O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркманбоши ҳайдаган аёллар умиди Мирзиёевдан

Туркманбоши ҳайдаган аёллар умиди Мирзиёевдан
140 views
23 April 2018 - 15:38

“Хоразмликман. Қишлоғимиз шундоққина Туркман чегарасига яқин.

Чегаранинг нарёғи ҳам, бу ёғи ҳам – ўзбеклар яшовчи қишлоқлар. Илгари ҳеч ким ўртада чегара борлигини билмасди.

Одамлар бемалол қиз олиб, қиз берарди. Болалик чоғларимиз у қишлоқ кўчаларида тўп тепиб, мол боқиб, катта бўлганимиз.

Мана чорак асрдан ошибди, улар Туркманистон, биз Ўзбекистон. Аслида, бу ҳам муаммо эмас, ўзбек-туркман қардошмиз, зотан у қишлоқни ҳамон кўриб турамиз.

Лекин чегарадан ўтолмаймиз. Ўтиш муаммо, муаммо бўлганда ҳам жуда катта муаммо.

Мустақилликдан кейин Туркман тарафи ўртада сим тўр тортиб, виза тизими жорий этди. Бориб келиш қийинлашди.

Чегарада одамларга ўқлар узилди, бошқа нохуш воқеалар кечди, шу асно кўпчилик боришга ҳам қўрқади.

Оналарни боласидан ажратишган

Энг ёмони – у ёққа келин бўлиб тушган ўнлаб ўзбекистонлик аёлларни эридан ва ҳатто боласидан ажратиб депортация қилиб юбориш Туркманистонда одат тусини олди.

Марҳум Туркманбоши даврида бошланган бу сиёсатни унинг ўлимидан кейин Президент Бердимуҳаммедов йўқотар, деб умид қилгандек. Аммо аҳвол деярли ўзгармади.

Ўзбекистондан тушган аёлларга улар фуқаролик бераверишмайди.

Туркманистон ҳар йили ҳайдаган ўнлаб ўзбекистонлик келинларнинг оиласи бузилиб кетди.

Эрлари у ёқда, хотинлари бу ёқда. Кўпи 3-4 йил кутиб, иложсиз, бошқа оила қуришди.

Ажратилган 35 йиллик оила

Бироқ бир қўшнимизга, айниқса, кўнглим ачийди.

Рафиқаси ўзбекистонлик, ҳали 35 йил олдин, Совет даврида Туркманистондаги қўшни қишлоққа тушган. Неварали оила.

Шунга қарамай, Туркманистон у аёлга паспорт бермай, Ўзбекистонга чиқариб юборди.

Энг қизиғи, улар чегаранинг икки тарафидаги қишлоқда ўсган бўлса ҳам, деярли қўшни бўлишган.

Шу боис ҳозир ҳам бир-бирларини сим тўр ортидан кўриб туришади. Аммо ўтишолмайди.

Эри Туркманистон фуқароси, лекин барибир паспорт ололмаяпти. Табиийки, ҳужжатсиз Ўзбекистонга, хотинининг олдига келолмайди.

Бир неча йил олдин отаси ўзи билан бирга қолган кичик қизини ҳам узатганди. Лекин онаси тўйга боролмади.

Ёшлари катта эр-хотин эмасми, бошқа турмуш қуришмади.

Ягона умид – Мирзиёевдан

Президент Мирзиёевнинг Туркманистон билан муносабатларни яхшилашга қаттиқ ҳаракат қилаётгани бу каби оилаларга умид бермоқда.

Мирзиёев қудратга келганидан бери Туркманистонга катта эътибор берди, у ерга уч марта борди.

Кўпчилик энди ишқилиб, Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини ҳам чегараларни очишга кўндирсин-да, деб дуо қилмоқда.

Мана, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегаралар очилиб, борди-келди яхшиланди.

Лекин Туркманистон президентининг кўнглини топиш қийин кечаяпти, шекилли.

Ҳалигача чегарани очиш, визаларни бекор қилиш ва эри-боласидан ажратилган аёлларни оиласи бағрига қайтариш ҳақида ҳеч гап йўқ.

Билмадим, бу учун Туркманистон томони Ўзбекистондан нима талаб қилаётган бўлса?”

Би-би-си Ўзбек Хизмати ёзиб олган ҳикоя.

Манба: Би-би-си Ўзбек