ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР ҲАЁТИ, УРФ-ОДАТЛАРИ. ТУРОН ВА ЭРОН
Қадимий аждодларимиз бўлган сак, массагет, даҳ ва бошқа қабилалар бирлашиб, ҳозирги Туркистон ҳудудида қудратли мамлакатларни вужудга келтирганлар. Бу ерлар энг қадимги даврларда Турон, яъни туркий халқлар яшаган ўлка деб аталган. Амударёнинг чап соҳилидаги ерлар эса Эрон номи билан машҳур бўлган. Форс халқлари яшаган Эрон ҳам қадимги давлатлар жумласига киради. Турон ва Эрон мамлакатлари орасида тез-тез тўқнашувлар болиб турган. Булар ҳақида кўпгина тарихий асарларда ва буюк форс шоири Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида кўп маълумотлар бор.
Ажамнинг шарқий томонидаги Турон ўлкаси Афросиёбнинг ихтиёрида эди. Ажамнинг ғарб томонидаги Ҳижоз билан Яман Кайковусга қарашли эди. Эрон билан Турон ўртаси-даги чегара Жайҳун (Амударё) орқали ўтарди.
Кайковус бир ўғил кўрди. Унинг исмини Сиёвуш қўйдилар. У машҳур саркарда Рустамнинг қўлида тарбия топди. Сиёвуш 20 ёшга тўлгач, уни отасининг олдига олиб келдилар. Кайковус ўгиининг кўп касб-ҳунар ўрганганлиги, айниқса ҳарбий илмни яхши эгаллаганлиги ва хуш одобини кўриб терисига сиғмай суюнди. Рустамнинг маслаҳати билан уни Афросиёбга қарши бораётган қўшинга бошлиқ қилиб жўнатди. Эронликлар билан туронликлар ўртасида қаттиқ уруш бўлиб, кўп одам ўлди. Сиёвуш Афросийобнинг таклифи билан сулҳ тузди ва бу ҳақда отасига хабар қилди. Лекин Кайковус сулҳга рози бўлмади ва ўғлидан норози бўлди. Шундан кейин Сиёвуш отасининг олдига боролмайдиган бўлиб қолди. Энди нима қилади? Ўйлаб-ўйлаб у Афросиёб тарафига ўтишга қарор қилди. Афросиёб Сиёвушни катта ҳурмат-эҳтиром билан қабул қилиб, ўзига куёв қилиб олди. Эрон қўшини эса юртига қайтиб кетди. Хуш одоби ва жасурлиги билан Сиёвуш қайнотасининг саройида яхши обрў-эътибор қозонди. Обрўси кундан-кунга ортиб борди. Охири Афросиёб ундан чўчий бошлади. Яқинларини тўплаб, ўртага маслаҳат солди ва уларнинг маслаҳати билан Сиёвушни йўқотишга қарор қилди ва уни ўлдирди. Сиёвушнинг хотини (Афросиёбнинг қизи) ўғил фарзанд кўрди. Унга Кайхусрав деб исм қўйдилар. Орадан бир оз вақт ўтгач, Кайковус Сиёвушнинг ўлдирилганидан хабар топди. Дод-фарйод кўтарди. Афросиёбдан дарғазаб бўлди, лекин Афросиёбга қарши дарҳол уруш қилишга жазм этолмади.
Орадан бир неча йил ўтди. Кайковуснинг Гударз исмли лашкарбошиси бор эди. У бир куни тушида мана бу ҳолни кўрди: кекса бир одам унга: «Ўғлинг Гевни дарҳол Туронга жўнат, бориб Сиёвушни олиб келсин», – деди. Гударз тушини Кайковусга бориб айтди. Кайковус шу заҳотиёқ Гевни Туронга жўнатди. Гев Туронда етти йил турди. Кўп қидириб ва суриштириб Сиёвушнинг ўғли билан онасини топди ва уларни олиб, Эрон сари юзланди.
Афросиёб бундан хабар топиб, 300 кишилик отлиқ қўшинни Пийрон бошчилигида уларнинг кетидан жўнатди. Икки ўртада қаттиқ уруш бўлди. Оқибатда Гев ғалаба қозонди. Пийрон асир олинди. Гев уни ўлдирмоқчи бўлди, лекин Кайхусрав (Сиёвушнинг ўғли) унинг яхшиликларини эслаб бунга йўл қўймади. « Пийроннинг қонини ичаман, деб қасам ичганман», — деди Гев. Кайхусрав унга: «Яхшиси қулоғининг бир учини кесиб қонини сўр, шунда қасаминг ҳам бузилмайди. Пийрон ҳам омон қолади», – деди. Гев шундай қилди ва Пийронни қўйиб юборади.
Гев Сиёвушнинг ўғИи ва беваси билан эсон-омон Кайковуснинг олдига етиб бордилар.
Сиёвушнинг ўлдирилиши кўп замонлар Эрон ва Турон ўртасида қонли урушларга сабаб бўлди. Бу урушларда ягона ғолиб бўлмади. Бир сафар Эрон лашкарлари ғолиб келса, иккинчи сафар Турон аскарларининг қўли баланд келди.
Турк қавмлари баёни. ХИ асрда яшаган буюк тилшунос олим Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит турк» номли уч жилдли йирик қомусий асарида қадимги туркий халқлар ҳаёти, урф-одати, тил хусусиятларини батафсил тасвирлаб берган. Қуйида шу асардаги фикрларга таянган ҳолда қадимги туркий қавмлар ҳақида айрим маълумотлар келтирамиз: «Турклар аслида йигирма нафар қабиладан иборат бўлган, – деб ёзади Маҳмуд Кошғарий. — Ҳар бир қабиланинг сон-саноқсиз уруғлари бор».
Турк тилининг хусусиятлари ҳақида. Маҳмуд Кошғарийни ёзишича, энг тўғри ва аниқ тил фақат биргина шу тилни биладиган, форслар билан аралашмайдиган ва шаҳарларга бориш-келиш қиладиган одами бўлмаган кишиларнинг тилидир. Хўтанликлар, тубутлар ва тангутларнинг баъзилари каби икки тилда сўзлашадиганлар ва бошқа шаҳарларга қатнаб юрганлар тилида бузуқлик бордир. Улар бу ерларга кcйин келгандирлар…
Мочинликлар ва чинликларнинг алоҳида тиллари бўлса ҳам, шаҳарликлари туркчани яхши биладилар. Бизлар билан ёзишмалари туркчадир…
Уйғурларнинг тиллари туркчадир. Лекин ўзлари бир-бирлари билан сўзлашадиган бошқа бир тиллари ҳам бор…
Саҳройилардан бўлган жумулларнинг тиллари алоҳидадир. Улар туркчани ҳам яхши биладилар. Шунингдек, қой, ябаку, тотор, босмил кабиларнинг ҳар бирининг тили ўзига хосдир.
Сўнгра қирғиз, қипчоқ, ўғиз, тухси, яғмо, чигил, иғроқ, яруқ тиллари фақат туркчадир. Ямоқ ва бошқирд тиллари буларга яқиндир…
ТУРКИЙ ҚАВМЛАРНИНГ ҲАЁТИ, МАДАНИЯТИ ВА УРФ-ОДАТЛАРИ
Дунйодаги бирон мамлакат кенгликда ва катталикда Туркистонга тенг келолмайди. Шарқда у Чин билан, ғарбда Рум билан чегарадош. Шимолда уни Яъжуж ва Маъжужлар билан ажратиб турувчи девор бўлиб, жанубда ҳамма вақт қор билан қопланиб ётган Ҳиндикуш тоғлари билан чегараланади.
Туркистонда бошқа мамлакатларда кўп қадрланувчи қимматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Булар тотор, тибат ва хўтан мушки, хитоий ва чиний деб номланган қим-матбаҳо матолар, қизил тусли, олий навли турк ёқути, тулки, кулранг олмахон, қундуз, оқсувсар, булғорий ва буртосий мўйналар, оқ қайин ёғочидан тайёрланган ўқ-ёй-лар, туз, тибат қўтосининг шохи, лочин ва бургутлар, зотли туялар ва отлар, яшма тоши ва бошқалар.
Туркий халқларни бошқа халқлардан ажратиб турадиган айрим нарсалар бор. Булардан бири уларнинг тили бўлиб, яхшилиги ва эътиборлиги билан араб тилидан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳозирда кўпчиликнинг уни ўрганиш учун интилиши шу сабабданки, қадимда амирлар ва саркардаларнинг кўпчилиги турклардан чиққан. Ҳокимият ҳам уларнинг қўлида бўлган. Олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо нарсалар ҳам уларнинг қўлида бўлган. Олий насаб кишилар, улуғ мансаб эгалари ва уларнинг болалари туркий амирлар ва лашкарбошилар хизматида бўлган.
Туркларнинг энг қадимий ёзувлари оромий ёзувларига асосланган ҳарфий ёзувлардан иборат бўлган.
«Девону луғотит турк»да келтирилган туркий қавмларнинг номлари қуйидагича: турк, ямоқ, қирғиз, чигил, анмур, қорлиқ, қиниқ, ёғий, солук, халаж, ўғуз, гой, кой, уран, тухси, тибат, қора тибат, соқулай, кимжи, кимак, ҳазор, қора ҳазор, қипчоқ, олти кужот, бижанак, ўғул, сотиқ, сутук, тотор, қора тотор, қангли, барғу, ғузз, қора ғузз, тўқизғуз, яғмо, оракун, қиёқ, солғир, ёзғир, рукур, бояндур, ола ёндулик, уйғур, туғроқ, баёт, тутурға, учирон, суйик, ябоқу, афшон, бокриз бекдили, иқбо, отқўқ, муъзитар, урул, дафтидик, басмил, ал-барсхон. Қадимги манбаларда ёзилишича, «турк» сўзи куч, қудрат, ҳокимият каби маъноларни билдиради. Бу сўз милоднинг В асридан кейин ниҳоятда кенг тарқалиб, оммалашиб кетган.
ИЗОҲЛАР
Ажам – араб бўлмаган мамлакатлар. Бу ерда Эрон назарда тутилади.
Афросиёб – туркларнинг қадимий подшоларидан.
Жайҳун – ҳозирги Амударёнинг номи.
Кайковус – қадимги Эронда ўтган Кайёнийлар сулоласидан чиққан биринчи подшо. Сиёвушнинг отаси.
Кайхусрав – Кайковус ва Афросиёбнинг набираси. Сиёвушнинг ўғли.
Маҳмуд Кошғарий – ХИ асрда ўтган машҳур тилшунос олим.
Мочин — Марказий ва Жанубий Хитой.
Рум – Византия, кейинчалик Туркия.
Чин мамлакати – Шимолий Хитой.
Тамға – турклар ва бошқа кўчманчи халқларда чорва молларига босилган махсус белги. Ҳар бир қавмнинг ўз тамғаси бўлган.
Яман – Арабистон ярим оролидаги мамлакат.
Яжуж Ва Маъжуж – Осиёнинг шимол тарафида истиқомат қилган халқ. Ривоятларга кўра, Искандар Зулқарнайн улардан хавфсираб, чегарада мустаҳкам девор қурдирган.
Ҳиндукуш тоғлари – Афғонистоннинг шимолий қисмини марказий ва жанубий қисмларидан ажратиб турган баланд тоғлар.