Муҳаммад Солиҳнинг Туркияда чиқадиган “Янги Шафақ” (“Yeni Şafak”) газетасига берган интервюси.
Тошкентдан Анқарага 18 йилдан сўнг амалга оширилган тарихий ташрифни баҳолаган Ўзбекистон Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ, “Онгли равишда Турк душмани бўлган Каримовнинг ўлими ва ушбу ташрифдан сўнгра икки қардош ўлка ўртасидаги барча тўсиқлар олиб ташланади”, деди.
Ўзбекистондан Туркияга 18 йил сўнгра амалга оширилган энг юқори савиядаги расмий ташриф атрофидаги мулоҳазалар давом этмоқда. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон расмий ташриф билан Туркияга келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Президент қароргоҳида тантанали маросим билан кутиб олди ва Мирзиёев номига кечки зиёфат бeрди. Минтақа учун катта аҳамиятга эга бўлган бу ташриф борасидa Ўзбекистондаги режим мухолифи, Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Туркиянинг “Янги Шафақ” (“Yeni Şafak”) газетасига ўз фикрларини билдирди.
Каримов Турк душмани эди
Мирзиёевнинг ушбу ташрифини тарихий бир қадам эканлигини айтган Солиҳ, “Ислом Каримов онгли бир Турк душмани эди ва 25 йил мобайнида Турк дунёси интеграцияси олдидаги энг катта тўсиқ бўлиб келди.Каримов вафот этгач, бу тўсиқ олиб ташланди. Энди бу ташрифни бир бошланғич қадам деб ҳисоблаяпмиз. Умид қиламиз-ки, Ўзбекистон бу йўлда барқарор қадамлар билан давом этиб, икки қардош ўлка ўртасидаги барча тўсиқларни олиб ташлайди”, деди.
1999 йилги инқироз сири
Муҳаммад Солиҳ, Туркия ва Ўзбекистон муносабатларида бошдан кечирилган тарихий воқеа ҳақда шундай деди: “Ўзбекистон президенти сўнгги бор Туркияга 18 йил аввал ташриф буюрган эди. 1999 йилнинг ноябр ойида Истанбулда Оврўпo хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг саммити ташкил қилинди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам саммитда қатнашиш учун келган эди. Аммо Каримов йиғилишда узоқ қолмади, ўша пайтдаги Туркия Бош вазири Булaнт Эжевитдан хафа бўлиб, йиғилишни тарк этти. Сабаби, Туркиянинг “мухолиф Муҳаммад Солиҳни яширин қўллаб-қувватлаши” эди. Лекин камина Туркия президенти Сулаймон Демирелнинг қарори билан 1999 йилнинг 24 апрел куни Туркиядан депортация қилинган эдим. Яъни Муҳаммад Солиҳга Туркия тарафидан – на яширин, на-да ошкор -ҳеч қандай ёрдам берилмаётган эди.”
Виза ярашмаяпти
Ўзбекистоннинг янги ҳукуматнинг ҳокимиятга келган кунидан то бугунгача Туркияга нисбатан илиқ муносабатга бўла бошлаганини айтган Солиҳ, бу ҳолатни яхши бошланғич қадам сифатида кўришини билдирди. Солиҳ, “Икки қардош ўлка ўртасидаги барча тўсиқлар олиб ташланиши лозим. Энг аввало “қардош” тушунчасига ярашмаган “кириш визаси” бекор қилиниши керак”, дея таъкидлади.
Ҳар бир қадам жуда ҳам муҳим
Ўзбекистоннинг Осиёдаги муҳим, “калит ўлка” эканлигини таъкидлаган Муҳаммад Солиҳ, “Ўзбекистоннинг Турк дунёсига тўлиқ интеграцияси, ҳеч муболағасиз минтақа ва Овроосиёдаги геополитик мувозанатни ўзгартира оладиган хусусиятдир. Шу сабабдан, Туркиянинг Ўзбекистон билан яқинлашиш учун қўйган ҳар қадами жуда муҳимдир”, деди.
Муҳаммад Солиҳ, ташрифнинг минтақага бўладиган таъсиринини шу сўзлар билан якунлади: “Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи хусусан Ўзбекистон-Россия муносабатларини бузмайди, аксинча бу минтақада мафаатдор давлатларнинг манфаатларини одил баҳолашларини таъминлайди.”
Диндорлар ва мухолифларга босим давом этмоқда
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги илк ҳаракатларини ижобий баҳолаб, қўллаб-қувватлаганликларини айтган Муҳаммад Солиҳ, бу ҳолатнинг ёмон тарафга қараб кетишидан xавотирда эканлигини билдирди. Солиҳ, «Шавкат Мирзиёевнинг биринчи қадамлари бизни келажакка умид билан қарашимизга сабаб бўлди. Аммо биз кутганимиз натижани ҳали ҳам кўрмадик. Тўғри, 20-25 йилдир қамоқда қолган баъзи сиёсий маҳбуслар озод этилди (озод қилинганлар ичида менинг укам ҳам бор), аммо диндорларга ва мухолифларга қарши босим айнан Каримов даврида бўлгани каби давом этмоқда ва уларга қарши қийноқ аввалгидай давом этмоқда. Бу ҳол халқ ичида президентга бўлган ишончнинг борган сари камайишига сабаб бўлмоқда», деди.
Ноумид бўлманг
Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда яшайдиган ўз тарафдорларига, «Конституциявий ҳақ-ҳуқуқларингизни сўнгги 27 йил давомида қандай ҳимоя қилиб келган бўлсангиз, айни тарзда ҳимоя қилишда давом этинг, ноумид бўлманг, аммо умидларга ортиқча берилиб ҳам кетмасдан ҳаракат қилайлик», дея мурожаат қилди.
Манба: yenisafak.com
Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди