O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
42 views
15 March 2016 - 5:00

the-bosphorus-bridge-istanbul6. ДЕНГИЗ

Туркияни Истанбулсиз, Истанбулни денгизсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Мармар денгизи билан Қора денгизни бир-бирига Истанбул бўғози боғлаган. Икки денгиз сувини боғлаган, аммо икки қитъа тупроқларини ажратган ҳам мана шу бўғоздир. Бу ерда “Шарқ ёқаси” – “Ғарб ёқаси”, “Осиё (ёки Онадўли) ёқаси” – “Оврупа ёқаси” деган атамалар тез-тез қулоғингизга чалиниб туради. Истанбулнинг Осиё қисмида яшайдиганлар Овупа қисмини “қарши тараф” дейди ва, аксинча, Оврупа бўлдагидагилар Онадўли бўлдагини “қарши тараф” дейди. “Karşiye geçtım” (Қарши томонга ўтдим”) дейди масалан.

Шаҳар қуруқликда иккига бўлиниб қолган бўлса ҳам бошқа ҳеч бир масалада шаҳар бўлинишини ҳис этмайсиз. Бўғоз тагидан ўтказилган муҳташам метро, икки буюк кўприк (шу кунларда учинчиси ҳам битай деб турган экан) ва сонсиз-саноқсиз кемалар у қирғоқни бу қирғоққа, бу томонни “қарши томонга” қон томирларидай тўхтовсиз боғлаб турибди.

Кемани турклар юнончалаб “вопур” дейишаркан. Бекатларни “Искала” деб ёзиб қўйишибди. Нимагадир бу сўзнинг ҳам илдизи туркчага ўхшамади, бирон чет сўзнинг туркчалашган шаклими деб ўйлаб қолдим.

Бўғоздан ҳар куни дунёнинг ўнлаб, юзлаб катта-кичик кемаси ўтади. Денгиз сувини тоширворгудай йирик юк кемаларини ҳам, бўғознинг Оврупа ёқасида тўхтаб турган, дунё бўйлаб кезишга чиққан баҳайбат (ойнак қаторларини санаб биттасининг 22 қаватли эканини билдим, сув тагида яна неча қават бўлса!) сайёҳлик кемаларини ҳам кўрасиз.

Хуллас, икки денгиз ва бу бўғоз Истанбул ҳаётининг ажралмас бир бўлаги бўлиб кетган. Бўғоз бу буюк шаҳарни янада улуғворлаштириб юборган.

Одамларга боқсангиз, уларнинг юриш-туришларида, ўзларини тутишларидагина эмас, руҳларида, маънавий оламларида ҳам жуғрофий бу ўзига хосликнинг таъсири яққол сезилиб туради. Шеърларида денгиз, рўман-ҳикояларида денгиз, киноларида денгиз. Бир оз ошириб айтилса, денгизсиз нафас олинмайди, денгизсиз нафас чиқарилмайди.

Давлатга ҳам, аҳолининг кўпига ҳам даромад манбаи шу денгиз. Уй-жойнинг қадри денгизга узоқ-яқинлиги билан ўзгариб туради. Табиий, денгизга яқин уйлар ижараси ҳам, сотуви ҳам жуда қиммат.

Бу ҳақда кўп ва узоқ ёзса бўлади. Оллоҳ насиб этса, кейинроқ тўлдирарман. Аммо ҳозир матн катта бўлиб кетмаслиги учун шу ерда қисқа кесдим.

Camide-namaz-kilarken-arka-saflarda-gulusen-kosturan-cocuk-sesleri-yoksa-gelecek-nesiller-adina-kork7. БОЛАЛАР МАЧИТДА

2013 йил май-июн ойлари таътилимни Истанбулда ўтказдим.

Бир куни қарши тарафдан Ускудар ёқасига ўтгунимча асрга азон айтилди. Жамоатдан қолганим аниқ. Қирғоққа тушиб, намозни қайси мачитда ўқисам экан деб бир оз иккиландим.

Ускудар марказида бир қулоч ерда тўрт-беш мачит бор. Искаланинг том қаршисида, йўлнинг у юзида баландда денгизга қараган жуда чиройли мачитда кўп марта намоз ўқиганман. Жамоат доим катта бўлади. Оралиқда ҳам қачон кирсангиз гавжум одам намоз ўқиётган бўлади.

Бу гал бу ерга кирмадим. Ўнглаб юрилса, эллик метрлар олдинда яна бир улкан мачит миноралари ва гумбази кўринди. У ерга ҳеч кирмаган эдим, ўша ёққа юрдим.

Қадим мачит экан. Волида Султон (“Султоннинг онаси”, ўзининг оти эсимга келавермади) 450 йилча бурун қурдирибди. Биқинидан кирилса, чап қўлда 10-15 чоғли қабр мачит ҳовлисидан панжара билан ажратиб қўйилган. Волида Султоннинг қабри ҳам шу ерда экан. Йўлдан ўтиб кетаётган эркагу аёл бир кириб қиблага юзланиб Фотиҳа сурасини ўқиб, руҳларига бағишлаб чиқиб кетишяпти.

Демак, яқин 400 йилдан бери орқасидан дуо боряпти Волида Султоннинг!

Диққатимни тортгани – Султоннинг онаси бўлга бу аёл, табиий, Султоннинг хотини ҳамдир. Чунки Султоннинг хотини доим ҳам Султоннинг онаси бўлавермайди. Бу аёл Султон эрига валиаҳд туғиб берганлардан, яъни, иккиёқлама Малика эди!

Хонақога кирдим. Аср билан шом ораси бўлгани учун менга ўхшаб жамоатга кечикканлар хонақонинг ҳар ерида намозларини адо этишарди. Чеккаларда шунчаки дам олиб ўтирган уч-тўрт киши бири чала ёнбошлаган, бошқаси Қуръон ўқияпти. Хонақода тахминан 6 ёшли, 4 ёшли ва 3 ёшли уч нафар бола бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаяпти. Хурсанд. Унча-мунча қийқириб ҳам қўйишади.

Ишқилиб олдимдан ўтиб намозимни бузмасинлар-да, деб минбар қаршисида туриб намозимни бошладим. Ҳартугул ўқиб тугатгунимча болалар олдимдан қувалашиб ўтмади.

Бир оз дам олиш учун сал чеккага чекилдим. Болалар ҳамон қийқириб чопқилашиб ўйнашар эди. Икки каттаси пайпоқда, кичиги чиройлигина бошмоқчасини ечмабди ҳам. Худди ўзларининг уйларидадай эмин-эркин ҳис этишяпти ўзларини! Намоз ўқишга кирган ҳам, намоздан сўнг китоб ўқиб ёки шомни кутиб ўтирган ҳам бирон одам уларга танбеҳ бермаяпти. Ётади, думалайди, туради, қувалашади, минбарга чиқиб кетади (бу ерларда минбар кўп зинали узун ва баланд бўлади)… аммо ҳеч ким бир оғиз уларга танбеҳ бермас эди! Аксинча, айримлар ёнларидан ўтаётганида болаларнинг бошини силаб қўярди.

Мен ҳам улардан кўзимни оломай қолдим. Ўйга берилдим. Ўзимизнинг аҳволимизни ўйладим. Ҳамма бўлмаса ҳам бир-икки одам албатта ўшқириб берган бўларди. Тартибга чақирарди. “Бунақа тўпалончиларни мачитга ким опкелди?!” деб гўё мачитнинг тинчлигини сақларди. Ихтиёрсиз равишда хаёлан ўзимни ўша урушқоқ кишилар ўрнига қўйдим-да, мана шу болаларга худди шундай танбеҳ бердим. Кейин яна хаёлан шу болалар менинг танбеҳимдан кейин тушиши мумкин бўлган ҳолатларининг расмини чиздим: ана, ҳозиргина катталарнинг эркаловчи нигоҳлари олдида, дунёнинг энг тинч, энг сурурли макони бўлмиш Оллоҳнинг уйида эркаланиб, хушланиб, ўзларини оналарининг бағрида тургандай ҳис этиб ўйнаб-кулаётган болалар… бирдан тўхташди, важоҳатимни кўриб мендан қўрқишди, қисиниб-қимтинишди, қадрдон ва суюмли масканга бегонасирашди, яйраб қувониш учун кирган жойларида катталар урушиб бериши мумкинлигини кўриб бу ердан тезроқ чиқиб кетгилари келди… балки энди бундан кейин бунақа жойга кирмаслик керак экан деган хаёлга ҳам боришди…

Хуллас, ўз хаёлларимдан қўрқиб кетдим. Болалар олдида ўзимни айбли ҳис этдим. Мен туфайли болалар мачитни ёмон кўриб қолиши менинг энг йирик кулфатим бўлишини сездим.

Дарров ўзимга келдим. Ёқимсиз хаёлларни миямдан қувдим. Болаларга меҳр билан боқдим. Ўрнимдан туриб бориб ҳар бирининг бошини силаб қўйдим, хаёлдаги айбимни гўё ювмоқчи бўлдим. Болалар миннатдорлик балқиган нигоҳлар ила бир-бир юзимга боқиб, яна чопқилаб кетишди…

Ташқари йўналдим. Оёқ кийимимни кия бошлаганимда хонақо биқинидаги бошқа эшикдан уч аёл чиқди. Улар ҳам намозларини ўқиб чиқаётганлари билиниб турарди. Иккитаси ҳозиргина мен чиққан эшикдан ичкари энкайиб, бир-икки исмни айтиб чақиришди. Қайта-қайта чақирганларидан кейин ҳалиги болачалар чиқиб келишди.

Демак, улар бу аёлларнинг болалари экан. Ўғил бўлгани учун уларни эркаклар хонақосига киритиб, ўзлари аёлларга ажратилган хонада намозларини бемалол ўқиб чиқишган.

Болаларнинг оёқ кийимларини кийгизиб, ҳар бири ўз боласини етаклаб мачит ҳовлиси томон юришди.

Бу манзарани охиригача томоша қилиш учун айвон қошида атай пича ўтириб қолдим. Аркдан чиқишаркан, болачалардан бири орқасига ўгирилиб менга бир қараб қўйгандай бўлди.

iett233b2437f473fc316
8. ШАҲАР УЛОВЛАРИ

а) АВТОБУС

Шаҳарларни автобуссиз тасаввур этиб бўлмайди. Одам эрта билан инидан чиқиб, ризқ талабида чумолидай ҳарёққа тарқайди. Шаҳарга хаёлан тепароқдан боқилса, чиндан одамлар у ёқдан-бу ёққа чумолидай изғиб юрганини кўрса бўлади. Лекин ҳамманинг ҳам иши яёв битмайди. Истайдими-йўқми бошқа воситаларга, бошқаларнинг хизматига иши тушади.

Кимдир ўзига тегили бирон уловда иш битирса, жуда кўпчилик шаҳар уловларидан фойдаланади.

Уловлар одамларни уйларидан олиб шаҳарнинг турли ерларига сочиб юборади, қайтишда яна уларни ўша ерлардан олиб уйларига келтириб қўяди.

Истанбул дунёнинг энг йирик шаҳарларидан. Мехико, Нуййорк, Қоҳира, Токио, Шанхай… сингари буюк бир макон! Шаҳар-мамлакат деса ҳам бўлади.

Аҳолиси сонини ҳар ким ҳар хил айтади: кимдир 17 милён деса, кимдир 15 милён дейди. Яна бир кунда Истанбулга 2-3 милён одам кириб-чиқишини гапиришади. Шуларни ҳисобга олсак, бир пайтда Истанбулда 20 милёнга яқин одам ҳаракатланади. Хўп, ана, бир оз камайтирб 18 милён дейлик, ахир, бунча одамнинг қорни бор, емаги-ичмаги бор, у ёқ-бу ёққа бормаги бор ва яна ҳар кимнинг ўзига яраша бошқа эҳтиёжлари бор. Шуларни ўйласангиз, бошқарув ва таъминот миқёсини ҳис этса бўлади.

Мен ҳозир бошлабига уловлардан фақат автобус ҳақида бир-икки оғиз айтмоқчиман. Маълумотномага кўра, Истанбулда (Метробуслардан ташқари) 133 та автобус йўналиши бўлиб, жами 926 та автобус хизмат кўрсатаркан.

1. Истанбулда автобуслар биздагидан бошқача, ўзига хос рақамланади. Бошқача айтганда, рақамлар йўналишга қараб кетма-кет келмайди. Йўналиш кўплигидан рақамлар катта бўлиб кетмасин дейилганми, бир рақамли йўналиш бир нечта бўлиши мумкин, фақат улар рақам ортидан беш-олти, ҳатто ўнтагача ҳарф ҳам ёзилади. Йўналишлар шу билан ажралади. Дейлик, “9” рақами ўзгармайди, унга ёпиштириб ёзилган ҳарфига қараб автобус бошқа-бошқа йўналишга қатнайди.

Масалан, “9ÜD”, “14ÇK”, “14F”, “15B”, “15C”, “15K” сингари рақамланишларни кўрасиз (мен бўғознинг Ускудар ёқасида кўзим тушган уч-тўрт йўналиш рақамларини келтирдим, холос). Ёзувлар ҳаммаси электрон таблода юриб туради.

2. Йўлкирага пул ишлатмайсиз. Ҳар бир шаҳарнинг “Акбил” деб аталган махсус каточкаси бор, ўшанга бекатларда, дўконларда истаганингизча миқдорда пул киритиб қўясиз, сўнг пулингиз тугагунича юраверасиз.

3. Ҳайдовчи ёнида – кираверишда ўнг қўл томонингизда пул ечиб оладиган қутича ўрнатилган, ўшанинг белгиланган жойига карточкангизни тўғриласангиз, мусиқага ўхшаш бир тур товуш чиқариб етарли миқдорни ечиб олади. Экранча неча пул ечилганию ҳали карточкангизда яна қанча пул қолганини кўрсатади.

Диққатни тортадигани – умуман олганда бир нарх, ўқувчи, талаба, нафақахўр ёки яна бошқа имтиёзли кишилар учун ўзларига яраша арзон нарх ечилади ва қутича имтиёзли карточкаларнинг ҳар бири учун хос товуш чиқаради. Ҳайдовчи парвосиз ўтиргандай бўлгани билан ҳар бир товушни фарқлаб ўтирса керак. Мас., ўқувчининг карточкасини катта ёшдаги одам ишлата олмайди ёки нафақўрнинг карточкаси эканини билдираган мусиқа янраса, уни ёшроқ одам қўллаётган бўлса, ҳайдовчи албатта тўхтатса керак. (Аммо неча марта бу ёқларга келган бўлсам, бирон марта мен йўлкирани алдаб тўлаётганида қўлга тушган йўловчини учратмадим!)

4. Одамлар бекатларда дарров бир қатор бўлиб навбатга туради.

5. Автобусларга фақат олд эшиклардан чиқилади, орқадаги икки эшикдан тушилади.

6. Ногиронлар ёки аравачали болалар бўлса, истисно тариқасида ўрта эшик ҳам очилади. Бунда ҳатто орқани кўрсатувчи ойнадан ногиронни аравачада кўрса, ҳайдовчи тушиб бориб, ўрта эшик остонасини ергача пасайтириб беради, ногироннинг автобусга чиқиб олишига кўмаклашади.

7. Эътибор бердим: ҳайдовчиларнинг асосий қисми катта ёшда – ўзини босиб олган, маданиятли, озода кийинган, айримлари бўйинбоғ ҳам тақиб олибди. Гоҳо манзилингизга етиб олгунча ҳам товушини эшитмайсиз. Онда-сонда эшик тагида одам тиқилиб қолса, мулойимгина қилиб: “Орқароққа ўтиб олинглар. Кираётганларнинг йўлини тўсманглар”, деб қўйганинигина эшитдим. Бошқа ҳолларда жим. Унинг асосий вазифаси йўлга қараш, дуроқ (бекат)ларда тўхтаб-юриш, эшикларни очиб-ёпиш, йўловчиларни тинч-омон манзилига етказиш – бундан бошқаси билан иши йўқ.

8. Ҳар бир автобусга “güvenlik kameralari” ўрнатилган, ҳайдовчининг чап ёнбошидаги экранчада автобуснинг этагигача кўриниб турибди.

9. Ҳар гал дуроқлар оти, кейинги келадигани, унинг кетидан йўналиш боши билан охири радиода айтиб турилади. (Биздаги “Кейинги бекат” маъносидаги “Bir sonrakı durak” лафзини ёмон чиройли айтади лекин! ) Автобуснинг шипига чиқаверишда ва ўртада иккита экран осилган, унда бошдан-охиргача ҳамма бекатнинг оти ёзилган, ҳозир келадиган бекат бошқа рангда бўяб кўрсатилади, бундан ташқари экраннинг ўртасига етиб келинган бекат оти катта ҳарфларда ёзуви чиқади. Хуллас, минг карра “yabanci” (чет эллик) бўлсангиз ҳам адашиб қолишнинг сира иложи йўқ. Шунда ҳам адашсангиз, ўзингизнинг парвосизлигингиздан бўлади.

10. …
Истайманми-истамайманми, ўзимиздаги ҳолат эсимга келаверади. Ихтиёрсиз равишда солиштираман. Албатта, Туркия улов хизмати балки ўзидан илғорроқ Оврупа мамлакатларидаги улов хизмати сифатига қараганда бир оз орқададир, аммо биздагига қиёслаганда ўргансак арзийдиган даражада юксак!

Тўғри тушунинглар: мен ёш бола эмасман, сал нарсага ҳаяжонланиб кетиб, ҳамма соҳада четни мақтаб ўзиникини қоралаб ташлайдиган даражада ўзиниёқтирмас (нигилист) ҳам эмасман, мен ватанини севадиган, унга фақат яхшилик соғинадиган бир одамман, аммо шундай бўлса ҳам, айниқса улов хизматида биз анча орқада эканимизни ачиниб тан оламан. Алмисоқдан қолган чипта йиртиб беришлар (у ҳам баъзан “тежалиб” яримтадан йиртилади!), алланима кийимларни кийиб олган, айниқса ёз кунлари майкачан бўлиб олган ҳайдовчи… ва ўзига ўхшаган ҳовдирама чиптачи… улар ўртасидаги бақир-чақирлар, молхонада юргандай бемалол сўкинишлар…

Булардан ташқари, йўлкирани давлатга тўлаётганингизга аниқ ишонч йўқ: нақд пул шипириб олинади, қанчаси қаерга кетади билмайсиз. Ва ҳоказо…

21 асрда яшаяпмиз, аллақачон автобусларимизни янгиликлар билан жиҳозлаб, ҳайдовчиларга одобдан дарс бериб, бизда ҳам хизматни юксак савияларга чиқариб қўйишимиз мумкин эди. Мутасаддилар дунё кезиб, бу ва бундан ҳам илғор хизматларни кўриб туришибди, лекин нимага ўзимизда жорий қилишмаяпти, ҳайронман. Билмадим – нақд пул билан муомаладан манфаатдорлар йўлкира соҳасида карточка тизимига тиш-тирноқлари билан қаршими ё?!

Мошинам бузилиб, бир куни Чорсудан 144-йўналишли автобусга ўтирдим. Ҳали мошина ўрнидан қўзғолмасидан табим тирриқ бўлди. Худди автобусда ҳеч ким йўқдай, ҳайдовчи билан чиптачи ҳаммомда ўтиргандай, бемалол бақириб, икки сўздан бирида сўкиш сўзини қўшиб гаплашяпти. Аёллар бор демайди, қизлар бор демайди! Хўп, ана, ҳаммаси эркаклар бўлса, жамоат жойида сўкиниб гаплашиш керакми?! Биронта эркак ғинг демайди. Кўникиб бўлинганми ё?

Чидамадим. Шартта туриб бориб айтадиганимни айтдим, қиладиганимни қилдим, Оллоҳга шукр, тинчиди.
Анчадан бери жамоат уловларида юрмай қўйибманми, менга бу ҳолат жуда хунук туюлди.

Бугун Истанбулда эканман, юртимни соғиндим. Баҳорини, гулларини, дарахтларнинг янги ям яшил баргларини тўйиб-тўйиб кўргим келди. Теварагимда ғўнғир-ғўнғир ўзбекча товушларни соғиндим.

Ватанимга яхшиликлар тилагим келди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com