O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркияга йўл олган хоним, ўзбекнинг шаънини ерга урманг!

Туркияга йўл олган хоним, ўзбекнинг шаънини ерга урманг!
155 views
05 February 2018 - 6:00

Таъкидлаш шарт, бу сўзлар Туркия сари сафарга чиққан мутлақ кўпчилик опа-сингилларимизга тегишли эмас. Улар саёҳат, тижорат ишлари, ўша ерда ҳалол касблари учун рисоладагидек бориб келмоқдалар, ўз ор-номусига ва миллат номига доғ туширадиган ҳолатлардан нари юрадилар. Аммо… яна ўша гап, гуручдаги курмаклар кўпайиб кетаётгандек. Бу оғриқли мавзу юзасидан жуда кўп мақолалар ёзилди ва қанча ёзилса ҳам кам. Лекин бундай йўлга кираётган ўзбек аёллари камаймади, аслида битта бўлса ҳам кўп.

Турк ҳукуматининг таклифига кўра, дунёнинг турли давлатларида фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари қаторида биз ҳам бу муаззам диёрга йўл олдик. Меҳмоннавозлик кўнгилдагидек, тадбирлар тартиб билан ташкиллаштирилган, мезбонлар имкон қадар ҳар бир кун мазмунли ўтишини таъминловчи дастур тузишган. Таклиф баҳона саёҳат, зиёратларга ҳам улгурдик. Ҳамманинг кўнгли шод бўлди.

Меҳмонлар таклиф қилган ресторанлардан бирига кирганимизда капалакнусха галстук тақиб олиб, хизмат кўрсатаётган чаққон йигитларнинг кўзлари ёниб кетди. Уларнинг олти нафари ҳамюртларимиз экан. Роса гиргиттон бўлишди, бирга ўтиришга рухсат йўқ шекилли, тик туриб бўлса-да, анча дийдорлашдик. Орамизда соҳанинг ёши улуғ вакили бўлган акамиз билан қандайдир умумий таниш топилди. Оқшомга шу акамизни йигитлар алоҳида меҳмондорчиликка таклиф қилдилар. Анча кеч қайтган ҳамкасбимиз нуқул бош чайқарди:

— Бир ресторанга олиб боришди. Ўртада ҳарир кўйлакда рақс тушганам ўзбек, қориндор мижозларнинг вақтини хушлаб чилим тортаётган ҳам ўзбек, чорловга лаббай деб жавоб бериб машиналарга миниб кетаётган ҳам ўзбек жувонлари… Ер ёрилмади-ю… Э, падарига лаънат бунақа шармандаликнинг!

Эртасига шаҳар айланиш учун таксига чиқдик. Хушмуомала ҳайдовчи дарҳол бизни суҳбатга тортди:

— Қаердансизлар?

— Ўзбекистондан, — жавоб бердик ғурур билан.

У мўйловини бураб қўйди ва ғалати қаради.

— Юртларингда бирорта аёл қолганми ёки ҳаммаси Истанбулга келиб олишганми?

— Тушунмадим?

— Тушунмайсан-а тушунмайсан! Истанбулдаги хоҳлаган тунги клубингга бор, «обод» қилаётган ўзбек қизларини кўрасан. Яна ҳар қадамда турганлари-чи! Сенлар қаёққа қараяпсанлар?!

Бир қарашда оддий савол, лекин жавоби борми?!

Наҳот шу даражага етган бўлсак?!

Расмий хабарларга эътибор қаратайлик: 2017 йил, март. Ўзбекистонлик 36 ёшли Мадина С. 76 та (!) жойда фоҳишахона ташкил қилиш ва асосан ўз ҳамюртларини бу ишга жалб қилишда айбланиб қўлга олинган. Бу ҳақда «Ҳуррият» нашри маълумот берган.

2017 йил,  май. «Newsturk» нашри хабарларига кўра, Туркиянинг Анталия курорт ҳудудларида ўтказилган рейдлар чоғида 100 нафардан ортиқ енгилтабиат аёллар қўлга олинган. Уларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлардир…

Булар айни мавзуда тарқалаётган юзлаб хабарларнинг айримлари, холос. Ҳар бирида миллат номи қора ҳарфларда ёзилган, ҳар бири номусли одамнинг қаддини букади, ерга қарашга мажбур қилади.

Афсуски бундай ҳолат фақат Туркияда эмас. Енгилтабиатларимизнинг енгил оёқлари БАА, Таиланд, Малайзия ва ҳатто бу борада рақобат қилиш қийин бўлган Ҳиндистонгача етиб борганига нима дейиш мумкин?!

Албатта, бундайлар ҳар бир миллатда бор. Лекин четга чиқиб шундай йўл тутаётганлар бизда кўпроқдай… Ози ҳам кўп аслида.

Манба: xabar.uz