Ҳозир ҳамма нарса аралаш қуралаш бўлиб кетган пайт… Зулм, диктаторлик режими туфайли инсонларнинг йўлини топиб олишлари ниҳоятда қийин бўлиб кетган. Халқимизнинг жамиятнинг қандай жамият эканлигини, кимнинг тўғри йўлда, кимнинг эса дунё ва охирати куйиб кетадиган йўлда эканлигини тушуниб олиши ниҳоятда қийинлашган.
Инсонлар орасида ўзинг учун ўл етим, нима қилиб бўлса ҳам, ҳалолми, ҳаромми пул топсанг бўлди, мантиғи табора ёйилиб бормоқда. Хуллас, бозор иқтисоди ҳамма томонни мозор ҳаётига ўхшаш ҳаётга айлантириб юборди…
Аммо ҳаёт янада давом этмоқда. Диктатор Каримовнинг мана шундай зулм ва жоҳилият тузумида ҳам бир авлод вояга етиб улгурди. Вояга етган ўғил қизлар эса ўз ўзидан маълум бўлгани каби турмуш қуришни истайдилар. Ўғиллари улғайган ота оналар келинли бўлишни, қизлари улғайганлар эса куёвли бўлишни хоҳлайдилар…
Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) инсон тўрт нарса учун оила қуриши мамкинлигини, аммо мусулмонлар булардан фақат бирини танлашлари лозимлигини бизга насиҳат қилиб кетганлар. Булар гўзаллик, мол мулк, яхши насаб ва имонли бўлиш…Мусулмон инсонларга албатта имонли бўлиш бутун ишларда асос ҳисобланади. Имонли бўлиш тўғрисўзли, адолатли, тоат ибодатли, ихлосли, бутун ишларида яхши ахлоқли бўлишни билдиради. Оила қуришда бу мезонга амал қилганлар Аллоҳ ризосини кўзлаб ҳаёт кечирганлари учун тинч тотув ва бахтиёр ҳаёт кечирадилар. Аммо афсуски бу кунларда бу мезон унутилиб, унинг ўрнини бойлик ва кайфу сафога асосланган ҳаётни мезон қилиб олаётганлар кўпчиликни ташкил қилиши ҳам сир эмас. Биргина далил келтирайлик, агар келин куёв имон йўлидан юрмайдиган бўлса, дейлик ароқ ичишни канда қилмасалар, улардан туғиладиган болалар ногирон бўлиб туғилиши ва бир умр ўз ота онасига маломат тошларини отиши мумкин…
Албатта имонли бўлиш инсоннинг чиройли, насабининг улуғ, мол мулкининг етарли бўлишига тўсиқлик қилмайди. Бу ҳақиқатдаги ҳикмат аввало имонни устун кўришдир, имон бўлмаган жойда бу уч жиҳатнинг ишга ярамаслигидир.
Ҳозирги кунда ўзбеклар орасида имонлиларни излаш у ёқда турсин, турли сабаблар билан муҳожирликда яшаётган халқимиз вакилларининг бегона миллат вакиллари билан оила қуришлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу ерда яна имон қадрияти мезон ҳисобланади. Яъни, эркак киши қаерлик бўлмасин имонли қизга ёки аёлга, худди шундай миллатимизнинг қизлари ҳам қаерга келин бўлишдан қатъий назар имонли инсон билан турмуш қуришлари лозим бўлади. Яъни, оила қуришда ер ва миллий жиҳатлар эмас, яна имоний жиҳат асос ҳисобланади.
“Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича (мўминани)уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирадилар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақиради ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки эсга олсалар”. (Бақара сураси 221 оят)
(Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади) .
Бу ояти каримани оддий изоҳласак, ўзлари мўмин мусулмон бўлган ёшлар ҳеч бир шаклда имонсиз ёки имонида ширк бўлганлар билан турмуш қура олмайдилар. Яъни, кореялик, хитойлик, рус, ҳинд ва шунга ўхшаш миллат вакиллари билан, агар улар мусулмонликни қабул қилмаган бўлса, ўғилларини уйлантира олмайдилар, қизларини бундайларга бера олмайдилар. Севиб қолдим, пули кўп экан, нима қилайлик ўзи уйланиб олган, қизимиз шу билан қочиб кетди, деган важлар бундай ҳолатларда инсонларни охират масъулиятидан қутқармайди…
“Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Иффатли мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатли аёллар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали бехуда кетадир ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир”.(Моида сураси 5 оят)
(Ислом мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.)
Ушбу оятнинг далили шундан иборатки, аҳли китоб ҳисобланадиган насоро ва яҳудийларнинг таомларидан, агар улар динимизга кўра ҳаром ҳисобланмаса, мусулмонлар истеъмол қилса бўлар экан. Шунингдек, мусулмон эркаклар аҳли китоблардан бўлган иффатли аёлларга зино ва шундай фаҳш йўлларга кирмасдан, уйланишлари мумкин экан. Аммо бу қоида муслима қизлар ва аёллар учун далил ҳисобланмайди. Яъни, улар аҳли китобларнинг эркакларига ҳеч бир шарт билан эрга тега олмайдилар…
Ҳозирги кунда интернет ва шунга ўхшаш ижтимоий тармоқлар орқали танишиш ва шу йўл билан оила қуриш табора кенг ёйилиб бормоқда. Хўш, оила қуришда бундай усулдан фойдаланиш мумкинми? Бу усул оила қуришга васила бўлиши мумкин, холос. Яъни, бундай йўллар билан оилалар ўзаро танишишлари мумкин, холос. Танишгандан кейин яна имон масаласи, инсоннинг яхши ва ёмон тарафлари тадқиқ қилинади, албатта.
Оила қуриш масаласи бир умрлик масаладир. Бу ишда ота оналарнинг масъулияти ниҳоятда каттадир. Ота оналар болаларининг тарбиясига масъул бўлгани каби, уларнинг келажак ҳаётларида имон ва яхши ахлоққа асосланган ҳаёт кечиришлари учун ҳам масъулдирлар. Оила қуришда келин ва куёвнинг розилиги шартдир, аммо бу улар истаган киши билан турмуш қуриб кетавериши мумкин, деган маънони ҳам билдирмайди. Бу ердаги муҳим хусус Исломнинг қонун қоидаларини асос олиш, шу жумладан бундай ниҳоятда масъулиятли ишда маслаҳатлашишга эътибор беришдир. Яъни, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, оила қуриш масаласида ота онасининг маслаҳати ва хайрли дуоси билан иш қилиши мусулмон ёшларга вожибдир.
Абдурраҳмон Муҳаммад