Туркия Ўрта Шарқда эмас, балки дунёда энг муҳим геополитик аҳамиятга эга бўлган давлатлардан биридир. Зеро, дунё муаммоларининг маркази ҳам, бу муаммоларнинг калити ҳам Ўрта Шарқда жойлашган. Чунки Ўрта Шарқ динлар ва мазҳаблар ўртага чиққан ва ўзаро курашадиган майдондир. Бу кураш эса бир пайтлар советлар ва ғарб дунёси ўртасидаги совуқ уруш руҳида эмас, доимо иссиқ уруш, яъни қонли мажоролар шаклида бўлган ва бу уруш ҳозирда ҳам давом этмоқда…
Туркияда қандай тузум бор?
Туркия 1923 йилга қадар Усмонли давлати, яъни мусулмонлар халифалигининг маркази эди. Усмонли давлати Осиё, Европа ва Африка қитъаларида ўз ҳудудларига эга бўлган 22 миллион квадрат километрлик буюк давлат эди. 1923 йилда инқирозга учраган Усмонли давлати ўрнига Туркия Жумҳурияти қурилди. Бу давлатнинг сатҳи 780 минг квадрат километрлик ҳудудга тушиб қолди. Бундай кичрайиш ҳудудий эмас, маънавий ҳам эди. Чунки дунёни 600 йил бошқарган Усмонли давлатининг ўрнига қоғозда “секуляр, сосиал (ижтимоий), ҳуқуқий демократик жумҳурият” (Türkçe: laik, sosyal, hukuk devleti) қурилгани эълон қилинди. Амалда эса бу секуляр ҳарбий бюрократик диктатура эди. Давлат бошқаруви ҳарбийларнинг қўлида, сиёсий ва бюрократик бошқарув тизимлари бевосита ёки билвосита ҳарбийларга итоат қиларди. Бу итоатга таҳлика туғилганда (ёки ҳарбийлар вазиятни шундай баҳолаганда) мамлакатда ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга оширар эдилар. 1960, 1971, 1980 йилларда Туркияда шу шаклда қонли, 1997 йилда қонсиз (бу давлат тўнтаришида ҳарбийлар қурол ишлатмасдан Бош Вазир Эрбоқонни истеъфога чиқишга мажбур қилган эдилар) давлат тўнтаришлари содир бўлганди. Яъни, Туркиянинг сўнгги ярим асрлик тарихини бемалол ҳарбий тўнтаришлар тарихи, дейишимиз мумкин. Ҳарбийлар 2007 йилда охирги марта сиёсатни ўз назоратларига олишга уриниб кўрдилар. Ўшанда Туркия Қуролли Кучлари Бош Штаби Бошлиғи армия генерали Яшар Буюканит (Yaşar Büyükanit) Бош вазир Тойиб Эрдўғон ҳукуматига ултуматом берганди. Аввалги давлат тўнтаришлари ҳам ҳарбийларнинг мамлакат сиёсий раҳбариятга мана шундай ултуматом бериши билан бошлар, натижада ҳукуматлар “истеъфога” чиқишга мажбур бўларди. Бундай ултиматомларнинг мағзи эса “секуларизм (дунёвийлик) қўлдан чиқмоқда” (laiklik elden gidiyor) шиоридан иборатди. Аммо 2007 йилда мамлакат Бош Вазири Тойиб (бу исмнинг арабча маъноси “яхшидир”) Эрдўғон эди. Ҳарбийларнинг ултуматомига қарши ҳукумат ҳам ўз ултуматомини эълон қилди ва бу билан мамлакат бошқаруви ҳарбийларнинг эмас, ҳукуматнинг иши эканлиги “арзанда” генералларга эслатиб қўйилди…
Секуляр ҳарбий бюрократик диктатуранинг асослари ва бошқарув усуллари
Ушбу диктатуранинг асосий ғояси секуаляризм, яъни дин ва давлатни бир биридан ажратиш бошқа сўз билан айтганда Ислом дини ва мусулмонларга қарши туриш ғояси ва сиёсати эди. Камол Отатурк асос солган бу диктатура тезда Усмонли давлатининг эътиқодий ва сиёсий асосларини бекор қилиб, ўзининг “қадриятларини” ўрнатди. Яъни, халифалик ўрнига жумҳурият, Ислом ҳуқуқ тизими ўрнига француз ҳуқуқ тизими, исломий мактаблар ўрнига ғарб тарзидаги дунёвий мактаблар, судхўрликка (фойизхўрликка) асосланган иқтисод, ғарбона яшаш тарзи (аёлларнинг очиқ сочиқ юришлари, маст қилувчи ичкиликларни эркин истеъмол қилиш, ғарбона кино ва санъат ва ҳк) 1923 -1950 йиллар орасида мажбуран жорий қилинди. Бу йиллар давомида мусулмонларнинг қадриятлари ҳисобланадиган араб алиббоси лотин алифбосига ўзгартирилди, Қуръон ўқитиш таъқиқланди, масжидларда азон арабча эмас туркча айтиладиган бўлди, аёллар ҳижоб ташладилар, “янги” тузумга қарши чиққан уламолар ўлдирилдилар…
1950 йилда замонавий Туркияда илк марта эркин сайловлар ўтказилди ва Жумҳуриятга асос солган Отатуркнинг Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) мағлубиятга учради. Ҳукуматни 10 йил давомида Аднан Мендереснинг Адолат партияси бошқарди. “Секуляр” диктатуранинг “эрка” генераллари бунга рози бўла олмадилар. Аднан Мендерес асосан азонни турк тилидан арабча асл ҳолига қайтаргани учун ҳам 1960 йилги ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин дорга осилди…
Секуляр ҳарбий бюрократик диктатуранинг ҳомийлари ва ҳийлалари
Туркия, тўғрироғи бу тупроқларда ҳукм сурганлар энг камида сўнгги икки асрда ғарб қадриятларига бўлган мойиллиги билан машҳурлар. Жумҳурият тузуми қурилгандан кейин Туркия бевосита ғарб давлатларининг иттифоқчисига айланди. 2 жаҳон урушидан кейин Туркия НАТО га аъзо бўлди ва бугунги кунда мамлакатнинг Оврупо Иттифоқи билан 50 йиллик аъзолик музокаралари давом этмоқда. 2000 йилларгача Туркияда зоҳиран қаралганда сиёсий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий жиҳатлардан ғарбдаги классик капиталистик режим мавжуд эди. Албатта бу режим мамлакатни ҳақиқатда бошқариб турган “секуляр ҳарбий бюрократик диктатуранинг” учун бир маска, кўзбўяма ролини ўйнарди, яъни бу капитализм тузуми бундай диктатуранинг ҳаёт манбаи ва ўйинчоғи эди. Шунинг учун ҳам бу давлат раҳномалари ғарбликлар қаршисида қўл қовуштириб туришни қойил қилиб бажарардилар. Ўтган асрнинг 90 йилларда Бош Вазир Булент Эжевитнинг у даврдаги АҚШ Президенти Билл Клинтон қаршисида қўл қовуштириб тургани каби…1980 йилдаги давлат тўнтаришидан кейин Вашингтондаги Оқ уйдан “қойил бизнинг йигитлар бу ишни бажардилар” хитоби янграгани каби. Яъни, Туркиядаги “секуляр ҳарбий бюрократик диктатуранинг” ғарб давлатларининг манфаатларига хизмат қилгани бугун баҳс талаб қилмайдиган ҳақиқатдир…
Ушбу диктатура мамлакатни бошқаришнинг фитна йўлларидан жуда яхши фойдаланган. Масалан, 1980 йилдаги давлат тўнтаришидан олдин сиёсатдаги ўнг қанот (миллатчилар) ва сўл қанот (социалистлар ва коммунистлар) орасида атайин уруш жанжаллар чиқарилган. Кейинчалик бундай сиёсий тўполонларни ва қуролли низоларни ҳарбийлар мамлакатда анархия ўртага чиқди, дея ўзларининг навбатдаги давлат тўнтаришларига сабаб қилиб кўрсатганлар. Яъни, анархия оловини ўзлари ёқиб гўё мамлакатни ва давлатни қутқариш баҳонасида давлат тўнтаришини амалга оширганлар. Айни диктатура1980 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Туркиянинг жанубий шарқида курд миллатчиларининг исёнига замин яратган. Яъни, мамлакатнинг бу ҳудудида мусулмонларнинг таъсирини озайтириш учун атеистик ва ирқчилик ғояларининг кенг тарғиб қилинишига йўл қўйилган. Бу орқали миллатчи ва атеистик руҳдаги ПКК, яъни курд ишчи (коммунист) партияси ўртага чиқарилган. ПКК лидери Абдуллоҳ Ўжалоннинг Туркия махфий хизмати МИТ агенти эканлиги доимо иддоа қилинади. ПКК тез орада “давлатга” қарши қуролли қўзғолонни бошлатади. Буни баҳона қилиб, “секуляр ҳарбий бюрократик диктатура” асосан курдлардан иборат бўлган аҳолига кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган зулм ва қийноқлар ўтказади. Натижада аҳолининг бу қисмида давлатга қарши нафрат уйғотилади ва бу ҳудуднинг инсонлари асосан Истанбулга кўчиб(қочиб дейиш ҳам мумкин) ўтишга мажбур бўлади. Асосан курдлар яшайдиган ҳудудлар фуқаролар уруши, аслида эса ҳукмрон диктатуранинг халқни чалғитиш ва давлат тараққиётига тўсиқ қўйиш учун ўзи “туққан” курд террористлари билан “уруш” ўйини майдонига айланади…
Деярли 30 йил давом этган бу курд “исёнида” 30000 киши қурбон берилган ва мамлакат бу “урушга” 500 миллиард доллар пул сарфлаган, яъни исроф қилган…
Исломчиларнинг яширин диктатурага қарши кураши
1960 йиллардан кейин Туркияда Исломий уйғониш жараёни бошланади. Бунинг натижасида Нажмиддин Эрбоқон бошчилигида “Миллий Низом” (кейинчалик Миллий Саломат (Омонлик) партиялари тузилади. Бу исломий партиялар тузилар тузилмас мамлакат сиёсатига аралашишга муваффақ бўлади. Масалан, 1974 йилда Қибрисда румларга қарши юритилган ҳарбий ҳаракатда Нажмиддин Эрбоқон Бош Вазир ўринбосари сифатида муҳим роль ўйнайди. 1980 йилги давлат тўнтаришидан кейин исломчиларнинг мамлакатдаги яширин диктатурага қарши кураши янада кучади. Бунга мамлакат раҳбари сифатида фаолият олиб борган Турғут Ўзолнинг нисбатан эркинлик сиёсати ўз ҳиссасини қўшади. Шу шаклда кучайиб борган исломчилар 1994 йилги маҳаллий сайловларда “Рифах” (Фаровонлик) партияси номи билан сайловда қатнашдилар ва жуда муҳим сиёсий ғалабани қўлга киритдилар. Жумладан, Истанбул ва Анқарада маҳаллий ҳокимият тармоқлари (баладиялар) Рифах партиясининг вакиллари ғолиб келдилар. Ҳозирги Бош Вазир Тойиб Эрдўғон шу сайловларда Истанбул ҳокими этиб сайланганди…
Шуни айтиш керакки, исломчилар Туркиядаги яширин диктатуранинг мухолифлари бўлсада, улар бу диктатура қўйган сиёсий қоидаларга амал қилишга, бунинг учун эса тақия (яъни ўзларининг асл мақсадларини яшириш) усулини ишлатишга мажбур эдилар. Яъни, Рифах партияси ҳеч қачон ўзининг исломий ҳаракат эканлигини айтмаган, бунинг ўрнига “Миллий назар” (Türkçe “Milli Görüş”) исми билан ҳукмрон режимга қарши курашиб келган. 1996 йилги парламент сайловларида Рифах партияси энг кўп овозни қўлга киритди ва Тансу Чиллер лидерлигидаги Тўғри Йўл Партияси (ТЙП) билан иттифоқ тузиб, ҳукуматни ўз қўлига олди. Аммо бу ҳукмрон “секуляр ҳарбий бюрократик диктатуранинг” ғазабини келтирди ва аввал Эрдўғон Истанбул ҳокимлигидан узоқлаштирилиб, қамоққа ташланди, кейин эса Бош Вазир Эрбоқон ҳукумати ҳарбийлар тарафидан қонсиз равишда ағдарилди…
Эрдўғоннинг “қинғир” йўлининг бошланиши
Тўрт ойлик қамоқ муддатини ўтаб чиққан Эрдўғон 2000 йилга келиб янги партия тузишга қарор беради. Бунга сабаб устози Эрбоқоннинг исломий партия лидерлигини бермаслиги ва асосий сабаб эса Эрдўғоннинг мавжуд яширин диктатура билан кураш масаласида фарқли тушунча ва стратегияга эга эканлиги эди. Аввал Эрдўғон Эрбоқондан исломий партия раҳбарлигини сайлов йўли билан олишга уриниб кўради. Аммо у пайтлар “Фазилат” номини олган бу партиянинг қурултойида Эрдўғоннинг номзоди Абдуллоҳ Гул (ҳозирда Туркия Президенти) Эрбоқоннинг номзоди Режаи Қутанга ютқазади. Шундан кейин Эрдўғон ўзининг Адолат ва Тараққиёт Партиясини тузади ва бу партия 2002 йилги сайловларда 35 % яқин овоз олиб, ҳукуматни ўз қўлига олишга муваффақ бўлади. Аммо бу Эрдўғон учун нисбий ғалаба эди. Чунки мавжуд яширин диктатура мамлакат сиёсий ричагининг асосий кучларини, яъни Президентни (Аҳмад Сезар), Қуролли кучлар Бош Штабини, ҳуқуқ тартибот идораларини, асосий ахборот воситаларини, банкларни, универистетларни ўз назоратида тутиб турарди…
Тойиб Эрдўғон бундай вазиятда мамлакатдаги яширин диктатура билан тўғридан тўғри курашишга киришиш ўрнига унга “қинғир” йўллардан зарба беришни афзал, деб билди. Аввало Оврупо Иттифоқига аъзо бўлиш масаласини кучли шаклда кун тартибига келтирди. Бундан мақсад Туркиядаги ҳокимиятни мумкин қадар ҳарбийлар назоратидан чиқариш эди. Шу билан бирга мамлакат бойлари, айниқса оммавий ахборот воситаларини ўз мулкига айлантириб олган бойваччаларнинг таноби тортиб қўйилди. Айни пайтда маҳаллий сайловларда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида АТП вакиллари ғолиб чиқдилар. Бу билан марказий ва маҳаллий ҳокимият тармоқларининг Эрдўғон истаган шаклда ҳамкорлиги йўлга қўйилди…
2002 йилдан 2007, яъни Абдуллоҳ Гул парламент тарафидан Президент қилиб сайлангунча яширин диктатура ва Эрдўғон ҳукумати ўртасида қарама қаршиликлар давом этаверди. Ҳукуматнинг тўлиқ назоратида бўлган парламент қабул қилган қонунлар Президент тарафидан вето қилинар ёки Конситуция Суди тарафидан бекор қилинарди. 2007 йилда ҳарбийлар юқорида айтилгани каби ўзларининг навбатдаги ўйинларини ўйнадилар ва Эрдўғон ҳукуматига қарши ултиматом бердилар. Бунга асос қилиб яна Отатурк тарафидан барпо этилган “секуляр” тузумнинг қўлдан кетаётгани кўрсатилди. Аммо бу пайтга келиб ҳокимиятда анча мустаҳкамлашиб олган Эрдўғон ҳарбийларга ўзининг уларга раҳбар эканлигини эслатадиган қарши ултуматомни эълон қилди. Натижада ҳарбийларнинг баёноти қуруқ сўздан бошқа ҳеч қандай натижа бермади…
Шу тарзда 2007 йилда Абдуллоҳ Гул Президент қилиб сайланиши билан мамлакатни бошқариш ташаббуси Эрдўғон ҳукуматининг қўлига ўтди. 2007 ва 2012 йиллар орасида мамлакатда яширин диктатуранинг бел суягини ташкил қиладиган ҳарбийлар, ҳуқуқ тартибот тизимлари (айниқса, прокуратуралар, маҳкамалар, шу жумладан Конситиция судини), универститетларни ҳукуматнинг назоратига олиш учун кенг миқёсли ҳуқуқий ва сиёсий тадбирлар олинди. Вазифадаги ва собиқ ҳарбийлар устидан жиноят иши очилиб, ўнларча генераллар ва адмираллар қамоқхонага ташланди….
Яширин диктатуранинг сўнгги қуроли: ПКК терррори…
Эрдўғон ҳукуматига қарши бўлган ички ва ташқи кучларнинг қўғирчоғи бўлган ПКК террор гуруҳи ўз хўжайинларининг кўрсатмаси билан сўнгги йилларда Туркияда террористик ҳужумларини ортиришга уринмоқда. Аммо мамлакатдаги вазиятни ўз назоратида тутган ҳозирги ҳукумат ПККга қарши жиддий ҳарбий ва сиёсий зарбалар берди. Ироқ, Сурия ва Эрон чегараларида тоғлардаги ПКК камплари давомли ҳарбий учоқлар билан бомбаланмоқда ва бу ҳудудларда террорчиларни йўқ қилиш учун ҳарбий операциялар ўтказилмоқда. Мана шундай вазиятда Бош Вазир Эрдўғон Туркияда ўлим жазосини қайта тиклаш масаласини кун тартибига келдирди. Аслида бу нозик ўйланган бир сиёсий қадам эди. ЕИ аъзо бўлишга интилаётган Туркияда ўлим жазосини кун тартибига келтириш ғайритабиий бир ҳол эди. Аммо Эрдўғоннинг бу “ташаббуси” ЕИ га эмас, Истанбул яқинларидаги Имрали оролида умрбод қамоққа сақланаётган ПКК раҳбари Абдуллоҳ Ўжалонга қаратилганди. Бу қадамдан мақсад Ўжалонга “террорчиларингни тўхтат акс ҳолда дорга осилишинг муқаррар” шаклида хабар бериш эди. Натижада сўнгги ҳафталар давомида МИТ (биздаги МХХ) раҳбари Ўжалон билан қамоқхонада учрашди ва Туркия ҳудудаги террорчиларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши кун тартибига келтирилди. Шу билан бирга куни кеча матбуотга баёнот берган Тойиб Эрдўғон қамоқхонадаги юқори лавозимли ҳарбийларга террорчи тамғаси босилишига қарши эканлигини айтди. Бу билан расмий ҳукумат ва унга қарши бўлган норасмий кучлар, энг аввало ҳарбийлар орасида қайсидир даражада мувозанат сақланди дейиш мумкин…
Навбатдаги вазифалар
Айтилганларни қисқа хулослайдиган бўлсак, ҳозирги вақтда Туркияда 20 асрда мамлакатни бошқарган секуляр ҳарбий бюрократик диктатурадан янги жамиятга ўтиш босқичи давом этмоқда. Бошқа сўз билан айтадиган бўлсак, ҳозирда Туркия худди Миср, Тунис каби мусулмон давлатларда бўлгани каби (бу давлатлардаги диктатуралар Туркиядан фарқли ўлароқ очиқ характерга эга эди) ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Бу албатта ушбу давлатларда эски золим режимларнинг тамоман таслим бўлгани ёки йўқ қилингани маъносини билдирмайди. Эрдўғон ҳукуматининг ушбу босқичдаги энг асосий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:
-Мамлакат тараққиётига асос бўладиган янги Конституцияни қабул қилиш.
-Оврупо Иттифоқи билан аъзолик музокараларига у ёки бу шаклда нуқта қўйиш.
-Мамлакатда террор муаммосини ҳал қилиб, миллий бирликка эришиш.
-Ироқ, Сурия ва Эрон каби қўшни давлатлар билан муносабатларни нормаллаштириш.
-Давлатни парламент бошқарувидан Президент бошқарув тизимига ўтказиш.
-Турк ва мусулмон дунёси билан алоқаларни кучайтириш.
-Мамлакат иқтисодини энг ривожланган 10 давлат даражасига олиб чиқиш.
-Босфор кўрфазига муқобил янги бир сунъий кўрфазни очиш…
Бу вазифаларни амалга ошириш учун Тойиб Эрдўғоннинг яна энг камида 10 йил давлат бошқарувида туриши режалаштирилмоқда. Бунинг учун эса янги Конституция қабул қилиниши ва ҳукуматни бошқаришнинг бутун иплари Президентнинг ихтиёрига берилиши керак. Президент сайловларини 2014 йилнинг ёз ойларида ўтказиш мўлжалланган. ПКК террори масаласини бир шаклда ҳал қилиб, мамлакатда барқарорликни кучайтиришга қаратилган сиёсатнинг заминида ушбу стратегик лойиҳаларни амалга ошириш ётади. Эрдўғон бу ишларнинг уддасидан кела оладими, бошқача айтганда Туркия секуляр ҳарбий бюрократик диктатурадан тамоман қутулиб, янги жамият қура оладими, деган саволга ҳозирча қатъий бир жавоб бериш эса ниҳоятда қийиндир…
Намоз Нормўмин
7 февраль 2013 йил.