Эрта тонгда ажойиб туш кўрибман. Хонадоним эшигини эрта тонгдан кимлардир тақиллатди, чиқсам бир йигит ҳамда қиз турибди. Булар 18-19 ёшлардаги ёшлар эди. Улар мени жуда узоқ вақттан бери қидириб сарсон бўлишгани ва энди топиб келишганини айтиб росса хурсанд бўлишарди, мен эса ҳайронман. “Озод бўламиз яқинда, жуда оз қолди. Биз билан юринг энди, бошқалар ҳам кутиб туришибди сизни” – дея ҳоли жонимга қўймай мени олиб кетишди.
Машина ойнасидан қараб боравердим. Негадир кўчаларда одамлар олдингидек эмасди, улар кўчаларда тўпланган ва одамларни бир-бирларига чақиришарди. Мен шунда ҳам нима бўлаётганини англамадим. Биз бир узоқ ерга бориб тўхтадик. Одам жуда кўп ва улар менга ҳаммалари таниш эди.
Улардан “Нега бундай ишлар бўлаяпти”, деб сўрадим, улар “Ахир шунча курашиб келдик-ку, мана натижаси бўлмоқда” дейишди. Бирдан сергак торттим, ҳар вақт одамлар қириб ташланишидан хавотир ола бошладим. Мени юзимдаги хавотирни пайқашди шекилли “Деярли биз Озодмиз, жуда оз қолди. Жуда кўп жойларни Давлат ходимлари ташлаб қочишди” дейишди.
Атрофга боқдим, одамлар турли шаклда ҳайқириб бақиришарди. Беҳад зулм устидан ғалаба қозонилганини кўриб шодланардим. Одамлар бир бирларини бошқача қутлашарди. Негадир хамма жуда хам иноқ ва бир эди. Одамлар орасида қон тўкилган холатларни қидира бошладим аммо хеч қайерда қон изи ёки ўлим холатларини кўрмадим.
Билдимки халқ жангсиз ғолиб эди. Бу алабатта хуш хабар тушдир. Сизларга бу тушнинг гаштини туйиш имкони йўқ бўлсада бунинг хақиқатга айланиши хақида идрок бордир, деб ўйлайман…