O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркистон қайғуси – 1

Туркистон қайғуси – 1
287 views
26 December 2015 - 11:01

Madamin-bekАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ

Матнни араб имлосидан кириллга ўтказиб нашрга тайёрловчилар:

Аҳадхонтўра ҒАППОРОВ Увайсхонтўра ШОКИРОВ

Ушбу китоб улуғ бобокалонларимиздан бўлган аллома Алихонтўра Соғуний қаламларига мансуб нодир бир асардир. Муаллиф «Туркистон кайғуси» (1966—1973) номли бу асарида халқимиз қандай килиб босқинчиларга қарам бўлиб қолгани ва динни, Ватанни, миллатни асраш кераклиги, мустақилликни қўлга киритиш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги тўғрисида ўша мустабид совет тузуми даврида етук сиёсий арбоб сифатида чуқур сиёсий-ижтимоий мантиқ асосида мукаммал баён этади.

Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан то XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, Амир Темур ҳақида, туркий халқлар этнографиясига оид қимматли маълумотлар ҳам бор.

УЛУҒ БОБОМ ВА «ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ» АСАРИ ҲАҚИДА

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм

Муҳтарам ўқувчи! Маълумдирки, инсон боласи ўз падари бузрукворига қараб қад ростлайди. Лекин миллатни жаҳон миқёсида шуҳратлантирадиган буюк шахслар ҳақида ёзиш ҳамиша шарафли, масъулиятли ва бир вақтда ўта мураккаб вазифадир. Мазкур вазифанинг қўшимча оғирлиги ўз бобонгиз ҳақида ёзишдир, чунки «ҳиссиётларга берилиб, мавзу холисона ёритилмаган» дейилиши мумкин гумонларга асос бўлмаслиги керак. Шу сабабли бошқалар ёзишади деган умидда кўп йиллар ўтди. Кейинги йилларда босилиб чиқаётган мақолаларнинг кўпи бир томонлама бўлиб, Алихонтўрани ўз даврининг сиёсий, мафкуравий тузумини қабул қилган, унинг ғояларига ишониб алданган олимлар қаторида ифода этишга уринишлар бўлди. Бу, албатта, шу даврнинг ёзувчилари учун қулай, чунки бу инсон ҳам ўзимиздан эдилар демоқчи бўлишади. Лекин ҳақиқат ундай эмас эканлигини ушбу китобдан билиб оласиз. Шу боис бу ҳақда батафсилроқ маълумот бериш зарур деб билдим.

Улуғ бобомиз Алихонтўра Соғуний (1885 — 1976), Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин, комил инсон бўлиб, замонамизнинг кўп илмларни мукаммал эгаллаган буюк алломаларидан эдилар. Биринчи навбатда у киши диний илм теология соҳасида катта билимга эга бўлганлиги ва машҳурлиги ҳозирги кунда кўпчиликка маълумдир. Хусусан, «Тарихи Муҳаммадий» асари нашрдан чиққандан кейин (Т., 1991) у киши нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида шуҳрат қозонди. Шу билан бирга бобомиз ўткир зеҳн соҳиби, тарих илмининг, айниқса ислом тарихи ва Туркистон тарихининг зукко билимдонларидан эди. Сермазмун ҳаётининг охирги 30 йили давомида Алихонтўра ёзиб қолдирган улкан илмий мерос ичида «Туркистон қайғуси» тарихий асари алоҳида ўрин эгаллайди. Бу асарда у кишининг йигитлик ва камолотга етган даври хотиралари асосида ўз эътиқоди, дунёқараши, қайси ғоялар учун жонфидо бўлиб курашганлари, нималарга Ватан аҳлини даъват қилганликлари, суюкли Ватанимиз тарихи сабоқлари, келажак бўғинлар улардан қандай хулосалар чиқармоқлари кераклиги, Ватанимиз мустақиллиги муқаррар равишда қўлга келиши башорати, уни мустаҳкамлаш учун нималар қилмоқ зарур эканлиги тўғрисида чуқур ўй-фикрлар ўз ифодасини топган ва баён этилган.

Бу асардан айрим парчалар «Ёшлик» журналида (1992 йил, 3 —4-сонлари) ва шу йили «Ўзбегим» китобида чоп этилган бўлиб, тўлиқ ҳолда у энди биринчи марта китоб шаклида кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

«Туркистон қайғуси» асари 1966 1973 йилларда Тошкентда ёзилади. Бу даврда совет мустабид тузуми куч қудратга тўлган, ўз сиёсатини зўравонлик билан нафақат мамлакат ичкарисида, балки унинг узоқ ташқарисида ҳам ўтказиб турган пайт эди. Шу сабабли кўпчилик зиёлиларимиз ҳукмрон маслакка қаттиқ ишониб, кечаю кундуз унинг хизматида бўлдилар. Қанчадан қанча юксак қобилият эгалари, истеъдодли шоир ва ёзувчиларимиз бу сохта мафкура куйчилари, ташвиқот ва тарғиботчилари эди. Улар тузумга тўғри бўлмаган бир оғиз сиёсий сўз, мустақил фикр айтиш у ёқда турсин, бу тўғрида ўйлашнинг ўзи нотўғри, телбалик, ақлдан эмас деб билишар, бошқаларни ҳам бунга ишонтириш учун барча минбарлардан бор расмий, норасмий усуллар ва жонфидойилик билан ҳаракат қилишар эди. Бошқа миллат вакиллари бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, умуминсоний қадриятлар тарғиботчилари академик А.Саҳаров, ёзувчи А.Солжениқин ва шулар сафидаги бошқа мустабид тузумнинг зулмини кўрган ҳақиқат ва адолат курашчилари тарих саҳнасига энди биринчи қадамларини қўймоқда эди. Мана шундай муҳитда, яъни юртимизда ҳукм сураётган ихтиёрий қуллик даврида, собиқ қизил империя ҳудудида биринчилардан бўлиб, бобомиз бу тузум ва мафкура туб негизи ва моҳияти билан инсон табиатига, умуминсоний қадриятларга зид, инсоният тараққиёти йўлининг хато кўчаси эканлигини асослаб шундай ёзадилар: «Ҳаёт оламида энг улуғ, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармоғидир. …Маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чоғдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира олади. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк-ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди».

«Асримиз бошида чиққан сиёсий фирқалар ичида коммунизм каби ақлдан йироқ, хаёлий бир маслак аҳли бўлган эмас. Мана шу хаёлий маслак эгалари 50 йилдан бери ақлдан ташқари тузумларини қурол кучи билан халқ устида юргизиб келадилар».

«…Инсоният оламининг офати, куфрнифоқ маданиятининг заҳарлик меваси ҳисобланган коммунистлар бозори қандай ерда қизиди? Сўзга тушунмаган, ҳеч нарса билмаган, айниқса, йўқсиллик-камбағалликда яшаётган гумроҳ, Ватан, миллат нима эканлигини билмайдиган онгсиз нодонлар кўп бўлса, мана шулар ичидагина ривожланиб, тездан ишлари авж олди».

«… Ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини большевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак, ичмак, озиқ-овқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни оч ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар… Чунки бу каби боши туюқ, қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир».

Ўша даврда, Тошкентда яшаб туриб, махфий уй назорати остида бўлишига қарамай, инсонлар ҳақ-ҳуқуқи, совет тузуми ва мафкураси устида шу каби ҳақиқатни қайғуриб сўзлаш учун қандай иймон-эътиқод, маслак ва иродага эга бўлмоқ керак эди? Қайси қудрат ва ғоя у кишини бундай жасоратга бошлаган? Нега бошқа зиёлиларимиз шу пайтда бу тўғрида фикр юритишга журъат этолмаганлар? Улар ўз бошларини асраб, турмуш роҳатини кўзлаб, қандай қулликда, мутеликда, кимларнинг тобелигида ҳаёт кечираётганликларини англашни истамадилар.

Булардан фарқли ўлароқ, бобомлардаги биринчи қувват уммони ҳақиқий исломий иймон этиқоди ва ҳаққоний ҳур фикрлиги бўлса, иккинчи улуғ манба ул зотнинг Ватан ва миллатга бўлган чексиз муҳаббатидир.

Бобомлар ёзадилар: «Умрим ичида қанчалик оғир ишларни, кўп қўрқинчлик кунларни бошимдан кечирдим. У чоғда кўнглимдаги иймон эътиқодим, Аллоҳга ва унинг ҳақ пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатим, мен учун энг кучлик ишончим ва энг ортиқ суянчим эди.

…Иймонлик кишиларга ҳар вақт бу улуғ давлат насиб бўлғусидир».

«Ҳозирги маданият даврида диёнат билан тараққиёт бирга яшолмайди, деган хато фикр оқиллар олдида эмас, жаҳон бўйича жоҳиллар орасида тарқалмишдур. Ҳақиқатда эса, дин покликдур. Покликка қурилган ахлоқдур. Динимизнинг асли ақлдур, қуроли илмдур. Ҳозирги тараққиёт ислом ахлоқи асосида олиб борилса, инсонлар учун энг фойдалик маданият бўлишида шак йўқдир. Умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади. Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади».

Ватанимиз, миллатимиз юз йилдан ортиқ босқинчилар қўлида, мустамлака зулми остида ётганининг асосий сабаблари хонликлар даврида Туркистон ўлкасида юзага келган иттифоқсизлик; динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлиши; мамлакат мудофаа қувватига аҳамият берилмагани; халқимизнинг хурофот зулмати ва жаҳолат ботқоғига бутунлай ботганлиги; замонавий фан илмларини ўқиш ва ўқитиш ишларига эътибор бўлмаганлиги ҳақида бобомлар куйиниб гапирадилар.

«Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби динни асоси билан тушунмаган илм маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур». «Булар Ватан ва миллат олдида энг кечирилмас жиноятчи одамлар, чунки давлатларини инқирозга, миллатларини қулликка, Ватанларини хорликка олиб келдилар».

«Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина боғланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар». «Шунга кўра, Ватан болалари олдимиздаги келажак кунларга ҳозирланиб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос ўз Ватанларини эгаллаш учун мудофаа қуввати тайёрлашга тиш-тирноқлари билан ёпишсинлар».

Китобда ҳозирги замон илм-фанини тиришиб ўқиш, замонавий техника ва технология ҳунарларини яхши ўзлаштириш билан бир қаторда, халқнинг миллий ҳиссиётини кўтариш, ўз она тилини сақлаш, адабиётини юксалтириш бизни миллат сифатида ютилиб кетишдан тўғон каби асрайдиган зарурат эканлиги уқтирилади: «Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқаргандек, ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган ватан ўғилларининг қўллари билан ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдиp.

«…Миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, манна бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақланғусидир. Агар бундай бўлмай, балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуғ Туркистон улуси Турон насли босқинчилар тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон-шарафлик ном-нишонлари ўчирилади демакдир».

Алихонтўра умр бўйи Туркистон халқининг озодлиги ва миллий мустақиллиги учун курашган, ёшлигида чор Русиясига қарши кўтарилган қўзғолонларда фаол иштирок этган, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг 1-Президенти ва маршали бўлган, мустабид совет тузумининг бутун кирдикорларини илк кунларидан бошлаб танқид қилган ва унга қарши турган, унинг мустамлака сиёсатини қабул қилмаган фидойи инсон эди. Умрининг кўп қисмини қувғинда, қамоқхоналарда, тазйиқ ва таъқиб остида ўтказди.

Ҳар даврда «саховатли» совет ҳукумати томонидан таклиф этилган ҳар хил «инъомларни», жумладан, у кишига умрбод тайинланган катта нафақани, оиласи билан яшаш учун ажратилган ката ҳовлини, Фанлар Академиясига аъзо бўлиш таклифини рад этиб, ўз иймон-эътиқодига ҳар доим содиқ бўлиб қолганлар. У киши оддий халқ ичида танилиб, катта обрў эътиборга эга бўлганлиги учун совет тузумининг махфий идоралари тазйиқ ўтказиб турган бўлса ҳам, маҳкамага тортиш, қамаш чораларини қўллашга журъат этмаганлар.

Ул зотнинг метиндай мустаҳкам иймон-эътиқодини, Ватанимизга, миллатимизга бўлган чуқур муҳаббатини, истиқлолнинг қўлга келишига, миллий давлатчилигимизнинг тикланишига бўлган улуғ ишончини ҳеч нарса бука олмаган. «Биз, Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон – Туркистон бизнинг ўз она ватанимиздир.

Энди биз шу кунги ҳолимизни юзаки эмас, чуқурроқ текшириб кўрайлик. Қайси ҳолда турамиз, қандай хорлик остида яшаймиз, ҳаётимиз устидан кимлар ҳукм юргизиб, тақдиримиз кимлар қўлига топширилмишдир? Жаннат каби боғи-бўстон, ноз-неъматлик Ватанимизга кимлар эга бўлиб, ул жойларда кимлар ўлтиради? Ватанимиз, боз устига мол-дунёмиз, ахлоқ-одобларимиздан бизни ким ажратди? Бутун ҳаёт, ҳосилот, эрк ихтиёримизни мажбурий равишда қўлимиздан кимлар тортиб олди?».

«Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир». «Ватанимизни озод қилиш, ўз давлатимизни қўлга келтириш ва уни сақлаш учун, ҳар даврнинг ўзига яраша бутун сабабларини қилиш, Қуръонда айтилган Аллоҳ амри деб билишимиз керак».

«…Пайғамбаримизнинг ғойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуғ воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўрғонлари тор-мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар».

Умумжаҳон сиёсатининг ўзгариши, миллатларнинг миллий уйғонишлари кучайиши натижасида мазлум халқларнинг ўз миллий етакчилари ҳам етишиб чиқишини бобомлар орзу қилиб айтадилар: «Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир-кўмирлари кўп бўлғандек, олтин-олмослари ҳам оз эмасдир.

…Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони-қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади».

Асарда келажакда қуриладиган миллий давлат ва жамият асослари ҳақида ҳам фикр билдирилган.

Ислом дини билимдони Алихонтўра Соғуний қарашларича, улар умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар ҳимояланиб сақланадиган, дин эркинлиги кафолатланадиган, ислом ахлоқи ва маданиятига таянадиган, кучли илмий, аскарий қувватга эга бўлган дунёвий давлат ва жамиятдир. Шундай бўлганда кейинги асрларда Туркистон халқи бошига тушган қўрқувпараст руҳий муҳитдан қутилмоқ, қудратли қўшни давлатлар сиёсатининг қурбони бўлишдан сақланмоқ, замонавий тараққиёт тўғри йўлида тез ривожланмоқ имкониятлари яратилади. «Энди шуни билмак керакким, дейди Алихонтўра, Қуръоннинг ҳукмига, Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм-фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур».

Китобда Туркистон халқларининг иттифоқи масаласи ҳам ҳар томонлама кенг ёритилган.

«Мустамлака зулми остига тушиб қолишимиз сабабларининг биринчиси; хонликлар вақтида юзага келган иттифоқсизлик шумлигидир. Хозирги даврда миллатимиз манфаатини дунё сиёсати даражасида тўла ҳимоя қилиш учун Туркистон халқлари, давлатлари, биринчи навбатда, минтақавий иттифоққа бирлашмоқлари зарур. Шундагина бу иттифоқнинг яратадиган қудратли сиёсий ва иқтисодий салоҳияти дунё сиёсатдонларини ундаги давлатлар манфаатини ҳурмат қилишга мажбур қилиши мумкин. Бўлмаса маълум бир тарихий шароитда қудратсиз давлатлар яна кучли давлатларнинг қурбони бўлади.

Туркистон давлатлари бирлашишлари учун табиий асос мавжуд. Бу тарих, юрт ва маданият бирлиги, умумий дин ва тил борлигидур. Қуръон мўминларни бирлик, иттифоқликка қаттиқ ундайди».

Шу билан бирга, бу асарда Марказий Осиё халқларининг энг қадимги даврлардан XIX аср охиригача бўлган давр ичида қурган давлатлари, соҳибқирон Амир Темур ҳақида, туркий халқлар маданияти, турмуши, этнографиясига оид қимматли тарихий, илмий маълумотлар мавжуд. Айниқса Шарқий Туркистон ўлкасида шу пайтдаги ижтимоий-сиёсий вазият, миллий мустақиллик учун уйғур халқининг олиб борган кураш тарихи кенг ёритилган. Миллий тарихимизни қоралаб совет даврида «босмачилар ҳаракати» деб номланган, аслида Ватан озодлиги учун курашган миллат қаҳрамонлари тўғрисида ҳам фикр билдирилган. Албатта, муаллиф бу ҳаракатга ўзининг шахсий муносабатини билдиради ва улар мағлубиятининг асосий сабабларидан бири буюк озодлик ғояси атрофида миллатни бирлаштирган, замон сиёсатини яхши тушунган, онгли раҳбарият ёки миллат етакчиси бўлмаганлигини кўрсатади. Китоб ниҳоятда тиниқ, бадиий гўзал, равшан тилда ёзилган. Жумладан, табиат манзараларининг тасвирлари ўқувчи қалбида она Ватанимизга чуқур муҳаббат ва меҳр уйғотади.

«…Бу тарихий сўзларни ёзишдан кўзлаган менинг тубги мақсадим, дейди Алихонтўра, ўз Ватанида туриб ғариб бўлган Туркистон халқини, айниқса, ҳозирги ва келажак Ватан ёшларини огоҳлантириб, ўлим уйқусидан уйғотишдир. Кўнглимдаги мунглик қайғуларимни қалам тумшуғидан тўкиб ёзган бу китобимни ўқувчи ва ҳам эшитувчи ватанпарвар, миллатсевар қаҳрамон болаларимизга менинг топшириғим шулки, тилим учидан эмас, дардлик дилим ичидан чиқариб ёзган ёлқинлик сўзларимни фақат уқибгина ўтмасдан ҳар бир оғиз сўзини текшириб, унинг устида фикр юритсинлар. Инсоният тараққиёти эмас, маданият тараққиёти бўлмиш XX асримиздаги инсонлар миллий, ватаний, диний ҳуқуқларини сақлаш учун қайси нарсаларни қўлга келтириши зарур эканлигини яхши тушуниб, унинг чорасига киришсинлар».

Ўзининг бу сўзларига амал қилиб, Алихонтўра Соғуний 1962 йилдаёқ улуғ соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» номли китобини эски форсийдан ўзбек тилига таржима қиладилар. Дастлаб «Гулистон» ойномаси саҳифасида бу китобнинг кўп қисми 1967 йили у кишининг журъатли кириш сўзи билан босилиб чиқади. Ўша даврда «қонхўр Темур»ни оқлаб ёзиш катта жасоратни талаб қилар эди. Ваҳоланки, бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ўзбек халқига тирилтириб бериб кетган эдилар. Шундан бир йил кейин, яъни 1968 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице президенти И.М. Мўминов кўпчилик тарихчи олимлар муҳокамасидан ўтказган ҳолда «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласида эҳтиётлик билан у кишига ижобий баҳо беришга ҳаракат қилади. Шундан кейин Ўзбекистон матбуотида деярли 25 йил давомида бу мавзуда маълумот берилмайди. Ажабланарли ҳол шундаки, 1991 йили «Темур тузуклари» қайтадан китоб шаклида чоп этилиб, таржимон бобомизнинг ёнига яна бир кишининг исми-шарифи қўшиб қўйилди. Унга кириш сўзи ёзган тарихчи олимнинг фикрича, бу «асарнинг муаллифи маълум эмас»миш. «Темур тузуклари» феодализм, ҳукмрон синфнинг мақсад ва манфаатларини кўзлаб ёзилган …» асармиш. Ўша олимнинг кейинги йилларда Амир Темур ҳақида ёзган асарларини ўқиб, бу каби кўз-қарашлари анча ўзгарганидан хурсанд бўласан киши. Мустабид тузумнинг емирилган даврида ҳам тарихчи олимларимиз Алихонтўранинг биринчи бўлиб улуғ бобомиз соҳибқирон Амир Темурни ва унинг шон-шуҳратини ҳимоя қилиб кўрсатган бу жасорати тўғрисида очиқ гапиришдан, тарихий ҳақиқатни тиклашдан бироз ҳайиқдилар.

Мустаҳкам иймон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним Туркистоним деб қайғуриб йиғлаган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган инсонларни одатда миллатнинг виждони деб билишади. Шу нуқтаи назардан қараганда Алихонтўра Соғуний 1960—1980 йилларда ана шундай инсонлардан бўлган эди, дейишга тўла ҳақлимиз. У кишининг таълимоти замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш имконини яратади. Шундай экан, умид қиламизки, миннатдор авлод ўзининг буюк бобокалонларидан бўлган Алихонтўранинг Ватанимиз, миллатимиз олдидаги хизматларини муносиб тақдирлайди, ҳаёти ва кўп қиррали ижодини чуқур ўрганади, миллий тарихимиз ва адабиётимиз саҳифаларида ул зотнинг ўз муносиб ўрни бўлади, иншоаллоҳ!

Ўтмиш тарихимиздаги буюк бобокалонларимизга уй музейлари ташкил қилиш имконияти бўлмаган бўлса ҳам, яқин йилларда яшаб ўтган бу кишига шарафли ҳаёти, ибратли таълимоти ҳақида тўла маълумот берадиган уй-музейи ташкил қилинса яхши бўлур эди. Бу музей у зот қандай шароитда яшаб миллат озодлиги учун курашган, дилида миллат ва Ватан ишқи ёнган ҳақиқий инсон нималарга қодир эканини билдирадиган, келажак авлод ўғил-қизларимиз тарбияси учун олий ибрат мактаби бўлиб хизмат қиладиган бир табаррук жой бўлур эди.

(Давоми бор)