Турон тупроғининг туғи Қорамурт –
Аҳмад Яссавийдан қолган қутлуғ от.
Сенга тиғ ўқталган қайси у бебурд,
Қулоққа чалинган у қандай фарёд?!
Мустақиллик эълон қилинибди-ки, ўзбекнинг ёстиққа бехавотир бош қўйган куни йўқ. На унинг еб-ичганида, на ўйнаб-кулганида ҳузр-ҳаловати бор. Кулгуси ясама ва тафтсиз, йиғиси юракларни музлатади. У турқи-тароватини йўқотган бебаҳо умрини бешафқат йиллар измига бериб қўйган. Каримов сиёсати пайдо қилган ўлим паншахалари, унинг жону жаҳонини қум барханларини совурган тийиқсиз шамоллар каби ҳаволарда совуриб, кўз очиришга қўймайдиган омонсиз тўзонларда ўйнаб юради.
Давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш қўлидан келмайдиган жорий ҳукумат, мамлакатни “Ўзбек модели” деб аталмиш балойи азимнинг домида – томи бостирилмасдан чала қолиб кетган уй сингари омонат қилиб қўйди. Ярим вайронада яшаётган фуқоро, қишда ёмғиру қорга тутинса, ёзда жазирама иссиқнинг дамига кўксини тутиб яшашга мажбур.
Турмуши режасиз ва тартибсиз бўлгач, фуқорога на ёзу қишдан, на куз билан баҳордан наф етади. Турмуш-тарзини ўзи хоҳлагандай, ақлу фаросати даражасида юксалтиришга имкон берилмагач, у қароқчи тўдалар томонидан таланган карвон сингари ўрта йўлда туриб қолди. Унинг ихтиёри ўзида бўлмагач, қўлидан бир иш келмайдиган ҳукуматнинг такаббурлиги – миллатни бўғма илоннинг домида қолган ўлжа каби чорасизлик ҳудудларида ушлаб турибди. Ҳар битта олиб чиқарилган нафас, унинг ўлимини яқинлаштиряпти. У ажал чангалидан қутилиб чиққанда ҳам, унинг тириклик манзилларига қайтиши учун орқага қайтиб, чорак асрлик инқирозлар макон тутган умр йўлларини босиб ўтишига тўғри келади.
Бу нақадар мураккаб ва оғриқли, беомон ва хатарли…
Шу билан бир пайтда, бунга эришмоқ на қадар бахт ва шарафли ҳамдир.
Ўзликни топиш – қийничиликларни аритади, қинидан чиққан руҳ шамшири йўлида тоғ учраса, бир ҳамла билан тоғни иккига бўлади. Шамшир эгаси қўлига тегса, бас. Ёхуд уни Каримов каби бир лўттибоз илиб кетса…
Мустақиллик эълон қилинибди-ки, ўзбекнинг ёстиққа бехавотир бош қўйган куни йўқ… Бир кун Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетган аллакимнинг мурдаси келса, иккинчи кун бола-чақасини боқаман, дея, ёт юртларда заҳмат тортаётган аллакимнинг ёш хотини ким биландир, дон олишаётганда, ушланган бўлади. Учинчи кун, яқинда мақтаб-мақтаб ҳоким этиб тайинлаган кимсасини Каримов тупроққа қориб, ҳақоратлаб, ишдан олиб ташлаётган бўлса, тўртинчи кун кимнингдир, яна қамоқхонадан ўлиги келади. Бешинчи кун бозорни қора ниқоблилар босса, олтинчи кун кимнидир ваҳоббийликда ёки ҳизбу таҳрирда айблаб, қамоққа оладилар. Ёки Қирғизистондаги ўзбекларнинг қирғизлар томонидан ёппасига қирғин баротга учрагани юракларни жунбушга келтиради…
Бугун эрталабдан, Қозоғистондаги Қорамурт қишлоғига қуроллаган тўдаларнинг бостириб кириб, ўзбекларни оммавий равишда калтаклагани, жабрдийдалар орасида оғир ҳолатда касалхонага олиб кетилганлар борлиги ҳақидаги хабарлар, одамларнинг тилидан тушмай қолди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳар доимгидай, лом-мим демайди. Ҳар доим вазиятдан келиб чиқиб иш кўрадиган президент, оғзига талқон солиб олган. Унинг атрофидагилар, бу сафар ҳам ўзбекнинг хор бўлгани эвазига “қандай қилиб президентимизни қаҳрамонга айлантирсак бўлади, қай бир усулни қўлласак, охирида у оқил ва доно бўлиб чиқади”, деб бош қотирмоқдалар.
Тўлақонли, халқнинг ғам-ташвишини тортадиган раҳбар бўлмагач, бу гал ҳам бутун бошли ҳукумат орасидан муштипар ўзбекнинг ҳолини сўрайдиган бирор кимсани топиб бўлмайди. Бу мамлакатдан, норозилик нотаси йўллаб, Қоғоғистон ҳукуматидан содир бўлган воқеаларга муносабат билдиришни талаб қиладиган бир ақлли ва шижоатли бошни топгандан кўра, сувнинг остида нафас чиқармасдан яшаш осонроқдир.
Ўзбеклар ҳар сафар қатлиом қилинганларида, Путиннинг қошу қовоғига қараб, “Бу, ўша мамлакатнинг ички иши. Биз ўзга мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаймиз”, дейдиган Каримов, бу сафар ҳам охирига келиб, оқилу доно раҳбар бўлиб чиқади. Орқасидан бутун бир маддоҳлар армияси матбуотда ўтириб олиб, уни яна бир йил тинимсиз равишда, мақтайдилар, ҳеч қачон унда бўлмаган хислатларни топиб, уни салкам худога айлантирадилар. Аммо, Украина масаласида, Путиннинг руслар тақдирига бепарво эмаслиги ҳақида, тиришиб бўлсада, уларнинг ёнини олаётганлиги хусусида, бир оғиз ҳам гапирмайдилар. Шу учун барча Каримовнинг нима дейишини ҳам, бу масалага қандай муносабат билдириши мумкинлигини ҳам олдиндан билгани учун, ундан ҳар сафаргидек бу сафар ҳам натижа кутилмайди. Бош вазир Мирзиёeв, “У одам бўлган кун, менинг кафтимга жун битади” деганидек, ўзбек бутун яхшиликни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан кутади, хафа бўлса ҳам, ундан хафа бўлади. Каримовдан ҳеч бир яхшилик кутмагани каби, ундан хафа ҳам бўлмайди, унга умид ҳам боғламайди. Халқ бугун унинг мавжудлигидан кўра, ўлганига кўпроқ ишонади…
Мен Қозоғистонда меҳнат муҳожири бўлиб юрган кезларимда, ўзбек муҳожирларининг бошига қозоқ қардошларимизнинг не-не кўргуликларни солганларини ўз кўзларим билан кўрган эдим. Бизнинг қўл-оёғимизни Каримов кишанлаб, қул қилиб дунёга сочгач, бундан ортиқ яна бизга қанақа муносабатда бўлишлари мумкин, деб ўйлардим. Бу бошқа бир муаамо, албатта. Аммо, қозоқлар Қозоғистон фуқаролари бўлган ўзбеклар билан яхши муомилада эдилар. Шундай бўлса ҳам ҳукумат ўзбеклар ичидан отилиб чиққан ўзбек миллатига мансуб кишиларни ҳукумат тизимларига деярли, ишга олмасди.
Уларнинг бойиб кетишларига, шахсий бизнесларига кимса билмас тўсиқлар қўярди. Бугун қорамуртликлар устига бир гуруҳ қозоқ ёшларининг бостириб бориши эса, ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Ўзбек халқи ақлли-ҳушли, дину диёнатли деб ҳисоблайдиган президент Назарбоевнинг наҳотки, бу бедодликлардан хабари бўлмаса?!
Қорамутликлар турк дунёсининг маънавий отаси бўлмиш Аҳмад Яассавийга бориб тақаладилар. Уларнинг ораларидан Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг нуфузини дунёда юксалтирган кўплаб олиму фузалолар етишиб чиққанлар.
Буни яхши биладиган қозоқларнинг Аҳмад Яссавий руҳониятига бўлган самимятию ихлоси қайда қолди? Қозоқ адабиётининг бобокалони Абайнинг, бутун яхшиликлар, дину диёнат бизга ўзбеклардан кириб келди, деган сўзларини бугун қозоқлар унутдиларми, ёки? Ёки Назарбоев ҳам Каримов каби сиёсат учун миллат улуғларининг номларини ёдлаб олиб, уларнинг бисотларидан бехабарми? Саволлар жуда ҳам кўп. Гапираверсак, бу ёруғ дунёдаги энг яқинларимиздан бири бўлмиш, қозоқлар хусусида ҳам гап кўпайиб кетади.
Ўзингникининг айбини очсанг, бегонадан қадр қочади, деганларидек, шу жойда тўхтаб, воқеалар жараёнини кузатсак. Хулоса чиқаришга ҳамма вақт имкон топилади. Бир-биримизни тушуниб олишимиз учун, бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришимиз учун эса, ҳамма вақт ҳам имкон беравермайдилар.
Бизнинг умид кўзларимиз тикилган дўстларимиздан бири, қозоқлар бўлса, биз бугун уларнинг эришаётган мувафаққиятларидан бениҳоят суюнаётган бўлса-гу, улар бизнинг оёқларимиз қопқонда эканидан фойдаланиб қолмоқчимиларми…
Эргаш Сулаймон