O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тун ва туш…

Тун ва туш…
618 views
27 March 2017 - 8:00

Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР

    Тун ва туш манзаралари

1
Сукунат бағрига ғарқ бўлган кунлар,
Нурли кечаларга бўлсайди, соя.
Бу қадар қораймас эдилар тонглар,
Умрлар ёвлардан сўраб ҳимоя.

Муллолар бошига ортмасди дастор,
Иймонининг бўлса ғилофи бутун.
Заифлар золимга ҳамиша хастор,
Руҳида бўлмагач, таян ва устун.

2
Довруқ солиб ўтди, нечалар бундан,
Нечалар йиғлади, бир бурда нон деб.
Ном-нишон қолмади, ҳар иккисидан,
Барини ер ютди, қурт-қумусқа еб.

Бугун ҳам барини билиб ўшалар,
Хатарни ҳеч бири этмайди писанд.
Ўзидан ўзгаси, ёниб-ўчарлар,
Дарёга хаслардан босмоқчилар банд.

3
Мен сени рости, танимайман, дўст,
Дўст, дедим, шунчаки илтифот учун.
Бўрилар, қўйликдан пўст ёпинган, пўст,
Менингдек ночорни ғажимоқ учун.

Аслида, сен чиндан қўй бўлганда ҳам,
Қўй билан дўстлашиш жуда ҳам хавфли.
Бўрилик аъмоли қўйликдан кўркам,
Одамни танишлик, ундан ҳам нафли.

4
Гўзаллик дегани, чиройда бўлса,
Луғатда бўлмасди, хунук деган сўз.
Иложсизлик агар ирода бўлса,
Имконни илғамас эди, бирор кўз.

Ифор тарқатганда, билган гулимиз,
Орзу диёридан эсмас эди ел.
Аслида, истакнинг содиқ қулимиз,
Диёнатга эмас, биз ҳисларга қул.

5
Тунлар бир тун берди менга тушини,
Мен кунларга сотдим, омонатни шарт.
Тунлар йўқотмаган эрса ҳушини,
Менга юклармиди, карвон-карвон дард.

Ўзимнинг дардларим, озмиди ахир,
Юрагим кўчаси – тунлардан қора.
Сотиб олмоқ учун тутамгина нур,
Тилимни сотардим, у дамда бора.

Тиллони Қорунга ишонган аҳмоқ,
Бой бўлмас ҳеч қачон, эсада бахил.
Тунларнинг хаёли зулматга чўммоқ,
Оқил ҳурдан излар, ўзига соҳил.

6
Ўзимдан-ўзимни олиб қочмоқдан,
Жуда ҳам чарчадим, инчунун рости.
Қайтага ўзимга ўтлар очмоқдан,
Маъруза ўқийман. Бир ками, гарди.

Ақлнинг ортиғи – бемаза қовун,
Ўта сипойилик – жирканчликдек гап.
Жоиздир, ҳар ишда топмоқлик эвин,
Не учун қиммат сўз – бўлмаса, талаб?

7
Ҳеч нима билмаймиз. Бу сўз ҳақиқат,
Бироқ бу дегани – бир чақа эмас.
Ҳар битта умрнинг баҳоси қиммат,
Ўзини билмаслик – йўқликдир, абас.

* * *

(давоми бор)