O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Уйғонмоқ керак

Йўқ бу ҳаёт эмас – дахшатли рўё,

Йўқ бу мен эмасман, бу эмас дунё.

Бунда Ўзбекларнинг эгилган боши,

Эгик бошни янчар фалакнинг тоши.

Уйғонмоқ керак
177 views
13 July 2011 - 8:58

Йўқ бу ҳаёт эмас – дахшатли рўё,

Йўқ бу мен эмасман, бу эмас дунё.

Бунда Ўзбекларнинг эгилган боши,

Эгик бошни янчар фалакнинг тоши.

Бунда на мехр бор, на бор адолат,

Бунда бор хақсизлик, алам, разолат.

Бутун халқ шарманда-шармисор бугун,

Ўзбекман дейишга қилар ор бугун.

Не бўлди дема дўст, айланмас тилим,

Ўртанур бу бағир, ёнадир дилим.

Нахотки туғилган шунда Бухорий,

Бормиди бу халқнинг дини ҳам ори?

Қодирий шу халқдан ёзган эдими?

Чўлпон тўфон каби эркин дедими?

Ҳамон чин хуррият бу юртда сароб,

Сохта мустақиллик айлади ҳapоб.

Халқнинг йили-йилдан кeлар қоп-қора,

Барча умидлари бўлди чил-пора.

Ўрису қозоққа бугун мардикор,

Боласи бир бурда қора нонга зор.

Одамлар ҳаёти- писта пўчоғи,

Жaхонга таралди бу элнинг охи.

Мелиса, прокурор, СНБ –золим,

Бечора халқининг ичади қонин.

Уларга Она ҳам эмас Мўтабар,

Вахший қўлларидан бир-бир ўтказар.

Эрларнинг номусу-орларин олар,

Жaханнам кўрмаган азобга солар.

Намоз ўқиган ким тақибда бўлар,

Қамоқларда қийноқ азобда ўлар.

Элда тахлика бор, юрт тўла ёлғон,

Ҳар ким устида дор, бўйнида арқон.

Бу халқнинг эрки йўқ, ўз юртида қул,

Эй-вох, қандай қисмат, не кўргулик бул.

Шоири қулликка мадхия тўқир,

Имоми мутъэлик дарсини ўқир.

Ноиби мингбардан ёлғонлар сўйлар,

Халқнинг аъза куни хофизи куйлар.

Шундай қисматга гар норизодир ким,

Қамалур, танаси бўлғуси тилим.

Бунда ҳаётманми, дўзахми, дунё,

Туганмас қўрқинчли бу бир туш гўё,

Бу рўё чорасин қиламан дарак:

Қалбда исён ила уйғонмоқ керак.