O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?! – 2

Туҳмат тоши ёхуд бир-биримизни асрамасак, бизларни ким асрайди?! – 2
60 views
26 April 2015 - 9:11

uxh-uzbҲамма яхши билади, Ўзбекистонда ЎХҲги сайтига кириш жуда хавфли. Каримовнинг ҳукумат бошига келганига йигирма беш йилдан ошган бўлса, у шунча йиллардан буён Муҳаммад Солиҳни ўзининг биринчи душмани сифатида кўриб келади. У бутун куч-ғайратининг олтмиш фоизини мамлакатни аросатда ушлашга ва оиласидагиларни тийиб туришга сарфласа, қирқ фоизини Муҳаммад Солиҳнинг овозини ўчириш учун, уни дунё эътиборида бадном қилиш ва иложини тополса, уни жисмонан йўқ қилиб юбориш учун сарфлайди. “Мен қиламан бир юз ўн беш, Аллоҳ қилади ўн беш” деганларидек, аксига олиб унинг ҳеч бир айтган сўзи бўлмайди. Чунки, арпа экиб буғдой ўрган кимсани шу пайтгача ҳеч ким кўрмаган, ким нимани экса, ўшанинг ҳосилини олади.

Сайтни йигирма тўрт соат МХХнинг махсус бўлимлари пойтахт Тошкентда ва бутун вилоят ва туманларининг қишда иссиқ, ёзда салқин ва шинам хоналарида ўтириб, энг сўнгги услубдаги аппаратуралар воситасида муттасил назорат қилиб туради. Бу ишда, уларга АҚШлик ҳамкасабалари зимдан ёрдам кўрсатадилар, “долзарб” маслаҳатлари билан халқнинг бутун фикри-зикрини Каримов каби бир мустабид ва қонхўрнинг таъсири доирасида ушлаб туришга жон-жаҳдлари билан тиришадилар.

Улар Американинг демократик қадрятларига зид иш олиб бораётганларини – ўзларича, ислом ва терроризм хавфини бартараф этаётганлари билан оқламоқчи бўлсаларда, президент Каримовнинг инсониятга қарши йигирма беш йилдан буён муттасил жиноятлар содир этиб келаётганидан, ҳаммадан ҳам кўра яхшироқ хабардорлар. Демократиянинг – халқ ҳокимиятининг – яъни, адолатнинг буюк мезони исломда эканлиги, кун-кундан уларга аён бўлиб бораркан, уларнинг исломни мухолиф бир куч сифатида кўриб, унга қарши янгидан-янги айбловлар ўйлаб топишга уринишлари, аслида, демократияга катта бир хавф туғдираётган бўлсада, улар буни сезиб сезмаганга оладилар. Баъзи мусулмонларнинг Қуръони карим ва Суннатда йўқ кирдикорларини рўкач қилиб, исломга қора чапламоқчи бўладилар. Бунинг асло иложи йўқлиги, уларга аён. Америкаликлар айтмоқчи, демократиянинг таъмал тоши Адолатга бориб тақаладиган бўлса, Адолат исломнинг бош мезони эканлигини, бутун дунё аҳли вафолари яхши биладилар. Демак-ки, демократия ислом маъсули ўлароқ, унинг кичик бир учқуни экан, дунёдаги эзгулик истовчи инсонларнинг мақсадлари адолат экан, Америка демократияси билан ислом мафкураси ўртасида зиддиятга ўрин бўлиши мумкин эмас. Шу каби ўзбеклар ҳам ер юзидаги инсониятнинг бир жонли бўлаги бўла туриб, чорак асрдан буён зулм ва истибдод остида қон кечиб яшаётган бир замонда, америкаликлар ва бошқа демократик давлатлардаги инсонларнинг Озодлик ва Адолат мезонларидан баҳраманд бўлиб яшаётганлари ҳам бекор бир нарса бўлиб қолади. Кимнингдир бошини жаллод нариги қирғоқда ўтмас пичоқ билан кесиб турсада, кимнингдир бу қирғоқда барчасини кўриб-билиб туриб, тўй-томоша қилаётганини, демократия, деб бўлмайди. Айни дамда, у жаллодга зимдан куч бағишлаётган, кучига-куч қўшаётган бўлса…

Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг нималар ҳақида гаплашиб, нималар ҳақида фикр юритишларини билиш учун ақл бовар қилмас даражада маблағларни ҳаволарга совуради. Бу пойгада энг кўп фойда кўрадиган АҚШнинг махсус хизматлари биринчи ўринни эгалласа, иккинчи ва учинчи ўринларда Исроил билан Россиянинг махсус хизматлари туради. Президент Каримовнинг бу соҳа бўйича Хитой билан яширин ва жиддий келишувларга эга эканлиги ҳам бизга маълум. Шунинг учун ҳар кимга ҳам ЎХҲнинг сайтига киришга рухсат берилмайди. Махсус тайёргарликдан ўтган ва орқасида из қолдирмайдиган кимсаларгина зарур пайтларда сайтга кириб, маълумотларни олиб чиқадилар. Олиб чиқилган маълумот биринчи бўлиб, пойтахт Тошкентда ўнта гуруҳнинг бошлиғига тегади ва уларнинг гуруҳидаги ҳар бир одам, яна ўнта одамга, улар яна ўз навбатларида ўнта одамга маълумот тарқатадилар ва бу жараён юқоридан пастга узлуксиз давом этиб туради. Бунинг ўз-ўзидан юз минглаганларни ташкил этишини аҳмоқ ҳам яхши билади. Барчаси ЎХҲнинг тизими бўйлаб ёйилиб, ҳар қандай зарур топшириқ сингари сайтда эълон қилинаётган хабарлар ҳам бутун Республика ҳудудига уч-тўрт соат ичида ёйилиб кетади.

Буни яхши биладиган, аммо тизимни назорат қила олмаётган МХХи ЎХҲи сайтига тўсиқ қўйиш учун тасарруфида мавжуд барча усулларни тинимсиз амалга тадбиқ қилаётган бўлса ҳам, улар сўнгги пайтларда сайтга қарши ҳеч қанақа жиддий чора қўллай олмаяпдилар, иложсизлик ва аламзадалик уларни ўзларининг ёғларига ўзларини доғлаяпди. Шу учун ҳам улар сўнгги имкон сифатида жуда катта пул сарфлаб, Европадаги компьютер қароқчиларини ЎХҲ сайтига қарши ёлладилар ва бир муддат мувафаққиятга ҳам эришдилар. Мамлакат ичкарисида талабалар ва ҳатто коллеж-лицей ўқувчиларининг қўл телефонларини қонунга хилоф турли баҳоналар билан тўғридан-тўғри бостириб бориб, титкилаб кўриб ҳам, улар ҳалигача мақсадларига эриша олаётганлари йўқ.

Бу масалада, бирор натижага эришиб бўлмаслигини ҳам улар яхши тушунадилар. Бир-бирларини умуман танимайдиган гуруҳларнинг сайт материалларини ва топшириқларни ўқиганлари замони флешларини тозалаб ташлашлари, ҳар бир аъзо учун хато қилишга ўрин қолдирмайди. Россиядаги инқирозлар туфайли минглаган ЎХҲ аъзоларининг ватанга қайтиб келиши эса, МХХнинг ишини янада мураккаблаштириб юборди.

Биз бу гапларни мақтаниш ёки ўзимизни кўз-кўз қилишимиз учун айтаётганимиз йўқ. Йигирма йилдан буён куч-қувватимизни, ақл қўримиз ва вақтимизни нималарга сарфлаганимизни бошқалар билиб қўйишлари учун айтяпмиз. ЎХҲнинг бошқа тизимлари сингари сайтнинг ҳам ният-мақсадлари нималарга қаратилганини дўсту душманга англатиб қўйиш учун атай сўзлаяпмиз. Қолаверса, президент Каримовнинг қонли режимига тиш-тирноғи билан қарши турган мазлум ўзбекнинг кучи-қудрати ва ақл-идрокига менсимаслик назари билан қарайдиган баъзи бировларнинг кўзларини очиб қўйиш ва бизнинг фаолиятимиздан четда қолган маслакдошларимизнинг умидсизлик ва мақсадсизликка берилмасликлари учун бу сўзларни айтяпмиз!

Хуллас, юқоридаги каби ҳар хил ўй-хаёллар билан уймалашиб, Отабек Тошев деган кимсанинг чиркин иддаоларини унутай-унутай деб турганимизда, яна “Дунё ўзбеклари”да “Ўзбек мухолифати “кома”га тушди: Каримов тирик экан”сарлавҳали мақола эълон қилинди. Муаллиф  Исмат Хушевнинг шахсан ўзи эди.

Мақола: Ислом Карим “тирилди” яна,
Ғанимларни қолдириб доғда.
Бўлиб ўтди катта тантана
Қарши, Термиз аталган боғда… дея, фалсафий бир гўзал шеър билан бошланарди.
Туғилмаган эди аслида,
Рўё эди барча-барчаси.
Бекликдан гард йўқдир наслида,
Хонлик даъво қилар нечаси.

Соя эди тахтдаги шарпа,
Кўланкалар туш кўрар, ҳамон.
Буғдой экиб, ўрарлар арпа,
Олчоқларга эш бўлди замон.

Депсинади таланган карвон,
Устихонга захмлар етди.
Итлар шердек бўкирар, ҳамон,
Тулки, шоқол меҳробга ўтди.

Кимга қолди миллатнинг куни,
Пайҳон бўлди минг йиллик боғлар.
Оқармади ўлканинг тонгги,
Чаманларни қоплади зоғлар.

Сайланмоққа имкон йўқ бунда,
Шайланмоқнинг зоҳири ажал.
Мурда султон бўлгач ватанда,
Барча ишлар унумсиз, мужмал.

Исмат Хушлар ҳайдалгач, зотан,
Қўйчивонсиз қолди сурувлар.
Мурда бўлди эрлар дафъатан,
Сочин юлиб, йиғлар сулувлар.

Мурда бўлгач ўлканинг хони,
Тирикликдан баҳс очмоқ куфр.
Ўликларнинг узулмас жони,
Ўлимни тан олмаган кофир… дея, дарров шеър битдиму, Исмат Хушевнинг шеърини шеър орқали англашга тушдим.

Бўлмаса, бошқа кўпчиликлар сингари шеърнинг сиртига боқиб, тўрт қатор ашъор ичидаги олам-олам маънолардан бебаҳра қолиш хавфи бор эди.

“Кейинги пайтларда “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” ўзининг “Ўзбекистон Олий Раҳбарияти ва Президент атрофидаги ишончли манбалари”га таяниб, бир неча маротаба Ислом Каримовнинг ногоҳаний “инсульт олгани” ва “комада ётгани”ни, бир сўз билан айтганда – унинг эрта индин муқаррар “ўлим” топишини башорат қилиб, бир неча маротаба мақолалар эълон қилди” дея, мақола давом қиларди.

Тўғри, худди шундай бўлган эди. Унинг ҳушидан кетгани, йигирма кундан ортиқ Дўрмон қароргоҳидан чиқмагани, барча-барчаси айни ҳақиқат эди. У ҳозир ҳам оғир хаста, ҳар доимгидек дори-дармоннинг зўри билан халқ кўзи учун очиққа чиқиб олиб, қармоққа тумшуғидан илинган илонбалиқдай диркиллагани билан саҳнадан тушибоқ, пичилган такадай оёқларининг жони қочиб, селкиллаб қоляпди. Атрофида ким неча врачларнинг 24 соат гирди-капалак бўлаётганлари ҳам бор гап.

Ҳолатдан нафақат Муҳаммад Солиҳ ва унинг манбалари, бутун халқ, бутун дунё хабардор. Аллоҳ, кўрсатмасин, кутилмаганда минбарда нутқ ирод қила туриб тўсатдан жони узилса, Муҳаммад Солиҳнинг: “Қилмишлари учун жавоб бермай туриб, унинг ўлишга ҳаққи йўқ. Яқин қолди, у одил суд олдида халққа берган жабр-зулмлари ва инсониятга қарши содир қилган жиноятлари учун жавоб беради” деган сўзлари чипакка чиқади. Муҳаммад Солиҳ кутмаганда, мана шу каби воқеа содир бўлишидан хавфсираяпди. У, президент Каримов одил суднинг қора курсисига ўтириб, инсониятга қарши содир этган жиноятлари учун халқ кўзи олдида жавоб беришини истаяпди, холос. Мақсад: бундан кейин ҳокимият жиловини қўлига олган кимсалар, миллатга қарши жиноятлар содир этмасинлар, хаёлига келган ишни амалга ошириб халқнинг бошида зулм тегирмонини айлантирмасинлар. Билсинлар-ки, ҳар бир айтилган сўзнинг, ҳар бир амалга оширилган ишнинг жавоби бор.

Ҳар бир одам, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам яхши-ёмон содир этган қилмишлари учун ҳисоб беришга мажбур!

Яна, Исмат Хушев фикрини давом қилдириб, тубандагиларни ифшо қилади: “Ҳар гал бундай мақолалардан кейин дунё матбуотида Ислом Каримовнинг орзиқиб кутилган “ўлими” муносабати билан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли шов-шувлар ва ваҳималар, Ўзбекистон ҳаётига оид ҳар хил тахмин ва башоратлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетади. “Озодлик” ва “ББС”да Муҳаммад Солиҳ жаноблари бу “хабар”га ўзича шарҳ берган бўлади. Бутун дунё сиёсатчи ва таҳлилчилари бунга ўз муносабатларини билдира бошлашади. 2013 йилнинг март ойи охирларида ҳам ЎХҲ айни мазмундаги мақолани эълон қилган эди. Мана энди орадан икки йил ўтар ўтмас, 2015 йилнинг январь ва февраль ойларида навбатдаги “башорат” эълон қилинди. Ислом Каримов “ўлими”нинг аянчли манзараси ва ундан кейинги ҳокимият учун бўлажак беомон жанг тафсилотлари – Ўзбекистон президентининг у ёки бу йиғилишдаги соғлом кўриниши, ўктам ва дадил руҳдаги маърузасидан сўнг тақа-тақ тўхтайди.

Олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай бўлди.

Кечагина ЎХҲ манбасига таяниб, Ислом Каримовни у гўрдан олиб, бу гўрга солган дунё ахборот воситалари ўша заҳотиёқ Ўзбекистон президентининг соғ-саломат эканлигини чексиз афсус ва надомат билан тан олишга мажбур бўлишди.

Лекин бирор киши Ислом Каримовга ўлим тилаган “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” ва унинг “ишончли манбалари” шаънига бир оғиз ҳам муносабат билдирмади…”

Битта арслон отади, мингта тулки еб ётади, деган халқ орасида бир гап бор. Шунга ўхшаган Исмат Хушевнинг саволдан-савол, эътироздан-эътироз туғдирадиган чуқур ўйлаб, обдон салмоқлаб кўриб, сўнгра айтилган фикрларига бирданига жавоб бериш жуда ҳам қийин. Бошдан охир ул кишининг сўзларини, бўлиб-бўлиб келтирсак-да, келтирилганларга бўлиб-бўлиб баҳоли қудрат муносабат билдирсак, биз учун ончунон осонроқ кечарди. Ҳар бир жумла остида ранг-баранг ташбеҳлар ётган бўлиб, уларнинг битта қиррасинигина очолсак, биз фақир мақсадимизга етган бўлардик. Қолган бир қисмини бизга ўхшаганлар, босқичма-босқич чорак аср давомида очолса, ундан ҳам ортганларини келажак авлодларимиз асрлар асносида ўрганиб, секин-аста босқичма-босқич очиб бораверардилар. Президентимиз айтганидек, “Янгисини қурмасдан туриб, эскисини бузиб бўлмайди”. Чунки ўзбекнинг ўз йўли, ўзига хос ва мос айтадиган мустақил сўзи бор, нима деганда, “ўзбек – модели”ни бутун дунё, ўз-ўзидан эътироф этмади. Бутун ер юзи инқирозлар гирдобида қолиб, инсоният бошини йўқотиб қўйганда, бизларни “ўзбек – модели” тўсатдан ёприлиб келган пўртаналардан, қуюнлар ва оқибати аянчли фалокатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолардан асраб қолди. Кутмаганда, Оролда пўртана туриб, Япония сингари бизларнинг устимизга ҳам сунами ёпирилса, Оқсаройни ер юзидан тўфон супириб кетса, нима бўларди?!

Биз ЎХҲи ва унинг нашри бўлган сайтимиз манфаатларини кўзлаб, иш кўряпмиз, холос. Биз миллатни ва мамлакат манфаатини Муҳаммад Солиҳнинг шахсияти билан қориштирганимизда эдик, бизларнинг Муҳаммад Солиҳдан, Муҳаммад Солиҳнинг президент Ислом Каримовдан фарқи қолмасди. Муҳаммад Солиҳ ҳар бир ўзбекнинг эркинлигини ва ўлканинг озодлигини таъминлаш йўлида бошқалардан кўра кўпроқ зиён-заҳмат тортиб келаётгани ва бошқаларимизга нисбатан сиёсий тадбиркор ва тўғри сўзлиги учун ҳам бизларнинг йўлбошчимиз, вассалом. Шунинг учун ҳам унинг қарашлари ва сиёсий ҳаракатларига отилган ҳар қанақанги ғаразли ва ёлғонларга, ундан аввал бизлар кўксимизни тутамиз, уни дўст тутинганларга дўст тутиниб, душманларига душманлигимизни ошкора билдириб қўямиз. Албатта, Исмат Хушев унинг душмани ҳам, сиёсий рақиби ҳам эмас. Ҳар ҳолда, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Исмат Хушевни шундай, дея эътироф этиб келади. Унинг ғайрат-шижоати ва тиниб-тинчимаслигидан ҳайратга тушишини яширмайди.

Давоми бор
ЭРГАШ СУЛАЙМОН