O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркларни танимоқ

Туркларни танимоқ
261 views
02 October 2016 - 5:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(98)

ТУРКЛАРНИ ТАНИМОҚ

Ҳар  бир  бир  халқда  уни  бошқасидан  фарқ  қилдирувчи  энг камида  битта  юз  ифодаси  бор,  бу  қолган  ифодаларга  нисбатан бўртиброқ  кўринади.  Бир  халқ  мансубининг  юзида  ақл  ифодаси устун  бўлса,  иккинчисиникида  зако,  учунчисиникида қаттиқюраклилик  устун  ва  ҳакозо.  Мен  турк  кишисининг  юзидаги энг  устун  ифода  ҳаё  ифодаси  деган  бўлардим.  У  гоҳ-гоҳ соддадиллик ифодаси билан мусобоқалашиб туради, аммо аксарий ҳолларда  ўз  устуворлигини  сақлайди.  Юзига  қараб,  Онадўли инсонини  Истанбулда,  Кёлнда,  Парижда,  Амстердамда,  Нъю-Йоркда  ва  дунёнинг  ҳар  қандай  бурчагида  таниб  олса  бўлади.

Шаҳарлашма  (урбанизатсия)  бутун  дунёда  бўлганидек, туркларнинг  ҳам  этник  хусусиятларини  мутаассир  этгани шубҳасиздир.  Аммо  характер  ўлароқ  турклар  Оврупо  ва  Осиё халқлари  орасида  ўз  оригиналлигини  кўпроқ  муҳофаза  қилаолган этник  гуруҳдир.  Албатта,  турк  деркан,  ирқий  маънода тушунмаслик  лозим,  маданий  маънода  тушунмоқ  керак.  Турклар асрлар  давомида  Онадўли  тупроқларидаги  бошқа  қавмлар  билан қоришиб яшаган, юз фойиз ирқий тозалик бўлиши мумкин эмас, бу –  императорлик  қуриб,  дунёнинг ярмини идора этган бир этноснинг ўз  ҳукмронлиги  учун  тўлаши  шарт  бўлган  тавондир.  Одатда, императорлик  шамсияси  остида  яшаган  этник  озчиликлар ўзларининг  ассимилиятсия  қилишаётгани  ҳақида  гапиришса  ҳам, кўпчилик  саналган  этник  гуруҳ  ҳам  бу  озчиликларга  ўзининг  бир парчасини бериб, ассимилятсия бўлиши қонуний жараёндир. Фақат бу ҳақда гапириш удум эмас.

Лекин  минг  йил  давом  этган  жўғрофий,  ирқий,  маданий, иқтисодий,  ижтимоий,  сиёсий  эврилишларни  бошидан  кечирган Онадўли  турклари  ҳатти-ҳаракат  ва  одатлари  билан,  ҳатто кулишлари-йиғлашлари  билан,  ўзбекларга  шу  қадар  ўхшарди-ки, мен  инсон  зотини  «бир-бирини  топсин  дея  қавм-қавм  яратган» Олоҳу таолонинг қонуни нақадар мустаҳкам эканига яна бир марта шоҳид бўлдим.

Туркияга  илк  даъфа  1992  йилда  келдим.  Истанбулни  фақат русларнинг  «Қочиш»  деб  аталган  оқ  гвардиячиларга  бағишланган филмида  кўргандим.  Аммо  Истанбулнинг  оломонли  кўчаларида илк  бор  кезаркан,  бу  шаҳарнинг  бегоналигини  сезмадим.  Гўё  бу ерларда  узоқ  йиллар  яшагандай  эдим.  Одамларнинг  истараси (ситораси,  юлдузи)  иссиқ  эди.  Ўша  1992  йилда  раҳматли  Турғут Ўзол  билан  «Турк  ўчоқлари»  жамиятининг  85-йиллигида танишгандим.  У  «махсус  келинг,  бир  гаплашайлик,»  деганди. Гаплашмоқ  насиб  этмади.  Ўрта  Осиё  турк  жумҳуриятлари саёҳатидан  чарчаб,  асабий  бир  ҳолда  қайтган  Туркия  президенти Турғут Ўзол 1992 йилнинг  17 апрелида вафот этди.

Мен  учун  узоқ  йиллар  давом  этган  ҳижрат  ҳам  шу  кундан бошланди.  Анқарада  бир  дўстимиз  мен учун ижарага тутган уйда ўтириб,  бир  ҳафта  аввал  Тошкентда  кўрган  тушимни  эсладим. Жалолиддин  Румий бу тушга бекорга кирмаган экан…

1999 йил

(ТУГАДИ)