Ажойиб ватанимиз бор. Халқимиз ажиб. Халқимизни узук десак, президентимизни шу узукка қўйилган кўз деб қиёсласак бўлади. Бу Ватан 1991 йилдан бери мустақил. Фақат Кремлдан мустақил.
Ватанимиз мустақил бўлишидан олдинги даҳшатли ҳаётни эслайсизми?
Газ “вашиллаб” оқиб ётарди. Хавфли-да бу. Уйлар портлаб кетиши мумкин, Уйда ёлғиз қолган болакайлар нохосдан газ кранини очиб юборишса, заҳарланиб қолиши мумкин. Айланиб кетай президентимиздан, энди мана газ йўқ. Болаларни уйда ҳафталаб ёлғиз қолдирсак ҳам бўлаверади. Электр ҳам йўқ, болалар розеткага сим тиқиб, бир бало бўлиб қолмасин дейилган-да. Сувни айтмайсизми? Ичимлик сувини томорқага оқизиб экин-тикин ҳам етиштириб олардик. Пиёзми, шивитми, помидорми, ҳатто картошка, тарвуз, қовун экканлар ҳам бўлган. Энди бундай қилиб бўлмайди. Сувни асраш учун қилинган тадбир бўлса керак.
Кремлдан мустақил бўлдик, аммо инсофсизликдан, диёнатсизликдан, порахўрлигу, коррупциялардан ва яна алламбалолардан мустақил бўлганимизча йўқ. Демак, мустақиллик учун кураш давом этаяпти. Кремлдан мустақил бўлгунимизгача 70 йил ўтган бўлса, дейлик, яна шунча муддат порахўрликдан ҳам мустақил бўлиб қолармиз. Ахир айтадиларку, мусулмончилик аста-аста деб.
Ўзбекистон қонунлар ва яна турли тартиблар мамлакатидир. Ҳа, айнан шундай. Лекин бу қонунлар ва тартиблар амалда ижро этилади, деганимиз эмас. Бирортасиям ижро этилмайди. Ижро этиладигани ҳам шунчаки, шундоқ ҳам пати юлинган товуқ ҳолига келган халқни яна бир бор талаш учун ўйлаб топилганлари бўлади.
Мана, тағин янги тартиблардан бири. Бундан буён лицей ва коллеж талабалари Россияга пул топиш учун кетиб қолишса, маҳалла оқсоқоллари, ҳамда ўша болаларнинг ота-оналарига нисбатан чора кўрилади.
Бу билан нима бўлади энди? Қандай ўзгаришни кутиш мумкин? Ҳалигача бу ўзбек ўғлонлари Россияда мардикорлик қилиб юришарди ва улар фақат ўша ўзларининг чанг босиб, ҳаволаниб турган ҳужжатлари учун домлаларига “чўтал” узатишарди. Россияда мардикорликдан топган пулларига домлалари ҳам шерик эди. Энди эса уларнинг минг азобда топган пулларига яна битта шерик чиқди. Бу шерик – маҳалла оқсоқоллари. Бундан чиқди, келгусида маҳалла оқсоқолларига маош тўлашни тўхтатса ҳам бўлади. Мардикордан худди тишини суғургандек қилиб олишади пулини. Булар ҳаммаси президентимизнинг халқимизга ғамхўрлиги эмасми? Ким айтди у кишини золим ва каззоб деб. Айтган сўзлари ва ҳар бир босган қадамлари ҳақ!
Тағин бир янгилик, ўша маҳалла оқсоқоллари лицей ва коллежларга ўқишга кирадиганлар учун кафолат хати беришлари бўлибди. Расман текинга берилади бунақа кафолат хатлари, лекин Ўзбекистонимизда аллақачон текинга мушук офтобга чиқмайди. Шунга кўра, бундай кафолат хатлари маълум бир “N” миқдор атрофида бўлади. Келгусида бунақа тадбирлар Олий ўқув юртлари талабалари ва абитуриентлари учун ҳам жорий қилинса ажаб эмас, фақат Россияда шунга яраша мардикорларга эҳтиёж туғилса бас.
Қаранг-а, биз Россиядан, Кремлдан мустақил бўлибмиз-у, лекин ҳали ҳам киндигимиз ўша ёққа боғланган.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида гадой қолмади. Масалан, президентимиз ёш йигитча бўлган кезларида, ўша лаънати Совет давридаги гадойларни қидириб топиб, уларга садақа берадиган одатлари бор экан. Ҳозир у киши гадойларни топа олмай қолибдилар. Чунки улар йўқ, борлари ҳам яқинда тугатилади. У киши ўз сиёсатлари оқибатида мамлакатда гадой қолмаганини айтганларидан сўнг, бутун Ўзбекистонда гадой излаш кампанияси бошланиб кетди. Айниқса пойтахт Тошкентда.
Демак, президентимиз гадой йўқ дедиларми, улар йўқ бўлиши керак. Акс ҳолда нима бўлади? Би-Би-Си ёзишича: “Агар бирон мулозим президент олдидан бирон гадой чиқиб қолишига йўл қўйса, тамом, уни ишдан бўшатиб юборишади”.
1979 йилда Мосфильм киностудияси ажойиб бир комедия суратга олинганди. “Бу ўша Мюнгхаузен” деб номланган фильм эди у: http://www.youtube.com/watch?v=BkPvI1feTz0. Фильм қаҳрамони бўлган Барон Мюнгхаузен тонг вақтида “тун бўлди” деса бас, унинг қасридаги хизматкорлари кунни тунга “айлантириб юборишади”. Уйдаги дудбурондан осмонга ўқ узиб, ғозни отиб олади ва дудбурон ичидан тушиб келган ғознинг пати юлиниб, тағин қовурилиб тайёр ҳолида ликопчага тушади. Ислом Абдуғаниевич ҳам “Ўзбекистонда гадой йўқ” дедими, демак улар энди йўқ. Ажаб эмас, ҳукуматимиз милиция идораларида янги хизмат турини ишлаб чиқиб, ҳар бир гадойнинг эшигига биттадан милиционерни соқчи қилиб қўйса. Гадой уйдан чиқиб кетмаслиги учун албатта. Акс ҳолда Республика солиқчилари, милицонерлари кўчадаги гадойлардан ҳам ўлпон йиғадиган одат чиқариши ҳеч гап эмас. Лекин ҳар икки ҳолатда ҳам режим хизматчилари учун кони фойда бўлади. Биз ўзи шунақа элмиз. Ҳар нарсадан бўлсин, фойда ундириб олишни жуда боплаймиз.
Яқинда президентимиз ўзбекларни “дангаса”лар деди. Ўзбекистон халқини узук десак, президентимиз, мақола бошида айтганимиздек, унга қўйилган кўздирлар. Мустақиллик йилларида бу эл ҳукуматга ёқмай қолишидан қўрқиб, ўз ҳаққини ҳам талаб қила олмайдиган бўлди. Илгарилари ҳам бундан пеш эмас эди-ю, лекин илгариги ҳукуматлар ҳозиргисидан кўра сал инсофлироқ бўлишган.
Ҳозир Россияда ҳам мигрантлардан қутилиш чоралари изланаяпти ва аминмизки, бунинг чораси топилади ҳам. Балки шунда ватанга қайтишга мажбур бўлган ўзбекистонликлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари масаласини ҳам ўйлаб кўришар ва балки шунда улар ўз ватанларини адолат туғини баланд кўтарадиган бир мамлакатга айлантиришар?
Йўқ! Унда бизнинг элимиз мардикорлик қилиш учун бошқа юртларни кашф қилади. Балки Туркия бўлар, Бирлашган Араб Амирликлари бўлар, ёинки Кипр ороли бўлар… Хуллас, улар бошқа юртларга нон топиш илинжида қулликка кетишса кетишадики, аммо ота юртларида адолат тантанаси учун курашмайдилар.
Шунинг учун ҳам президентимиз узукка қўйилган кўзга ўхшайди.
Тўлқин Қораев
Швеция