Умид сўнмас қалбда хеч қачон,
Элга бўлган чин муҳаббат ҳам.
Келар бир кун биз кутган замон,
Парчаланар кишан, зулмат, ғам.
Ҳар бир уйда бўлади байрам.
Эрк йўлида бардам бўл сафдош,
Юрагингда сўнмасин ишонч.
Сеникидир замин ва қуёш,
Сеникидир шодлик, бахт, қувонч
Ва зафарга бўлган зўр ишонч.
Озодликка ташна кўнгиллар,
Буюк миллат уйғонар бир кун.
Сафимизга қўшилар улар,
Эрк йўлида курашиш учун,
Мустабидни қулатиш учун.
Тиклангайдир яна шараф-шон,
Яна ярақлайди адолат нури.
Озод бўлар занжирбанд инсон,
Уйғонади онги, шуури,
Аёл шарми, эркак ғурури.
Умид билан яшагин инсон,
Яқин қолди биз кутган замон.
Озодбек Элкезар