2-боб. Туркистон мухтор хукуматининг советлар томонидан ағдарилиши
Тошкент Шўролари ҳукумати 1918 йил январнинг иккинчи ярмидан эътиборан Туркистон мухториятини тугатиш мақсадида очиқдан-очиқ амалий ҳаракатларни бошлаб юборди. Уни ўша йили 19-26 январда бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси Шўроларининг IV қурултойи қабул қилган қарорлар яққол кўрсатди. Қурултойда сўзга чиққан Тошкент шўроси раиси большевик И.О.Тоболин бундай деган эди: «Биз нафақат Россия хақида, балки меҳнаткашлар ҳақида қайғуряпмиз, агар халқ ҳоҳиш иродаси бу ўлканинг Россиядан ажралиб чиқишини референдум орқали ҳал этишни истаса, унинг ажралиб чиқиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз» .
У Туркистон мухториятига қарши фикрини яшириб ҳам ўтирмади. «Бироқ,-деди у,-мухториятни ҳозир зудлик билан амалга ошириш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Зеро мухториятнинг энг биринчи шартига кўра бу ўлкадан ҳарбий қўшинлар олиб чиқиб кетилиши керак. Агар биз мухторият тушунчасидан келиб чиқадиган ана шу асосий ҳолатни амалга оширадиган бўлсак, унда инқилоб биқинига зарба берган бўлур эдик, ўлкада эса яна аксил инқилобчилар ҳокимияти қарор топар эди». Шунинг учун «Мамлакатнинг уруш ҳолатида эканлигини назарга олган ҳолда, бизлар мухторият ҳолатидаги ва ҳатто мустақил давлатни ташкил этиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборамиз».
И.О.Тоболин ўз сўзининг охирида қурултой қатнашчилари эътиборига муҳокама этилаётган масала юзасидан большевиклар фракцияси қарори матнини ўқиб берди:
«Инқилобчи социал-демократлар партияси пролетариат мухториятини ташкил этиш учун ҳаракат қилади», Шу боис «депутатларнинг касаба Совет (союз)ларига жалб этиб, мусулмон пролетариатининг синфий онгини кўтариш» бўйича пролетариат оммасини тайёрлаш асосий масала этиб эълон қилинади. Мухториятни эълон қилиш масаласи эса ноаниқ муддатга кечиктириб қолдирилади.
Туркистон Шўролари IV қурултойи Туркистон мухториятига муносабат масаласини қизғин муҳокама қилиб турган пайтда Туркистон мухторияти ҳукумати қурултой номига телеграмма юборади. Телеграммада 1918 йил 20 мартда «умумий, тўғридан-тўғри, тенг ва яширин овоз бериш асосида,» Туркистонда Таъсис мажлиси чақириш тадориги (тайёргарлиги-муаллифлар) борлиги маълум қилинади. Телеграммада яна шу нарса таъкидланадики: «Туркистон Таъсис мажлиси халқларнинг барча орзу-истакларини амалга оширишга даъват этилган бўлиб, Туркистон мухториятида ўлканинг оз сонли аҳолиси ва меҳнаткаш халқ ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Россия инқилоби томонидан олдинга демократик қонун қоидалар билан тўла келишган ҳолда демократияни ташкил этади» .
Ана шу муносабат билан мухтор Туркистоннинг Халқ Мажлиси (Миллий мажлис) яна бир марта Туркистон халқларига «Халқ мажлиси томонидан мазкур ҳолатнинг (модданинг) ишлаб чиқилаётгани, ҳаётга тадбиқ этилиши юзасидан чоралар кўрилаётганини баралла маълум қилишни ўз васифаси деб билади».
Аммо шунга қарамасдан Туркистон ўлкаси Шўроларининг IV Қурултойи Туркистон мухторияти ҳукуматини тан олишдан бош тортди, унинг аъзоларини қонундан ташқари деб эълон қилди ва ҳатто уларнинг бошлиқларини қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Хусусан масалани янада ўтлаштирган ҳолат Байналминал ишчи ва аскар депутатлари шўросининг «… бойлар томонидан эълон қилинган Қўқон ҳукумати тан олинмасин, унинг аъзолари эса қонундан ташқари деб топилсин, бошлиқлари қамоққа олинсин!», деган талабидан сўнг кучайди. Қурултой қарорида бундай дейилган эди: «Инқилобий социал-демократлар партияси бир тўда рус ва мусулмон реакционерлари бошчилигидаги буржуа мухториятига қарши шафқатсиз кураш эълон қилади ва ўлкада пролетар мухториятни тузишга интилади».
Туркистон мухториятига қарши бошланган сиёсий хуруж ва қирғин-баротнинг оташин ва фаол ташкилотчилари И.О.Тоболин, Ф.Колесов, Е.Бабушкин, Туркистон ҳарбий комиссари Е.Перфильев ва бошқалар бўлдилар. Улар ўз фаолиятларида қонхўр большовойлар фирқаси ва қизил мустамлакачи салтанат шўролар ҳукуматининг йўлбошчилари В.И.Ленин, И.В.Сталин ва бошқа арбобларнинг тўғридан-тўғри буйруқ ва кўргазмаларини адо этдилар.
Туркистон мухторияти раҳбарлари 1918 йил бошларида Тошкентда ўзларига қарши катта фожеавий қирғинга тайёргарлик кетаётганда зўр матонат ва иродани ишга солиб мухториятни мустаҳкамлаш йўлидаги қийинчиликларга қарши сабр-тоқат билан ишлаётган эдилар. Бу қийинчиликлар нималардан иборат эди? Энг асосий қийинчилик биринчидан маҳаллий туб ерли аҳоли сиёсий савиясининг миллий истиқлол талаблари даражасида ривожланмаганлиги эди. Бу Туркистон мухториятини ҳимоя қилиш, уни қўллаб-қувватлашда истиқлолчи кучларнинг ягона жабҳа, якка мушт бўла олмаганлигида кўринди. Иккинчидан, янада каттароқ аҳамиятли қийинчилик Туркистон мухтор ҳукуматининг яшаб қолишининг шарти бўлган моддий қийинчилик эди. Бу ҳам албатта яна биринчи қийинчиликка бориб тақалади. Большовойлар октябрь тўнтаришини Германия ҳукуматининг берган бир миллиард немис маркаси эвазига амалга оширганлари юқорида таъкидланди. Туркистон мухториятида бундай имконият йўқ эди. Моддий маблағсиз эса ҳеч нарса қилиб бўлмасди. «Улуғ Туркистон» газетасида 1918 йил 4 январда Потеляховнинг ёзганига қараганда Туркистон мухториятига яҳудийлар ярим миллион сўм ёрдам тариқасида беришган. Наманган ва Андижон банклари жуда катта қийинчиликлар билан 500 минг сўмдан пул ажратганлар. Албатта бу маблағлар мухтор ҳукумат сарф қилиши лозим бўлган ҳаражатлар олдида урфоққа арзимас эди. Чунки биргина «Бирлик туғи» газетасини молиявий қўллаб туриш учун 5 минг сўм, «Свабоднўй Туркестан» учун эса 50 минг сўм харажат қилинар эди. Қўшинни таъминлаш учун кетадиган молиявий харажат тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Бу даврда қўшинлар сонининг халқ милициясидан ташқари 2 мингга етганлиги юқорида айтилди.
Учинчидан, энг муҳим қийинчилик Туркистон мухториятини кўкрак кериб ҳимоя қила оладиган миллий қўшиннинг йўқлиги эди. 2 минг аскар, бунинг устига ёмон қуролланган, улар асосан таёқ, болта, кетмон, ошпичоқ, қилич, айримлари пилта милтиқ билан қуролланган қўшин билан узоққа бориб бўлмас эди. Чунки тиш-тирноғигача замонавий қуроллар: самолётлар, ўзи юрар танклар, бронепоездлар, найзали беш отар милтиқлар, пулемётлар билан қуролланган қизил калла кесарларга қарши туришнинг ўзи бўлмас эди. Бунинг устига 1918 йил 19 январда Қизил қўшинлар Оренбургни қўлга киритгач Москва билан Тошкент ўртасида узилиб қолган алоқа тикланди. Натижада Марказдан Туркистонга қўшимча қўшин кучлари ва қурол-аслаҳа юбориш имконияти туғилди. Бу ҳол ўз навбатида миллий истиқлол жабҳаси курашчиларининг вазиятини янада оғирлаштирди.
Тошкент Шўролар ҳукумати Туркистон мухтор ҳукуматини кенг меҳнаткашлар оммаси ўртасида чуқур томир отишига имкон бермаслик ва уни бешиклигидаёқ бўғиб ўлдириш мақсадида 1918 йил январнинг охирларидан бошлаб қуролли ҳужумга тайёрланди ва иғвогарлик билан турли баҳоналар излай бошлади. Қўқон Шўролар ҳукумати ихтиёрига энг ашаддий қизил гвардиячиларни, австро-венгер ҳарбий асирлар ва асосан дашноқлардан ташкил топган каллакесар қисмларни юборди.
29-30 январда Қўқонда фавқулодда вазият мислсиз даражада кескинлашди. Бу вазият арзимаган бир баҳона учқуни ила ўтлашиб кетиши ҳеч гап эмасди. Ана шундай бир шароитда 30 январда Қўқон ишчи ва аскар депутатлари Шўросининг мажлиси бўлди. Унда Туркистон мухториятини даф этишини амалга оширувчи орган-инқилобий қўмита (революцион комитет ) тузилди. Унинг раислигига большевик Е.Г.Бабушкин сайланди. Инқилобий қўмита таркибига туб ерли аҳоли вакилларидан бирорта киши киритилмади.
Қўмита ўз қўлида чегараланмаган ҳокимиятни мужассамлаштирди, унга катта ваколатлар фавқулодда чоралар кўриш, ҳамма нарсани шўролар ҳокимиятини ҳимоя қилишга бўйсундириш ва сафарбар этиш ҳуқуқи берилади. Инқилобий қўмита олдидаги энг асосий бош вазифа мухторият ҳукуматини тугатиш, шаҳар аҳолисини қуролли куч билан шўро ҳокимиятини тан олишга мажбур қилиш, «Инқилобий тартиб» ўрнатишдан иборат эди. Инқилобий қўмита ишни европалик ишчилар ва темир йўлчиларни қурол билан таъминлашдан бошлади.
Айниқса большовойларнинг Қўқон шаҳридаги арман миллатига мансуб дашноқларни: бақоллар, сартарошлар, вино сотувчиларни қуроллантиришлари, ҳаддан ташқари разил ва жирканч мақсадларни кўзлар эди. Тошкент, Скобелев, Андижон, Наманган ва бошқа шаҳарлардан ҳарбий мадад сўраб мурожаат қилинди. 30 январга ўтар кечаси ноъмалум кишилар гуруҳлари атайин иғвогарлик билан баҳона учун Қўқон телефон станциясига, Қўқон Шўролар биносига ҳужум уюштирилди. Бу ҳужум Қўқонда қизил қўшин жаллод каллакесарларнинг оммани ваҳшийларча қирғин қилишни бошлаши учун шунчаки бир баҳона бўлди. Худди шу куни 30 январда Қўқондаги инқилобий қўмита Тошкентга И.О.Тоболинга, Ф.Колесовга ва Скобелев шаҳрига телеграф орқали хабар қилди ва зудлик билан ёрдам беришни сўради. Инқилобий қўмита аҳолига қарата мурожаат қабул қилди. Мурожаатда содир этилган воқеалар учун барча ва асосий айб мухториятчиларга қўйилди. Инқилобий қўмита ўз таркибидан махсус гуруҳ тузди ва унинг олдига мухторият ҳукумати аъзоларни ҳибсга олиш вазифасини қўйди.
Инқилобий қўмита Туркистон мухторияти аъзоларига ультиматум топширдилар ва 2 соат муддат билан таслим бўлишни талаб қилдилар. Лекин Мустафо Чўқаевнинг хотирлашича «31 январь кундуз соат 12 да Хўқанд большевикларининг бизга берган ультиматумини текшириб ўтирганимизда бир тўхтовсиз милтиқ отувчилар большевиклар бўлиб чиқди.
Большевикларнинг ультиматумида бизга 2 соат муддат тайин этилган ва ул муддат 2 соат 20 минутда тўлар эди: Нечундир алар шартномасига хилоф харакатга киришиб муомала йўлин кесдилар. Шўрои исломия юртинда ҳукумат қўшинларидан бошқа халқда жийилған эди. Большевик солдатлари яқинлашиб келарлар, деган хабарни эшитиб бошқа халқ торлан кибик ҳукумат кишиларида иккинчи бош қўшурға йўл қолмагач тарқалишдилар. Чунки халқ муваққат ҳукуматнинг (Қўқон мухторияти- муаллифлар) алида бўлса келишурмиз, большевикларга қарши қурол кўтармангиз» -деган сўзига қулоқ солмай, ҳар қайси боринча сўғиш асбобларин олиб ўрамға чиқдилар. Большевикларнинг ваъдалариндан илк ота бошловлари халқнинг кўнглини, алар муваққат ҳукуматигина туғил, бутун халққа қарши ҳаракат бошладилар, деган қўрқув солди. Бу вақт муваққат ҳукуматининг йўли бутунлай кесилган эди.
Ана шу тариқа, Қўқон шаҳрида большовойлар мусулмон халқларни қириб ташлашдан иборат даҳшатли фожеани бошлаб юборди. Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Шўроси Туркистон Мухториятига четдан келадиган ҳар қандай ёрдамни олдини олиш чораларини кўрди. 1918 йил 14 февралда Бутун Фарғона водийсида ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Фарғона темир йўлида эса қамал ҳолати жорий этилди. Тошкент, Самарқанд, Наманган шаҳар думалари ёпилди ва фаолиятлари тўхтатилди. Собиқ генерал-губернатор концелярияси тугатилди. Пахта заҳиралари мусодара этилди, нефть қазиб чиқариш, балиқ саноати ва бошқалар миллийлаштирилди. Дин давлатдан ва мактабни диндан ажратганлиги эълон қилинди.
Албатта бундай оғир шароитда Туркистон мухторияти ўзини ўзи ҳимоя қилишга ожиз эди. У бошланган даҳшатли қирғинга қадар тинч воситалар йўли билан ҳокимиятни қўлга олишга ишонар эди. Шунга қарамай Туркистон мухторияти қўшинлари оддий қуроллар билан бўлсада шаҳарни уч кун давомида ҳимоя қилдилар. Кофирларга қарши ғазовот эълон қилган мухториятчиларнинг шиори «Туркистон-туркистонликлар учун» эди.
Мухтор ҳукумат вазиятининг ниҳоятда оғир эканлигини ҳисобга олиб сўнги ва охирги имкониятни ишга солди ва большевойлар билан бошлаган музокара ташаббускори бўлди. Бу музокара 17 февралда бошланди. Музокарада мухториятчилар қуйидаги талабларни ўртага қўйдилар:
1. Шаҳарни биргаликда бошқариш ва унинг таркибида Мухториятчиларнинг кўпроқ вакиллари бўлишини таъминлаш. 2. Ҳарбий қалъани шу органнинг назорати остига олиш. 3. Милициядан бошқа барча кучларни қуролсизлантириш. Ўлка Шўролар ҳукуматининг шариатга зид декретларини бекор қилиш. Аммо большевик Е.Г.Бабушкин раис бўлган инқилобий қўмита Мухториятчиларнинг бу таклифларини қатъиян рад этди. 18 февраль куни музокара янада давом эттирилди. Мухтор Ҳукумат нима бўлса бўлсину, аммо ўртада қон тўкилмаслиги учун ҳаракат қилди. Ҳарбий вазир полковник М.Чанишев инқилобий қўмитага ультиматум қўйиб, соат 4 гача қалъани топширишни талаб этди.
Аммо мусулмон ишчи ва деҳқонлар конференцияси қатнашчилари ультиматумни қайтариб олишни талаб қилдилар. «Шўрои Уламочи»лар ўз тарафдорлари билан бунга қаттиқ қаршилик кўрсатдилар ва ультиматумни қайтариб олишга қаршилик қилдилар. Мухторият ҳукумати аъзолари ўртасида ўзаро ихтилоф келиб чиқди. Ҳукумат раҳбари Мустафо Чўқаев истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Унинг ҳукумат маҳкамаси ағдарилди, ўзи эса яқин кишилари билан ҳукуматни ташлаб, Қўқонни тарк этишни лозим топди.
Мухтор ҳукумат Ҳарбий кенгаши раиси М.Чанишев ва унинг энг яқин сафдошлари-рус офицерлари қамоққа олинди. «Уламо»-чиларнинг ёрдами билан мухторият ҳукумати милициясига бошчилик қилувчи Эргаш ҳукумат раҳбари ва бош қўмондон этиб тайинланди. Ана шу тариқа Мухтор ҳукуматда давлат тўнтариши юз берди. Ҳокимият ашаддий муросасиз кучлар қўлига ўтиб қолди. Туркистон мухториятидаги бу бўлиниш шўроларга қўл келди. Улар бу қулай вазиятдан фойдаланиб Қўқон шаҳрига ҳужумни янада кучайтирдилар. Айниқса босим 18-19-февралда Тошкентдан Е.О.Перфельев Қўқонга етиб келгач янада кучайди. Унинг ихтиёрида II эшелон Ҳарбий қисмлар бор эди. Отлиқ аскарлар, артиллерия ва пиёда қисмларга эга бўлган Туркистон ўлкаси Ҳарбий комиссари, сўл эсер, ваҳший генерал Қўқонни уч тарафдан қуршаб олди.
Қизил қўшинлар Эски шаҳар ҳудудига бостириб кирдилар. Даҳшатли ва мислсиз қирғин бошланди, Қўқон ўт ичида қолди.
Қўқондаги хунрезлик, геноцид даҳшатларини амалга оширганларнинг ўзлари ҳам эътироф этганлар. Ўша пайтда 28 ёшда бўлган ўлка Ҳарбий комиссари Е. Перфильев жанг тафсилотларини шундай ҳикоя қилди: «Мачитларни яна бир неча маротаба ўққа тутишга тўғри келди. Қизил гвардиячилар бўғизланган европаликларнинг жасадларини кўрганда шундай тутақиб кетдиларки, уларни ҳеч қандай куч тўхтатиб қололмасди., аскарлар олдидан чиққан ҳамма нарсани яксон қилиб кетавердилар. Ҳатто шундай ҳолат рўй бердики, 5та қизил гвардиячи ерли бандитларнинг 200 тасини олдига солиб қувлади.
Отряд катта қаҳрамонлик кўрсатди. Жанг иштирокчилари орасида бирорта ҳам қўрқоғи йўқ эди. Биз қийинчилик билан Тошкўприкни қўлга киритдик ва Эски шаҳарга ёриб кирдик. Исёнчилар тўдаси Скобелев томонга чекинишди. Бадавлат кишилар қимматбаҳо бойликларини, пулларини ўзлари билан олиб қочдилар, лекин нарсалари ўзларига насб этмади. Қочаётганларни тезотар тўпдан ўқ узиб янчиб ташладик, бир қисмини эса орқага чекинишга мажбур этдик. Уларнинг кўрпа-ёстиқлари, гиламлари, қимматбаҳо нарсалари йўлда сочилиб қолди» .
Қўқонда даҳшатли фожеалар ва қирғинларни ўз кўзи билан кўрган ва унинг шахсан иштирокчиси М.И.Шкорупанинг иқрори айниқса диққатга лойиқдир: «Тинч аҳолининг уйлари, Туркистон Россия учун ҳам тансиқ бўлиб қолган мануфактура, ғалла омборлари ёнарди.
Қўқон уч кун ўт ичида қолди. «Ўша кунларда,-деб ёзади тарихшунос олим Шомагдиев Ш.А-талончиликлар ҳам авж олган. Аскар, қизил гвардиячиларга бўйсунмай қолган оломон, майда буржуазия нима бўлса шуни талаб, ташиб кета бошлади… Эски шаҳар ва барча дўконлар тижорат фирмалари, савдо қаторлари, банклар, майда хонадонлар талон-тарож қилинди. Талончилар талаган мулкларини аравага ортиб, вакзал ва қалъага ташидилар. У ерда бегона мулкни бўлиб олиш бошланди».
1918 йилда Қўқонга келган инглиз капитани А.Брун шаҳарни ярим бўш ҳолда кўрган. Унинг ёзишича шаҳар босқинида иштирок этган немис австралиялик ва венгер асирлардан ёлланган аскарлар 100 минг сўмдан ортиқ пулни ўмаришган.
Дашноқлар
Айниқса армани миллатга мансуб дашноқлар Қўқон шаҳрида кўз-кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни амалга оширдилар. Қўқон фожеаси қатнашчиларидан яна бири, Туркистон халқларининг жаллоди А.Т.Каравайцев ўз эсталикларида бундай деб ёзади:
«Коновалов тўдасидаги арман дашноқлари ўзбошимчаликни ҳаддан ошириб юбордилар. Улар Қўқонга келгунча тинч аҳолини талаб, қирғин қилганлар».
Армани миллатига мансуб дашноқлар Қўқонда кўз-кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни амалга оширдилар. Шаҳар остин-устин қилинди ва таланди. Улар хусусан Эски шаҳарни, айниқса савдо тармоқларини, дўконлар, расталарни, омборларни таладилар, қолганларига ўт қўйиб ёндириб юбордилар. Дашноқи арманлар мусулмонлар яшайдиган хонадонларга бостириб кирдилар, ҳеч кимни аямасдан қирғин қилдилар, ҳатто чолу-кампирлар ва ёш гўдакларга ҳам раҳм қилмадилар. Ҳомиладор аёлларни қоринларини ёриб туғилмаган гўдакларни қиличлар тиғидан ўтказдилар, ёш нораста гўдакларни беда қирқадиган жодуда бурда-бурда қилиб ташладилар. Ёш қизларнинг номусларини ҳақоратладилар, аёл жувонларни эса эрлари кўз олдида зўрладилар. Ибодатхоналар, масжид ва мадрасаларни кули кўкка совурилди. Ҳамма ерда қамоққа олишлар бошланди, айғоқчилар ва тилмочлар кўпайди. Маҳаллий аҳолини қамоққа олиш тўғрисидаги ордер бўлса ҳам бўлмаса ҳам ҳибсга олавердилар. Қамоққа олинганларнинг кўплари суд ва терговсиз отиб ташланди. Қўқонни ташлаб кетишга мажбур бўлган Мухтор ҳукуматнинг аъзолари Фарғона шаҳрига бориб халқни намойишга чорлаганлар. Уларни туб ерли маҳаллий аҳоли қўллаб-қувватлаган. Лекин шўролар ҳукумати бу ҳаракатни бостирган. Носирхон Тўра Наманганда, С.Герцфельд Самарқанда, Обиджон Маҳмудов Бухорода қўлга олинган.
Убайдуллахўжаев, Абдулхамид Сулаймон (Чўлпон) Қўқондаги фожеавий ҳодисаларни Ашҳабоддан Самарқандга келаётганларида йўлда эшитадилар ва улар ўз йўлларини ўзгартириб Оренбург томон йўл оладилар. Бу ерда улар Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан учрашадилар. У Оренбургда Бошқирдистон мухториятининг ички ва ҳарбий ишлари билан банд эди. Хуллас, ҳамма аломатларга кўра тарихга Туркистон мухторияти номи билан кирган Қўқон мухторияти тор-мор қилинди ва тарқатиб юборди. Қадимги маданий ва бой савдо шаҳри бўлган, Қўқон таг-туги билан вайрон қилинди ва қонга ботирилди. Қўқон халқ милициясига бошчилик қилган Эргаш ўз кучлари билан шаҳарни ташлаб чиқди ва шўроларга қарши курашни давом этирди.
Раҳбарсиз ва ташкилотсиз қолган Қўқон шаҳри мудофаачилари фожеа ва даҳшатни янада оғироқ тус олмаслиги мақсадларини кўзлаб шўролар раҳбарияти билан музокаралар бошлашга мажбур бўлдилар. Ниҳоят 22 февраль (9 февраль)да большовойлар томонидан тақдим этилган ва маҳаллий мусулмон халқининг миллий манфаати ва иззат нафсини камситувчи «Тинчлик шартномаси»га имзо чекдилар. Шартноманинг биринчи моддасида: «аҳоли халқ Комиссарлари шўросининг ҳокимияти ва маҳаллий шўро муассасаларини тан олади», дейилган эди.
Шундай қилиб, Туркистон мухторияти ҳукумати бешиклигидаёқ, бўғиб ўлдирилди ва тугатилди, мустамлакачи босқинчи шўролар ҳукумати ўз ғалабасини тан-тана қилди. Туркистон мухториятидан сўнг 1917 йил декабрда қозоқ миллий-демократлари Оренбургда ташкил этган Алаш мухторияти ҳам тор-мор қилинди.
Аммо зўрликка, босқинчиликка асосланган ва Туркистон мухториятини тугатишга қаратилган шўроларнинг шармандали ва адолатсиз сиёсати меҳнаткаш халқ оммаси кўзи олдида бу ҳукуматнинг асл мақсади ва моҳиятини очиб ташлади. Натижада бутун Туркистон халқлари истиқлол учун, эрк ва миллий озодлик учун курашга отландилар.
Большовойларнинг Қўқон шаҳрида амалга оширган даҳшатли фожеаларидан ҳатто Туркистонда яшаётган европа аҳолисига мансуб эсерлар, кадетлар ва меньшевикларнинг вакиллари ҳам нафратланган эдилар.
Меньшевик-интернационалистлар фракциясининг бошлиғи Вайнштейн Тошкент шаҳар Шўросининг 1918 йил 23 февралдаги йиғинида Республика Ҳарбий Комиссари Е.Перфильевнинг қизил гвардиячи жангчилари билан Қўқонда даҳшатли хунрезликлар қилганини тафтиш этиш керак ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозим, деб талаб қилди.
Жумладан у бундай деган эди: «Қизиқ, синфий кураш номи билан арманлар ва форсларнинг ўзаро миллий келишмовчиликлари ҳақидаги гаплар, мусулмонлардан қандай қилиб, ҳимояланишимиз лойиҳаси тўғрисидаги фикрлар қулоққа чалинмоқда. Биз синфий кураш ўрнига миллий кураш олиб бораяпмиз, бу аҳволни, шубҳасиз, табиий ҳол деб ҳисобга олмаймиз. Лекин у мантиқан тўла, шўроларнинг Туркистон ўлкасида олиб бораётган сиёсати оқибатидир. Ўлкада мусулмонлар ҳоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмай туриб социализм қуришга интилмоқдамиз.
Ўртоқ Перфильев меҳнаткаш оммаси мухториятни ҳоҳламади, қўллаб-қувватламади деб таъкидлаб ўтди. Ўртоқ Перфильевнинг ўз фикрини исботлашга асоси борми? Унинг асоси шундаки, қайсики мусулмонлар тўпдан ўққа тутилгандан кейингина ўзларини бўйсунишга тайёр эканликларини билдирганини назарда тутаётган бўлса керак.
Ерли халқ Куропаткинга ўзларининг итоатгўйлигини ўшандай усуллардан кейингина билдирганмиди? Ўртоқ Куропаткин қўллаган усуллар билан ёндошмоқни мулоҳаза қиляпти. Маърузада биз фақат миллий қирғинларни кўряпмиз: Уни ёвуз душмани бўлмиш подшо монархияси ва ҳукумати қўллаб-қувватлаган эди. Қайси социалист бунга ишониши мумкин? Сиз Туркистонни ташлаб чиқиб кетасизми? Агар бу ерли халқнинг ҳоҳиш-иродаси бўлса-чи? Кимки бу тўғрида гапирадиган бўлса, сизлар дарров унинг овозини ўчирасизлар. Йўқ, сизлар социалист эмас, ўша империалист, ўша истилочисизлар.
… Интернационалистлар фракцияси номидан зудлик билан рўй берган воқеани тафтиш қилиб, ўрганиб чиқувчи комиссия тузишни, инқилобнинг қизил байроғига кимки доғ туширган бўлса, оддий гвардиячидан тортиб, отряд командиригача ҳамма-ҳаммасини қатъий жавобгарликка тортишни талаб қиламиз.
Биз учун айрим кишиларнинг шуҳрати эмас, демократиянинг виждони ва тутган йўли аҳамиятлидир. Инқилобий демократия байроғидан бу доғни ювиб ташлаш керак. Айбдорлар қонун олдида жавоб беришлари лозим» .
1918 йил январь ойидаёқ Скобелев шаҳар ҳокими В. Д. Дориомедов «Знамя свабодў» газетасида Мухториятчиларга ҳайриҳоҳлик билдириб, «рус большевиклари ҳар қандай мухториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз ҳуқуқлари ва тақдирларини ҳақиқатан ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймади» деб ёзган эди.
Туркистон мухториятига нисбатан адолатсиз сиёсатни баъзи-бир большовой арбобларнинг ўзлари ҳам танқид қилган эдилар. Жумладан, Шўролар истибдоди арбобларидан Д.Ф.Манжара бундай деган эди: «Миллий сиёсатда йўл қўйган хатоларимиз туфайли Қўқон мухторияти вужудга келди… Уни йўқотиш пайти яна бир хатога йўл қўйдик. Қурол-яроғи деярли бўлмаган мухториятчилар жойлашган Эски шаҳарни қамал қилиш ўрнига биз тўплардан ўққа тутдик, кейин дашноқларнинг қуролли тўдаларини ишга солдик. Натижада талон-тарож, номусга тегиш, қирғин бошланди. Бундан мухториятчиларга алоқаси бўлмаган тинч аҳоли катта зарар кўрди».
Туркистон мухториятини қонга ботирилганлигининг энг асосий ва бош айбдори В.И.Ленин бош бўлган шўролар ҳукумати ва Коммунистик фирқадир, қолаверса Марказий ҳукуматининг Туркистон филиали ва унинг қонхўр ва жаллод малайлари бўлмиш, эндигина 26 ёшга тўлган Колесов раҳбарлигидаги Туркистон Халқ Комиссарлари ҳукумати ва унинг аъзоларидир.
Бу ҳукумат аъзоларининг деярлик барчаси маҳаллий мусулмон халқларга нафрат ва шовинистик руҳи билан суғорилган ва онги заҳарланган шахслар эдилар. Фавқулодда Комиссар Пётр Кобозевнинг эътирофича «Раис Фёдр Колесов саналгани билан барча иш Успенский қўлида эди. Успенский эса ашаддий монархист шовинист эди. Унинг «Ўртоқ мусулмонлар! шуни қулоғингизга қуйиб олингки биз сизнинг оғаларингизмиз, сизлар ука бўласизлар, тушунарлими, бизга бўйсунушга мажбурсиз» «деган сўзларидан ҳам бу шахснинг ички дунёси кўзга яққол ташланиб турар» эди. Ёки Туркистон ХКК аъзоларидан бири Павличенконинг қуйидаги сўзларига эътибор қилинг: «Биз ўзимизни инқилобнинг илғор отряди, энг онгли ва комил жангчилари деб биламиз ва сиёсатга ғўр бўлган мусулмон меҳнаткашларнинг етакчиси бўлишни бурчимиз деб биламиз. Мусулмонларга бирон нарсани топшириш ниятида эмасмиз» .
Қўқон фожеасида асосий айбдор Ленин ва Сталин бошлиқ большевиклар фирқаси ва шўро ҳукумати эканлиги таъкидланади. Бу айб учун Қўқон халқига, бутун Туркистон халқига мурожаат этиб, мусулмон аҳолисидан узр сўрашни зарурлигини ҳатто 1919 йил 9 майда Ленин ҳузурида бўлган афғон-ҳинд делегацияси бошлиғи, Муҳаммад Баракатуллохон (Собир Юсупов ҳам бирга эди) ҳам оғзаки, ҳам ёзма равишда баён этганди. Аммо дин инсоний хислат мустамлакачи ва қонхўр жаллодларга бегона эди.
Туркистон ва Бошқирдистон миллий Мухтор ҳокимияти ағдариб ташлангандан кейин миллий масалалар бўйича Шўро Халқ комиссарлиги 1918 йил апрелида Қозон, Уфа, Екатеринбург, Туркистон ва бошқа маҳаллий шўролар учун «Шўро ҳокимиятининг вазифалари» деган мурожаат эълон қилди. Унда шўро раҳбариятининг туб мақсадлари баён қилинди: «Марказда бошланган инқилоб чекка ўлкаларга, айниқса Осиёга анча кеч етиб келди. Турмуш ва тилнинг ўзига ҳослиги, ҳамда чекка вилоятларнинг иқтисодий қолоқлиги бу ерларга шўро ҳокимиятининг кириб келишини қийинлаштирди. Бултур (1917 йил) ноябрь ва декабрь ойларида Волга бўйи татарлари, бошқирдлар, қирғизлар (қозоқлар) ва Туркистонликлар орасида пайдо бўлган Мухтор буржуа гурухлари инқилоб давомида қадамба-қадам қуролсизлантирилдилар. Бу иш уларни халқ оммасидан тамомила ажратиб ташлаш ва оммани шўро атрофига жипслаштириш мақсадида амалга оширилди. Уларнинг Мухториятини олиб қўйиш, ушбу жирканч буржуйчилардан тозалашни бошлаш ва буржуа Мухториятини Шўро Мухториятига айлантириш зарур» .
Шўро раҳбариятинининг миллий асосдаги Мухторият эмас, балки Шўро негизидаги Мухторият тарафдори эканлиги масаласи ҳаттоки РСФСРнинг 1918 йил 10 июлда қабул қилган конститутциясида ҳам ўзининг яққол ифодасини топди.
Конститутциянинг 8-параграфининг 4-бандида бундай дейилган: «Ҳар бир миллатнинг ишчи ва деҳқонига Мухтор Ҳокимият ёки бошқа Мухтор Шўро ташкилотлари ишида иштирок этмоқчи ёки йўқми, ва у қайси негиздаги мухториятда иштирок этмоқчи, шуни ўзи ҳал қилиши ҳуқуқи бериб қўйилган» .
Хуллас, Туркистон мухторияти учун кураш мамлакатимиз халқларининг миллий истиқлол учун, эрк ва озодлик учун олиб борган мардонавор ва жасоратли курашининг энг ёрқин саҳифаларидан бири сифатида Ватан тарихидан ўрин олди.
Ватанпарварлик тарбиясининг ўрнак ва намуна олса арзигулик бу сатрлари мухториятчилар ва уларнинг жасоратлари мамлакатимиз фуқарорлари, хусусан ёш ўғил-қизларимиз қалбида қанчалик меҳр-мухаббат уйғотса, Туркистон мухториятчиларини қонга ботирган ва уларни тенгсиз жангда қирғин қилган шовинист Россия шўро салтанати мустамлакачиларига нисбатан ҳам шу қадар нафрат ва ғазабларини туғён урдиради
Қирғиндан кейинги Қўқон манзаралари
Давоми бор
Зокиров Элмурод