Британия Библия жамияти топшириғига кўра руслар билан Туркистонга насронийликни тарғиб қилиш учун келган Остроумов 1885-1886 йиллар ичида тўртта инжилни ўзбек тилиги таржима қилган. Ушбу таржима 1891 йили нашр қилинган. Инжилни Ўзбек тилига таржима қилишда Саттархон исмлик маҳаллий аҳоли вакили ёрдам қилган экан. Китоб аввалида «Евангелие на язык сартов» деб номланган.
Остроумов ўлкани руслаштириш учун анча тер тўккан, миллий маърифатни йўқ қилишга анча тиришган…
Остроумов ҳақида икки холис гувоҳлик:
Мустафо Чуқаев, Қўқон мухториятининг раиси:
Туркистон ўлкаси учун қўйилган «миссионер», шовинист Остроумовнинг таклифига кўра, Туркистон мусулмонларига жума намозларида (хутбаларида) оқ пошшо номини қўшиб ўқишликка кўрсатма берилди. Мустамлака мусулмонлар таҳқирланиб, рус амалдорларига таъзим бажо келтиришга мажбур эдилар, масжидларда ит етаклаб юриш одатини мустамлакачилар тарк этмадилар.
Абдурауф Фитрат, адиб, олим:
Бизнинг диний ва миллий ҳиссиётларимизни ўлдирмоқ тилаги билан Остроумов каби мутаассиб пўпларнинг идорасинда газета чиқарилди, мактаб очилди, лекин ўз миллатимиз ва диёнатимизни англамоқ учун ўз тарафимиздан очилган мактаблар ва газеталар боғланди, шаръий маҳкамаларимизнинг ҳуқуқ ва салоҳиятларидан буюк бир қисми ғасб этилди. Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорат ишларида, ҳатто вагон арабаларинда Туркистон мусофири бўлган рус ва арманидан тубанда тутилди…
Абу Муслим