Акром Малик (Акром Маликов) 1990 йил 19 сентябрь куни туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси факультети битирувчиси. Ижодий ишлари Ўзбекистондаги газета ва журналларда ёритиб борилади. “Буюр, кўнгилжоним” (2007), “Ўзликка талаб” (2012) шеърий тўпламлари чоп этилган. Мумтоз ўзбек адабиёти, аввалан, ҳазрат Мир Алишер Навоий ижодига оид таҳлилий мақолаларини интернет тармоқларида (хусусан muloqot.uz ва alishernavoiy.uz веб-саҳифаларида) ўқишингиз мумкин.
… Укажон, қарагин бу тез ёмғирлар,
Фақат пок қалбларнинг устига ёғар.
Унинг бир томчисин ҳазм қилолмас,
Аллоҳга ишқи йўқ риёкор боғлар.
Мен эса кезмайман бундай боғларда,
Йўқса, дил оғриқдан мосуво бўлар.
Азбаройи дундан безган чоғларда,
Сенинг юрагингда яшасам бўлар.
Сирожиддин Иброҳим
* * *
УКА
Ҳикоя
–Нега? Нима бўлди?
…Укам касал! Ё Худойим! Энди нима қиламан! Олис юртда укам оғриб қолибди!
Худойим, илтимос, Ўзинг ёрдам бер! Ўзинг ёрдам бер! Укам бемор – бунга мен айбдорман. Агар унга бир гап бўлса, ўзимни кечира оламанми?!
1
“Домладан рухсат сўрасам, берармикин? Ёки ўзим кетаверсамми? Йўқ, муаммо кўпаяди. Бориб, бир оғиз илтимос қилиб кўрай. Рад этмаса керак. Шартнома пулини ўз вақтида тўлай олмадим, пул бугун келди, дейман…”
Кафедра эшигини эҳтиёт бўлиб чертдим. Ичкаридан овоз келди:
–Киринг.
Эшикни қия очиб мўраладим:
–Ассалому алайкум.
Раҳимжон Лутфиллаевич шу ерда, нимадир ёзаётган экан, бошини кўтариб менга қаради:
–Илёсжон, келаверинг, киринг, ваалайкум ассалом.
Кафедрада ўтирган яна бошқа домлаларга салом бериб, Раҳимжон Лутфиллаевичнинг олдига бордим.
–Домла, сиздан илтимосим бор эди…
–Қани, қани…
–Шартнома пули масаласида юрган эдим. Муддатдан анча ўтиб ҳам қолди, бугун имкон бўлди. Пул келган экан…
Шуни ҳал қилиб келсам, деган эдим. Дарсдан кейин борсам, улгура олмас эканман…
Раҳимжон Лутфиллаевич жилмайди:
–Бемалол. Мен сизларга ҳозир дарс ўтадиган домлага айтиб қўяман, сизни “сабабли” қилиб белгилайди. Курс сардорини ҳам хабардор қилиб қўйинг. Текшириш келса, довдираб юрмасин, тағин.
–Хўп, хўп… Албатта. Раҳмат, домла, кўп раҳмат.
…Кафедрадан чиқиб, пастга – фойега тушдим. Ҳозир тезроқ банкка боришим керак. Укам менинг ўқишим учун шартнома пулини юборибди.
Кўчада ҳаво салқин, баҳор келган бўлса ҳам, қишнинг заҳри кетмаяпти. Эрталаб мўралаб турган қуёшга ишониб сал юпун кийинибман, энди совуқ қотяпман. Тезроқ юрсам, ичимга илиқ киради.
Бекатда автобус кутаётганлар кам. Балки автобус яқинда кетгандир. Шу совуқда кутиш жуда “ёқади”-да! Майли, Худога шукур. Укам бечора ҳозир Россияда, қурилишда. У ёқлар бундан ҳам совуқ. Жигарим изғиринда қандай қилиб ғишт териб, қандай қилиб девор суваётган экан!
…Бўғзимни нимадир куйдирди. Доим шунақа: укам ҳақида ўйласам кўзимга ёш келади. Буни ҳеч кимга айтмаганман. Чунки укамни жонимдан ортиқ кўришимни яшираман. У менинг ҳаётдаги ягона дўстим, мен тасаввур қилган комил инсон, десам, кўпчилик, йўқ, деярли ҳамма ажабланса керак. Ким нима деса, десин, лекин бу ҳақиқат, укам – менинг дўстим, мен тасаввур қиладиган комил инсон. Лекин буни сира ҳам ўзига айтмаганман. Айта олмаганман. Айта олмасам ҳам керак. Укамни кўришим билан юрак уришим тезлашади, у билан сўрашаман, ҳол-аҳволига қизиқаман, ҳолбуки, уни яхши кўришим билан боғлиқ туйғуларимни ҳечам айта олмайман. Айтмоқчи бўлган сўзларим кўзларим чегарасидан ташқари чиқмайди, кўнглим ичида қолаверади. Нима учун бундай экан – билмадим.
…Автобус келди. Ичининг ярми бўш. Ҳозир куннинг биринчи қисми, шунинг учун шундай. Эрталаб ва асрдан кейин кўрсангиз, одам тўлиб кетади – ўтириш тугул, туришга жой қолмайди. Аммо ҳозир ўзим истаган жойга ўтиришим, то банкка боргунимча укам ҳақида хаёл суриб кетишим мумкин.
Ўшанда ўн бешинчи август эди. Бундан роппа-роса тўрт йил илгари. У пайтларда имтиҳон натижаларини интернетдан ёки қўл телефон орқали билиш имконсиз. Албатта, пойтахтга келиш, ўз кўзингиз билан жавоблар эълон қилинган жадвалларни кўришингиз лозим эди. Эҳтимол, мана шу имкониятлар бўлмагани учун ҳам, мен ғофил кўп нарсадан бехабар қолганман. Ким билсин, балки хабардор бўлганимдан ҳам, худбинлигим сабабли укам тутган йўлга эътироз билдирмасмидим.
2
Хуллас, мен олий ўқув юрти талабаси бўлган эдим. Эълонлар тахтаси олдида кўзёш қилаётганлар орасида менинг аҳволим, шартнома асосида қабул қилинганлигимни айтмаса, албатта, зўр эди. Укам ҳам мен билан бирга ҳужжат топширган эди. Бу менинг учинчи уринишим. Ниҳоят бир амаллаб, талабаликка илиндим. Укам-чи?
Ўйлаганим – агар у ҳам шартнома асосида талабаликка қабул қилинган бўлса, ким тўлайди пулини? Ота-онамиз кексайиб қолди. Дадамнинг топганлари рўзғорни тебратиб турибди. Икки ўғил ўқишга кетса… Иккаласи ҳам шартнома асосида ўқиса…
Укам билан учрашганимда унинг юзидан бирор ифодани уқиб ололмадим. У биринчи бўлиб саволга тутди:
–Ака, нима бўлди?
–Контракт, – дедим қувончимни яшириб. – Сен-чи?
Укам хотиржам эди, балки грант асосида қабул қилингандир? Агар шундай бўлса, анча яхши бўларди.
–Меники ўхшамапти, ака.
Қулоқларимга ишонмадим. Очиғи, у мендан қобилиятли, кейин бу тарзда хотиржам туриб: “Ўқишга кира олмадим”, – дейиши-чи!
–Ҳазиллашма, бола, – дедим қовоғимни уйиб. – Сендан жиддий сўраяпман.
–Нега ҳазиллашаман, ака, – кулди укам. Унга кулиш жуда ярашади. Лекин кам кулади, ҳатто жилмайишини ҳам кам кўраман. – Омадим келмапти-да, бу йил. Келаси йилга ҳаракат қилсам, Худо хоҳласа, зўр бўлади. Сиз ўқисангиз, менга шуям етади. Сиз талаба бўлдингизу, худди ўзим талаба бўлгандекман.
Укамнинг кўзлари чақнар, қувончини таърифлашга тил ожиз эди! Ака-ука анҳор бўйидаги кафеда ўтириб, салқин ичимликлардан ичиб, маза қилиб суҳбатлашгандик.
Уйга қайтдик. Ота-онам мен учун хурсанд бўлишди, укам учун қайғуришди. Лекин у сираям хафага ўхшамас, атрофимда парвона бўлиб, керакли нарсаларни тайёрлашга сидқидилдан кўмаклашарди. Мен билан бозорга чиқди, эринмасдан кийим танлади, костюм-шим олишимиз керак, деб туриб олди, арзон ва сифатлисини оламиз, деб тортишмаган савдоргари қолмади-ёв. Укамнинг бунчалик жонфидолигини илгари сезмаганми эдим, тўғриси, ўша воқеалардан кейин унга ҳайратланиб қарайдиган бўлдим.
3
Ўқиш ҳам бошланди. Дастлабки кунлар “маст бўлиб юрдим”. Ўзимни дунёдаги энг зўр талаба сезардим. Ҳамма нарса янги, оҳорли. Курсдошлар ҳам ўта маданиятли. Кейин-кейин ҳаммаси аслиятга қайтди. “Ўта одобли” курсдошларнинг асл тарбиясини намоён бўлди, бу ерда фақатгина нафас олиш учун пул сарфланмаслигини англадим. Энди пул керак бўла бошлади. Уйдан сўраш уят. Лекин ҳар ойда укам уйдан менга канда қилмай пул юбориб турди. Декабр ойида бу узилди.
Янги йил арафасида уйга бордим. Қор ёғмаган бўлса ҳам, совуққа чидаб бўлмайди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Уйга кирдим. Дадам хонанинг бир тарафида, аям бир тарафида кўрпага ўраниб ётишган экан. Ё Худойим!
Дадам бошини кўтарди, пешонасига чит рўмол ўраб олибди.
–Болам, келдингми, ваалайкум… Ўҳў… ўҳҳў…
Югуриб бориб дадам билан сўрашишга тутиндим – кўзлари қизарган, танаси ҳолсиз, ёноқлари туртиб чиққан, иситма…
Аям ҳам ёнбошлашга тиришар эди.
–Ассалому алайкум, аяжон… Қимирламанг, аяжон…
Аям ниҳоят суяниб ўтириб олиб, мени бағрига босди. Бошимни силади.
–Яхши кеп қолдингми, болажоним? Кечир, болам, сени яхши кутиб ҳам олмадик. Қара, даданг икковимиз касал бўлиб ўтирсаг-а…
–Йўғ-е, нега… – ортиқ гапира олмадим. Ичимдан тошиб келаётган ғалати нолани яширишга ҳаракат қилдим, нафасим тиқилиб қолди. Кўзимдан тошмоқчи бўлаётган ёшни зўр билан ушлашга уринардим. Хўрлигим келдими ёки ота-онамни шундай касал бўлиб қолишларига ўзимни айбдор сездимми, билмадим.
Кўзларимни яшириб, печкани очдим. Ожизгина олов…
Ойналарга муз тушган, гапирсангиз, билинар-билинмас буғ кўтарилади. Дадам ва аямни ўз жойларига ётқиздим, устларига кўрпани яхшилаб ёпиб, ҳовлига чиқдим.
Тандирхона томондан болта овози эшитилди. Укам дадамнинг эски, ямоқ тушган чопонини кийиб, ўтин майдалаётган экан. Мени кўриб, болтасини тушириб бирпас қараб турди. Кўзларида узрхоҳликми, аламми, кўзёшми – нимадир бор эди, болта ерга тушди, укам елкамга бошини қўйди, елкаси титрай бошлади, кўзимдан тошиб келаётган ёшни тўхтатишга ҳаракат қилиб, укамга таскин бергим келди, лекин бирор жумла айтишга қувватим етмади, фақат жигаргўшамнинг елкасини силадим.
…Ошхонага ўтдим. Эски кигизга ўраб қўйилган яшикни очдим, ичида беш-олти сабзи, картошка, пиёз, ҳаммаси ярим музлаган… Газ ўчган, четлари қорайган бўш човгум мунғайиб турарди. Ичимдаги аччиқ йиғи тўкилди…
Янги йилни камтарона кутиб олдик. Унгача ака-ука уйни бир амаллаб иситдик. Дадам ва аямни ҳам анча даволадик, қўни-қўшнилар ҳам қараб туришмади.
–Иш йўқ, – деди укам маъюс кўзларини ерга қадаб. – Чет элга кетаман. Пул топиб, сизларга юбораман.
–Ука, бу хавфли. Кўпчилик хорижда қаттиқ қийналиб қоляпти, – дедим. Укамнинг узоқда меҳнат қилишини тасаввур қилиб, қўрқиб кетдим.
–Худо хоҳласа, қийналмайман, – укам ўта ишонч билан гапирар эди. – Чунки мени Худо сақлайди. Ота-онамга хизмат қилмоқчиман, у мени сизлар учун асрайди. Хавотир олманг.
…Ўқишга келишим анча қийин бўлди. Уйда пул йўқ эди, укам қаердандир қарз топди…
Келганимда аллақачон ўқиш бошланган экан. Менда аввалги жўшқинликдан асар ҳам қолмаган, кечаю-кундуз пулимни ҳисоблаб, уни узоқроқ вақтга етказишни ўйлайман. Бу аслида энг енгил ташвишим эди, қишлоқда қолган дадам билан аямни, укамни ўйласам, жимиб қоламан, уларнинг бу ҳолати учун ўзимни айбдор санайман, бошқа йўлим йўқлигидан кимга оҳ уришимни билмай кўзимдан оқаётган ёшларни артаман.
Қиш бўлгани учун мардикорлар ҳам ишсиз. Стипендияни бир-бирига улаб турдим, аксига олгандек, бир фандан қайта топширишга тўғри келди. Бу бир ой стипендиясиз ҳаёт ва кейин “3” баҳо дегани…
Укам келди. Озгина гаплаша олдик. У тетик эди.
–Ака, мени дуо қилинг, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, қийналишлар тугайди. Дадам билан аямдан хавотир олманг, уларда ҳамма нарса етарли. Самарага кетяпман, бир ойдан кейин пул юбора бошлайман.
…У кетди. У чиққан поезд менинг суянчим, қувончимни ҳам олиб кетди.
4
…Автобус тўхтади. Мен излаётган банк биноси сал нарида. Автобусдан тушишим билан совуқ шамолдан жунжикдим. Қадамимни жадаллатдим.
–Келинг, – деди банк ходимаси хушмуомалалик билан. – Биздан қандай хизмат?
–Ассалому алайкум, мен Айюбовман, Самарадан пул келган бўлиши керак…
–Жуда соз, ҳозир… – банк ходимаси компютерини титкилаб кетди. Банк биносида одам кўп: кимдир пул жўнатган, кимдир олган… Лекин ичкари илиққина, жоним кириб, Худога шукур, ҳалиям иссиқ бор, деб турдим ичимда.
–Мана бу ерга имзо чекинг, – деди ҳалиги ходима паспортимни обдон кўздан кечириб.
Укам юборган пулни олдим. Хориж валютасида. Энди буни “майдалашим” керак. Банкда бу анча арзон – қора бозорга тушишим керак…
Яна бекатда автобус кута бошладим. Ўтиб кетаётган бир ёш йигитни укамга ўхшатиб юбордим. Очиғи, биз бир-биримизга жуда ўхшаймиз. Кўрганлар эгизак ҳам деб ўйлашган. Лекин у келишган йигит. Охирги марта келганда кўрдим: ўзи анча озган бўлса ҳам, бўйлари чўзилиб, елкалари кенгайиб, яна ҳам кўркам йигитга айланибди. Шундай укам борлигидан фахрландим. Албатта, буни унинг ўзига айтмадим. Ичимда сақладим.
Шундан кейин, мана, яна икки йил ўтди. Бугун тўртинчи курсни битириш остонасидаман. Охирги марта шартнома пулини тўлаяпман. Ўтган тўрт йил давомида укам ишлаб топган пуллар эвазига ўқидим.
Укам ҳар сафар келганда учрашамиз. Аммо тезда унинг кетишига тўғри келарди. Ҳар сафар кетар экан, самимий сўрайди:
–Ака, менга хизматлар йўқми? Нима қилай?
О, Худойим! Бир банданг шунчалар ҳам мард бўладими! Ҳам ўзи қийналиб акасини ўқитсин, ҳам хизматига жонини берар даражада тайёр бўлсин!
Ўтган йиллар давомида тушгача ўқисам, тушдан кейин устачилик қилдим. Одамларнинг уйларида ғишт тердим, девор сувадим. Дадамдан олган ҳунарим асқотди.
Шундай бўлса-да, гоҳо пулим қолмас, гоҳо қарзларим кўпайиб кетар, гоҳо ейишга таом, йўл учун кира ҳақини тополмайман. Уйдаги ота-онамни, хориждаги укамни ўйласам, бу изтиробларда ниҳоя борми, дер эдим ўзимга ўзим.
Ана шунда… Худога юзландим.
Дадам намоз ўқир эди. Намоз дуоларини, бир-икки қисқа сураларни у ўргатган. Мен ҳам масжидга борадиган бўлдим.
Англаганим шу бўлдики, инсон бошига мушкулотлар тушмагунча ибодатнинг моҳиятини тушунмас экан. Роббисининг меҳру карами, лутфу марҳаматини билмас экан.
Қийинчилик пайтларида, таскин сўзга, тасаллига муҳтож бўлган пайтларимда ўқиб қолдим: агар Сенинг дардинг бўлса, Роббингга: “Эй, Роббим, менинг катта дардим бор”, – дема, дардингга қараб: “Эй, дард, менинг меҳрибон Роббим бор!” – дегин.
Шундай дейишга ҳаракат қила бошладим.
Абулла Тўқай деган татар шоири: “Ярқираб юлдуз ёнодир тун қаро бўлган сайин, Ёдима Тангрим тушодир бахтим қаро бўлган сайин”, – деб ёзган экан. Банда… мушкулотга йўлиқмагунича Тангрисига сажда қилмайдими? Ёки машаққатлар олов бўлиб, унинг қалбини пўлатдек тозалаб берармикин? Аммо мени Худога етаклаган фақат бу эмас, бошқа яна бир нарса бор.
5
…Бозорга кирдим. Бир зумда атрофимда турли хил чеҳралар пайдо бўлди. Узр, чеҳра сўзини ноўрин қўлладим. Башаралар пайдо бўлди атрофимда. Қандайдир совуқ боқадиган, лекин гўё хизматга тайёрдай кўринадиган қиёфалар…
–Ока, доллар борми? Доллар оламиз!
–Тилла оламиз! Тилла!
–Рубль, доллар, танга!
Излай бошладим: бирор юзи иссиқроғи бормикин? Йўқ, буларнинг ҳаммаси бир хил экан, аввалбошдан шундай бўлган, энди ҳам…
…Зудлик билан сўмни санаб олдим. Белни бақувват қилиб, соатга қарадим – пешин вақти кирибди. Энди намозни ўқиб, кейин университетга ўтаман. Масжидга кўтарилдим. Баланд гумбаз, пурвиқор миноралар…
Масжид остонасида тиланчи болалар, аёллар… Бир-икки чурвақа ортимдан югурди. Бир-икки сўм тутқаздим. Хурсанд бўлиб кетишди. Буларга қийин – ота-онаси айтган даражада пул тўплашлари керак. Лекин тиланчилик касбининг оқибати қандай бўлар экан?
Майли, бу уларнинг иши. Ула ҳам ақлли, улар ҳам ўйласа керак. Мен ибодатимни қилай.
Масжидга кирар эканман, ичимда нимадир нур сочгандек туюлди. Кайфиятим кўтарилди. Қуёшнинг нурлари ҳам энди илита бошлади, менимча, совуқ қотмай қолдим. Масжид ҳовлисидаги дарахтлар танасида яшил бўртмаларни кўрдим. Эртага улар қучоқ ёзади, баргга айланади.
Укамни дуо қилишни истайман. Унга икки дунёдаги жамики яхшиликларни тиламоқчиман.
…Ўшанда укам кетгач, ёздагина, таътилда уйга бора олдим. Унга қадар дадам ва аям билан, албатта, қўнғироқлашиб турдик. Бу сафар шароит яхши эди, укам юборган пул рўзғорга жон киритган, дадам ҳам ишга чиқа бошлаган экан.
Мен ҳам бирга чиқдим.
Кунлардан бир куни укамнинг энг яқин жўрасини учратиб қолдим. Абдулла яхши йигит, укамга ўхшаб босиқ, гапирса, гапиради, бўлмаса йўқ. Шунинг учунмикин, уни кўрсам, укамни кўргандек бўламан. Айниқса, укамни соғиниб, бир мартагина бўлса, дийдорига зор бўлганимда Абдулла билан қўнғироқлашар эдим. Чунки доимо ҳам Россияга телефон қилишга имкон топилмас эди.
Гапдан гап чиқиб дедим:
–Укам хориждан қайтса, албатта, ўқишга киради. Дадам билан аям ҳам, мен ҳам дуо қиляпмиз, бу сафар омади келади!
–Илёс ака, – деди Абдулла ҳайрон бўлиб. – Сиз Жалолиддин ўқишга кирганини билмайсизми?
–Ўқишга? – кутилмаган янгилик эди бу менга. – Йўқ. Укам ўқишга кирганмиди?
–Ҳа, иккаламиз бирга мандатга борган эдик, у шартнома асосида қабул қилинган экан. Мен ўқимайман, акам ўқиб олсин, кейин ўқийман, деди.
…Ўша куни мен учун дунё буткул ўзгариб кетди.
Ўша куни Худони эсладим. Чунки укам учун дуо қилишни истаётган эдим.
Акром Малик