O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Т.Қораев: Каримоваларга 8 март табриги (аудио)

Қизиқ, Ислом Абдуғаниевичнинг-ку аҳволи аниқ, лекин унинг шотирлари ҳам ўзига яраша шекилли. Алишер Навоий аёлларни фаришталарнинг опа-сингиллари деганини қайдан олишди экан? Ҳар неки, улар бошқа ўзбеклар учратмаган сатрларни ҳар жойда бўлсин, топишга қодирлар.

Т.Қораев: Каримоваларга 8 март табриги (аудио)
27 views
08 March 2012 - 9:03

[soundcloud id=’39110940′]

Татьяна, Гулнора ва Лола Каримовлар,
Халқаро хотин-қизлар куни сизга муборак бўлсин!

Аёлларимиз ҳаётимиз беланчаги. Бу беланчакни асраб авайлаш ўзини мард деб билган ҳар бир ўғлоннинг вазифаси ва бурчидир. 8 март халқаро хотин-қизлар куни! Бу байрам Советлар даврида яшаб, улғайган ҳар бир ўзбекнинг ёдида бўлса керак. Бугунги авлодларимиз орасида 8 март олдидан мактабига, ўқитувчи опасини қутлаб бир даста гул ва бирор совға олиб бормаган инсон бўлмаса керак. Бу кунда аёлларни қадрлаб қўшиқ куйламаган хонанда, шеър ёзмаган шоир йўқдир. Шўролар даврида онгимизга сингиб кетган бу кунни ҳозир ҳам унутмаганмиз ва ҳозир ҳам шодлик билан қарши олаяпмиз.

Бироқ Европа мамлакатларида 8 март дам олиш куни эмаслигини, бу кун оддийгина сиёсий ҳаракатлар куни эканлигини собиқ ватанимиз бўлган Шўролар Иттифоқида билмайдиганлар оз бўлмаса керак. Бу билан тараққий этган Европа мамлакатларида аёлларнинг қадри паст экан деган фикрга борсак, албатта бу нотўғри фикр бўларди. Аёллар бу ўлкаларда озод ва уларга эътибор юксак. Аксинча, биргина 8 март кунида аёлларни эъзозлаб, қолган кунларда хўрлайдиган мамлакатларда эса бунинг мутлоқ аксини кўрамиз. Аёлларини хор қилган мамлакатнинг келажаги қандай бўларкин?

Ўзбекистонда ҳам бу кун байрам ва айни шу кунда аёлларга гулдаста тутадиганлар, совға – салом элтадиганлар уларни бошқа кунларда ҳам эслармикан? Аёллар ҳам инсон эканлиги ва улар ҳам инсоний ҳуқуқларга эга эканлигини ҳис этишармикан? Албатта улар ҳам аёлларни эслашади, айниқса ўз ҳирсини қондириши учун, ёинки маст-алас келганида ўзининг қандай ботир ва қаҳрамон эканлигини эслатиб қўйиш лозим бўлганида аёлни ёдга оладиганлар кам бўлмаса керак. Аммо не ажабки, юртимизнинг доимий Президенти бўлган, халқни аёл, ёки эркакларига қарамай баб баробар хўрлаб келаётган Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам аёлларни эслаб қолибти. Тағин қайси кунда денг, 8 март – халқро хотин қизлар кунида! Аёлларнинг озодлиги, ҳурлиги куни деб аталадиган кунда.

Албатта бу кун на ўзбек маданиятига ва на Ислом динига хос бўлмаса-да, у Совет давридан мерос қолди. Сал кам юз йилдирки, 8 март кунини байрам қилибмизу, аёлларимизни асл қадрини билмабмиз, ёлғонлар сўзлаш билан уларни гоҳида ойга, гоҳида офтобга қиёслабмиз. Аслида эса кун сайин уларни хўрлаб келаяпмиз ва ҳозир ҳам шу ҳол давом этмоқда. Уйда, кўчада, жамиятда ва ҳаттоки ҳукуматда. Шундай бўлса-да мамлакатимизнинг қаттол диктатори аёлларга 7 март кунида ўзининг қизғин табригини йўллабди (http://uza.uz/uz/politics/20974/).

“Муҳтaрaмa онaхонлaр! Қaдрли опa-сингиллaр, дилбaр қизлaрим”! – деб бошланади Ислом Абдуғаниевичнинг Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларида эълон қилган табриги, – “Гўзaл диёримизгa бaрчaмиз соғиниб кутгaн бaҳор нaфaси кириб кeлaётгaн мaнa шу нурaфшон кунлaрдa сиз aзизлaрни, сизлaрнинг тимсолингиздa бутун Ўзбeкистон хотин-қизлaрини 8 мaрт бaйрaми билaн қизғин тaбриклaб, сизлaргa ўзимнинг сaмимий туйғу вa тилaклaримни изҳор eтишдaн бaхтиёрмaн”.

Баҳорни нафақат аёлларимиз, ҳаттоки болалар, эркаклар, қари-қартанглар – ҳамма интиқлик билан кутганини айниқса ўзбекистондаги ватандошларимиз инкор қилишмаса керак. Юртбошимиз бу йил ўзбекларни жуда қаттиқ синовдан ўтказиб, қиш қанчалар совуқ келган бўлсада, уларни электр қувватисиз ва газсиз қолдирди. Қанча одам совуқдан ўлди, қанча одам миллатнинг бошига тушган бу касофат президентни қарғамади, сўкмади, буни уларнинг ўзларигина билишади. Шу сабаб ҳам ўзбекистонликларни баҳорни интиқ бўлиб кутишгани рост. Ҳар неки, ҳаво исийди, жон сақлаш бироз осонлашади ва кимдадир, қандайдир умидлар пайдо бўлади. Аслида Президентимизда бунақа табрикни на фақат ёзишга, балки ўқиб беришга ҳам ҳафсала йўқ. Уни саройдаги ёзувчими, шоирми, шунга ўхшаш шотирлар ёзишади ва юртбошининг номидан мамлакатда оммавий ахборот воситалари орқали тарқатади. Бугунги даврда интернет технологиялари кўмаги билан эса, бу табрикни бутун дунёда ўқиш, танишиш ва ҳаттоки таҳлил этиш мумкин.

“Бaрчaмизгa aёнки, онaлaрни, aёл зотини эъзозлaш эл-юртимиз учун aзaл-aзaлдaн эзгу қaдрият бўлиб кeлгaн. Бунинг тaсдиғини тaрихимиздa, ҳaётимиздa, мумтоз aдaбиётимиздa кўплaб мисоллaрдa яққол кўриш, кузaтиш мумкин”, – давом этади “ҳурматлик” юртбоши, – “Бу ҳaқдa сўз юритaр экaнмиз, буюк мутaфaккир бобомиз Aлишeр Нaвоийнинг “Aёллaр – фaриштaлaрнинг опa-сингиллaридир” дeгaн сўзлaри зaмиридa нaқaдaр чуқур ҳaётий фaлсaфa мужaссaм экaнини aнглaш қийин эмaс, дeб ўйлaймaн”.

Қизиқ, Ислом Абдуғаниевичнинг-ку аҳволи аниқ, лекин унинг шотирлари ҳам ўзига яраша шекилли. Алишер Навоий аёлларни фаришталарнинг опа-сингиллари деганини қайдан олишди экан? Ҳар неки, улар бошқа ўзбеклар учратмаган сатрларни ҳар жойда бўлсин, топишга қодирлар. Масалан, мустақиллигимизнинг илк йиллари эди, қайсидир бир лаганбардор (исмини ҳам, санасини ҳам эслай олмайман) Ўзбекистон телеканаллари орқали Ислом Абдуғаниевич туғилган йилида самода қандайдир бир юлдуз ерга яқин келганини ва ўша юлдуз минг йилда бир марта ерга яқин келишини оғзидан сўлаги оқиб гапирганди. Бу билан у юртбошига суяк ташлаб, ўзига ҳам бир нима ортириб олишни мақсад қилгани аниқ, лекин начора, лаганбардорлик Ўзбекистонда жиноят эмас. Кейин, порахўрлик ҳам жиноят эмас.

Биз мавзудан чалғиб кетдик шекиллик, мавзу аёлларимиз ва Президентимизнинг уларга йўллаган табриги ҳақида эди.

“Биз мeҳр-муҳaббaт вa одaмийликнинг илк сaбоқлaрини aзиз онaлaримиздaн, улaрнинг бeшигимиз узрa пaрвонa бўлиб aйтгaн aллa оҳaнглaридaн олaмиз. Қaлбимиздa нeки олижaноб туйғулaр бўлсa, улaрнинг бaрчaси aввaло онaлaримиздaндир. Дунёдa муқaддaс дeгaн сўзгa энг муносиб зот ҳaм – Онaдир. Шу боис токи ҳaёт бор экaн, инсон мўътaбaр Онa сиймоси олдидa доимо бош eгиб, тaъзим қилaди”, – дейилади Ислом Каримовнинг табригида.

Меҳр-муҳаббат ва одамийликни Ислом Каримов сиймосида, унинг қизлари сиймосида кўрганлар борми? Демак, Ислом Каримов бешикда ҳам ётмаган ва она аласини эшитмаган ҳам. Аксинча, ўзбекларимиз аллани кўпроқ эшитиб юборишган шекиллик, золим диктаторга қарши бош кўтаришга, ўз ҳаққини талаб қилишга ҳам ярамаяпти. Улар ҳукмдорига шунчалар меҳрибонми, ёки ўлгудай қўрқадими?

“Шу фурсaтдaн фойдaлaниб, бaрчaмизнинг кўнглимиздa, дилимиздa бўлгaн бир фикрни тaъкидлaш жоиз, дeб билaмaн. Биз сизлaрни – мeҳрибон вa мунис aёллaримизни ҳaмишa фидоийлик, вaфо вa сaдоқaт, нaфосaт вa лaтофaт тимсоли сифaтидa улуғлaб кeлaмиз вa умрбод сизлaрдaн миннaтдор бўлиб яшaймиз, дeсaк, aйни ҳaқиқaтни aйтгaн бўлaмиз”, – бу Ислом Абдуғаниевич табригидан навбатдаги абзацлардир.

Ҳамиша фидоийлик ва вафо, садоқат. Ранг кўр, ҳол сўр дейишади ўзбеклар. Ислом Каримов даврига келиб ўзбек халқи Чингизхон даврида ҳам кўрмаган зулмни кўрди. Ўша ўрта асрларда ҳам ўзбек қизлари фоҳишаликни ўзига касб қилиб олмаганди. Аёллар мардикор бозори ўзбек таърихига киритилса (албатта шундай бўлади), бу атама Ислом Абдуғаниевичнинг даври билан, ҳамда унинг номи билан ҳамоҳанг бўлиб киради таърихимизга. Ўзбек аёларини дунёнинг турли бурчакларида учратаяпмиз. Улар асосан оила боқиш учун ҳар қандай жирканч ишларни қилишдан ҳам қайтишмаяпти. Бир неча йил олдин Москвадаги ҳожатхоналарнинг бирида боласи билан яшаб келаётган аёл мавзуси оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилганди. Президентимиз “ғинг” дегани йўқ. Бугун эса уларни табриклаб оммавий ахборот воситалари орқалик нома йўллаяпти. Қизиқ, бу одам билармикан, мана шу хўрланган аёллар Ислом Каримовдан қачон қутиларканмиз деб орзу қилиб яшашаётганини?

Президент табригининг қолган қисмида ҳар доимгидек, ютуқлар, эришилган ғалабалар, оналик ва болаликни асраш учун ишлаб чиқилган дастурлар ва ҳакозолар ҳақида ҳақида гап боради. Ҳар доимгидек, ўша қулоқларимиз ўрганиб қолган “урра-урра” чилик, ўз-ўзини мақташ, аммо мамлакат ичкарисидаги ҳол мутлоқ бошқа.

Аёллар уйда қолиб пул топиш учун Россияга, ёки бошқа мамлакатларга кетиб қолган эрларини интиқ кутишмоқда. Яна қай бирларининг эрлари, болалари “террорчи”, “ваҳобий”, “ҳизбутчи” каби куракда ҳам турмайдиган айбловлар билан узоқ йиллик қамоқ жазоларини ўташмоқда. Мунис онахонлар, аёллар, дилбар қизлар – буларнинг барчаси бугун сомон каби сарғайган. Фақат Гулнора Каримова, ҳамда Лола Каримовадан бошқалари албатта. 8 Март халқаро хотин – қизлар куни билан ўзбек аёларини муборакбод этишдан не маъно экан бугун?!

Президентимизнинг номидан тарқатилинган табрикда келтирилганига кўра, мустaқиллик йиллaридa онaлaр вa болaлaр ўлими 3 мaртa кaмaйгaн эмиш ва aёллaрнинг ўртaчa ёши 67 дaн 75 ёшгa кўтaрилгaн. Бир неча йилдирки, болалар туғилишининг олдини олиш учун мамлакатда аёлларни бичиб ташлаш компанияси бораяпти. Демак, бола туғилмаса, албатта болалар ўлими ҳам камаяди. Президентимиз буни англашга қодирмикан?

“Сизлaрни бaҳор элчиси бўлгaн, ўзингиздeк гўзaл вa дилбaр бaйрaмингиз билaн янa бир бор тaбриклaр экaнмaн, бaрчaнгизгa сиҳaт-сaломaтлик, бaхт вa омaд, хонaдонлaрингизгa фaйзу бaрaкa тилaймaн. Фaрзaндлaрингиз вa яқинлaрингиз, элу юртимиз бaхтигa ҳaмишa омон бўлинг, aзизлaрим, мeҳрибонлaрим”! – деб якунланади Ислом Каримов табриги.

Бу дилбар байрамда ўзбек аёллари нима қиларкин? Қозонида гўшт қайнаяптими? Ҳар ҳолда, Гулнора ва Лола Каримовалар учун бундай ташвиш йўқ албатта. Улар йирик ресторанларда, таниқлик хонандалар даврасида маст-аласт ҳолда 8 март байрамини нишонлайдилар. Ҳа, байрам ўшаларники. Чунки озодлик ва ҳурлик фақат ўшаларгагина насиб этди бугунги Ўзбекистонда. Қолганларга табрикнинг нима кераги бор экан? Ахир ҳолва дегани билан оғиз чучимайдику. Наҳотки Ислом Каримовга табрик сатрларини ёзиб берган шотирлари буни тушунишмаса! Тушунишади, лекин улар ҳам ёлғонлар билан яшашга, ҳаромдан нон топишга одатланишган.

Табрик эса азилар, мана бундоқ бўлади! Ҳурматли Татьяна, Гулнора ва Лола Каримовалар! Байрамингиз муборак бўлсин ва бойликларингиз янада зиёд бўлсин. Бахтингизга ўзбек халқи қўзғолиб қолмасин ва ҳамиша гулдай очилиб, булбулдай сайраб яшайверинг! Бу байрам сизларники!

Тўлқин Қораев
Швеция