“ТУРОН” АТАМАСИ ҲАҚИДА
Қадимги даврларда туркий қабилалар Сибирдан Ўрта ер денгизигача бўлган ҳудудда, баъзилари ўтроқ, баъзилари кўчманчи ҳолда яшаганлар. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғати-т турк” (XI аср) асарида шундай ёзади: “Ғарбда Рум чегарасидан Шарқда Чин ичигача бўлган ҳудудда турк уруғ ва қабилалари шу тартибда жойлашган: печенег, қипчоқ, ўғуз, йемек, бошқирд, басмил, қайи, ябақу, татар, қирғиз, чигил, тўхси, яғмо, уғроқ, чаруқ, чўмул, уйғур, тангут, хитай”. Кейинги саҳифаларда у Ғарбдаги булғор ва сувар қабилаларини ҳам тилга олади. Мазкур ҳудудларда топилган қадимий қабрлар ва тошларга битилган ёзувлар ҳам бу маълумотларни тасдиқлайди.
Туркий халқлар Шарқий ва ҳатто Ғарбий Европада, Кичик Осиё, Марказий Осиё ва Ғарбий Сибирда турли номлар билан бир неча минг йилдан буён яшаб келади. Уларнинг этник таркиби асосан ўзгармаган бўлса-да, турли даврларда турли туркий халқлар ва қабилаларнинг ҳукмрон мавқега эришуви натижасида умумий номлари ўзгариб турган. Шарқий Европа ва Кичик Осиё туркий халқлари тарихини ўрганган даниялик олим П.Ф.Сум XIX асрдаёқ шу фикрга келган эди. У шундай деб ёзади: “Туркларнинг умумий номи бир қабиланинг иккинчиси устидан ғолиб чиқишига боғлиқ равишда тез-тез ўзгариб турган. Скифлар, Сарматлар, Аланлар, Хунлар, Хазарлар, Узлар ёки Команлар, Татарлар – моҳиятан бир-бирининг ортидан келган умумий номлардир”.
Европа ва рус тарихчилари мўғуллар ва туркларни умумий ном билан “татарлар” деб атайдилар. Инглиз тарихчиси ва таржимони Уильям Эрскин “Бобур ҳукмронлиги давридаги Ҳиндистон тарихи” (1854 й.) асарида бу атамани шундай изоҳлайди:
“Биз татар деб атаган қабилалар тарихан учта катта ирққа бўлинади ва улар бир-биридан урф-одатлари, тили ва турмуш тарзи билан фарқланадилар:
Тунгуслар ёки манчжурлар. Осиё шарқида, Шимолий Хитойда яшаганлар.
Мўғуллар. Шимолий Тибет марказида, Ғарбда Турфон ва Ёйиқ (Урал) дарёси оралиғида яшаганлар.
Турклар. Улар кўп асрлар давомида Гоби чўллари ва Ғарбий Мўғулистон, жанубда Қашқар ва Помир тоғларигача, Хуросон, Каспий ва Қора денгизларигача, ғарбда эса Дон ва Волга бўйларигача, шимолда эса Сибиргача улкан ҳудудни эгаллаб яшаган.
Бу учала қавм ичида турклар сон жиҳатидан энг кўп уруғ бўлиб, жуда улкан территорияга тарқалиб кетган.”
Алп Эр Тўнга (Афросиёб) номи кўпчиликка яхши маълум. У милоддан аввалги VII асрдан милоднинг II асригача Ўрта Осиёдан Қора денгизгача бўлган ҳудудда ҳукм сурган Сак империясининг машҳур ҳоқони эди. Эронликлар бу империяни Турон деб атаганлар. Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида “Турон ҳоқони Афросиёб” ҳақида бир қатор ривоятлар қаламга олинган. Кейинчалик бу давлатга Омурғ, Малика Тумар (Тумарис), Шу исмли хонлар бошчилик қилганлар.
Уйғур тарихчиси Турғун Олмос бу ҳақда шундай ёзади: “Саклар аслида қадимги даврларда Ғарбий Сибирда яшаган. Улар милоддан 10 аср олдин ўзларининг Шарқда яшайдиган қариндошлари — сарматларнинг ҳужумига учрайди. Шу сабабли саклар Жанубга кўчиб, Қора денгизнинг шимолига ерлашган. Сакларнинг бир қисми Эрон наслли халқлар таъсирига учраб, форс тили ва маданиятини қабул қилган. Аммо туркий ирққа хос хусусиятларини асосан сақлаб қолган. Ёқутлар ҳозир ҳам ўзларини “сак” деб атайдилар. Сакларнинг диний эътиқоди ва урф-одатлари хунлар ва туркларники билан бир хилдир. Улар шаманизмга ва Кўк тангрига эътиқод қилишган. Қуёш ва Ойга сиғинишган. Шу сабабли турклар ўз исмларига кун, ой сўзини қўшиб аташни яхши кўрганлар”.
Машҳур қозоқ шоири Ўлжас Сулейменов “Аз и Я” асарининг “Шумернома” бобида турк тили билан шумер тилини қиёслайди ва кўпгина ўхшашликларни топади. Маълумки, шумерлар эрамиздан минг йил олдин Месопотамияда инсоният тарихида илк бор давлатшаҳарлар қурган. Уларнинг тили турк тили билан қариндош эканлиги ҳақида бир қатор жаҳон олимлари фикр билдиришган.
“Аз и Я” китобида ёзилишича, эрамиздан олдинги VII асрда Ашшурий солномаларда Каспий денгизи шимолидаги чўллардан Месопотамияга кўчманчилар босқини рўй берганлиги, бу қабилалар номи “ишгуз”, етакчилари эса Испака эканлиги қайд этилган. Муаллиф улар аслида туркий ич-ўғуз қабилалари эканлигини аниқ далиллар асосида исботлаган.
Туркий халқлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар юнон тарихчилари ва адиблари Гекатей, Гесиод, Геродот, Страбон, Плиний, Помпоний Мела, Птолемей, арман тарихчилари Мовсес Хоренаци, Ананий Ширакаци, араб ва форс солномачилари Ибн алАсир, Рашидиддин, Хордадбеҳ, Абул-Фида, Ибн Хавкал ва бошқаларнинг асарларида келтирилган. Аммо туркий халқлар тарихи ҳақидаги илк илмий тадқиқотлардан бири швед офицери Ф.И. Табберт-Страленберг қаламига мансуб. У 1713-1722 йилларда Сибирда ҳарбий хизматда бўлган ва бу ердаги қадимий қўрғонларни ўрганиб, туркий халқларнинг илк ватани — Олтой деган фикрга келган. Лекин кейинчалик академик Э.И.Эйхвальд туркий қабилалар эрамиздан олдин ҳам Европада яшаган, деган қарашни илгари сурди ва бу фикрни юнон тарихчилари асарларида келтирилган мисоллар билан исботлади.
Туркий халқлар қадимдан яшаган яна бир ҳудуд Амударё ва Сирдарё бўйларидир. Тарихдан маълумки, энг қадимий маданиятлар улкан дарёлар соҳилларида пайдо бўлган. Масалан, Шумер, Аккад ва Бобил маданиятлари Тигр ва Евфрат дарёлари ҳавзасида шаклланган. Амударё ва Сирдарё соҳилларида ҳам минг йиллар давомида ўнлаб давлатлар ва маданиятлар вужудга келган. Табиийки, бу ҳудуд ўзининг табиий гўзаллиги ва бойликлари билан ҳамиша босқинчиларнинг иштаҳасини қўзғаган. Шу сабабли аждодларимиз кўпинча қўлда қурол билан ўз эркинликларини ҳимоя қилишга мажбур бўлганлар. Баъзи даврларда эса кучли душманлар асорати остида яшаганлар. Юнонлар, Эрон Ахамонийлари, араблар истилолари бунга мисол бўла олади.
Милодий VI асрнинг 60-йилларида Нахшаб шаҳри яқинида Турк ҳоқонлиги аскарлари билан Эфталийларнинг қўшинлари тўқнашади. Бу жангда Истами ябғу бошчилигидаги турк аскарлари ғолиб чиқадилар. Суғд, Хоразм, Усрушона, Фарғона ва Шош воҳалари ҳоқонлик таркибига киради. 567 йилда Истами ябғу сосонийларга қарши ҳужумни давом эттириб, Тохаристонни ҳам қўлга киритади. Турк ҳоқонлигининг бу ердаги ҳокимияти қарийб VIII асрнинг биринчи чорагигача давом этган.
Тарихий манбаларда “Турон” атамаси икки маънода қўлланган:
Кенг маънода — туркий қабилалар яшайдиган ҳудудлар.
Тор маънода — Амударё ҳавзаси ва ундан Шарқда жойлашган ҳамда асосан туркий қабилалар яшайдиган ҳудуд.
Кўпгина манбаларда бу жойлар Турон деб аталган. Жумладан, зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да ва Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида бу ҳақда маълумотлар мавжуд.
Таниқли форс шоири Асади Тусийнинг қадимги афсоналар асосида ёзилган “Гершосбнома” достонида (милодий 1066 й.) шундай мисра бор:
Ҳама Мовароуннаҳр то марзи Чин
Шумурданд онгоҳ Туронзамин.
Яъни, Мовароуннаҳр ҳудудидан то Хитой ерларигача у пайтда (қадимги даврларда) Туронзамин деб ҳисобланарди.
Биз мазкур китобда атаманинг худди шу маъносига асосан Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудлардаги давлатлар ҳақида ҳикоя қилдик.
“Девону луғоти-т турк” асари ёзилганидан буён 1000 йил вақт ўтди. Аммо туркий халқлар ҳозир ҳам айнан ушбу асарда қайд этилган ҳудудларда яшамоқдалар (Китобга илова қилинган суратларга қаранг). Энди уларнинг кўпчилиги номлари ўзгарган. Қадимги номлардан фақатгина татар, бошқирд, қирғиз, уйғур ва булғор атамаларигина сақланиб қолган. Кўпгина қабила ва уруғлар ҳозирги турк, озарбайжон, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, қорақалпоқ ва бошқа туркий халқлар таркибига кирган. Жумладан, ўзбеклар дастлаб 92 уруғдан ташкил топган бўлса, кейинчалик унга яна ўнлаб қабила ва уруғлар қўшилган.
Ушбу китобда 2,5 минг йилдан ортиқроқ вақт мобайнида минтақамизда ҳукм сурган қадимги давлатлар ва ҳукмдор сулолалар, туркий қабила ва уруғлар ҳақида қисқача тушунча беришга интилдик. Давлатчилигимиз тарихи, машҳур ҳукмдорлар, туркий халқлар кечмишининг номаълум саҳифалари ҳақидаги маълумотлар тарих ихлосмандларини, энг аввало, ёшларимизни қизиқтириши шубҳасиз.
Табиийки, маълумотлар турли манбалардан олингани учун исмларда ва саналарда айрим хатолар бўлиши мумкин. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида улар кейинги нашрларда албатта тузатилади.
Носир Муҳаммад,
“Турон давлатлари йилномаси”
Тошкент нашриёти, 2011 й