Беш киши йиғилса ошдан гап кетар,
Сут қатиқ деганда бошдан гап кетар,
Ўйлаб топишгани мазах, масхара,
Тарихга отилган тошдан гап кетар.
Эрта тонг, хиргойи – вой ўлдим куйдим,
Етти ёш, етмиши – вой ўлай суйдим,
Дунёда иш бор деб айтсанг бир агар,
Сенга пичинг қилар, думингни туйгум.
Эй Худо, ёзганим ожизга етсин,
Оғзимга олганим бўғзимдан ўтсин,
Қачон мен тик туриб ўламан ахир?
Қачон порлаб кетар инетда сайтим.
Ё раб, вужудимдан олгин қуршовни,
Санжоқу байроқни қўйгин шов шовни,
Нажот бер, биргина амал бошлайлик,
Парчалаб ташлайлик дилда тушовни.
Кўчада оч қолди кеча саодат,
Аркка етолмади кемтик малоҳат,
Уч пулга алданган эй бечора сарт,
Бошинг бирикмади, шуниси ғалат.
Менинг ҳам дардимни эшитгин Худо,
Қачон тинар экан бу ғиншиш, нидо,
Агар бирикмаса миллат зиёси,
Виждон аҳли бўлар жонидан жудо.
Биринг орифликдан гап сотдинг фақат,
Эркингни қучоқлаб изладинг тоқат,
Ҳақ сўзга зарурат туғилган пайти,
Сендан тополмадим бирор илтифот.
Қарасам савлатинг симёғоч мисол,
Ҳар бир эл вакилинг Мансурга тимсол,
Аммо ёғочинг пўк, вакилинг латта,
Қачон чиқар экан сендан бир Ирсол.
Халқ буюк албатта чиқади ботир,
Бир ботир ёнида минг битта шотир,
Эй худо, қўлимга бир маҳак бергин,
Оёққа турай мен олмай хавотир.
Имконсиз юрагим – сизиллайди қон,
Куюнчак кўксимда орзулар вайрон,
Жоним ҳузурини кўзладим ҳамон,
Оҳ, қийнаб юборди эзилган виждон.
Йиғлай десам кўзимда ёлғончи ёшим,
Оч биқинни тўйдирмас садақа ошим,
Кўравериб кўкайим куйиб кетди,
Тургин, халқ бўлайлик, тургин йўлдошим!
Оҳ болам дардимни шивирлаб айтдим,
Халқим водийсига мен бугун қайтдим,
Қара, вужудимдан чиққан тик сўз бу,
Бу менинг – шоир, деб аталиш пайтим.
Маҳмуд Йўлдош