ЎХҲ Хабар Маркази
1961 йил 15 сентябрь куни Туркияда ҳарбий тўнтариш амалга оширилган ва ўша пайтлар Бош Вазир лавозимида бўлган Аднан Мендерес ва икки вазир бу хунта (ҳарбий тўнтарувчилар) тарафидан осиб ўлдирилганди. Аднан Мендерес Туркияда Руспублика режими қурилгандан кейин 23 йил давом этган диктаторликни тугатиб, унинг ўрнига эркин бир жамиятга асос солган сиёсатчи сифатида танилади. Жумладан, Аднан Мендерес ҳукумати 17 йил давомида турк тилида айтиб келинган Азонни асл ҳолида, яъни араб тилида айтилишига ва Жумҳурият қурилгандан кейин таъқиқланган Ислом динини ўрганишни қайтада йўлга қўйган сиёсатчи сифатида ҳурмат қилинади.
15 сентярь якшанба куни бутун Туркияда Аднан Мендерес қатл қилинганининг 51 йиллиги таъзия маросимлари ўтказилди. Бу маросимларда мамлакатнинг танилган сиёсатчилари, зиёлилари ва марҳумнинг яқинлари ҳозир бўлдилар. Истанбулнинг машҳур Султон Аҳмад жоме масжидида марҳум Бош Вазир Аднан Мендерес хотирасига диний маросим ҳам ўтказилди. Хабарларда айтилишича, бу маросимга келганлар масжидга сиғмаганлар. Бу эса ўз ўрнида Туркияда 2000 йилларгача давом этиб келган ҳарбий диктатурага қарши халқнинг ўзига хос намойиши, дея баҳоланмоқда.
***
17 сентябрь куни Туркияда янги ўқув йили очилди. Маълумотларга қараганда бу йил 17 миллионга яқин ўқувчи ва талабалар мактаблар ва илм даргоҳларига йўл оладилар. Бу йилги ўқув йилини Туркиядаги таълим тарбия соҳасида ислоҳотларнинг бошланиш йили, дейиш мумкин.
Биринчидан, бу йил мактабга қатнайдиган болаларнинг ёши 5,5 ёшга қадар туширилди. Таълим тизими ҳар бири тўрт йилдан иборат уч фаслга (4+4+4) ажратилди. Биринчи тўрт йиллик илк мактаб, иккинчи тўрт йиллик ўрта мактаб ва учинчи тўрт йиллик лицей, дея ажратилди.
Иккинчидан, давлат мактабларида истаган ўқувчиларга (буни ўқувчиларнинг ота-оналари белгилайди) Қуръони Карим ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаётлари дарс сифатида ўргатиладиган бўлди. Шунингдек, 1997 йилда ҳарбийларнинг тазйиқи остида ёпилган имом-хатиб лицейлари қайта фаолият бошлайди. Яъни, истаган оилалар 5 синфдан бошлаб ўз фарзандларини диний ва дунёвий имларни бирга ўқитадиган мактабларга юбора оладилар. Туркиянинг ҳозирги Бош Вазири Тоййиб Эрдўғоннинг ўзи ҳам мана шундай имом-хатиб лицейида таҳсил олган.
***
Туркиянинг жануби-шарқида ўз давлатини қуришни истаган курд миллатчиларининг қуролли амалиётлари алангаланиб бормоқда. Бунга сабаб Суриядаги мажҳул вазият, шунингдек, Сурия масаласида Ироқ ва Эроннинг Туркияга қарши умумий сиёсати, дея баҳоланиши мумкин. Чунки Сурия, Ироқ ва Эронда курд миллатига оид миллионларча инсонлар яшаши маълум. Сунний Туркияга мухолиф бўлган шиалар назоратидаги бу уч давлат Туркияни кучсизлантириш ва бу давлатнинг дунё сиёсатидаги таъсирига путур етказиш учун курд исёнчиларини қўллаб-қувватламоқда. Бунинг далилларидан бири бундан бир неча ҳафта олдин Туркиянинг шарқий чегаралари яқинида эронлик жосусларнинг қўлга олинганидир. Шунингдек, кеча Эрон инқилоби қўриқчиларининг қўмондони ўз мамлакати ҳарбийларининг Сурияда фаолият олиб бораётганини ҳам эътироф этди. Ўз ўрнида Туркия ҳарбий қувватлари курд исёнчиларига қарши жиддий амалиётлар олиб бормоқдалар. Хабарларда юзларча курд террористларининг ўлдирилгани айтилмоқда. Айни пайтда, Ироқда шиа аслли Бош Вазир Моликий ҳукумати сунний аслли Президент Ўринбосари Ҳошимийни террорчиликда айблаб, унинг устидан маҳкамада ўлим жазоси берилишига эришганди. Туркия ҳукумати бу мамлакатдан сиёсий бошпана олган Ҳошимийни Ироққа қайтариб бермаслигини маълум қилди.
***
Туркияда 2013 йилдан бошлаб сайлов марафони бошланади. Матбуотда 2014 йилда ўтказилиш керак бўлган маҳаллий ҳокимият сайловларининг 2013 йилга олингани хабар берилди. 2014 йилда Президентлик ва 2015 йилда парламент сайловлари ўтказилади.
Айтиш керакки, Туркия ҳозирги кунда матбуот эркинлиги, турли жамиятлар ва партиялар тузиш эркинлиги, тижорат ва тадбиркорлик эркинлиги ва сайлов эркинлиги етарли даражада таъминлаган мамлакатдир. Аммо бу мамлакат муаммоларини фақатгина мана шу эркинликлардан фойдаланиб ечиб бўлмаслиги ҳаётий тажриба билан исботланмоқда. Бу эркинликлар муҳим қадриятлар ҳисобланса-да, жамиятда дин, миллатлараро муносабатлар, қўшни давлатлар билан алоқалар ва дунё сиёсатининг мамлакатга таъсири омиллари Туркия давлатнинг бугуни ва келажаги учун муҳим эканлиги тобора ошкор бўлиб бормоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган Тоййиб Эрдўғон ҳукумати мамлакатда жиддий сиёсий ислоҳотларни амалга оширишни мақсад қилиб олганга ўхшайди. 2013 йил сайловлари олдидан сайлов тизими ва партиялар фаолиятини тартибга солувчи қонунларга ўзгартиришлар киритилиши мумкин. “Замон” газетасида ўрин олган мақолада айтилишича, бундан кейинги сайловларда Туркия 400га яқин тор сайлов участкаларига ажратилади. Туркия парламентида фаолият олиб борадиган миллатвакилларини (депутатлар), аввалда бўлгани каби, партиялар рўйхатидан эмас, мана шу минтақалар аҳолиси бевосита сайлайди. 100 га яқин миллатвакиллари эса вилоятлардан сайланади. Шу билан бирга Туркия Буюк Миллат Мажлисида Янги Асосий Қонун (Конституция)ни ишлаб чиқиш жараёни жадаллаштирилиши режалаштирилган. Бу янги Конституция замонавий Туркиянинг деярли бир асрлик тарихида илм марта ҳарбийлар тарафидан ишлаб чиқилмаган Асосий Қонун бўлади. Бундай ислоҳотлар натижасида Туркиянинг ҳозирда бўлгани каби парламентар тизимдан кучли Президентлик бошқарувига айланишини кутиш мумкин.
2014 йилда ўтказиладиган Президентлик сайловида энг кучли номзоднинг ҳозирги Бош Вазир Тоййиб Эрдўғон бўлишига эса шубҳа қилмаса ҳам бўлади.