“Даракчи” газетасини варақлаб туриб, Гулнора хонимнинг интервьюсига кўзим тушди. Интервью аслида “Даракчи” учун берилмаган. Умуман олганда, хоним ўзбек матбуотининг бирор бир нашрига интервью бермайди. Газетадаги суҳбат ҳам таржима, чет элнинг қайсидир нашрига интервью берган, шуни ўзбек тилига ўгириб босишган. Хоним ҳақида маълумот берилар экан, Иймон ва Ислом исмли фарзандларнинг онаси, дейишибди. Исмлар жуда ўлмас ва жарангдор. Биз бу ҳақда эмас, Иймонжонга она бўлмиш Умму Иймоннинг фазли ҳақида ёзмоқчимиз.
Умму Иймоннинг саховати ҳақида ўзбек матбуоти ёзавериб ҳолдан тояди баъзан.
1000та никоҳ тўй, 1000 та суннат тўй… Бунақа тадбирларни санасак, яна мингтаси келиб чиқади. Вилоятларда ўтаётган бундай тўйларга хоним шунчаки меҳмон сифатида бориб келади, холос. Аслида бу тўйларни вилоят хокимлари шўрпешона фермерларга мажбурий тарзда юклаб уюштирадилар. Фермерлар ҳам бўйин товлаб кўрсинчи, ерлари тортиб олиниб, бошқа бир эгилувчан фермерга топширилади. Фермерлар зиммасига нафақат хонимнинг тўйларини ўтказиб беришлик, балки бошқа вазифалар ҳам юкланган. Масалан, ҳар йили ҳаж мавсумида ҳар бир вилоятдан маълум бир гуруҳ ҳажга жўнатилади. Ҳожиларнинг бориш-келиш харажатлари яна фермерларнинг зиммасида… Фермерлар рози бўлиб тўлармикан ўша харажатларни, бировнинг ҳисобига ҳажга борган ҳожининг ҳажи-чи, қабулмикан?
Яқинда Навоий вилоятида ўтказилган “Асрлар садоси” тадбири кунларида Навоий шаҳридаги ҳамма дам олиш уйлари ва санатоийлардаги касаллар мажбурий тарзда уй-уйига жўнатилди. Чунки меҳмонларга жой керак эди. Ақл бовар қилмайдиган ҳодиса… Санаторийларда асосан кексалар даволанади. Ҳаммаси бир кечада хонимнинг меҳмонларига жойини бўшатиб беришди.
Энг даҳшатлиси, эрта-индин Рамазон эшик қоқиб турибди. Закот мавсуми… Хоним бир ой рўзада хар битта масжидга учтадан одам қўйиб, масжидларга тушган закот пулларини йиғдириб олади. Имомлар қаттиқ назорат остига олинади, гуёки улар тушган закотларни бева-бечорага тарқатиб юборадигандек. Закотнинг ўз эгаси бўлиб Ислом динида у эгасига топширилиши кераклиги уқтирилган. Аммо хоним закотга ҳақдормикан?
Яқинда дўкон айланиб юриб, иккита аёлнинг суҳбати қулоғимга чалиниб қолди. Бириси касалини даволатиш учун пул сўраб, хонимга хат ёзган бўлса, иккинчиси ўғлини ўқитиш учун ёрдам сўраб хат ёзибди. Хайрия фондлари ҳам бисёр, албатта, аммо улардан фойдаланаётганлар неча фоиз экан?
Умму Иймоннинг саховати ҳақида гапирар эканмиз, бир ривоятни келтирмай иложимиз йўқ.
Араб китобларида келтирилишича, Умму Жамийл исмли бир бой аёл бўлиб, фақирларга хайр-эҳсон қилишда жуда машҳур эди. Одамлар келиб ундан ҳожатини сўрар, у қўлидан келгунча ёрдам берар эди. Бир куни иккита мискин унинг ҳузурига келди. Биринчиси, Оллоҳнинг фазлидан ва Умму Жамийлнинг фазлидан сўрайман, деди. Иккинчиси, Оллоҳнинг фазлидан сўрайман, деди. Биттаси Оллоҳдан, иккинчиси Умму Жамийлнинг сахийлигидан умид қилди. Умму Жамийлга ҳалиги гап ёқиб тушди-да, иккаласига биттадан сўйилган товуқ берди. Умму Жамийлнинг фазлидан сўрайман, деганнинг товуғини ичига 10 тангани тиқиб қўйди. Иккаласига бир хил 2 тангадан пул ҳам берди. Ўша бадбахт сал нари юриб, ҳар сафар товуғини шеригига сотиб, уни 2 тангасини олиб йўлига кетар эди. Умму Жамийлнинг фазлидан сўраган 4 тангага эга бўлса, Оллоҳнинг фазлидан сўраган иккита товуқ ва 10 тангага эга бўлар эди.
Демоқчимизки, бева бечора, етим-есирларнинг ҳаққи бўлмиш закот пулларигача йиғиштириб олиб, сахийлик қилаётган Умму Иймоннинг фазлидан сўралмайди. Инсоннинг азизлиги одамлардан беҳожатлигидадир.
Муаййада Шукурова