Тошентдаги “Туркуаз” савдо марказининг собиқ раҳбари Воҳид Гунеш Ўзбекистон расмийлари томонидан қийноққа тутилганлигини айтиб, маҳкамага шикоят қилди.
Воҳид Гунеш шунингдек, мусодара қилинган мол-мулкини қайтариб берилишини талаб қилмоқда.
46 ёшли Туркиялик ишбилармон Ўзбекистонда “Туркуаз” ширкатига асос солиб, етти йил мобайнида раҳбарлик қилган.
2011 йили март ойида Тошкентдаги энг йирик савдо марказларидан бири ҳисобланган Чорсу бозорига яқин ерда жойлашган “Туркуаз” дўконига рейд уюштирилганди.
Шундан сўнг ширкат раҳбари ҳисбга олиниб, 9 ярим ой Миллий Хавфсизлик Хизматининг Юнусободдаги вақтинча ҳисбхонасида ушлаб турилган.
Кейинчалик ўтказилган маҳкама жараёнида Воҳид Гунеш ва унинг яна етти ҳамкори солиқларни тўламаслик ва “соя иқтисоди”нинг ривожланишига ҳисса қўшишда айбдор, дея топилди.
Туркиялик ишбилармонлар мамлакатдан чиқариб юборилиб, уларнинг мол-мулклари мусодара қилинди.
Воҳид Гунешнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда ҳибсда ушланган вақти электр токи билан қийноққа тутилган.
Воҳид Гунешнинг айтишича, савдо марказига рейд мобайнида идорага бостириб кирган заҳотиёқ уларни дўппослай бошлаганлар.
“Саккиз кун иш еримизда ҳибсда қолдик. Шундан сўнг бизни Миллий Хавфсизлик Хизматининг Юнусободдаги ертула-ҳибсхонасига ўтказишди. Қийноқлар у ерда янада кучайди. Ҳар куни эрталаб, бизни сўроққа олиб киришдан аввал дўппослашарди. Сўроқ пайтида қўйган айбларини бўйингизга олмасангиз, сўроқдан кейин яна дўппослайдилар. Оғзиларига келган сўзлар билан ҳақорат қилишарди, тўқмоқ билан уришарди, электрошоклар қўллашди”, деди Воҳид Гунеш.
Унинг даъво қилишича, бу вақт мобайнида уларни ташқи дунёдан бутунлай ихоталаб, ҳимоячи билан кўришиш имкони берилмаган.
Туркиялик ишбилармонга кўра, буларнинг ҳаммаси улардан қўйилган айбларни бўйниларига олишлари учун қилинган.
“Ҳимоячи билан кўришдим, менга таржимон ҳам беришди” маъносидаги мактубларга мажбуран имзо чектиришган.
“Чорсу”даги савдо маркази, “Амир Темур” хиёбонидаги марказимиз, Тўйтепадаги истироҳатгоҳимиз, Самарқанддаги савдо маркази, Олмалиқ, Юнусободдаги дўконларимиз таланди. Бизни “нурчилар” деган туҳмат билан телевизорга олиб чиқиб, кечирим сўратишди”, деди Воҳид Гунеш Би-би-си билан суҳбатда.
Унинг айтишича, Юнусободдаги ҳисбхонада у қатори яна қатор бошқа маҳаллий ишбилармонларнинг ҳам қийноққа тутилганлигига гувоҳ бўлган.
Воҳид Гунеш Оврўпо Инсон Ҳақлари Маҳкамаси ва Халқаро Тижорий Маҳкамага мурожаат қилганликлари ва қийноқлар қўлланганини исботлаш учун қўлларида етарли далиллар мавжудлигини билдирган.
БМТнинг Қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси бир неча йил аввал Ўзбекистонга сафари натижасида мамлакатда қийноқлар мутассил қўлланиши ҳақидаги хулосага келганди.