Тақдир тақозасига кўра, буюк Маҳтумқули бобомиз Эрон заминига дафн этилган. Туркман элининг марҳум юртбошиси Сапармурод Ниёзов ҳар йили Маҳтумқулининг таваллуд кунлари Эронга бориб, ул зотнинг қабрларини зиёрат этишни удум этганлар. Бир умр зулмга қарши курашиб, рангу рўйи “қаҳрабо” бўлган валий шоир шарафига Ўзбекистон Бош прокуратураси рўпарасига ёдгорлик ўрнатилди. Бу рамзий эътибор боис, 16 йил олдин ёзилган ушбу шеър ёдимга тушди…
ТУРКМАННИНГ
Ой, юлдузлар ҳамсояси,
олтин қумли кенг саҳроси,
Офтоб деган меҳрибони –
момоси бордир туркманнинг.
Сўзни шамширдай тиғлаган,
ватаним деб йиғлаган,
Махтумқули деган булбул –
бобоси бордир туркманнинг
Тека, ёвмут, салыр, човдур,
Олтибеклар битта бовур,
Туронзамин бағрида ўз,
садоси бордир туркманнинг.
Ўтди хонлар бир-бирин еб.,
бергин фақат олайин деб,
Олис тарих қатларинда
яроси бордир туркманнинг.
Ҳумо қуши қўнди бошга,
нур таратур кекса ёшга,
Кетмас давлат, кенг феълли
дунёси бордир туркманнинг.
Туркман элга худо берган,
қора, қизил тилло терган,
Шу сабабли кўкрак керган
даҳоси бордир туркманнинг.
Кўҳна тарих солномаси,
ўз китоби “Руҳнома”си,
Бошинда сур чолмоси –
бобоси бордир туркманнинг.
Кишанларни узган ўзи,
қафасларни бузган ўзи,
Фироғийнинг ноласинда
нидоси бордир туркманнинг.
Пошшоси ҳам ғазал ўқир,
ҳур қизлари гилам тўқир,
Туркман қизин кўйлагинда
ибоси бордир туркманнинг.
25.08.2002 йил.
Ҳамроқул Асқар