O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Улуғбек Ҳайдаров: Менинг атрофимдаги гапларга ойдинлик киргунича ҳаракат сафидан чиқиб тураман

Улуғбек Ҳайдаров: Менинг атрофимдаги гапларга ойдинлик киргунича ҳаракат сафидан чиқиб тураман
240 views
04 February 2012 - 8:31

Мана бир неча кундирки, нафақат ўзбекзабон, балки русийзабон ва халқаро Интернет нашрлари, йирик оммавий ахборот воситалари АҚШда Федерал қидирув бюроси ходимлари томонидан ҳибсга олинган ўзбекистонлик қочқин, Жамшид Мухторов воқеаси ҳикоясига тўлган. Дастлаб Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоларидан бири сифатида тилга олинган Ж.Мухторов кўп ўтмай Ўзбекистондан мутлақо ҳеч бир жиддий сабабсиз АҚШга келган ва бу ердан туриб ўзбек махсус хизматлари учун жосуслик қилаётган шахс сифатида таништирила бошлади. Унинг жосуслигини исботловчи бир қатор чиқишлар бўлиб ўтди. Ана шундай чиқишлардан бирида Ж.Мухторов билан бир қаторда, ҳозирда Канадада мухожирликда яшаётган таниқли журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам тилга олинди ва у ҳам жиддий айбловларга нишон бўлди.

Айни сабаб ўлароқ, биз нашримизнинг доимий ҳамкори, журналист Улуғбек Ҳайдаровга боғланиб унинг шахси атрофидаги айбловлар борасида очиқ суҳбатлашиб олишни мақсад қилдик.

Жараён: Улуғбек сиз ва Жамшид Мухторов ўртасидаги муносабат қандай таърифланиши мумкин, сизлар дўстмидингиз, қадрдон танишларми ёки шунчаки мусофирликдаги ватандошлар? Қанчалар сиз ва унинг ўртасидаги муносабат самимий ва ошкор эди?

Улуғбек Ҳайдаров: Биз таниш эдик, холос. Қадрдон танишлар, агар шундай дейиш мумкин бўлса. Мусофирликда ҳам Интернет орқали алоқада бўлиб турдик. У АҚШда Ислом динининг радикал кўринишидаги оқимига қўшилганини яширмасдан, мени ҳам демократик қарашлардан қайтариш ҳаракатига тушгач, ундан, бу ҳақда бошқа гапирмасликни, дунёқарашларимиз ҳар ҳил эканини юмшоқ қилиб тушунтирдим. Жамшид Мухторов “Эзгулик” ташкилотинингЖиззах вилояти бўйича раиси вақтида мен шу ташкилотда матбуот котиби эдим. У билан мана шу ташкилотда яқин танишдим, унгача ҳам билардим уни, маҳалламиз яқин эди… Одобли, салом-алиги жойида бола эди. Эзгуликда бирга ишлашни бошлаганимиздан кейингина унинг характеридаги бази тушунарсиз қусурларни кўра бошладим. Масалан у вилоят ва шаҳар ички ишлар ва МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати – Жараён) ходимлари билан яхши алоқада эди. Бунга менқарши эмасман, албатта бир ташкилот бошлиғи сифатида у куч ишлатар тизимлари идораларига боришга, у ердаги раҳбарлар билан гаплашиш бу нормал бил ҳол. Лекин мен сезардимки, бу яқинлик баъзан чегарадан чиқиб кетаётганини… Уни бу ҳақда огоҳлантирардим. Бир йиллик ташкилот ҳисоботи тайёр бўлди ва унинг презентациясини ҳозирлай бошладик. Эртага презентация деган куни Эзгулик офисидаги компютер ичида сақланаётган ҳамма ҳужатлар ўғирлаб кетилди. Эшик бузилмаган, ҳамма нарса жойида, фақат компьютернинг винчестри (хотираси) йўқ эди. Калит эса Жамшиднинг ўзида бор эди холос… Синглиси қотилликда айбланиб, узоқ муддатга қамалиб кетгач, у ҳам аввал Бишкека, ва у ердан АҚШга чиқиб кетди.

Воқеанинг кейинги ривожи кўпчилик учун қисман маълум, айтингчи, нима учун бугун, Жамшид Мухторов воқеаси ортидан пайдо бўлган айрим айбловли чиқишларда сиз ҳам бот-бот эсланяпсиз? Бундаги боғлиқликни сиз тушунтириб бера оласизми? 

Улуғбек Ҳайдаров: Жамшид Мухторов АҚШда қамоққа олинди деган хабар хорижда яшаётган ва Жамшидни таниган ўзбеклар ўртасида муҳокама мавзусига айланди. Толиб Ёқуб уни МХХнинг “шестёрка” (югурдак – Ж)си деб атади, яна бир Хазратқул деган одам Жамшид Бишкекда яшаётган пайтида ҳам МХХга ишлаган деб, унинг E-mail почтасидан олинган ёзишмаларни эълон қилди. Гуёки Жамшид ва унинг Жиззахдаги бир таниш аёл Турсуной ўртасидаги ёзишмалари, деб эълон қилинган бу хатларнинг бирида Турсуной гуёки мени ҳам эслайди. У Жамшидга “Ула акани (яъни мени – У.Ҳ.) МХХдаги акаси билан таништирамиз дейишганди, лекин таништиришмаяпти”, деб ёзади. Мана шундан кейин мени хам айблаш бошланиб кетди. Хазратқул Худойберди мен аъзо бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ҳам бу ҳақда билдириш йўллаб, мени жосус деб атади. Мен бу ҳақда кеча билдим. Лекин биласизми, кулгим келди буларни ўқиб. Чунки мен биламанку бу ёзишмаларнинг тарихини! Ҳозирда Торонтода яшаётган Эгамназар Шайманов исмли жиззахлик инсонни топинг ва ундай сўранг, Турсуной аслида ким эканлигини! Бу ерда Турсуной йўқ. Бу ёзувлар Эгамназарга тегишли! Ҳозир тушунтираман. Бишкекда Жамшиддан ҳамма гумонсирай бошлаган пайтда, Эгамназар бир Интернет кафега киради ва Жамшидни E-mailи очиқ қолганини кўради. Шундай сўнг у гўё Турсуной бўлиб, Жамшидга мактублар бита бошлайди, ва шу  йўл билан Жамшидни фош қилмоқчи бўлади. Бу ҳақда Эгамназар менга айтиб берган ва кечирим сўраганди, “Сизнинг номингиздан ҳам фойдаландим, тўғри тушунинг”, деб. Мен эътибор ҳам бермаганман бунга. Шундай бўлсада мен кеча ЎХҲ раҳбарига чиқиб, ҳаракатдан кетишимни айтдим. Хазратқул ва бошқалар дўппини осмонга отмасин, бу ёзишмаларнинг нарҳи мен учун 1 тийин!

Аммо нима учун, нима сабабдан айнан Улуғбек Ҳайдаров, ахир интернеттадига ҳар қандай чиқишга ҳам жиддий қараб бўлмайди, айниқса у айблов оҳангидаги чиқиш бўлса… Балким бу ерда бошқа қандайдир айтилмай қолаётган сабаблар ҳам бордир?

Улуғбек Ҳайдаров: Мен ўзим бошқа қандайдир сабабларни кўрмаяпман, тўғри мумкин бу уринишлар ортида аниқ мақсадлар бордир, бир нарса дейиш қийин. Ҳали мен аюханнос солаётганим ҳам йўқ, мана мени айблашяпти, деб. Чунки бу ёзишмалар Хазратқулга ўхшаган майда чуйда кимсалар учун нодир топилма бўлса бордир, лекин мен учун бу хатларнинг аҳамияти йўқ. Менинг мақсадим, бу ёзишмаларнинг ҳақиқий муаллифи ким эканлигини айтиш эди.

Сиз сал аввалроқ Х.Худойберди сиз аъзо бўлган ЎХҲга ҳам сизни жосусликда айблаб мактуб йўллаганини айтдингиз ва ҳатто мана шу айбловлар туфайли сиз бу уюшма сафидан чиқиш қарорига келганингизни маълум қилдингиз. ЎХҲ аъзолари бу айбловларга қандай қаради ва нима учун сиз ЎХҲ сафидан чиқишга қарор қилдингиз? Кўпчилик учун бу қадамингиз айниқса шубҳали туюлиши мумкин эмасми, мана айблов бўлди ва у дарҳол ЎХҲ сафидан кетти деган маънода?..

Улуғбек Ҳайдаров: Биласизми, нимададир шубҳа истаётган одамга қоласизми, кетасизми фарқи йўқ, барибир шубҳани топаверади. Мен ЎХҲ сафига ўз иҳтиёрим билан қўшилганман, қолаверса, бир неча йилдан буён ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан яқиндан алоқадамиз. Мен у кишини ҳурматқиламан ва айнан мана шу ҳурмат мени ҳаракат сафига етаклаганди. Кеча ҳаракат сафидан кетишқароримни айтганимдан кейин, раис бундай қилмасликни, бунақа гап сўзларга эътибор бермасликни, аксинча, ҳаракат сафидаги фаолиятни кучайтириш кераклигини айтиб, кўнглимни кўтардилар. Бироқ, мен ҳозир ҳам мана шу қарорда турибман. Агар мен ҳозир кетмасам, Хазратқул бир неча кундан кейин“мен ва менинг ташкилотим (Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ЎИҲЖ)ҳаракатдан чиқади”, деб чиқади. Аслида бу кимса мана шундай фурсатни кутаяпти. Мен унинг ўзини тутишига Берлиндаги йиғилиш вақтида эътибор бергандим. Ўша пайтдаёк унинг самимийликдан узоқшахс эканлигини, қўрқоқ, мақтанчоқ эканлигини билгандим. Бундай одамлар доимо эътибор талаб бўлишади, ўзларининг саводсизликлари ва иғвогарликларини шанғи овози билан беркитмоқчи бўлишади. Вақт эса ҳаммасини очиқлайди. У ҳозир ЎХҲ сафида ҳеч кимга керак эмаслигини сезди ва чиқиб кетиш учун сабаб қидиряпти. Сабаб эса топилди, яъни ЎХҲ сафида жосуслар! УнингИнтернетда ёзишича, ЎХҲ сафига 6 нафар жосус кириб олган. Савол туғилади: Хазратқул бу жосусларни мавжуд эканлигини нега илгарироқ, ҳаракатнинг биринчи йиғинларида очиқламади? Нега энди ЎХҲ энди оёққа туриб, ташкилот сифатида шаклланиб бўлганида “Жосуслаааар!”, деб шовқин кўтараяпти? Саволлар кўп.

Барибир қизиқда Улуғбек, агар сиз айтаётгандай Х.Худойберди ЎХҲ сафида ҳеч кимга керак эмаслигини сезиб, чиқишни мўлжаллаётган бўлса, нега уни олиб қолиш учун сиз кетмоқчи бўляпсиз, кераксиз одамни сафда сақлаб қолишдан мурод не?

Улуғбек Ҳайдаров: Кераксиз одамни сақлаб қолиш эмас, кераксиз одамнинг фитнасини даф қилиш, ЎХҲ ичида фитна чиқармаслик, мана шу асосий мақсад. Қолаверса, кимнингдир менинг кетишим борасида нимадир дейиши ва қандайдир гумонга бориши, шахсан мен учун сариқ чақалиқ аҳамияти йўқ. Шунчаки, бўлиб ўтган мана шу гап сўзлардан кейин мен яна қайсарлик қилиб, “кетмайман”, деб тураверсам, Хазратқул ва унинг тарафдорлари тегирмонига сув қуйган бўламан, “а-ха, у кета олмайди, МХХ кетмайсан, қоласан деганда”, дейишади. Шунинг учун мен бу гапларга ойдинлик киргунича ҳаракат сафидан чиқиб тураман. Мен аминманки, Х.Худойберди ЎХҲ сафида узоқ қолмайди. Чунки хасадгўй, иғвогар ва ичи қора кимсалар доим ҳам оёқ остида юриб, қадам олишга ҳалақит беради ва пировардида бир тепки билан гумдон бўлади. Мен Х.Худойберди ва ўзим ўртамиздаги муаммони М.Солиҳ олдида, ва ЎХҲ ичида эмас, ундан ташқарида, бафуржа ҳал қилмоқчиман. Ва ҳал қиламан ҳам.

Улуғбек айтингчи, мана шу воқеалар ЎХҲ фаолиятига нақадар таъсир қиляпти, умуман бу уюшма тугатилиш арафасига келиб қолмадими, ахир у энди ташқаридаги зарбалар эмас, ўз ичидаги олишувлар, фитналар домига тушди?

Улуғбек Ҳайдаров: ЎХҲ ичидаги олишувлар ўша Берлин конференциясида бошланган менимча… Ва ҳозиргача давом этяпти. М.Солиҳнинг сайланишига тиш тирноғи билан яширинча, ҳа айнан яширинча қарши чиққанлар бўлди. Ўша Х.Худойберди ҳам шулар сафида. Менинг куни кеча ҳаракат раҳбарларидан бири билан суҳбатимизда ҳам мана шу ички мувозанат ҳақида гап бўлди.  Хавотир йўқ эмас, бор. Лекин, ўтган бир йил ичида ЎХҲ анча мунча иш қилди, миллатимиз шуурида умид ва ишонч уйғота олди деб ўйлайман. Ҳаракат сафида бугун мил лат учун қайғурадиган, собитқадам инсонлар кўп.Ўйлайманки, Х.Худойбердига ўхшаган кимсаларнинг “Ҳаракат ичида фитналар бор”, деган тасаввур уйғотишга уриниши бефойда нарса. ЎХҲдан менинг кетишимдан фожеа ясамаслик керак, ва бунга бир оддий ҳол деб қараш лозим.

Улуғбек келинг энди яна бир, кўпчилик ҳамкасбларни қизиқтирувчи саволниям кўтарсак, Жамшид Каримов ҳақда қандайдир янги маълумот борми, унинг тақдирини аниқлаш бўйича қандайдир ҳаракатлар олиб бориляптими?

Улуғбек Ҳайдаров: Ҳаракатлар бор албатта. Зотан дўстимиз бўйича қабул қилган мурожаатимизни кўп таниқли инсонлар имзолади ва биз энди бу мурожаатни йирик халқаро ташкилотларга йўллаймиз, бу масала бўйича алоҳида процедуралар белгиланишига чақирамиз, юқори даражадаги мулоқотларда бу масала ҳам диққат марказида туришини илтимос қиламиз. Қилинадиган ишлар белгиланган ва тез орада қайтадан ҳаракатни бошлаймиз. Жамшиднинг ўзи ҳозирча Жиззах шаҳрида, уй қамоғида ўтирганлигини айтишяпти. Қисқа сайрга у билан махсус хизмат вакиллари бирга чиқишяпти экан. Кунлар бир оз исигач, уни Зомин тоғлари устида қурилган машҳур “Зомин” оромгоҳига олиб кетишади, деган хабарни етказишди. Эҳтимол тоғ ҳавоси Жамшид учун фойдалидир, бироқ у ерда уяли телефонлар ишламайди, Интернет ҳақида айтмаса ҳам балади. Қисқаси “полная блокировка человека”. Жамшид у ерда информациясиз қийланади… Уни у ерда қанча ушлаб туриш лари эса ноъмалум.

Таҳририят: Улуғбек, биз билан мулоқотга ва балким сиз учун у қадар ёқимли бўлмаган мавзуда суҳбатлашишга рози бўлганингиз учун раҳмат. Қадрли мухлис, суҳбат сўнгида биз Улуғбек Ҳайдаровнинг яқин ҳамкасби, Ўзбекистонда жиддий чекловлар ва босимлар остида қолган журналистлардан бирига мурожаат қилдик, унинг кўтарганимиз ва муҳокама қилганимиз мавзу юзасидан фикрини сўрадик. Азбаройи маълум тарафга ён босганлик ёки манфаатлар тўқнашувида айбланмаслик, билдирилган фикр эса фақат ҳолис ва бетараф муносабат ўлароқ қабул қилинсин учун, биз суҳбатдошимизнинг исмини ошкр қилмасликка қарор қилдик. Ўйлаймизки бизнинг соф интилишларимизни тўғри баҳолайсиз.

Шу билан бирга Жараён, сиз азиз ўқувчига ҳам кўтарганимиз мавзу ва суҳбатимиз сўнгида билдирилган фикр юзасидан ўз қарашларингиз, мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашишни таклиф этади. Бизга ёзинг, биз сизга ҳам фикр билдириш имконини ҳавола этишдан мамнунмиз. Марҳамат билдирилган фикр билан танишинг:

— Ўзбек мухолифати ҳам, альтернатив дейилаётган журналистикаси вакиллари ҳам бугун бироз ақлларини пешлаб олишлари зарур. Эътибор қилинг, сўнгги беш олти йил давомида мухолифат эмас, энг эркин дея даъволанаётган матбуот вакиллари ва журналистлари эмас, айнан мухолифларга мухолифлар эркин матбуот имкониятларидан жуда кен ва маромида фойдаланяпти. Улар афтидан зарба бериш ҳадисини анча мукаммал ўзлаштирган. Бугун ҳатто йирик, жуда ҳам профессионал ҳисобланаётган оммавий ахборот воситалари, жуда ҳам маҳоратли ва энг қудратли, ўзбек режимини сал қолса трақайлатвораётган мухолифат ҳам ана ўша “трақайлаётганлар” сурнайига ўйнаб ётипти. Неча йиллар давомида танигани, билгани одамлар ҳақда кеча, худо билмас жойлардан пайдо бўлиб қолган нотавонларнинг оламшумул даъволарига сузилиб, нималарни гапиришмади. Гўллик ҳам шу қадар бўладими?

Бирортамиз, бир дақиқа бўлсин ўйланиб ҳам ўтирмаяпмиз, нега энди бирдан фалончи, мен неча йилдан бери билган, яхши таниган, ишонган инсон ҳақида бундай мутлақо эсанкиратиб қўювчи маълумотлар пайдо бўляпти, нима учун мен бу маълумотларга ва уларни тақдим этаётган, қаёқдандир пайдо бўлиб қолган “янги қаҳрамон”ларга ишонишим керак, балким мақсад ҳам айнан ишонтириш, ёмонотлиқ қилиш ва якдилликни, жипсликни парчалашдир деган гумонга бормадик. Шу қадар ўчмиз, шу қадар очмизки, ким нима деб вайсаса лаққа тушаверамиз, бу тўнкасифат қаёқдан чиқиб қолди ўзи демаймиз. Кимисидир МХХнинг собиқи бўлади, кимисидир аллақандай ҳаракатнинг энг жиддий қурбони бўлади ва негадир бу шўрликлар улар учун нафрат манбаи бўлиши керак бўлган режимни эмас, режим учун нафратли ҳисобланган кимсаларни нелардадир “фош” қила бошлайди, уларга қарши кўтарилишга даъват қилади.

Овсарлигимиз шу қадарки, нега энди бу қургур “бечоралар” айнан бизнинг дўстлар, касбдошлар, кечаги сафдошларга бу қадар ташланяпти, мақсади нима буларнинг, балким собиқлик ҳақидаги даъвоси ўйиндир деган гумонга бормаймиз. Йўқ, бизга душмандан гумонланиш ўрнига ўз яқинимиздан гумонланиш осонроқ, енгилроқ бу иш. Зарарсиз. Мана шу ҳолат ҳукмрон экан, мухолифатнинг аллақандай зафарлар ҳақидаги, аллақандай бўлажак аниқ эврилишлар ҳақидаги башоратлари бекор, бундай ақли калта ва фаросатсиз инсонлар нимагадир эришиши мутлақо кулгили. Зеро бугун уларни маълум идоранинг маълум кимсалари томонидан битилган масалга ишонтириб сайратган, ўйнатган кимсалар, эртага бошқа ўйинларга ҳам ўйнатади, бемалол бошқара олади, йўналишни кўрсатиб қўйиб бир четда чапак чалиб кузатади.

Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, мана шу сўнгги беш олти йил ичида кимларни нималарда айбламадик. Бизга айблаш учун асос бўлувчи маълумотлар қаёқдан келди, нима учун кеча ёнма ён туриб ёвга қарши дадил курашга чиқмоқчи бўлган дўстларимиз бугун бизга энг ёвуз, ўзбек режимидан ҳам ёвузроқ душманга айланиб қолди, нега биз кеча ёнимизда турганни инкор этиб тўсатдан пайдо бўлиб қолганга ишоняпмиз? Мана шу саволни ўзимизга берайлик ва жавобини ўйлаб кўрайлик, биз кимга қарши мухолифмиз ўзи? Кечаги дўстларга, сафдошларга, касбдошларга қаршими ёки?.. Эътибор қилинг биз ҳамма вақт, тўғрироғи бизларни ҳамма вақт айнан ишлаётган, Ўзбекистонда, унинг ташқарисида туриб нимадир қилаётганлар ҳақда шубҳаланишга ундашди, шубҳаланиш билан чекланмай, балки шубҳамизни асослаган ҳолда ҳаммага маълум қилишга мажбурлашди. Биз шуни қилдик, тўйиб тўйиб энг тоза, энг жасоратли дўстларимизни лойга чапладик.

Ҳаёт барибир ким ҳақ, ким ноҳақ кўрсатяпти, аммо биз кўришни хоҳламаймиз, тан олишни истамаймиз, ахир алданган бўлиб чиқиш бизга ёқмайди, биз бундай иллатдан устунмизда, комиллар султонимизда. Бугунги айбловлар ҳам айнан ўша алданишнинг давоми. Мен Улуғбекни яхши танийман, мен унинг журналист сифатидаги фаолиятидан жуда яхши хабардорман, мен худди шундай Тўлқин Қараевни ҳам биламан, Қудрат Бобожонни ҳам, Юсуф Расулни ҳам, Ҳусниддин Кутбиддиновни ҳам, Иброҳимжон Зокировни ҳам, Матлуба Азаматовани ҳам биламан, уларнинг журналист сифатидаги фаолиятини ҳам жуда яхши биламан. Аммо улар ҳақда вайсаётганларни танимайман, ҳеч қачон уларнинг мана шу касбдош дўстларимдай жасоратли фаолиятини кўрмаганман. Сизчи? Сиз биласизми? Қани шу саволга ҳам жавоб топиб кўрингчи? Номларини айтганим журналистларни калтаклашди, босимлар остига олишди, айримлари қамалиб ҳам чиқди, айримлари хануз таъқиб остида, аммо шундай бўлсада улар фаолиятда тўхтамади, Ўзбекистонда қолганиям, чиқиб кетгани ҳам. Балким шунинг учун улар нишонга олингандир, ўйлаб кўрмайсизми?

Нима деманг, аммо, не-не сайтлар яратмайлик, не-не йирик оммавий ахборот воситаларининг профессионал, жуда ҳам профессионал ходимлари бўлмайлик, биз барибир маълумотни олиш, текшириш ва узатиш масаласида мутлақо заиф эканмиз, бизни ўзлари учун ашаддий душман билганларга нисбатан. Улар бу ишнинг ҳадисини олган экан, шу боис ҳам ҳатто бизларни, ўз ишимизнинг устаси деб билганларни ҳам, ноғорасига ўйнатяпти, ишонинг ўйнаяпмиз, мазза қилиб ўйнаяпмиз. Ақлни ишлатмас эканмиз, ана шундай ўйнаб юраверамиз, оқни қорадан фарқламай.

yangifikr.com