ТУРК ДУНЁСИНИНГ ТАНИҚЛИ АДИБИ АННАҚУЛИ НУРМАММЕДОВ 60 ЁШДА
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм
Аннакули Нурмаммедов – машҳур ёзувчи, шоир, журналист, дипломат. Собиқ СССР ёзувчилар союзи ва Туркия ёзувчилар союзлари аъзоси. Адабиёт бўйича ҳалқаро Махдумқули мукофатининг лауреати.
У 25-май, 1959 йилда, Туркманистоннинг Қизилаяқ қишлоғида, деҳқон оиласида таваллуд топган. Унинг меҳнат фаолияти 15 ёшида, табелчиликдан бошланган.
1976 йилда Махтимқули номидаги Ашхабад Давлат Университетининг филология факультетига кириб, 1982 йилда Санкт-Петербург (Ленинград) Университети журналистика фалультетини битирган.
1982-1991 йилларда «Ёшлар ижоди», «Адабиёт ва санъат» газеталарида мухбир, бўлим мудири бўлиб ишлаган.
1991-1992 йилларда Туркманистон ташқи ишлар вазирлигида, 1992-2003 йилларда эса Турманистоннинг Туркиядаги элчихонасида ҳар хил мансабларда ишлаган.
Аннақули Нурмаммедовнинг қатор повест ва романлари жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган. Бир неча асарлари ҳалқаро мукофотларга сазавор бўлган.
Унинг тадқиқотлари натижаси ўлароқ “Горогли”, “Горкут ота” каби кўп томлик капитал асарларнинг янги, илмий асосланган вариантлари дунё юзини кўрган. А.Нумаммедов ижоди ва фаолияти ҳақида китоблар ёзилган, кинолар ишланган, диссертациялар ҳимоя қилинган.
Ташкилотчи-адиб ўлароқ, ижодкорлар илмий-адабий конференциялар ташкил қилиш билан бирга, туркий ижодкорларнинг поэзия ва прозадаги асарларини Оксфорд Университетининг “Ипак йўли” нашриёти орқали тўплам сифатида нашр қилдираяпти.
Унинг 2011 йилда “Ипак йўли” (Оксфорд) нашриётида салкам 500 бетлик “Севги” номли, 2016 йилда эса “Икки аср шеърлари” номли салкам 700 бетлик шеърий китоблари нашр қилинди.
2018 йилда, Ўзбекистонлик таниқли олим, профессор П.Қаландаров билан ҳаммуаллифликда “Ахмад ҳожи Хоразмий” номли рисоласи Лондонда кўп тилларда нашр қилинди.
Ҳозирда адабий ижод билан бирга ишбилармонлик билан ҳам машғул.
Таниқли адиб ва дипломат, Аннақули Нурмаммедовнинг 60 йиллиги муносабати билан ёзилган қуйидаги шеърий тилагимизни “Собир бўлинг!” деб номладик.
Сабаб шуки, мўътабар китобларда: “Мусулмонларнинг афзали, бир-бирини сабрга чақирадиганларидир”, деб марҳамат қилинган. Каминанинг сўзи, музикаси ва ижросида. (https://youtu.be/DfjDpPQ7BJk)
СОБИР (САБИРЛИ) БЎЛИНГ
Аннақули, 60 деган адиб учун, қирчиллама ёш дегани,
Поэзия, прозада китобларинг ўлмас буюк мулк дегани,
Ҳар ердаги фаолиятинг, ватанпарвар – мард тимсоли,
Шу йўлингда, Ўғиз каби, қайтмас така-туркман бўлгин.
Ўғиз каби руҳи баланд туркий бўлинг, туркий бўлинг!
Фироғийнинг дуоси-ла, эл таниган шоир бўлдинг,
Чингиз оға қўлинг бериб, сен ҳам катта адиб бўлдинг,
Туркманбоши патвоси-ла, Туркияда элчи бўлдинг,
Шайх Хоразмий қўлин тутиб, молдан кечиб, сўфий бўлгин.
Сўфий бўлиб, Аллоҳга сиз ошиғ бўлинг, ошиғ бўлинг !
Туркийдаги асарларинг, кундан-кунга машҳур бўлди,
“Горўғли”ю, романларинг сенга буюк ҳайкал бўлди,
Чингиз Туркий ижодинга “Машаллоҳ!” деб, қоил бўлди,
Машҳурликнинг шаробига алданмасдан, огох бўлгин.
Ижод аҳли кибирдан сиз огох бўлинг, огох бўлинг!
Бир кун келар, Арқадоғинг қадринг билар,
“Марҳабо!” деб, Ватан эшикларин очар,
Сабр қилсанг, ҳижронларинг унут бўлар,
Ахмад айтмиш, яхши кунга умид қилиб, собир бўлгин.
Қуръонда ёзмиш “Бис-собр!” деб, собир бўлинг, собир бўлинг!
Ахмад ҳожи Хоразмий
Олим ва адиб, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати, профессор.
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри. Май, 2019
Uzxalqharakati.com таҳририяти почтасига келган мактуб