ТЎН БЎЛСА
Тан ёпмоққа кўйлак истар яланғоч,
Кўйлакли дер; воҳ, устидан тўн бўлса!
Беш сўм пул деб, Ҳақдан сўрар қорни оч,
Бешни топса, орзу этар – ўн бўлса!
Кимлар бордир, торта-торта ҳасратни,
Узоқ сафарларга шайлар давлатни,
Кимлар бордир, топса яроқни, отни,
Орзу этар, битмас текин нон бўлса!
Кўп мол топиб, агар бўлса кўнгли шод,
Гўзаллардан маҳбуб истар, ҳам авлод,
Бу давлат ҳам бино бўлса, одамзод –
Кўнгли истар мамлакатга хон бўлса!
Ҳам хон бўлса, ҳам дунёси той бўлса,
Ҳам ўлмаса, ҳам асбоби шай бўлса,
Ҳам бермаса, ҳам ҳисобсиз бой бўлса,
Ҳам “яхши” деб, ёлғончида донг бўлса!
Махдумқули, тортиб душман таънасин,
Мард улдирки, ғамга бермас сийнасин,
Ер юзи тўлдирмас кўзнинг хонасин,
Қорун каби чандон ғазнанг кон бўлса!
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди