O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“ТУРКИЙЗАБОНЛАР” КИМ?

“ТУРКИЙЗАБОНЛАР” КИМ?
234 views
19 February 2012 - 18:57


Сўзбоши
Бу мақола бундан 18 йил муқаддам, яъний, 1994 йилда ёзилган эди. Бу вақт ичида мақолада тилга олинган муаммо бартараф бўлгани йўқ, аксинча, янада чуқурлашди. Бугун Ўзбекистондаги аксилмиллий режим ҳатто Навоийни ҳам “турк халқларининг шоири”, деб аталишини истамайдиган даражага келди. Бу режим бизнинг бутун тарихимизга даҳл қилиб, уни йўқ қилишга урунмоқда. Улар халқимизни келгинди бир унсур, Ўрта Осиўнинг бир неча минг йиллик маданий ва давлатчилик тарихига алоқаси бўлмаган бир ваҳший тўда сифатида кўрсатишга урунмоқдалар.
Халқимизни, кимлардир билан “қоришиб-чатишиб” кетган, насл ва насаби номалум бир оломон сифатида тақдим этишга ҳаракат қилмоқдалар. “Биз турк эмас, фақат туркийзабонмиз”, деган иғво мана шу мақсадга қаратилгандир. Бугун “Самарқанд ва Бухорони ўзбеклар қурган, бу шаҳарлар ўзбек шаҳарлари” десангиз, кулгига қоласиз, тожикларнинг:”сизлар бу ерга бор-йўғи 16 асрда кириб келдинглар, сизлар бир беватан кучманчисизлар”, дейиши ҳамма томонида кўникиб, ўрганиб қолинган гапларга айланди. Юқорида номи зикр қилинган шаҳарларда ўзбеклар ўзбекча гапиришдан қўрқадиган даражагача келди. Бундай сиёсат юргизаётган ва бу сиёсатни қўллаб-қувватлаётганларнинг ўзбеклигига, яъний, турк наслидан эканлигига ишониш кийин.
МУАЛЛИФ
1994 йилнинг январ ойида “Ўзбекистон овози” газетасида (4.01.94 ва 20.01.94 кунги сонларида) ўзбекларнинг турк эмас, “туркийзабон”лиги исботлашга урунилган иккита мақола кетма-кет чоп этилди. “Турк”ми ёки ўзбек?” деб номланган биринчи мақола муаллифи филология фанлари доктори, профессор Насимхон Рахмонов бўлса, иккинчи мақола муаллифлари академиклар Аҳмадали Асқаров ва Бўрибой Ахмедовлар бўлиб, мақола “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” деб номланган.
Турк халқларининг бир-бири билан яқинлашиш, бирлашиш ва ўзлигини англаш жараёни кетаётган бир пайтда бундай мақолаларнинг “Ўзбекистон овози” (собиқ “Совет Ўзбекистони”) газетида кетма-кет чоп этилиши кишини сергаклантиради. Гўў “социалистик нуқтаи назардан туриб, илмий асослашлар”, “пантуркизмга қарши ўт очишлар” даври яна қайтаўтгандай…
Н. Раҳмонов ўзининг “Турк”ми ўки “ўзбек?” номли мақоласини шундай бошлайди: “Ҳозирги Туркия давлатининг асосий аҳолиси турклар, нафақат ўзбеклар, балки, туркийзабон аҳолининг ҳам қардоши эканлиги икки карра икки – тўртдай гап. Улар Ўзбекистонни ота-юрт дейдилар. Чунки, улар минг йиллар нарида шу ердан кетганлар.” Жумлани илмий жиҳатдан тўғри бўлган ана шундай фикр билан якунлаган муаллиф бир абзацдан сўнг бирданига ўз фикридан қайтади ва шундай ёза бошлайди: “Марказий Осиё аҳолиси қадимдан туркийзабон эди. Турклар эса, хунларнинг авлоди эдилар.” Муаллиф ўз мақоласининг давомини “турк” сўзининг нақадар нисбий эканлигини исботлашга қаратиб, шундай ў ёзади: “…турк ҳеч қачон бир қабиланинг номини ифодаламаган”. Шундай дер экан, муаллиф “ўзбек”деган сўз ҳеч қачон бугун ўзларини ўзбек деб атаётган халқларнинг бир қабиласини ифодаламаслигини, “турк”ларда қанча кўп қабила бор бўлган бўлса, “ўзбек”ларда ҳам шунча кўп қабила борлигини, ҳатто бу қабилаларнинг маданий-маиший турмуши ҳам бир-биридан фарқли эканини эсламайди.
Биз Бухоро, Самарқанд, Хивадаги тарихий ёдгорликларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. ҳатто бу ҳудудларда яшайдиган уруғларнинг мусиқий санъатлари ҳам бир-бирига ўхшамаслигини эътироф этамиз.
Урф-одатлардаги, миллий либослардаги, тилдаги ўзига хосликларни эса, санаб ўтирмаса ҳам бўлади.

Хўш, бу қабилаларнинг қайси бири ҳақиқий “ўзбек”? Яъни, уларнинг энг “ўзбекроғи” қайси? Мақоланинг давомига назар ташлайлик: “Назаримда “турк” номи ўзбек тили луғати таркибига шу даражада сингиб бораяпти-ки, бунда “ўзбек” номи маънисиз, руҳсиздай(?!). Агар шундай жараён давом этаверса, Ватан деган муқаддас тушунчага, миллий туйғуларга путур етиши мумкин”.
Аввало, шуни айтиш лозим-ки, “турк” номи ўзбек тили луғатига “шу даражада” сингиб бораётгани йўқ, мабодо, шундай бўлаётган бўлса, буни фақат олқишлаш лозим, чунки, бу – тарихий ҳақиқатнинг ғалабаси бўлади. Колаверса, бу иқрор ўзбеклар ичидаги маҳаллийчилик иллатини йўқ қилади.
Энди нима учун турк номи қошида ўзбекнинг “маънисиз, руҳсиздай” кўриниши масаласига келсак, буни ҳатто муаллифнинг ўзи ҳам тушунтириб беролмаса керак. Ўз номи қошида, ўзлиги олдида миллат ҳеч “маънисиз, руҳсиздай” кўринадими? Ватан деган муқаддас тушунчага келсак, биз ўз ватанимизни Сталин белгилаб берган ҳудудлардан анча кенгроқ деб биламиз ва бу нарса бизнинг “миллий туйғуларга путур” етказмайди, аксинча, уни яна ҳам ўстиради, кенгайтиради. Қолаверса, кўчманчи Шайбонийхон уруғлари билан боғлиқ бўлган ва ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига илк бор Шайбонийхон истилоси билан кириб келган “ўзбек” деган ном тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам бирон бир шонли, улуғ ишлар билан боғлиқ ҳолда айтилмайди.

Биз ўзимизнинг боболаримиз деб ғурурланадиган соҳибқирон Амир Темур ҳам, унинг ворислари ҳам, Бобур ҳам, ўзбекларга қарши курашиб, ўзбекларни “нобакорлар” деган ва ўзларини ғурур билан “турк” деб атаган. ҳатто советлар даврида ҳам “ўзбеклар”ни дунёдаги энг қонхўр халқ сифатида кўрсатишга урунишди – нега энди профессорларимизнинг миллий ғурурига бундай ҳақоратлар путур етказмайди-ю, ўзбекнинг турк эканлиги ҳақидаги фикр путур етказади? Бизнинг ғуруримиз турклигимизда эмасми? Умуман, “ўзбек”калимасини 1924 йилда коммунистларнинг доҳийси Владимир Ленин расмийлаштирди. Туркистон номи йўқ қилиниб, унинг ўрнига бир қанча янги, ясама жумҳуриятлар, шу жумладан, “Ўзбекия” ҳам ташкил этилди. Бир муддатдан сўнг эса, “миллийлик принципи”га амал қилинган бўлиб, “Ўзбекия” номи “Ўзбекистон”га алмаштирилди. Агар биз ўзимизни бизга бошқа халқлар (масалан, руслар ёки овруполиклар) берган номлар билан аташни тўғри деб топсак, у ҳолда, биз ўзбек деб ҳисоблаётган Темур, Улуғбек, Бобур каби улуғларимизнинг ҳам рус ва Оврупо олимлари томонидан “мўғуллар”деб аталишига кўникишимиз лозим: Ҳиндистонда узоқ давр мобайнида ҳукмронлик қилган бобурийлар ҳам “буюк мўғуллар” бўлиб чиқади.

Худди шундай муваффақият билан “дойч”ларни русча қилиб, “немис”, “хунгар” ёки “мажор”ларни – “венгер”, “ўзбек”ларни – Чор империяси пайтида кенг қўлланилган “сарт” номлари билан атайвериш мумкин. Умуман, агар ўзбеклар Ўзбекистондаги аксилмиллий режим пропагандасига учадиган бўлса, ўзининг бутун тарихидан маҳрум бўлади. Чунки, тарихимизда “ўзбек” номи билан боғланган бирон бир давлатчилик мероси йўқ. Бизни турклигимиздан маҳрум қилмоқчи бўлаётганлар айнан мана шуни яхши билганлари ҳолда, режали равишда пропаганда олиб бормоқдалар. Уларнинг Самарқанд ва Бухоро ўзбекларники эмас, деган иддаоларини бутун ўзбеклар яхши билади-ку! Бизнинг турк эмас, фақат ўзбек бўлишимизни исташларидан кўзлаган мақсадлари ҳам мана шунда – бизни ўз тарихимиз ва маданиятимиздан маҳрум қилишга урунишдадир…
Бу ўринда 18 – асрда яшаб ўтган буюк франсуз мутафаккири Монтескёнинг турклар ҳақидаги фикрларини келтириш жоиз бўлади, деб ўйлаймиз. Монтескё турклар ҳақида гапирар экан, уларни ҳамма жойда “татарлар” деб атайди. У хунлар, усмонли турклар, темурийлар, бобурийлар ва чингизийлар империялари ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмайди, уларга бир халқ – татарлар деб қарайди. Франсуз мутафаккирининг бу фикри, унинг, юқорида номи зикр этилган ўзбек академиклари ва профессорларидан кўра, ўзбеклар тарихини яхшироқ билишидан далолат беради. Матнни тўлалигича келтирамиз, зеро, у жуда ибратлидир:
“Шон-шуҳрат ва буюк истилолар бобида дунё халқларининг биронтаси ҳам татарларга тенг келолмаган. Бу халқ – жаҳоннинг ҳақиқий ҳукмдоридир: бошқа барча халқлар гўё унга хизмат қилиш учун яратилгандай. Бу халқ империялар яратгувчи ва империяларни маҳв этгувчидир: у барча замонларда жаҳонга ўзининг қудратини намоён қилиб келган, у доимо халқлар бошига ёғилган офат бўлган.
Татарлар икки марта Хитойни истило қилдилар ва ҳозиргача уни ўз ҳукми остида сақламоқдалар. Улар Буюк Мўғул империяси деб аталган чексиз-чегарасиз ҳудудларда ҳукмронлик қилишмоқда. Улар Эроннинг ҳукмдорларидир, улар Кир ва Гистаспнинг тахтларида ўтиришмоқда. Улар Московияни босиб олишди. Улар турк номи остида, Европа, Осиё ва Африкадаги бепоён ҳудудларни ишғол қилишди, улар дунёнинг учта қитъасида ҳукмрондирлар.
Агар узоқроқ даврлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рим империясини маҳв этган халқлардан бирининг ҳам айнан татарлар эканига гувоҳ бўламиз. Чингизхоннинг истилолари олдида Александрнинг ғалабалари ҳеч нима эмас. Афсуски, бу музаффар халқнинг ажойиб қаҳрамонликларини улуғлайдиган солномачилари кам бўлган. Қанчадан-қанча ўлмас қаҳрамонликлар вақт шамоллари остида унут бўлди!
Татарлар асос солган қанчадан-қанча давлатлар тарихини биз ҳали билмаймиз! Бу жанговор халқ фақат ўзининг бугунги шон-шуҳрати билан банд бўлиб, ўзининг келажакда ҳам енгилмаслигига чуқур ишонгани ҳолда, тарихдаги буюк ғалабаларини мангулаштириш ҳақида заррача ҳам қайғурмади”. (Нашр: Монтескё. “Форс мактублари”. 198- бет. Москва, 1956.)
Энди академиклар А. Асқаров ва Б. Аҳмедовларнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” номли мақоласини кўриб чиқайлик. Муаллифлар мақолани шундай бошлайдилар: “Маълумки, миллат капиталистик жамият маҳсули”…
Албатта, қизил алмисоқдан (яъни, коммунистлардан) мерос қолган бундай кулгули гапга диққатни қаратиб ўтирмай, тезроқ масаланинг моҳиятига ўтишни истаймиз, аммо бундай “цитата”лар олимларимизнинг тафаккур томирларини суғориб турган булоқлар эканини эслатиб ўтмасак – масалага ойдинлик киритиш нуқтаи назаридан хато бўлган бўларди.
Коммунистик назария бўйича, “капиталистик жамият тарафидан яратилган миллатлар, шу жамиятнинг антиподи бўлган коммунистик жамият тарафидан йўқ қилинади ва охир-оқибат дунёда бир халқ ва бир тил қолади”. (Бу қайси халқ ва қайси тил бўлишини эса, ҳар ким ўз хаёл кучи даражасида белгилаши мумкин.)
Аммо афтидан, олимларимиз, миллатнинг пайдо бўлиш сабаби ҳақдаги ўзларига қадрдон бўлган назарияни шунча-ки, ўзлари айтмоқчи бўлган фикрга унчалик тўғри келмаса ҳам, “ўрганган кўнгил” қабилида айтворишган, шекилли. Чунки, улар айтаётган 10, 11 ёки 14 асрларда ҳали ер юзида капитализм йўқ эди.
Умуман, Туркистон ерларида ҳеч қачон капитализм бўлмаган. Балки, энди пайдо бўлиб қолар… Зора, ўшанда биз ҳам миллат бўлиб шаклланиш бахтига муяссар бўлсак…
Мақола таҳлилида давом этайлик: академикларимиз ўз мақолаларини шундай давом эттирадилар: “Ўзбеклар халқ сифатида 10 асрга келиб шаклланди: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлигига эга бўлди… Ўзбеклар, баъзи бировларнинг ноилмий фикр юритишига қарши ўлароқ, турк эмас, балки, туркийзабондир. Тўғри, тилимиз туркий, лекин турк тили билан ўзбек тили ўртасида фарқ катта. ҳозирги ўзбек адабий тилини соф турк тили, деб бўлмайди. Ўзбекнинг тили, тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас. Унинг жисмоний – биологик қиёфаси, неча минг асрлик тарихи ва маданиятининг шаклланишида четдан келган (қайси четдан – ўнгданми ё чапдан? ғарбданми ё шарқдан? М.Б.) этник қатлам билан ерли туб аҳоли қони, тили, руҳияти, тарихи ва маданияти чатишиб, қоришиб кетган”.
Бу матндаги халқнинг шаклланганини исботлаш учун келтирилаётган далилларга эътибор беринг: ҳудудий, иқтисодий, маданий, тил ва тип бирлиги… Бу “принцип”ларни бир кўздан кечириб чиқайлик:
1. Ҳудудий бирлик. Бундай бирлик Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қачон барқарор бўлмаган. ҳудуд доим гоҳ кичрайиб, гоҳ каттайиб, гоҳ майда бўлакларга бўлиниб турган.
2. Иқтисодий бирлик. Бу бирлик ҳам ҳудудий бирликка бевосита боғлиқдир, яъни, иқтисодий яхлитлик сиёсий ўзгариш ва янги давлат субъектларининг ёки хонликларнинг пайдо бўлиши билан ўзгариб турган.
3. Маданий бирлик. Бундай бирлик ҳам то бугунга қадар амалга ошмаган вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу хусусда биз юқорида гапириб ўтдик (миллий либослардаги – бу ерда “миллий” сўзи шартли равишда айтилаяпти – урф-одатлардаги ўзига хосликлар).
4. Тип (антропологик) хусусиятлар. Ўзбекистонда бундай хусусиятлар ҳам ҳар хил. Бугунги ўзбеклар бир қарашдаёқ бир-бирининг қайси “тип”га мансублигини ажрата оладилар. Айниқса, барча турк қавмларини ўзига қоришитириб юборган ўзбекларда “тип бирлиги” бўлиши мумкин эмас. Шу маънода, агар ўзбеклар, олимларимиз айтганидек, кимлардир билан “қоришиб-чатишган” бўлса, бу “қоришиб-чатишганлари”нинг бариси турк уруғларидир.
5. Тил бирлиги. ҳали бугунгача “ўзбек тили” деб аталаётган Хоразм “ўзбекча”си билан Фарғона ёки Тошкент ўзбекчаси ўртасида жуда катта тафовут бор. ҳатто агар Хоразм ўзбеги ўз лаҳжасини расмий қабул қилинган ўзбек адабий тилига мосламай гапирса, тошкентлик ёки водийлик ўзбек ҳеч нарсани тушунмаслиги мумкин. Чунки, хоразмлик ўғуз лаҳжасида гапириб, ҳозирги ўзбек адабий тилида бўлмаган, Навоий давридаги турк(ўзбек) адабиётида кенг қўлланилган “ошоқ” (паст), “оё”(кафт), “ал”(қўл) каби нотаниш сўзларни ишлатади. Хоразм лаҳжаси бугунги ўзбек адабий тилидан кўра кўпроқ туркман, озарбойжон, усмонли турклари лаҳжаларига яқинроқдир. Навоий ижодида юқоридаги каби сўзлар кенг кўламда ишлатилган. Чунки, Навоий “ўзбек” тилида эмас, турк тилида ёзган. Балки, шунинг учун ҳам ҳозир гоҳ у ер, гоҳ бу ерда Навоий асарларини ҳозирги замон ўзбек адабий тилига “таржима” қилиш ҳақидаги кинояли гаплар туғилаётгандир? (Иброҳим ҳаққуловнинг ” Занжирбанд шер қошида” номли китобига Эркин Воҳидов томонидан ёзилган сўзбошига қаранг).
Бугунги ўзбек адабий тилининг нақадар сунъий тил эканлигини олим бўлмаган одамлар ҳам яхши билади. ҳар хил вилоятдан келган иккита ўзбекнинг бир-бирларини тушунмай, анграйиб туришларининг сабаби ҳам тил ислоҳотидаги мана шу зўравонликда, сохта илмийликдадир. Бугун Ўзбекистон ҳудуларида яшаётган ва паспортларига “ўзбек” деб ёзилган уруғлар турк тилининг барча лаҳжаларида гапирадиган қавмлардир. Бугунги ўзбеклар қипчоқ лаҳжасида ҳам, ўғуз лаҳжасида ҳам, қарлуқ лаҳжасида ҳам гапирадилар. Бу ҳол, бобомиз Амир Темурнинг: “Биз туркларнинг бош бўғинимиз” деган гапини тасдиқламайдими?
Академикларимизнинг “ҳозирги замон ўзбек адабий тилини соф турк тили деб бўлмайди”, деган гаплари тўғри. Чунки, бу тил, юқорида айтганимиздек, сунъий равишда яратилган тилдир, яъни, лаҳжаларимиздаги унга кириши мумкин бўлган туркий сўзлар киритилмай, уларнинг ўрни форс ва араб сўзлари билан тўлдирилган. Яъний, советлар ўзбек алифбоси устида ўтказган “эксперимент”ларини (тинимсиз, ўзгартириш ва “тозалаш”дан иборат ) тил сиёсатига ҳам тадбиқ қилдилар. Ўзбек имло луғати (Тошкент, “ФАН” нашриёти, 1976 й.) ўта даражада қашшоқ ва ғариб. Унинг ярмидан кўпроғини бегона тиллардан кириб келган сўз ва терминлар ташкил этади. Ўзбек изоҳли луғати (Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 й.) эса, ундан ҳам баттар.

Гўё олимларимиз ўзбек (турк) тилидан кўра, бегона тилларни яхшироқ биладигандай, яна ҳам аниқроғи, яхшироқ кўрадигандай.
Ўзбек тилининг имло, изоҳли, синоним (агар шундай луғат тузилса) луғатлари Ўзбекистондаги барча лаҳжаларни ўзига жамламоғи керак. Қолаверса, бошқа турк халқлари луғатларидаги биз унутиб юборган туркча сўзларни ҳам луғатимизга қайтадан киритиш масалаларини кўриб чиқсак, фойдадан ҳоли бўлмасди. Айниқса, чуваш, ёқут, гагауз каби умумтурк маданияти таъсири доирасидан чиқиб қолган турк халқларининг луғатлари диққат билан ўрганиб чиқилса, ёмон бўлмасди. Биз “тил сунъий равишда яратилмаслиги керак”, дея оғиз кўпиртирамиз-у, ўзимиз турк тилимиздаги лаҳжаларнинг ўзбек адабий тилига кириб келишига сунъий тўсиқлар қўямиз.
Ўзбек адабий тилининг “соф турк тили эмас”лиги ҳақида ўз мулоҳазаларимизни айтдик. Аммо “ўзбекнинг тарихи ва маданияти ҳам соф туркники эмас”, деганда нимани кўзда тутган ҳурматли академикларимиз? Умуман, “соф маданият”, “соф тарих” дегани нима ўзи? Биронта халқ ўз маданияти ва тарихини бошқа халқлар билан алоқада бўлмай ярата оладими? Француз маданияти, италиён маданияти, испан маданияти бор, аммо “соф француз маданияти”, “соф италиён маданияти”, “соф испан маданияти” деган маданият йўқ. Маданиятлар доимо бир-бирига таъсир ўтказади ва бу табиий ҳолдир.
Академикларимиз шундай ёзадилар: “ҳозир Ўрта Осиёда турк эмас, балки, туркий тиллар асосида ташкил топган ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман ва қорақалпоқ деган халқлар бор”. Тўғри, аммо бир муддат академикларимиз айтганлари сингари “ягона ҳудудий бирлик”ни ташкил этган Ўзбекистон ҳудудида ҳам Бухоро ва Хоразм республикалари ташкил этилган эди. Яъни, академикларимиз олға сураётган “халқнинг шаклланишидаги асосий фактор – ҳудудий бирлик” принципи бўйича мушоҳада юритадиган бўлсак, ўшанда худди туркман ва ўзбек халқлари сингари бухорий ва хоразмий халқлари вужудга келишига сал қолганди. Агар бу иш “муваффақиятли” амалга оширилганида, балки, фарғоний ёки қўқоний халқлари ҳам вужудга келармиди, ким билади дейсиз…
Бизнинг олимларимиз зўр бериб исботламоқчи бўлаётган – ўзбекнинг турк эмас, бор-йўғи “туркийзабон” эканлиги, аслида, ўзбекнинг “қоришиб-чатишиб”(ким билан?) кетган бутунлай бошқа бир миллат (қандай миллат?) эканлиги ҳақидаги тўқима, қадимги Хитой донолари айтиб кетган бир афоризмни эсга солади: “Қоронғи уйда қора мушукни излаб топиш қийин, айниқса, бу уйда ҳеч қанақа мушук йўқ бўлса…” Қоронғи тарих ҳам қоронғи уй кабидир, бу қоронғиликда ҳам қора халқни (келиб чиқиши коронғи халқни) излаб топиш қийин…

 

Мақсуд Бекжон ЎХҲ Норвегия бўлими раиси