O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркия ўзбек қочқинларини депортация қилишни режаламоқда

Туркия ўзбек қочқинларини депортация қилишни режаламоқда
148 views
21 August 2012 - 11:00

Туркия полицияси Истанбул шаҳрида камида тўрт ўзбекистонликни ҳибсга олган ва депортация қилиш учун махсус ҳибсхонада ушлаб турибди.

Бу ҳақида Туркияда чоп қилинувчи газеталар ва қатор интернет нашрларида хабар тарқатилган.

Улар орасида бўлган Ботир Қодиров ҳибсхонадан куни кеча озод қилинган. 13 йилдан бери Туркияда яшаб келадиган Қодиров 2006 йилда БМТнинг қочқин мақомини ҳам олган.

Унинг ҳимоячилари Қодировнинг расмий қочқинлик мақоми бўлганини даъво қилишлари ортидан, унинг озод қилинишига эришганлар.

Ҳибсга олинганлар орасида исми ҳозирча фақат Шокир дея танилган магистратура талабаси ҳам бор.

Туркияда норасман бошпана топган ўзбекистонликлар орасида диний айбловлар, хусусан Нурчилар оқимига аъзоликда айбланган собиқ турк лицейлари талабалари кўп.

Бироқ шу вақтгача уларни расмий Анқара Тошкентга топширмай келади.

Ўзбекистонда Нурчиларга аъзоликда айбланиб, ҳозирда Туркияда яшаётган бир қочқиннинг Би-би-сига билдиришича, ҳозирда Туркияда яшириниб юрган ва хавфзлик излаб келган ўзбекистонликлар орасида чуқур ҳавотир уйғонган.

“Бу ерда қочқин бўлиб юрган, Ўзбекистондан келган оилаларнинг ҳаммаси ҳавотирга тушиб қолган, қўрқувга тушиб қолишган. Нима бўлади энди, деб. Ишонгани Туркия. Туркияга ишониб келишган, энди у ҳам Россия ё Қозоғистонга ўхшаб бизни топширворса нима бўлади, деб ҳавотирга тушиб қолишди”, – дейди ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган қочқин.

Унинг айтишича, ҳибсга олинганлардан бири унга Ўзбекистондан махсус рўйхат келиб тушганини ва бу рўйхатда Ўзбекистондан қочиб юрган шахслар исмлари битилганини билдирган.

У шу давргача Туркия полицияси ва миграция ҳизматлари бу каби оммавий равишдаги ҳибсга олиш ё депортация ҳаракатларини амалга оширмаганлар.

Суҳбатдошнинг билдиришича, Туркиядаги қочқинлар орасида бу Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро совуқ алоқаларни илитиш йўлида қилинаётган амал бўлиши мумкин деган фаразлар тарқаган.

“Яқинда ўтган бир ифторликда бу ердаги Ўзбекистон элчиси Улфат Қодиров Президент Каримов Туркияга йўллаган мактубини ўқиб эшиттирди. Унда Туркия ҳукуматига мақтов ва табриклар янгради. Бу кўп йиллардан бери бўлмаган нарса. Биз учун бу бир сенсациядек бўлди”, – дейди қочқин.

Унинг маълум қилишича, ҳодисанинг қизиқ жойи шуки, ҳибсга олинганларнинг ҳеч бири Нурчиликка аъзоликда айбланган шахслар эмас.

Ҳибсга олинганларни шахсан танийдиган суҳбатдош уларнинг аксари бошқа диний оқимларга алоқадорликда шубҳаланиши, бироқ талаба Шокир ўтмишда ҳеч қандай диний оқимларга аъзоликда кўрилмаганини айтади.

Туркияда қатор инсон ҳақлари ташкилотлари ҳозирда ўзбекистонлик қочқинларни озод қилиниши йўлида тарғибот ишларини бошлашган ва Туркия давлат вазирларига мурожаатлар билан чиққанлар.

 

bbc.uzbek