O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тузоқ

Тузоқ
66 views
11 May 2016 - 11:08

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (1-қисм)

Мен яшаб турган замонимиз ёки президент Каримов ҳақида ёзмадим. Биз кеча ҳам шундай яшардик. Бугун ундан ҳам бешбаттар яшаяпмиз. Эртага…

Туркистонликларнинг ўтмиши ва келажаги ҳақида ёздим. Миллат ва динни сотган подшолар, руҳий раҳнамолар ва ўзим ҳақимда ёздим. Тўрт юз йилдан буён занжирбанд этилган, топталган ор ва номус ҳақида ёздим. Орзуларим ва армонларим, йирингга айланган юрагимнинг қонлари ҳақида ёздим.

Бизда сотқинлар билан фидойилар бир-бирларидан фарқланмайдилар. Қайтанга, хиёнаткорлар кўпроқ қадрланадилар. Шунинг учун битта мустабидни тахтдан йиқитган билан бизнинг касални даволаб бўлмайди. Катта душманимиз бўлмиш жаҳолат бизнинг ичимизда экан, юрт тузалиши учун аввало ўзимизни тузатишимиз керак. Бу масала битта, ўнта, юзта мустабидни тахтдан ағдаришдан қийинроқ.

Мустабидлар келиб кетаверадилар, жаҳолат бир ёпишса кетказиб бўлмайди. Туркистон деганда мен ўзимни тушунаман,  ўзимни   Туркистон деб ўйлайман.

Тўғри, бани башарнинг бегонаси йўқ, ҳамма ҳам Одам Отанинг фарзанди. Замин эса, бутун инсониятнинг умумий уйи. Аммо, ҳар бир одамда ўз ота-онаси, оиласи – бола-чақалари бўлгани каби ўз миллати, ватани ҳам бор.

Туркистон ғояси ислом ғояси билан чамбарчас уйғун бир ғоя. Ислом раҳбар бўлса, миллий туйғу тирик бўлса, мен тирикман, улар ўлган кун мен ҳам ўламан.

Туркистон ҳали тирик, ислом абадийдир…

Ота-онамнинг, болаларимнинг, невара-чевараларимнинг дунёда минг йиллар яшаб қолиши мана шу икки жиҳатга боғлиқ. Бу миллатнинг ота-оналари менинг отам, менинг онам, болалари болаларим, невара-чеваралари невара-чевараларим! Бу дунёда менинг улардан бошқа кимсам йўқ. Бироқ улар Туркистонни ва исломни ўз қиёфасида танимаганлари каби буни ҳам билмайдилар.

Миллатнинг кўзлари кўр, тиллари соқов… Зиёлилари ва раҳнамолари миллатни шу кўйга туширдилар. Мансабни, дунёни дея, ор-номусларини – келажакларини соттилар. Улар Туркистонни эмас, исломни эмас, ўзларини хорладилар. Ўғиллари ва қизларини, невараларини таҳқирладилар. Ота-боболарининг юзига оёқ босдилар. Ўзларининг йўлларини ўзлари кесиб қўйдилар.

Очкўзлик, калтафаҳамлик, оғзиолалик бизларни балчиққа ботирди…

Балким менинг ёзганларим бир чақага арзимас. Буларнинг ўзимдан ўзгага қизиғи йўқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо мен калбимнинг буюрганини ёздим. Сохтакорлик ва ёлғончилик этмадим. Бировдан мукофот кутмадим. Мен учун идеалларим билан яшашдан кўра буюкроқ мукофот йўқ. Аллоҳ менга дин, миллат ва тил насиб этган экан, мен бу улуғ йўлда то ўлгунча собитқадам бўламан. Ҳар бир миллатнинг фидойилари сингари Унинг розилигига интиламан…

Муаллиф 

 * * * * *

Оппоқ гулларини ечиб, яшил япроқларга бурканган олам хушманзара ва хушҳаво. Руҳиятда янгиланиш бошланган. Қорли-қировли кунлардан етганлар бахтиёрликларини ичларига сиғдира олмайдилар. Уйғонган ифорлар димоқни маст қилади. Ёмғирлардан ювинган кўчалар кўзларни қувонтиради, диллар яйрайди. Ишсизликдан, пулсизликдан қийналган дамлар ёддан кўтарилиб, сархуш қалблар ҳаёт қўшиғини куйлайди. Гуллаган дарахтлар ёздан мева кутгани каби бокира орзулар  соҳир булоқлардек товланадилар…

Ёз, ёз ортидан куз келади. Борлиқ сарғиш рангларга эврилади. Япроқларни елвизаклар ўйнайди

Жамият қишга рўбарў бўлади. Ҳеч нарса ўзгармаган… Яна аламли изтироблар ўсади. Аламзадаликдан жаҳолат бош кўтаради. Тузум яна алдайди. Армонлар баргларидан мосуво дарахтлардай увишиб, орзулар хазонрезги япроқлардай тўкиладилар. Кўзлар уфққа карахт боқадилар. Шуурни тушдаги каби ғафлат уйқуси элитади. Умиднинг юрагига тушкунлик ханжар уради. Ҳукуматнинг ваъдалари пуч бўлгач, хиёнатларга йўл очилади…

Табиат эса ҳеч кимга ваъда бермайди, бир оғиз ҳам сўзламайди. У Қудрат эгаси аввалида яратганидек бурчига содиқ, ваъдасида собит туради, хиёнатни билмайди…

Туркистонда тўрт асрдан буён аҳвол танг... Тузумлар кўҳна чархпалакка ўхшайдилар, қишин-ёзин бир хил айланадилар, тафаккурга суянмайдилар, ҳеч бир ишнинг уддасидан чиқа олмайдилар. Ўзларини таъмирлашни хоҳламайдилар, ёлғонни суядилар, тўғри сўзни ёмон кўрадилар. Улар оқар сув таъмини унутган қурбақаларга ўхшайдилар. Шунинг учун бир хилда валақлайдилар, бир хилда қўшиқ куйлайдилар. Уларнинг душмани – турфалик, улар ўзгаришлардан ажалдан қўрққандай қўрқадилар.

Оқавага ўрганиб қолганларнинг чиркин вужудлари тоза сувда яшай олмайди…

Табиат қонунлари оламдаги барча нарсаларни идрок этишга, шуурни тоблашга ундайди. Жамиятдаги қонунлар кишиларни чалғитиш учун, гўзалликларни топташ учун ёзилади.

Кимлардир қонунлар ёзгани учун қўшимча имтиёзларга эга бўладилар. Аслида қонунлар номигагина ёзилишини улар яхшироқ биладилар. Нима биландир машғул бўлиш улар учун бахт бўлиб туюлади, маъно ва моҳиятнинг сариқ чақачалик қадри йўқ. Уларнинг қоринлари тўйиб, эгнилари битса бўлгани. Эътиқодсиз одам учун оч қолишдан кўра даҳшатлироқ нарса бўлмайди…

Эзгу мақсадлар байроғи остида нафас олаётган мунофиқ тузум ўзини ўзи алдаш билан овора. Унинг танлаган йўлига зулукдек ёпишишдан ўзга чораси йўқ, у бир кунга бўлса ҳам умрини чўзишга тиришади, ихтиёри билан жон беришни истамайди, яшашни ҳам эплай олмайди, қўлидан бўлак иш ҳам келмайди.

Унга ҳам осон эмас, таъсир кўрсатадиган, тўғри йўлга мажбурлайдиган кучлар йўқлигини у ўзининг бахти деб ҳисобласа-да, бу бахтсизлигининг боши эканлигини англашга тиришмайди.

Жамиятни янгилайдиган кучлар йўқ. Куртаклар ҳар куни синдирилади, ҳақиқатни топташ, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларига болта уриш тузум яшовчанлигини таъминлайди. Нафсиламбирини айтганда, яхши ҳам, ёмон ҳам ўз гўрига ўзи ғишт ташийди…

(давоми бор)