O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Турк-ўзбек муносабатларида “янги давр бошланмоқда”ми?

Турк-ўзбек муносабатларида “янги давр бошланмоқда”ми?
172 views
10 July 2014 - 13:22

1

Тошкентга сафар қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан музокаралар олиб борган.

Довутўғли охирги 13 йилда Туркия ҳукуматининг Ўзбекистонга ташриф буюраётган энг юқори мартабали мулозимидир.

Тошкентга сафари олдидан баёнот берган жаноб Довутўғли, ўзбек-турк алоқалари 2006 йилдан сўнг тўхтаб қолгани, аммо ҳозирда томонлар муносабатларни “қутқариш” учун дипломатик алоқаларни қайта йўлга қўйишга уринаётганларини айтган. Айни пайтда Туркия матбуоти Довутўғлининг сафарини ўзбек-турк муносабатларида “янги даврнинг бошланиши” дея таърифламоқда.

Довутўғлининг ташрифи арафасида Президент Каримов кутилмаганда хориждаги ўзбек муҳолифатини тилга олган. Жаноб Каримов 1990-йиллар бошида мамлакатни тарк этган муҳолиф сиёсатчиларни “ватангадолар” деб атаган ва улар “Ўзбекистонга қайтиб кела олмасликлари” ни айтган. Бу Президент Каримовнинг сўнгги 15 йилда ўзбек муҳолифати ҳақида қилган биринчи баёнотидир.

1990-йиллар ўрталарида Анқара ва Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишига Туркиянинг хориждаги ўзбек муҳолифати раҳбарлари, хусусан, Муҳаммад Солиҳга бошпана бергани сабаб бўлган, деб ишонилади. 1991-йилдаги президентлик сайловларида жаноб Каримовнинг рақиби бўлган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1994 ва 1999-йилларда расмий Тошкентнинг босими билан Туркиядан чиқариб юборилган. Аммо 2003 йилда ҳокимиятга келган Туркиянинг исломий илдизларга эга жорий ҳукумати турк матбуотининг таъбирича, Президент Каримовнинг инжиқликларига қулоқ солмай қўйган. Эрдўғон ҳукумати 2005 йилда ғарбнинг Андижон воқеалари юзасидан жазо чораларини қўллаб-қувватлаган ва шу йили Муҳаммад Солиҳнинг Туркияга қайтишига изн берган.

Британияда чоп этиладиган “Экономист” журнали Туркия ҳукуматининг ушбу қарори ҳақида “Туркия Муҳаммад Солиҳга эшикларини очмоқда” деб ёзган эди. Бунинг ортидан Ўзбекистондаги турк бизнесига рейдлар бошланиб кетган ва турк сериалларининг намойиши тақиқланган эди.

Довутўғлининг ташрифи арафасида Туркия ҳукумати Ўзбекистон билан ўтмишда қатор сиёсий келишмовчиликлар бўлганини яна бир марта эътироф этган. Фақат ҳозирда Анқара уларни келишмовчилик эмас, балки “тушунмовчилик” деб атамоқда. Аммо Тошкентнинг бу сиёсий баҳсларни қай йўсин қайта идрок этгани ва муросага қанчалик тайёрлиги маълум эмас.

Манба: www.bbc.co.uk