O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Туркашнинг Туркчи сиймоси шууримга ерлашди”

“Туркашнинг Туркчи сиймоси шууримга ерлашди”
234 views
10 June 2017 - 11:00

1991 йил Ўзбекистон президентлигига сайловларда Каримовга қарши номзодини қўйган ва кейинчалик сургун қилинган, бу ҳам етмагандай 3 марта суиқасд таҳликасини бошидан  кечирган Ўзбекистон мухолифат лидери, ёзувчи, сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ, Туркияни 1972 йилда илк маротаба Алпарслон Туркашнинг шахси воситасида танишни бошлаганини билдирди.

Мужодала руҳи билан, мафкураси билан, иймони билан, зулмга қарши бир курашчи афсонаси бўлган, Турк халқлари ичида тилдан тилга тушган Ўзбек лидери Муҳаммад Солиҳ, Турк дунёсида Турклик тушунчаси рамзлари орасидан жой олган. Ёшлигиданоқ ҳаёт мафкураси, эътиқоди учун кураш йўлини танлаган Муҳаммад Солиҳга бизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик.

Тариқ Челенк (Tarık Çelenk): Муҳтарам Раис, афсуски Совет иттифоқининг қулашидан кейин Турк (соғи) муҳофозакор қатлами  Турк дунёси билан тўғри муносабатларни йўлга қўёлмади.. Иккинчи масала эса, Ислом Дунёси билан ҳам Туркиянинг Адолат ва Тараққиёт партияси даврида жуда ҳам истадигимиз идеал муносабатларни ривожлантира олмадик. Чунки, асос бўладиган бир фикр уйғотолмадик. Ўрта Осиёдан бир Турк-Ўзбек зиёлиси сифатида айниқса сизнинг бу масаладаги фикрингиз жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Илк суҳбатимизда Туркчилик, миллатчилик борасидаги фикрларингизни олишни истардим. Шунингдек сизнинг Ўрта Осиё ва ва Жаҳон сиёсатида борасидаги қарашларингиз билан ҳам пойлашишни истайман. Ҳозир аввало сизни қисқача бизнинг одамлар таниб олишлари учун ўзингиз ҳақингизда айтиб бера оласизми.

Муҳаммад Солиҳ: Мен Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида 1949 йилда туғилдим. Бу Туркманистонга яқин Ўғуз ҳудуди – Хоразм, Хоразмда асосан ўғузлар яшайди.  Туркман қабилалари билан чамбар-час ҳаёт кечирамиз. Бизнинг баъзи қариндошларимиз паспортга ўзларини туркман деб ёздиришган. Улар бугунги Туркманистоннинг Дашогуз (Таш ўғуз) вилоятида яшайдиган қариндошларимиз. Хоразм 12-13 асрларда Хоразм давлатини қурган Хоразмшоҳлар диёридир. Сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди Мўғул истилочиларига қарши курашган охирги ҳукмдор эди.

Мен албатта бугун ўзимга Ўзбекман дейман, Ўзбеклар уч Турк қабиласи – Ўғуз, Қипчоқ ва Қарлуқ – Туркларини ўз ичига олган бир катта этник гуруҳдир.

Янада аниқроқ айтганда, Хоразм Ўзбегиман. Хоразм 1924 йилгача мустақил жумҳурият эди. 1924 йилда Совет иттифоқи томонидан Ўзбекистон Социалистик Республикаси деб эълон қилиниб, Бухоро ва Хоразмни (эски Хива хонлиги) бугунги Ўзбекистон таркибига қўшдилар.

Бугунги Ўзбекистон эски Туркистоннинг марказидир. Амир Темурдан кейин парчаланган империянинг маркази бу диёр. Биласиз, Ғарбий Туркистонни руслар 5 парчага бўлдилар: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон.

Чор Россияси ишғолига қадар у ерда 3 давлат бор эди: Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги. Бу Темурдан меърос қолган уч парча эди.

Мен Хоразм вилоятининг ғарбий қисмида яшаган Бекжон Бекнинг набирасиман. Бизнинг сулоламиз халқ ичида “хонга қиз бермаган беклар” дея эсланади.

Олтинчи авлоддан бобомиз Бегпўлат Бек қизини Хива хонининг ҳарамига бермагани учун унинг хонадонини 19-аср ўрталарида Хоразмдан Бухоро чегарасига, бугунги Қоракўл туманига сургун қиладилар. Оиламиз у ерда 17 йил ғурбатда қолишади ва ниҳоят янги хон  тахтга чиқиб боболаримиз ватанга қайта чақириб олинада,  мақоми ва барча мол-мулклари қайтариб берилади. Бу ҳам бир алоҳида ҳикоя…

Мен Совет иттифоқи даврида туғулдим ва Совет мафкурасида  етиштирилдим албатта. Русларни “катта акамиз” сифатида таниттилар бизга.

Аммо мени 18 ёшимда Қизил армияга аскарликка олдилар ва у ерда мен муайян бир миллатга мансуб эканлигимни тушундим. Мен у ерда менинг бир ўтмишим, тарихим бор эканлигини билдим. Мен ўзбек эканлигимни, бир Турк эканлигимни рус аскарларининг менга қарши кўрсатган шовинистик муносабатларидан кейин билдим.

Аскарликда ашаддий рус ирқчилиги билан қаршилашдим ва бу аччик тажриба мени Ўзбек миллатчисига айлантирди.

2 йиллик аскарликдан сўнгра Ўзбекистонга қайтганимда мен ортиқ социалист бир йигит эмасдим, ҳаддан ортиқ бир миллатчи эдим.

Тариқ Челенк: Социалистик фикрларингиздан ҳам Армияда вақтингизда воз кечдингизми?

Муҳаммад Солиҳ: Aлбатта, социалистик фикрлар у қадар шаклланмаган эди зотан. Шундай бўлсада, мен рус адабиётини, Ғарб адабиётини Ўзбек адабиётидан анча кўпроқ билардим.

Чунки бошланғич мактабдан бошлаб бизга тарих сифатида “Совет иттифоқи тарихи”, аслида, Рус тарихи ўқитилди. Бундай бир замонда менинг шакллана бошлаган интернационалист бошимга илк зарбани Қизил армия урди. Аскарлик менинг ҳақиқий кимлигимни ўртага чиқарди ва аскарликдан  бошқа бир шахс ўлароқ қайтдим.

Тариқ Челенк: Хўш сизга атеистик таълим берилармиди? Совет таълим тизимида атеист бир таълим тизими бормиди?

Муҳаммад Солиҳ: Албатта. Шиорлари “Дин афёндир, Худо йўқдир, Аллоҳ йўқдир” эди. Аслида бу қадар пропогандага эҳтиёж ҳам йўқ эди. Зотан дин ҳақида на уйда на мактабда билги берилмасди, бу мавзу гаплашилмагандан кейин ҳар ким зотан атеист бўлиб етишаётганди. Дин ҳақида фақатгина “дин зарарлидир” дея билардилар.

Тариқ Челенк: Оилангиздан мусулмон бирининг ёрдами билан Исломий таълим олдингизми?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳеч қандай таълим йўқ эди. Аммо онам ҳар доим “Ла илаҳа иллоллоҳ” дея сўйларди. Ухлашга ётаркан шу шеърни ўқирди:

“Ётаяпмиз ё Оллоҳ,
Турармиз ҳам ИншаОллоҳ –
Турaр турмас кун бўлса
Ла илаҳа иллоллоҳ!”

Биз болалар шу тўртлик соясида уйқуга кетардик.

Биз учун бутун Ислом шу 4 сатирнинг ичида эди. Онамнинг, диний таълимоти йўқлигига қарамасдан, Аллоҳ қўрқуси жуда катта эди. Тилидан истиғфор тушмасди.

Отам Мадамин (Муҳаммадамин) Бек 1918, онам Оқила Хоним 1922 йил туғилган эдилар, уларни ўқитишмаган эди.

Бобом Бекжон Бекни 1926 йилда “қулоқ” (антисоветчи) сифатида ҳибсга олинган ва бир йил кейин, 1928 йилда қатл қилинган. Ер-сувларимиз, мол ва мулкларимиз мусодара қилинди…

Тариқ Челенк: Кейин аскарликда вақтингиз Прага баҳорига тўғри келдингиз, шундайми?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, бу 1968 йилнинг май ойида, мен Қизил армия сафида аскар ўлароқ Венгрияда эдим. Кейин июн, июл ва август ойининг илк ярмида бизнинг қўшинлар Чехословакия чегарасига кетирилди ва у ерда 21 августга қадар кутдик.

Биз Чехословакияга июн ойида ҳам кираолардик, аммо кутдик. Сўнгра 20 августда “уруш чиқиши мумкин, жангга тайёр бўлинг, биз бу кеча Чехословакияга кирамиз, НАТО ҳужум қилиши мумкин”, дедилар.

Биз ёшлар севиндик. Ёшимиз 18.5 да эди, инсон бу ёшда урушга севинади албатта. Қўлимизга Калашников автоматик қуролининг энг сўнгги моделини туттирдилар ва белимизга ҳар бирида 32 тадан ўқ бўлган 3 дона магазин тақдилар, 2 дона Ф-1 қўл гранатаси ҳам бердилар. Энг сўнгги модел қўл бомбалари эди.

Кейин 21 август кечаси биз Чехословакия чегарасига ўтдик. Шу тариқа биз ёшлар Қизил армия сафида Чехословакияни ишғол қилдик. Биз Чехословакияда 4 ой қолдик. Сўнгра Венгрияга ортга қайтдик.

Тариқ Челенк: Хўш у ердаги Венгер ёшларининг фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракатлари диққатингизни торттими?

Муҳаммад Солиҳ: Албатта, мен учун Чехословакия зеҳнимда бир инқилоб яратти дея оламан. Қуролсиз инсонларнинг биз қуролли инсонларга қарши очиқ курашишига шоҳид бўлдик.

Илк кунлар биздан баъзи аскарлар ўз-ўзини ҳимоя қилиш баҳонаси билан протестант Словакларга қарши ўт очди ва икки кишини ўлдирдилар (Мен ҳеч кимни ўлдирмадим Аллоҳга шукур). Бунга қарамасдан бу қуролсиз инсонлар (хотин-эркак) бизга “Москвага қайтиб кетинг, Москвагача 2 минг километр, сизларни хотинларингиз кутаяпти, бу тупроқлар бизники” каби шиорлар айтишдан қайтмадилар.

Тариқ Челенк: У ерга ҳақсиз бир даъво учун, ҳақсиз бир мақсад учун борганингизни дарров англадингизми?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа. Албатта илк икки ойда ортиқча бир нарсани тушунмадик. Бу қаршилик кўрсатаётган жамиятни, яъни чехословакларни бизнинг қўмондонлар “контра” дейишарди. Биз инқилобчи улар акс инқилобчи эди. Кейин қарасак, бу “контра” дейилган инсонлар жуда яхши инсонлар экaн.

Тариқ Челенк: Қарши инқилобчи дер эдилар у вақтда.

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа уларни қарши инқилобчи, “буржуа” дердилар, аммо кейин қарасак, жуда ҳам маданиятли, жуда ҳам сокин инсонлар эканликларини кўрдик.

Улар билан дўстлашдик, улар билан жуда яхши бўлдик. Биз Словак ҳудудида Братислава шаҳрига жойлашгандик. Шу тариқа у ерда ҳамма нарса ўзгарди мен учун.

Қисқаси, икки йил аскарликдан тамоман бошқа бир инсон сифатида қайтдим юртимга.

Уйга қайтганимда ўзимни жуда кекса ҳис қилардим. Шундай бир руҳий ҳол ичида эдим 70-йиллар бошида.

Тариқ Челенк: Тошкентда Университетда ўқидингиз.

Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, Тошкент Университетининг журналистика факултетига кирдим. Синфимизда мендан 3 ёки 4 ёш кичик ёшлар бор эди. Улар мактабдан сўнг дарров Университетга киришган эди, мен эса мактабдан 4 йил кейин кирган эдим ва орамиздаги фарқ жуда катта кўринарди.

Менинг аскарлик ҳаётим ёшлигимни жуда ҳам қисқартирган ва мени тез вояга етказганди гўё. Синифдаги дўстларим менга боладек кўринарди. Ҳолбуки орамизда 2-3 ёш фарқ бор эди.

Тариқ Челенк: Хўш ўша вақт сизда Ўзбек сифатида тушунча уйғондими?

Муҳаммад Солиҳ: Шу қадар уйғонди-ки, ортиқ миллатчиликдан ўтиб Туркчи бўлгандим.

Тариқ Челенк: Туркияга қачон эътибор қаратдингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Туркияни 1972 йилда илк Алпарслон Туркаш шахси воситасида танишни бошладим. Туркия билан 1973 йилда яқиндан қизиқа бошладим. “Би-Би-Си” ёки “Либерти” радиосида (бу радиоларни қисқа тўлқинларда яширинча тинглардик) афсонавий бир полковник ҳақида гапираётганди. «Бир Турк полковниги чиқганмиш, исми Алпарслон Туркаш эмиш, Туркчи эмиш. Хитойга борганмиш ва Мао Цзэдундан Уйғур Туркларининг ҳақларини талаб қилганмуш», деяётганди.

Бу Туркчи сиймоси менинг шууримга ерлашди.

Албатта, Туркаш Хитойга бормаган эди.

Бу мазлум халқларнинг ўйлаб топган бир афсонаси эди. Туркаш исми биз ёшлар учун янги бир исм эди.

У вақтнинг Туркияси идеологияси Совет социалист мафкурасига яқин бўлган сиёсий арбоб Булaнт Эжевитда кўпроқ акс этарди.

Тариқ Челенк: Масалан сиз каби Ўзбек ёшларининг Туркияга бўлган қизиқиши университетда юзага келганмиди. Шуни ҳис қилолармидингиз?

Муҳаммад Солиҳ: Университетда Туркия сиёсати ва адабиёти билан қизиқувчилар жуда оз эди. Мен шу оз чилик ичида эдим. Туркия ҳақида адабиёт деярли йўқ эди.

Миллий шоирларимиз, 20-аср бошларида яшаган жадидчилик ҳаракатининг етакчилари Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий, Мунаввар Қори каби буюк шоир ва олимларнинг асарлари тақиқланганди, китобларини тополмасдик.

Мен Университетнинг 1 ва 2-синфларида кўпроқ Ғарб адабиётини ўқидим. Жан Пол Сартре, Камю , Кафка мен учун кўп мутолаа қилганим исмлар эди.

Кейин 1972 йилда Габриел Маркесни кашф эттим, Лотин Америкаси ёзувчилари пайдо бўлди уфқимда. Булар билан янги бир дунё очдим. Лотин Америкаси адабиёти мени жуда кўп машғул қилди…

Тариқ Челенк: Албатта Лотин Америкасида диктаторликка қарши бир муносабат бор эди, эътиборингизни тортди, шундайми?

Муҳаммад Солиҳ: Албатта, ўша озодлик ҳаракати, Че Гевара.

Че Геваранинг парда орқасидаги ҳақиқий ҳаётини, қоронғулик ҳаётини билмас эдик албатта. Че биз каби мазлумлар учун жанг қилган бир йигит ва қаҳрамон эди.

Туркия нуқтаи назаридан боқганимизда бир парадокс бор: мен бир соғчи (муҳофазакор) эдим, у вақтдаги Туркия сўли учун қийматли бўлган китоблари ва ёзувчиларини яхши кўрардим: бир Ўзбек, бир Турк миллатчиси сифатида Ғарб маданиятидан илҳомланмоқ Туркия миллатчилиги наздида қабул қилинмасди албатта.

Тариқ Челенк: Бу китобларни топишда қийналмасдингиз, шундайми?

Муҳаммад Солиҳ: Ғарб ўлкаларида босилган энг оммабоп китоблар 8-9 ой ичида дарров Русчага таржима қилинар ва биз бир зумда бу китобларни олабилардик.

Россияда жуда катта таржимон кадрлари бор эди. Адабиёт таржимаси масаласида Советлар жуда илғор эди.

Ҳатто биз Оврўпалилардан чуқурроқ, тезроқ шаклда Оврўпа адабиётини англардик ва уни баҳолай олардик.

(Давоми бор)

Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди
Манба: gazetebirlik.com