O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркшунослик учун қувончли хабар

Туркшунослик учун қувончли хабар
181 views
20 December 2014 - 13:58

6Сизга турк тили, хусусан, ўғуз туркчаси учун муҳим аҳамият касб этадиган бир қўлёзманинг Билежик Шайх Адаболи Университети олимлари тарафидан, аввало Муҳий Гулшанийнинг “Балейбелан илк сунъий тил”, Мутаржим Осим Афандининг “Қомус-ул Муҳит” таржимаси, Хинолизода Али Чалабийнинг “Ахлоқи аълоий”, Мутақимзоданинг “Туҳва-и Хаттотин” каби асарларини нашрга тайёрлаган қадрдон дўстим Профессор, доктор Мустафо Коч томонидан топилгани ҳамда нашрга тайёрлангани ҳақидаги муждали хабарни бериш ва ҳали кеча (09.12.2014) кўриш бахтига ва шарафига муяссар бўлганим ушбу қўлёзма ҳақида бироз маълумот беришни истайман.

Асар худди “Девон-и луғатит Турк” каби арабчада ёзилган. Муаллифи туркдир. “Девони луғатит Турк” ва “Муқаддимат-ул Адаб” асарлари билан бирга Туркистон жўғрофиясидаги туркчанинг шаклланиши ва сўз бойлиги ҳақида дарак берувчи асосий асарлардан бири. Шу билан бирга туркчанинг ҳозирда маълум бўлган ва бугунга қадар етиб келган илк грамматикасидир. Асарни ҳам ўғузча ҳамда Қораҳонличани ўз ичига олган бир грамматика асари дейиш мумкин. Уни ўғузларнинг “Девони луғатит Турк”и десак муболаға бўлмайди. Асарда муаллиф икки маротаба Хоразмшоҳлар даврида яшаган, бироқ асари йўқолган Муҳаммад ибн Қайсга ҳавола қилади. Бу эса муаллифнинг ўзидан олдинги турк тили билан боғлиқ асарлардан хабардор бўлганини ифодалайди.

Қўлёзмада зарур калималар, баъзан қисқа гаплар “бизнинг шаҳарларда шундай дейилади” тарзида изоҳланадики муаллифнинг она тили бўлган ўғуз шеваси билан Туркистон шеваси солиштирилади. Умуман олиб қараганда Туркистон шеваси ва Қораҳонли туркчаси ўзаро бир-бирини тўлдиради.

Қўлёзмада имло масаласи тилга олинади, туркча калималар учун араб алифбосига қўшилган ҳарфлар кўрсатилади. Масалан, в (ﭫ) п (ﭖ), ч (ﭺ), сўз бошидаги томоқ олди г- (ﯖ), орқатомоқ г- (ﻍ) товушлари берилган. Муаллифнинг она тилидаги бир қанча сўзларда нг>н ўзгариши кўзга ташланади. Ҳатто bana (менга), sana (сенга) каби сўзлар “ﻤﻧﺎﻩ” ва “ﺴﻧﺎﻩ” шаклида берилган. Ушбу шаклларнинг бугунги кунда Озарбайжон ва Туркия туркчаларидаги bana/mene ва sana/sene сўзларини изоҳлашда ёрдам бериши шубҳасиздир. Бундан ташқари, асарда ўғузча ва қораҳонличанинг ўзаро таққосланиши баробарида сўзларнинг фонетик жиҳатдан ўқилиши ҳам берилган.

Қўлёзмада берилган энг муҳим маълумотлардан бири – bol- > ol, бўл- >ўл масаласида тарихий матнларда изоҳланмаган “вўл” – феълининг “вўлди” (ۇولدى) ва “вўлғай” (ۇوﻠﻐﺎى) каби сўзлар билан мисол келтирилишидир.

Қўлёзмада туркча унсурларининг имлосида Туркистон шеваси учун араб алифбосига асосланган ва Қораҳонли-Хоразм-Чиғатой даврларида қўлланилган имло, “бизнинг шаҳарларимизнинг тили” дейиш билан эса бу имлонинг асосан Онадўлида қўлланилган имлога жуда ўхшашлиги, ўғузларнинг Онадўлига келмасларидан олдин ёзма тилининг мавжуд бўлиб-бўлмагани масаласига ҳам ойдинлик киритади.

“Бизнинг шаҳарларнинг тили” деганда айнан оғузчанинг назарда тутилганини берилган мисоллар орқали билиш мумкин. Бу ерда аввало мен ва бен сўзлари бирга берилгандир. Бу, қўлимиздаги асарлар мисолида айтиш мумкинки, Туркистон жўғрофиясида Маҳмуд Қошғарийдан сўнг иккинча маротаба “бен” калимасининг қўлланилишидир.

Асар сўнгида феъллар, касб атамалари, асбоб-ускуналарнинг номлари ва бошқалар шаклига кўра араб алифбосида фарқли сўз гуруҳлари ҳолида берилгандир. Бу гуруҳлар ўғузларнинг Онадўлидан олдинги сўз бойлигини кўрсатади.

Ҳозирдан Профессор, доктор Мустафо Кочни ушбу муҳим қўлёзманинг кашф этилиши муносабати билан табриклайман. Тез орада тайёрланиб билим оламига ва Турклик дунёсига тақдим қилишини тилайман ва сабрсизлик билан кутаман.

Доц.,доктор Салоҳиддин Тўлқун

Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди