O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Туркистон баҳори” қўрқуви. Каримов интернетга қоровул қўймоқда

“Туркистон баҳори” қўрқуви. Каримов интернетга қоровул қўймоқда
140 views
30 May 2012 - 16:05

Ўзбекистондаги ўқув муассасалари ходимларига ёшларнинг Интернет-кафеларга киришлари олдини олиш топшириғи топширилган, бу Ўзбек расмийларининг мамлакат аҳолисини “Араб баҳори” сингари ҳодисалар таъсиридан ҳимоя қилиш йўлидаги амаллари деб кўрилмоқда.

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи хабар қилишича, шу йил апрелида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги махсус буйруқ чиқарган, унда академик лицейлар ва коллежлар ўқувчиларининг Интернет-кафеларга киришларини чеклаш буюрилган.

Ушбу қадамдан муддао ёшларнинг дарсларга қатнашини таъминлаш деб тушунтирилган.

Энди ҳар бир ўқув муассасаси ўзига яқин жойдаги Интернет-кафега ўқитувчиларини юборади, улар эрталабки соат 9 дан кечки соат 8 гача навбатчиликда туришади.

Ўқитувчилар шу соатлар мобайнида Интернет-кафега кирган ўқувчини у ердан чиқариб юборишлари лозим.

Эксперт Ишчи гуруҳига кўра, айримлар фикрича, шу йўл билан ҳокимият ёшларни “оммавий маданият” деб аталаётган маҳсулотлардан ва диний-экстремистик мазмундаги материаллардан муҳофаза қилмоқчи.

Охирги пайтда Ўзбекистоннинг телеканалларида Интернетнинг салбий томонлари ҳақидаги ҳужжатли фильмлар намойиш этилмоқда, Ўзбекистон парламенти вояга етмаган шахсларнинг жамоат жойлари, хусусан, Интернет-кафеда берухсат бўлгани учун жавобгарликни оширувчи қонунни қабул қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ўқув муассасаларида мобил телефондан фойдаланишни тақиқловчи қарорни қабул қилган.

Би-би-си Эксперт Ишчи гуруҳт раҳбари Суҳроб Исмоиловдан сўнгги чекловлар ортида аслида қандай мақсадлар ётган бўлиши мумкин, деб сўради

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони шиддат билан ўсмоқда ва бугунга келиб уларнинг сони 9 миллиондан ортган.

Аммо, шу билан бир қаторда, Ўзбекистон турли важлар билан қатор халқаро оммавий-ахборот воситалари, веб саҳифаларга тўсиқ қўйган ва “Интернет душманлари” рўйхатига киритилган давлат ҳисобланади.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотига кўра, Ўзбекистон минтақада Интернетга нисбатан энг репрессив мавқеъни эгаллаган давлатдир.

Сўнгги чекловлар манзарасида Ўзбекистон ичкарисидаги вазиятга назар ташлаш учун Би-би-си маҳаллий журналист Баҳодир Элибоев билан суҳбатлашди

Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф муҳожиротдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Тошкентдаги ҳокимиятни “Араб баҳори”га ўхшаган йўлда ўзгартириш мақсадида эканини эълон қилган, шу мақсадда мамлакат ичкарисида фаолият юритаётганини маълум қилган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг варақалари Тошкентда тарқатилган, ҳаракат ўз мақсади йўлида Интернетдан ҳам кенг фойдаланаётганини айтади.

 

bbc.co.uk/uzbek