O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тўққизинчи мўжиза

Тўққизинчи мўжиза
260 views
26 July 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 185
(давоми)

ТЎҚҚИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Жобир ибн Самура деган саҳоба ривоят қилур:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

— Маккада бир тош бор эди. Пайғамбар бўлишимдан илгари бу тош олдидан ҳар вақт ўтар бўлсам:

«Ассалому алайкум, ё Расулаллоҳ», деб менга салом берур эди.

У тошни шу кунларда кўрсам ҳам танийдурман».

Бу тош эрса Макка шаҳрида Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ қўраларига қарши кўча юзига қўйилмиш эди. Одамлар буни зиёрат қилур эмишлар. Бу кунларда эрса, икки Ҳарамга эга бўлиб турган кишилар бу эсдалик муборак мўжиза тошни йўқотиш қасдида қайси чуқурга элтиб ташлади экан?

Расулуллоҳ замонларидан қолиб, шундан буён сақланиб келган икки Ҳарамдаги турган тарихий жойларни вайрон қилган бу кишилар мазкур эсдалик муборак тошни албатта қўймаган бўлсалар керак.

Макка қабристони «Жаннатул муъалло» дур. Мадина мозори «Жаннатул бақиъ» аталур. Бунда эса оналаримиз Ҳазрати Хадича, Ҳазрати Оиша, Пайғамбаримиз амакилари Ҳазрати Аббос, Ҳазрати Усмон, имоми Ҳасан разияллоҳу анҳумлар бор эдилар. Булардан бошқа Мадина мозорида ўн олти минг саҳоба бор, деб ривоят қилурлар.

Мана шуларнинг қабр гумбазларини бузиб ер билан текис қилибдилар. Нега бундоғ десалар, зиёратга келган кишилар булардан мадад талаб қилиб ҳожатларини сўрайдилар, бу эса куфр эмишдур.

Ваҳҳобийлар эрса, ўз мазҳабларидан бошқа мусулмонларни мушрик ҳисоблагайлар. Бу сўз эрса Ислом шарафига бек улуғ хиёнатдур. Қуръони карим шаънига энг катта жиноятдур. Бир кишини кофир қилмоқ, унинг қонини ноҳақ тўккандан ёмонроқдур. Худодан ўзга нарсага сиғиниб, Аллоҳни эскармасдан, шунинг ўзидангина ҳожатини талаб қилиш шариатда дуруст эмасдур. Бу ишга ҳаммамиз ҳам иқрордурмиз.

Чунки маҳлуқдан ҳеч кимарса инсон бўлсин, ё фаришта бўлсин, Аллоҳдан мадад топмагунча ўз кучи билан бошқа бир маҳлуққа албатта ёрдам қила олмагай. Лекин хоҳи тирик, хоҳи ўлик мозор, машойих, киромлар зиёратига бориб, буларни орачи қилиб Аллоҳдан ҳожат талаб қилсалар, нима зиёни бордур? Бунинг дурустлиғида шаръан ҳеч қандай шак йўқдур.

Пайғамбарлар, азиз авлиёлар, бошқаларни Худо олдида шафоат қилгайлар, бу эрса оят ва ҳадис билан собитдур. Ислом аҳлида бу ишга қаршилик қилгувчилар йўқдир. Дунё подшоҳлари олдида заррачалик улуғ мартабалик кишилар ҳам муҳтожларнинг ҳожатларини чиқариб, гуноҳликларини подшодан тилаб жазодан қутқаза оладилар.

Маълумдурки, Қуръоннинг мингта ояти эрса тарих баёни узра келмишдур. Тарихий ишларни сақламоқ, Ислом йўлида илмий-амалий хизмат кўрсатган зотларга ҳурмат кўрсатмак бутун инсон оламида энг яхши кўрилмиш ишларнинг бирисидур. Ҳозирги йигирманчи аср маданияти устида бошқалар ер олами маълумотига қаноат қилмасдан, юқориги олам аталган ой, кунга қараб интилмоқдадурлар. Имконият ичидаги борлиқ нарсаларнинг сабаби топилган тақдирда унинг вужудга чиқиши аниқдир.

1907 йилда Ислом оламидаги мусулмонлардан Арафотга йиғилган ҳожилар сони икки милёнга етган эди деб, ишонимлик кишилардан эшитган эдик. Ўшал замон газеталари хабарларича, ёлғиз Намангон уездига қарашлик ерлардан мингдан ортиқроқ киши ҳаж сафарига чиққан эдилар. Бу кунларда эса (1959 й.), ҳажга бутун совет тупроғидаги мусулмонлардан йигирмадан ортиқ эмасдур.

Байт:

Билмас эрса ҳеч кимарса бу мусибат бўлғуси,
Билди эрса қайғудин ҳар кунда минг қийналғуси.

Имом Термизий Ҳазрат Али карамаллоҳу важҳадан ривоят қилур:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб, Макка шаҳри атрофини айланишдик.

Бизга тўғри келган дарахтлар, тошлар олдидан ўтганимизда: «Ассалому алайкум, ё Расулаллоҳ», деб очиқ сўзлаб, салом беришур эди.

Айниқса, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизга биринчи ваҳий келтирган куни Ҳиро тоғидан уйга келгунларича йўлда йўлиққан дарахтлар, тошлар ҳаммаси салом қилишди. Расулуллоҳ аларнинг саломларига жавоб қайтардилар».

(давоми бор)