоғлар,
Тоғлар лоқайдлиқдан емирилади.

(давоми бор)