Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Азиз биродарлар!
Бу мактубни танқид мактуби сифатида ҳам, таклиф мактуби сифатида ҳам қабул қилмангизлар! Зеро, бир киши ўзи аниқ билган соҳада таклиф ва танқидларини ўртага қўйишга ҳақлидир. Мен эса сизнинг соҳангизда, яъни диний илмлар соҳасида мутахассис эмасман.
[soundcloud id=’47948053′]
Бу масалада сизга фақат ҳавасим келади…
Биродарлар!
Аллоҳ Расули (сав) ҳадиси шарифларида “Аллоҳ таоло инсонларнинг суратларига ва жисмларига эмас қалбларига қарашини” ва “инсон борлиғининг маркази қалб эканлигини ва агар қалб соғлом эса унинг бутун борлиғи соғлом бўлишлигини”, “қалблар Аллоҳ таолонинг икки бармоғи орасида бўлишини ва Аллоҳ таоло уларни Ўзи истагани шаклда ўйнатишини” марҳамат қилиб айтганлар.
Яқин тарихимизда даҳрий зиёлиларга “қалб муҳандислари (инженерлари)” сифати берилар эди. Шундай “қалб муҳандисларидан” бири яқинда нима иш билан машғулсиз, деган саволга “юрибмиз ароқ ичиб”, дея жавоб берди. Бундай жавобдан ижирғанадиганлар ҳам, куладиганлар ҳам ўзларича ҳақлидирлар. Аммо менимча бундай жавобга йиғлайдиганлар энг ҳақли муносабат билдирган бўладилар. Чунки бир қалб муҳандисининг ароқ ичиб юришидан даҳшатлироқ манзарани бу дунёда тасаввур қилишнинг имкони бирмикин? Ажабо, “мутахассислиги” қалб муҳандиси бўлган бир инсоннинг ўз халқи дунёнинг энг золим режими зулмидан инграётган бир пайтда ароқ ичиб юриши нимани билдиради? Менимча бу бир оҳдир, нaдоматдир, дод- войдир, замонавий тил билан айтганда “SOS”, яъни ёрдам беринглар денгизда чўкаяпман ёки уйим куйди, ўтда ёнаяпман, дея бақириб чақиришдир…
Бугунги ўзбек зиёлиси мана шундай фожеали аҳволдадир. Чунки у бировларни қутқариш у ёқда турсин, ўзининг кимлигини танимайдиган даражада ўзига ўзи бегона бир “зотдир”. Бу “зот” халқига йўл кўрсатиш у ёқда турсин, ўзининг ғофиллигидан “ароқ ичиш” билан қутулиши мумкинлиги васвасасига тушиб қолган. Мен аслида бундай “зотларга” унча бегона ҳам эмасман. Шоиру ёзувчи, ижодкору санъаткор, ўқитувчи ва шифокорлардан ташкил топган бу зиёсиз зиёлилар тоифасига мен унчалик ҳам бегона эмасман. Чунки яқин ўтмишда улар менинг даврадошларим эдилар. Шунинг учун ҳам шафқат назари билан қарашни уларга нисбатан вафо бурчим, деб биламан. Чунки бу бечоралар, қалблари мутмаин бўлганликлари учун эмас, аксинча жаҳолат ботқоғига ботиб қолганликлари, юраклари, асаблари бу батқоқликнинг бадбўй ҳидига чидай олмаётганликлари учунгина вақтинчалик ўзларича нажот воситаси, деб билганлари ароқ “кайфини” танлаганлар, дея ўйлайман. Сўз бошини хулоса қиладиган бўлсам, бугун халқимизнинг зиёлиси ҳам, бошқа тоифалари ҳам кимлардир уларга ҳақ ва маърифатнинг йўлини кўрсатишини сабрсизлик билан кутиб турибди…
Сизлар инсонларимиз интизорлик билан кутаётган мана шундай ҳақиқий қалб муҳандисларидирсизлар. Чунки сизлар Китобларнинг Асоси Қуръони Карим сирларини биласизлар ва устозларнинг устози ҳазрати Муҳаммад (сав)нинг ворислари ҳисобланасизлар. Яна сизлар халқимиз менинг ожизона фикримча энг камида беш асрдан бери кутаётган, Худо асрасину эътиқодида ботил нишоналари бўлганлар айтадиганлари каби йўқолиб қолган имом Маҳдийга ўхшаб кетасизлар. Эй муҳтарам биродарлар, қаердасизлар? Албатта, бизлар сизларнинг якка дукка исмларингизни эшитганмиз, баъзиларингизнинг кичкина жамоат ҳолида холис ният билан қилаётган амалларингиздан (китоб нашри, интернет саҳифалари) бохабармиз. Аммо эй, бир орага келган, ҳақиқий йўл мана шу йўлдир, дея оммани жаҳолат кайфидан уйғотишни ўзига вазифа қилиб олган ўзбек уламолари қаерда қолдингиз? Айтинг, бугун дунёнинг энг золим тузумларидан бирида яшаётган ва бу сабабдан дунёнинг турли барчакларига тарқалиб кетган мусулмон ўзбеклар нима қилсинлар? Кимга эргашсинлар? Халқимиз мастақил бўлгандан кейин ўртага чиққан ҳизбий ҳаракат ва эрта ўртага отилган жиҳод чақириқлари уларнинг дардига даво бўла олмади. Демак, улар бу йўллардан ҳикмат топа олмадилар. Шундай экан, сизларнинг ўртага чиқишингиз ва ҳикматли йўл мана бундай йўлдир, дея дунё бўйлаб йўл излаётган ўзбек халқи вакилларига йўл кўрсатишингиз учун вақт етиб келмадими? Айтинг, мусулмон ўзбеклар бугун нима қилсинлар? Кимга эргашсинлар? Иҳвоннинг йўлини тутсинларми ёки туркиялик мусулмонлар каби “миллий қараш”га эга бўлсинларми? Диний ҳаракат тузсинларми ёки мавжуд сиёсий партияларга аъзо бўлсинларми? Ахир даҳрий учун, демократ учун, ирқчи учун йўл топиш осон бўладию, йўлларнинг энг осони бўлган Исломга эргашганлар учун йўл топиш шунчалик қийин бўладими? Бу саволнинг жавобини сиздан бошқа ким ҳам бера олади?
Мен ўзимни инсонларга мусулмон зиёли ва сиёсатчи, дея танитаман. Бу менинг ўзингиз кимсиз, деган саволга чор – ночор берган жавобимдир. Маълумингизким, биз биродарларимиз билан бир Халқ Ҳаракати тузганмиз. Мана бир йилдирки, халқимизнинг Ислом Каримов диктатурасидан қутулиши йўлида баҳоли қудрат ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Бу мақсадда зулмга қарши адолатни, қулликка қарши эркинликни, ҳуқуқсизликка қарши ҳуқуқни, диктатурага қарши фуқаровий жамиятни тарғиб ва ташвиқ қилиб келмоқдамиз. Бу йўлда инсонларимизни сиёсий бирликка ва дунёнинг турли бурчакларида Ўзбекистондаги золим режимга қарши норозиликлар ўтказишга чақирмоқдамиз. Буни фақат чақириқ эмас, амалий иш сифатида исботлашга уриниб, саъйи ҳаракатлар қилмоқдамиз. Бундай амалларимиз натижасида алҳамдулиллаҳ бугун аввало халқимиз, қолаверса дунё жамоатчилиги назарида диктатор Каримов режимига қарши бўлган мухолиф ҳаракатнинг мавжудлигини амалда исботлай олдик. Бунинг Ўзбекистон диктатурасини анчагина қўрқитиб қўйгани ҳам бир ҳақиқатдир. Шунинг учун Ислом Каримов ва унинг малайларининг пропаганда (ташвиқот) воситалари кейинги вақтларда бир овоздан Ҳаракатимизни нишонга олиб, уни халқимиз кўз ўнгида обрўсизлантиришга уринмоқда. Улар Ҳаракатимизнинг халқимиз ичида таъсири ортиб боришидан шу қадар жазавага тушганларки, сиёсий мухолифатни тамсил қиладиган ҳаракатимизни диний, дея танитишга ва бу билан гўё бизларнинг радикал, терроррист унсурлар эканлигимизни исботлашга уринмоқдалар. Бу билан динийлик сифати сизларнинг саъйи ҳаракатларингизга мос бўлгани ҳолда, уни ҳам биз ўз елкамизда кўтаришга мажбур бўлмоқдамиз. У ҳолда сиёсий ҳаракат нимаю, диний ҳаракат нима ўзи, деган саволнинг энг камида бир қисмига жавоб бериш сизларнинг вазифаларингиз эмасми? Бу масалани тушуниш ҳам, тушунтириш ҳам осон эмаслигини албатта ҳис қилиб турибман. Аммо сизлар аҳли илмларсиз, сизлар ўзлаштирган илмларда бу масаланинг жавоби албатта бордир. У ҳолда бу жавобни халқимизга айтайликки, бу билан золимларнинг турли иғво ва фитналарига ўрин қолмасин.
Менинг бу мактубимни ўқиган золимларнинг яна фисқу фасодларини бошлашларини эҳтимол доирасида, деб биламан. Улар мана айтганимиз чиқди, булар диний ҳаракат вакилларидир, ҳаммаси бир гўрдир, дейишлари мумкин. Гўё ўзлари гўр эмас, гулдир. Аслидачи? Бир пайтлар Ўзбекистонда исломий жамиятни қуришни ваъда қилиб, кейин ваъдасига тупурган шу Диктаторнинг ўзи эмасми? Ёки давлат диний идораси тузиб, Ўзбекистондаги масжид имомларини ўзи истаган ўйинга солаётган яна шу золим режим эмасми? Нега энди буларнинг динимиз ва уларнинг вакилларига нисбатан қилаётган бу сохтакорликлари “динийлик” ҳисобланмас эканда, бизнинг аввало Ҳақ ризоси, сўнгра халқимизнинг ва ватанимизнинг равнақи йўлида илм аҳллари билан маслаҳатлашишимиз “динийлик” ҳисобланар экан? Яна шу золим тузумга малайлик қилаётганлар уйида маърака ўтказиш, дуо учун, никоҳ учун имомларнинг эшигини тақиллатишадию, аммо бундай мактуб эълон қилинар қилинмас, дарров бизни “динийлик”да айблайдилар. Ҳолбуки, бу мактубни ёзишдан мақсадим мусулмонларнинг кундалик ҳаётига оид муҳим масалаларни аҳли илмлар билан маслаҳатлашишдан иборат. Шундай экан, зулм тузуми малайларининг имомларнинг дуосига бўлган зарурати “динийлик” эмасда, бизнинг маслаҳатлашишимиз “динийлик” бўлиб қоладими?
Хуллас, золимлар динга ва уламога ёмонлик қилишдан тап тортмаганлари каби, биз ҳам дин мавзусига қизиқишдан ва уламодан бу масалада ёрдам сўрашдан тортинмаймиз. Бу масалада бизга маломат тошини отадиганларнинг бошларининг ўзлари отган тошларга нишон бўлишидан ҳам ҳеч шак- шубҳамиз йўқ.
Маълум бўлгани каби йигирма биринчи аср турли рангдаги инқилоблар билан бошланди. Аввал эски совет жумҳуриятларидан Украина, Гуржистон ва қўшнимиз Қирғизистонда мана шундай инқилоблар содир бўлди. Орадан беш олти йил ўтиб, “араб баҳори” номи берилган инқилобий ҳаракатлар дунёмизни ларзага солди. Бу воқеалар содир бўлган жойларнинг барчасида мусулмонлар яшайдилар. Зеро, бугун умматимиз вакиллари дунёнинг турли бурчакларига тарқалиб кетишган. Шундай экан, бундай инқилоблар қаршисида мусулмонлар қандай мавқеда бўлишлари керак? Мусулмонлар уларга иштирок этиши керакми, йўқми? Иштирок этадиган бўлсалар, ўзларини қандай тутишлари керак? Бу масалада энг мўътадил йўл қандай йўл ҳисобланади? Бу саволларга жавобни албатта сизлардан, аҳли илмлардан кутамиз. Акс ҳолда, мусулмонлар кимга, қандай эргашишларини қаердан биладилар?
Жамият ҳаётига диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳозирги вақтда жамиятни энг кўп машғул қиладиган ва айни пайтда энг муаммоли соҳанинг сиёсий соҳа эканлигини кўрамиз. Аммо сиёсий ирода ва сиёсий тадбирлар ҳамма дардларга даво эмаслиги ҳам ўз- ўзидан маълумдир. Буни қўшни Қирғизистон тажрибасида кўриб ўргандик. Мустақилликдан кейин бу мамлакатда фавқулодий шартларда тўрт марта ҳукумат алмашди, давлат тўнтаришлари содир қилинди. Уруш- низолар, қатлиомлар бўлди. Мингларча бегуноҳ инсон ўлдирилди, ўн мингларча киши ўз туғилган ватанларини ташлаб, муҳожирликка кетдилар. Бу мамлакатда сиёсат “қозони” қанчалик қайнамасин, унинг ўзи якка ҳолда жамиятни тараққиётга етаклайдиган йўлни “пишира” олмади. Натижада ўлган ўлди, қолган қолди. Ижтимоий масалаларга ечим топилмади, ҳамма нарса эски ҳаммом, эски тос ҳолида қолаверди…
Хўш, нимага бундай бўлди? Ҳолбуки, Қирғизистон минтақанинг “демократия” ороли эди. Бунинг сабаби менимча, сиёсат муассасининг ижтимоий гуруҳлар (турли жамиятлар, вақфлар, кўнгиллилар ташкилотлари) ва илмий, ахлоқий ва маънавий (яъни диний) муассасалар билан тўғри ҳамкорликни йўлга қўя олмаганидадир. Яъни, бу мамлакатда сиёсат муассаси муқаддас муассаса ўрнида кўрилди, сиёсатчилар биз ҳамма нарсани биламиз ва биз ҳамма нарсани ҳал қиламиз, дея ўртага отилдилар. Афсуски ўзлари илмий ахлоқий (диний) қадриятларга бепарво бўлганлари учун қилган ишларининг охири ҳам вой бўлди, қон бўлди. Сиёсатчилар ўртада кўпкари чопар эканлар, аҳли илмлар бир орага келиб, халқни Ислом дини масаласида тўғри бошқара олмадилар. Бунинг ўрнига ҳар ким ўз бурчагида ўтиришни ўзига раво кўрди. Мусулмонлардан бир қисми ҳизбчи, бир қисми таблиғчи, бир қисми салафий, бир қисми эса сўфий бўлди. Охир оқибат илм аҳлларининг ҳам, турли гуруҳларга бўлинган мусулмонларнинг ҳам бошларига даҳшатли мусибатлар тушди…
Хўш, бундай тажрибадан биз қандай хулоса чиқаришимиз керак?
Менимча асосий хулоса жамиятнинг тирик вужуд ўрнида кўрилишидир. Сиёсий ирода (ҳукумат) бу вужуднинг “боши”, илмий, ахлоқий ва маънавият соҳаси (яъни дин) унинг қалби, ижтимоий фаоллик (турли жамиятлар, вақфлар, кўнгиллилар ташкилотлари) эса бу вужуднинг унинг қўл оёғи ўрнида кўрилиши керак. Албатта, бу рамзий маънога эга бўлган изоҳдир. Айтмоқчи бўлган фикрим сиёсатнинг, диннинг ва ижтимоий фаолликнинг умумийликни ташкил қилиши, асло ва асло бир биридан узоқ, бир бирига бефарқ қола олмаслигидир. Яъни ҳар ким ўзи танлаган соҳа учун масъулдир. Ҳадиси шарифда бу ҳақиқат сизлар бир – бирларингиз учун масъулсизлар шаклида ифодалангандир.
Бугун ўзбек халқи тарихий янгиланиш жараёнида турибди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан халқимиз асрлар давомида кутган мустақиллик ва ҳақ йўлга асосланган янги жамият қуриш имкони бизларга берилди. Аммо бундай янги жамиятни қуриш масаласи кун тартибига келар келмас, ҳамманинг шуурида бир савол пайдо бўлади: Дин масаласи нима бўлади? Бу масала қандай ҳал қилинади? Янги жамият диний бўладими ёки бўлмайдими? Мусулмонлар бу янги шароитда ўзларини қандай тутишлари керак? Мусулмонлар кимларга эргашса бўлади? Ислом дини бир ҳаракатми ёки сиёсий фирқами? Мусулмонлар тузган турли ҳаракатлар, ҳизблар, тариқотлар, мазҳаблардан қайсисига эргашиш керак? Булар Ислом дини масаласида бугун инсонларимиз жавобини кутаётган юзларча саволлардан баъзиларидир. Инсонлар зеҳнида Ислом дини масаласида бунчалик кўп саволлар бор экан, уларга жавоб берадиган илм аҳллари қаердалар? Бечора инсонлар динимиз масаласида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб изласинларми ёки вазифаси бу саволларга жавоб беришдан иборат бўлган аҳли илмларни изласинларми? Бошқа томондан шайтон ва унинг малайлари инсонларни тўғри йўлдан уриш учун бутун ҳийлаларини ишлатмоқдалар. Ҳозир шундай даврда яшаяпмизки, шайтонлар ва уларнинг малайлари очиқ сочиқ ҳолда турли фитналарни амалга оширмоқдалар, аммо уларнинг йўлига тўсиқ бўладиганларни (яъни мўминларни) тарбиялайдиган аҳли илмлар ўртда кўп ҳам кўринавермайдилар. Ўзингиз бир тасаввур қилинг: катта бир карвон йўлга чиқмоқчи бўлиб турганда карвонбошилар ўртада кўринмай туришса, унда бу карвоннинг ҳоли нима бўлади?
Даъватимизнинг охири оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамд айтишдир. Аллоҳ таолонинг саломи, раҳмати ва мағфирати Унинг ҳидоятига эргашганларга бўлсин. Омин!
Намоз Нормўмин,
29 май 2012 йил. Истанбул.