O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Турк журналистлари

Турк журналистлари
274 views
27 September 2016 - 5:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(93)

ТУРК ЖУРНАЛИСТЛАРИ

 «Таътил»дан  қайтаркан,  айғоқчиларнинг  кўзини  шамғалат қилиш  учун  уйга  тонгга  яқин  келишни  режалаштирдим.  Биринчи апрел  эди  янглишмасам,  соат  кечаси  тўртларда  Пушкин-Салор маҳалласига  яқинлашганимизда,  бизнинг  уй  атрофи  худди кундузгидек  гавжум,  беш-олти  машина  ўраб  олган  ва  айғоқчилар сигарет  чекиб,  бир-бири  билан  суҳбатлашиб,  худди  тўйда юргандай,  у  ёқ-бу  ёққа  бориб  келишарди.  Мени  кўришиб,  худди ари  уяси  тўзигандай,  атрофга ёйилишди ва машиналардан биттаси ўрнидан жилиб,  катта тезликда шаҳар марказига юрди.

Бу  одамлар  мени  бир  ҳафта  йўқотиб  қўйиб,  энди топганларининг  бахтиёрлигини  яшардилар.  Эртаси  куни  Ички ишлар  вазирлигидан  телефон  қилишиб,  менга  шаҳардан  чиқиш таъқиқланганини  эслатишди  ва  агар  бу  таъқиқни  бузсам,  ҳибсга олишга  мажбур  бўлажакларини  билдиришди.  Аслида, улар менинг шаҳардан  чиққанимни  билишарди,  аммо  ҳибсга  олишмаганди, чунки,  шу  кунлари  Туркия  Президенти  Турғут  Ўзол  Ўзбекистонга келганди.  Шу  муносабат  билан  меникига  бир  гуруҳ  турк журналистлари  меҳмон  бўлиб  келишди.  Янглишмасам,  «Канал-6» телевизион  гуруҳи  ва  бир  нечта  газета  мухбирлари  ташриф буюришганди.  Уларнинг  ичида  Туркияда  таниқли  журналист Женгиз Чондор ҳам бор эди.

Туркларни  кўнгилдагидек  меҳмон  қилолмадим.  Уйнинг атрофини  ўраган  айғоқчилардан  бирови  меҳмонларга  қарши  бир провокация қилишидан чўчиб турдим. Албатта, айғоқчилар ҳақида уларга  гапириб,  уларни  чўчитиш  мумкин  эмасди.  Ҳамма  нарса яхши  бўлиб  кетади,  дедим  юзимда  зўраки  табассум  билан.

Меҳмонлар  ҳам  «албатта,  мана,  мустақилликка  эришдингизлар, буёғи  энди  яхши  бўлади»,  дейишди  чин  юракдан.  Мен  оптимист эдим.  Турк  қардошларим  мендан  ҳам  оптимистроқ  эдилар. Фарқимиз  –  улар  демократиянинг  секин-секин  келишига ишонардилар,  мен  эса,  унинг  секин-секин  эмас,  тез-тез  келишини истардим.  Улар  мисол  қилиб,  Туркиянинг  1946  йилги  илк кўппартияли  сайловларини  келтиришарди.  Бу  сайловлар сохталаштирилганди,  аммо  аммо  ундан  кейинги  бўлган  сайловда мухолифатдаги  Демократ Партияси ғолиб чиқиб, Аднан Мендерес Туркияда  Бош  вазир бўлган, ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий соҳаларда демократик  ислоҳотларни  бошлаб  берганди,  деб  бизни «юпатишарди» қардошларимиз.

Улар  Туркия  шарт-шароитидан  ва  Туркия  тарихидан  келиб чиқиб  гапиришарди,  мен  эса,  Ўзбекистон  шарт-шароити  ва Туркистон  тарихидан  келиб  чиқиб  гапиришим  керакди,  аммо гапирмасдим,  чунки,  биродарларим  мени  барибир  тушунмаган бўлишарди.  Чунки, Туркия бир буюк Империянинг маркази ўлган мамлакат  эди.  Бу  Империянинг  қолдиғи  бўлган  Туркия жумҳурияти  тамалларида  ўша  улуғ  салтанат  анъаналари бўлмаслиги  мумкин  эмасди.  Янгиликчи  туркларнинг  Усмонли Империясини  рад  қилгани  худди  жаҳли  чиққан  бола  ўз  отасига «сен  отам  эмассан»,  деб  бақирганидай  кулгили  кўринарди.  Ва албатта,  Туркия  Қутулиш урушидан кейин Отатаурк ва Инўнининг авторитар  бошқарувидан  демократик  давлатга  ўтиш  жараёнин яшади.  Аммо  буни  Туркистон  ёки  айниқса,  совет  Ўзбекистони тарихи  билан  солиштириб  бўлмасди.  Чунки,  Туркистон,  унинг ичидаги  бешта  жумҳурият  Туркия  каби  Империя  маркази  эмас, балки,  Империянинг  провинсиялари,  чекка  маҳаллалари  эди.

Туркистон 135 йил Рус империяси истилоси остида яшади ва унинг мустақилликдан  кейин  чиққан  коммунист  «хон»ларини  Отатуркка ўхшатиб  бўлмасди,  ҳатто  Инўнига  ҳам ўхшатиб бўлмасди. Нима бўлганда  ҳам,  Отатурк  Усмонли  Империяси  зобити эди, тарбияси ҳам  ўшанга  яраша  эди.  Аммо  Туркистон  жумҳуриятларида мустақилликдан  кейин  пайдо  бўлган  қўлбола  диктаторлар  том маънода  тарбиясиз  эдилар.  Шунинг  учун  ҳам  бизда  «46  йилдан кейинги  сайловда  демократия  ғолиб  келиши»  маҳол  эди.  Аммо буни Туркиядан келган меҳмонларга тушунтириб ўтирмадим. Улар умидли  ва  хушчақчақ  эдилар.  Мен  ҳам  уларга  тақлид  ҳилишга уриндим,  нақадар эплайолдим,  билмайман.

(давоми бор)