O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дунёда буюк одамлар йўқ. Фақат буюк ишлар бор.

Дунёда буюк одамлар йўқ. Фақат буюк ишлар бор.
135 views
02 September 2017 - 19:03

Идеалист эканмиз. Ўзимиз ёзаётган, ўзимиз ўйлаётган гапларга чиппа-чин ишонардик… Беш йилдан сўнг ҳафсаламиз пир бўлади.. Ўзини меровликка солган ноқис одамлар тўнини тескари кийиб олиб масхарабозлик кўчасига кириб кетади… Улар кимлар эди? Нафсидан бўлак кайғуси бўлмаган шоввозлар экан… Аксарияти каминанинг романига қаҳрамон бўлади… Ўзларидан кўрсин… Чорак аср абадият олдида нима бўпти! Улар иймонини бой берди. Эҳтимолки, охиратни ҳам бой бергандир…

Мусулмон Намоз Тил ва Адабиёт илмий тадқиқот институтида илмий ходим эди, Муҳаммад Солиҳ ва Усмон Азим ижодини қиёсан ўрганиб номзодлик диссертациясини ёзиб тамомлаган эди. “Кетдик, – дедим, – мол-дунё бандаларига, анави пандавақиларга эркин матбуот қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз!” дедим.

Мен ишлаётганим”ВАТАН” газетаси бир ёшга тўлай деб қолган эди. Шу санага бағишлаб “черновик”ка ярим бетлик фикрини қоғозга тушириб беради. Мен деразадан институт ҳовлисини томоша иқлиб ўтираман… Чин кўнгилдан ёзилган гаплар ҳозир ҳам томирларда қонимизни кўпиртириб юборади-я!

“ДУНЁДА БУЮК ОДАМЛАР ЙЎҚ. ФАҚАТ БУЮК ИШЛАР БОР. ЭНГ БУЮК ИШ ЭСА – СОБИТ МОҲИЯТ – ВАТАН ҚАЙҒУСИ БИЛАН ЯШАМОҚ ҲАММАМИЗНИНГ ҚЎЛИМИЗДАН КЕЛАДИ”.

Чучмал шиорлар оҳори тўкилиб кетган бўлса-да, баланд бинолар пештоқига қайта-қайта осиб қўйиляпти.

Одамлар тошга топиняпти, мисга топииняпти.

Ундан кўра, 30 яшар йигит кўнглидан отилиб чиққан оташин сўзларни кўкракка тумордек осиб олган афзал эмасми? Шу сўзларни Президент девони пештоқига, Олий Мажлис пештоқига, Сенат пештоқига соф тилло ҳарфлар билан бўрттириб ёзиб қўйилса, ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ тантана қилмасмиди!

Девонга танда қўйиб олиб, раҳбариятни сўз эркинлиги билан қўрқитадиган ва шу йўсин тирикчилик қиладиган Ўзбек Бериясининг чучмал гапларини эшитишга қачонгача мажбур бўламиз?

Набижон Боқий

facebook.com