O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Уммат муаммолари

Уммат муаммолари
20 views
23 June 2014 - 16:54

Кўп ҳолларда одамларни тафриқага тушираётган ҳамда уларни бирлик, ҳамжиҳатлик ва иттифоқликдан узоқлаштираётган омиллардан бири – бу уларнинг муҳим муаммолар, катта умидлар ва юксак ғоялар билан банд бўлмаётганлигидир. Агар одамларнинг қалблари муҳим ғоя ва мақсадлар билан банд бўлмаса, улар майда-чуйда нарсалар, арзимаган масалалар устида ихтилофлар қилиб юраверишади, балки шунга маҳкум бўлиб қолишади. Баъзан шу майда-чуйда нарсалар устида ўзаро жанжаллашиб, ҳатто бир-бирларини ўлдиришгача боришлари ҳам мумкин. Мусибат ва қийинчиликлар, умумий душманга қарши бир сафда туриш каби ҳолатлар одамларни жипслаштиради. Аҳмад Шавқий тўғри топиб айтган: «Мусибат етганларни мусибатлар бирлаштиради».

ummat muammolari

Ақийда ва фиқҳнинг асосий масалалари қолиб, салафлар иттифоқ қилмаган масалалардаги ихтилоф ва баҳслар уммонига умматни ғарқ қилиш унга нисбатан хоинликдир. Уммат бошига тушган, балки ўзимиз ҳам сабаб бўлган фожиалар, кўргиликлар, муаммолар ва фалокатларни унутадиган бўлсак, замонамиз мусулмонларини яраштириш, иттофиққа келтиришга умуман ҳеч қандай умид қолмайди.

Бу айнан Ибн Умар разиялоҳу анху дуч келган – чуқур кетиш ва инжиқликни танқид қилишига сабаб бўлган ҳодисага ўхшайди. Ўшанда бир ироқлик киши ундан эҳромли ҳолда ўлдирган чивиннинг хуни ҳақида сўраган эди. Ибн Умар разияллоҳу анҳу унга ишора қилиб: «Манави одамни қаранглар, мендан чивиннинг хуни ҳақида сўраётир! Ваҳоланки, булар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзанларидан бирини ўлдиришган…» деб айтган эди.

Бир неча хил таъвил ва бир неча қарашлардан иборат бўлган баъзи шозз – нодир масалаларни ковлаб, қизғин баҳсларни алангалатиб, манжаниқларни (катапульта) ясаб, бир-бирларига тошдан ҳам оғир гапларни ва азобловчи ўқларни отиш хоинликдан ўзга нарса эмас.

Аслини олганда, ижтиҳод масалалари динимизнинг нақадар кенг қамровли ва мослашувчан эканига бир далилдир. Ҳадисга кўра, тўғри ижтиҳод қилган кишига икки савоб, нотўғри ижтиҳод қилганга эса бир савоб тегади. Шунинг учун ҳам мусулмон мутафаккирлари ва даъватчилари мусулмон оммасини Умматнинг муҳим муаммолари билан шуғулланишга, уларнинг эътиборларини, фикрларини ва қалбларини шу масалаларда жамлаш зарурлигига қаратишган. Ҳар бир инсон мавжуд муаммоларни бартарф этишга ҳисса қўшиш учун тинимсиз равишда интилиши ва шу билан оғир юкни енгиллатиш мақсадида уни кўпчиликнинг елкасига тақсим қилиши керак.

Диний, мафкуравий, миллий, тил ва сиёсий ихтилофларга қарамасдан дунё барча соҳалар бўйича бирлашишга ҳаракат қилмоқда. Насроний динининг оқимлари бир-бирларидан анча узоқлашган бўлганига қарамай, ҳатто уларни бошқа-бошқа дин дейиш даражасида бўлса ҳам, улар бир-бирларига яқинлашиб, ўзаро ҳамкорликларни йўлга қўяётганларини кўряпмиз. Улар бир бирларига қанчалик мухолиф бўлмасин, ўзаро манфаатлар устида бирлаша олмоқдалар.

Насроний ва яҳудийлар асрлар оша давом этиб келаётган тарихий адоватларини бир четга суриб, барча соҳаларда ҳамкорликка ўтганини ҳам кўриб турибмиз. Ҳатто Ватикан ҳам Исо Масиҳни “қатл” қилишда яҳудийлар айбдор эмас, деган қарор ҳам чиқарди.

Яқин ўтмишдаги мафкура даражасида бир бирига қарама-қарши бўлган иккита йирик давлат – Совет иттифоқи ва АҚШнинг “тинчлик асосида яшаш” деган шиор билан ўзаро яқинлашгани ҳаммамизга маълум. Бориб бориб, бу нарса “Розилик сиёсати”га айланди. Бошқа бир тарафдан Америка Хитой билан яқинлашиб бормоқда…

Бир вақтлар миллатлараро, ҳудудий, сиёсий ва ғоявий зиддият ва урушлар билан тўлиб тошган Европа ҳозирги кунда шу қадар интеграциялашган ки, Европа мамлакатлари ўртасидаги чегаралар йўқолиб, ягона давлат сифатида бирлашиб олишди. Энг ажабланарлиси шуки, Шарқий Европани Ғарбий Европадан ажратиб турадиган темир парда ҳам кундан кунга юпқалашиб бориб, охир оқибат йиртиб ташланди.

Таниқли сиёсий шарҳловчи Аҳмад Баҳоуддин мазкур ҳолатларга изоҳ берар экан, жумладан, қуйдагиларни айтади: «Де Голль ўз интервьюларида «Европа Атлантикадан Уралга қадар чўзилиб кетган», деганда унинг гаплари киноя сифатида қабул қилиниб, қораланган. Чунки Урал – Россия ва Сибир ўртасида жойлашган тоғли худуд, демак, у ўзига Шарқ ва Ғарбни ўз ичига олган ва Россиядан Франция ва Испанияга қадар чўзилиб кетган, Ягона Европа ҳақида гапирмоқда. Бу гапни муаллиф совуқ уруш, Европанинг Шарқий ва Ғарбий томонларга бўлинаётган, Берлин девори қурилаётган ва қуролланиш пойгаси авжига чиққан бир пайтда айтган эди. Мухолифатлари унинг бу гапини Американинг жиғига тегиш учун айтилган, деб ўйлайди. Зеро, унинг фикридан Шимолий Атлантика Иттифоқидан ва Ғарбий оламни ташкиллаштиришдан қатъий назар, Россия Америкага нисбатан Европага анчайин яқин деган маънони уқиб олиш қийин эмас эди.

Де Голль айнан шу нарсаларни назарда тутган. У дунё мафкураларга эмас, балки халқларга бўлинишини яхши тушунган. Тарих учун жуғрофия барча сиёсий режимлардан муҳим экани, француз, олмон ёки руслар турли хил сиёсий режимларга эргашиши мумкин эканини: у монархия бўладими ё республикачиликми, капиталистикми ё коммунистикми – барибир ўртада миллий мансублик туради. Франция французларники, Олмония олмонларники ва шу мантиққа кўра, Россия аввалига Чор сўнг Коммунистик режим остида бўлса ҳам русларники, яъни европаники бўлиб қолаверади. Варшава шартномаси ва Шимолий Атлантика иттифоқи деб атаганлари билан жуғрофий воқелик барибир кучли бўлиб чиқаверади. Шубҳасиз, Де Голль ўз сиёсати билан Европада АҚШнинг устунлигини заифлаштирмоқчи бўлган. Чунки у коммунистлар юлдузи ботиб бораётанини кўра билган. Булар эса оддий сиёсат эмас, балки сиёсий қарашлар эди.

Де Голль тамаддунларнинг алмашиши фалсафа тарихини тадқиқот қилган ва бошқалардан кўра узоқни кўра билган мутафаккирдир. Шарқий Европада (айниқса Олмонияда) бўлиб ўтган ҳодисалар билан таниш бўлган одам ҳеч қандай жаҳон урушлари, атом бомбаларисиз Де Голль башоратлари тўғри чиққанидан ҳайратда қолади. Янада ажаблантирадиган нарса шуки, тарих фалсафасини тушунишда Де Голльга (генерал Де Голль, Иккинчи Жаҳон уруши қаҳрамони, Франция президенти) мутлақо тескари бўлган Горбачев (Горбачев – миллатчиликка зид бўлган байналмилалчилик вакили, энг асосийси – ишчи ва бошқа синфларнинг бирлиги дея ҳисоблаб келган) “катта Европа уйи” иборасини қўллаб келган. Бутун дунё ва энг аввало Европа (айниқса Олмония) унинг бу гапларидан ҳайратланиб лол қотар эди. Ҳеч ким тарих Де Голльнинг ушбу мантиқий хулосасини ажабтовур тез ва бу қадар ўта жўн ҳолатда ўзлаштиришини ва талаб қилажагини тасаввур эта олмаган ҳам эди». [Ал-Аҳрам, 13/11/1989].

Диалектик материализм вакили ҳисобланган Горбачевнинг католик черкови вакили Рим папаси билан Ватиканда учрашгани янада ажабланарли ҳолдир. Бундай ҳодиса Россияда коммунистлар тарафидан содир этилган 1917 йилги давлат тўнтаришидан сўнг ҳеч кузатилмаган эди. Мусулмонлар очарчиликдан қирилаётган, жоҳилликдан халок бўлаётган, наркотиклар қулига айланаётган, насронийликка ўтказилаётган, худосизлик, залолатга тортилаётан бир даврда мусулмонлар муаммолари билан қандай қилиб қизиқмаслик ҳамда уларни ечишга ҳаракат қилмаслик мумкин? Ким мусулмонларнинг муаммолари учун ғам чекмаса, улар биздан эмасдир. Ислом уммати ўзи истеъмол қиладиган озиқ-овқатларни ишлаб чиқармайди, ўзини ва ўзининг муқаддас нарсаларини ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ ҳам ишлаб чиқармайди. Мусулмонларнинг салмоғини ошириб, уларни муҳтарам қилиши мумкин бўлган ускуна ва техникаларни ишлаб чиқаришга ҳам бепарводирлар. Бутун Ислом олами “учинчи дунё” таркибига киради, агар “тўртинчи” дунё мавжуд бўлганида, улар унинг таркибини ҳам тўлдириб ташлаган бўлармиди?! Кўпинча Умматнинг қолоқ бўлиши сабаби қилиб Исломни кўрсатишади, муқаддас динимизни айблашади. Агар ҳозирги мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилганларида эди, улар дунё халқларига устоз бўлиб, инсониятга пешво бўлишига шубҳа қолмаган бўлар эди.

Ўзимнинг “Исломнинг қайта уйғониши ҳамда араб ва Ислом олами ташвишлари” номли тадқиқотимда таъкидлаб ўтганимдек, қайта уйғониш – бу буюк олам ташвишлари ва муаммоларининг йўқолиши дегани эмас. Уни амалга ошириш учун бутун қалби ва ақли билан шу муаммоларни ҳал этиш, уларнинг сабаб ва оқибатларини чуқур ўйлаш керак.

Мен “Ислом васатияси”ни, яъни муътадил, соф Исломни таклиф этаман, уни Исломнинг универсал калити деб биламан. Зеро у консерватизм ва реформизмни бирлаштириб, догматик ва ўзгарувчан категория ва тушунчалар ўртасида мувозанат ҳосил қилиб, ўтмишдаги қарашаларни ва келажакдаги режаларни тарозуга солади. Буларнинг ичидан еттита асосий нарсани алоҳида баён қилганман:
1) Илмий, технологик ва маданий қолоқлик муаммоси;
2) Ижтимоий ва иқтисодий зулм муаммоси;
3) Сиёсий авторитаризм ва мустабидлик муаммоси;
4) Европалашиш, мафкуравий ва маданий босқинлик муаммоси;
5) Сионистик тажовуз ва оккупация муаммолари;
6) Араб ва Исломдаги парчаланиш ва алоқаларнинг узилиш муаммоси;
7) Ахлоқларнинг бузилиши ва айниши муаммоси.

Агар истак бўлса, бу рўйхатга яна бошқа кўплаб муаммоларни қўшиш мумкин: фуқаролар уруши, минтақавий муаммолар, ҳалокатли очарчилик, христиан миссионерларининг ёвуз ҳужумлари ва ҳоказолар.

Бир пайтлар Кувайтдаги халқаро Исломий хайрия ассамблеяси ишида иштирок этдим. Мажлисларнинг сўнгида иштирокчиларнинг бири Афғонистондаги уруш муаммолари ва унинг атрофидаги иғволар ҳақида гап очди. Ундан сўнг бошқа бир иштирокчи масжидлар инқилоби, интифада, муқаддас замин қаҳрамонлари ва улар дуч келган қийинчиликлар, уларга душманларнинг солган азоблари ҳамда араб ва мусулмонларнинг кучсизлиги, заифлиги ҳақида гапирди. Учинчиси эса Ливандаги фожиалар, иқтидор учун кураш, хорижликларнинг иғвою фитналари ҳамда хунрезликлар ва вайронагарчиликлар ҳақида гапирди. Тўртинчиси эса Покистон ва замонавий аёл тимсолидаги, Ғарб ва Шарқнинг ҳамда насроний ва мушрикларнинг қўллаб-қувватлаши билан унга илмонийларнинг қилаётан зарбаси ҳақида сўзлади. Бешинчиси эса иккита мусулмон давлат – Мавритания ва Сенегал ўртасида аланга олган ҳамда араблар билан қора ирқ вакиллари ўртасида адоват уруғини сочган уруш ҳақида гапирди. Олтинчи маърузачи Судан жанубидаги Жон Жорд фитнаси, яъни шариатга ҳамла қилгани, Ислом ва араблар бу ерларда бегона унсур эканини тарғиб этгани ҳақида зикр қилди. Саккизинчиси эса Сомалидаги бахтиқаро мусулмонлар ҳақида, Эритрейдаги насроний-марксчиларнинг фитнаси хусусида сўзлади. Тўққизинчиси эса Филиппиндаги мусулмонларнинг кураши ҳақида гапирди. Ўнинчиси Болгария ва Бирмадаги мусулмонлар бошига тушган азоблар ҳақида гап очди. Гап фақат дунё бўйлаб сочилиб кетган мусулмон озчиликлари ҳақида кетаётгани йўқ: мусулмонлар кўп яшайдиган жойларда ҳам мусулмонларнинг уйлари узра хавф хатар булути турибди.

Осиёдаги энг йирик мусулмонлар мамлакати Индонезияга насронийлаштириш хавфи соя солиб турибди, Африкада эса Нигерия насронийлаштирилмоқда.

Ўз динининг жонкуяри бўлган ва бутун уммат дарди билан қизиқаётган мусулмон агар инсофдан маҳрум этилмаган бўлса, бу улкан муаммоларни қандай инкор қила олиши мумкин?
Ўзини ўзи улардан яккалатиб қўйиши ва айни вақтда, муҳим, зарурий масалалар сирасига кирмайдиган илмий ёки кундалик ҳаётнинг икир-чикирлари орқасидан мубоҳаса қилиши, қичқириши, нафратини сочиши ва ушбу арзимас нарсаларни деб, уйғун бирликни парчалаб юбораётгани, унутилган нифоқни қайта қўзғатаётгани, аллақачон босилган зиддиятларга боз фаол тус бераётганига эътибор қаратмаслиги мумкинми? Ер куррасининг барча бурчакларида кузатилаётган ҳамда бутун дунё интеграцияси натижасида дунё майда-чуйда ихтилофларни унутишга ҳаракат қилаётган бир вақтда-я?! Шунинг учун ҳам асослар ҳамда тақдирларни ҳал қилувчи қарорлардан чалғитиб, биз одамларни иккинчи даражали масалалар билан овора бўлиб қолишга тарғиб қилмаслигимиз керак. Бир вақтлар мусулмонларнинг фикрларини банд қилган эски (шозз) мавзулар устида тадқиқотлар қилишга ҳозир ҳожат йўқ. Бугун уларга жой йўқ. Бундай масалалардан бугунимиз учун деярли ҳеч қандай фойда ва керакли самара олиб бўлмайди. Масалан, баъзи бир вақтларда Ислом тафаккурида “Қуръон махлуқми” деган мавзу асосий мавзулардан бўлган эди. Шу масала юзасидан муътазалийлар билан бошқалар орасида катта даҳанаки баҳслар олов бўлиб ёнар эди. Ўшанда файласуф мўътазалийлар Аббосийлар салтанати ва унинг иттифоқчиларини баҳсларга муккасидан кетишга мажбур қила олган эди.

Улар мусулмонларни, уларнинг олимлари, улуғ мужтаҳид имом Аҳмад ибн Ҳанбал бош имомлар билан тортишувларни қўзғашга муваффақ бўлишди: ўт ва қиличлар, қамоқхона ва қийноқлар билан рақибларини ўз ақийдаларидан кечишга ва ўзлари тарғиб қилаётган қарашларни (таълимотларни) қабул қилишга мажбур қилдилар. Бу – даҳшатли фитна ва оғир фалокат эди. Ўзларини «Эркин фикр жарчиларимиз» деб атайдиганлар бу нарсаларнинг юкини ўзларида тотиб кўришди.

Ҳар ҳолда, бу фитна маълум шароитларга боғлиқ бўлиб, уни оқлаш учун ўзининг баҳоналари ҳам бор эди. Бироқ, бугун қай тарзда бўлса ҳам уларни қайта қўзғаш учун ҳеч қандай баҳона, сабаб йўқ. Шунинг учун ҳам зайдийлар, ибодийлар ёки қандайдир бошқа фирқалар ҳақида гапирганларида уларнинг «Қуръон махлуқ», деб ишонишларини эшитиб ҳайрон бўламан. Бу масалани кўтариш ҳеч қанақасига мумкин эмас.

Ҳозирда биздаги муаммо Қуръонни Аллоҳ томонидан нозил бўлганини тасдиқловчилар ўртасидаги муаммо эмас, балки унинг Аллоҳдан эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан деб, шу билан бирга Улуғ китобнинг илоҳийлигини ва унинг ҳаётий дастур эканини ҳамда давлат ва жамият асоси эканини инкор қилувчилардир.

Юсуф Қаразовий мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

Манба: info.islom.uz