Мабодо мендан “Суд залида ўтириш кимга қийин?” деб сўрашсайди, мен “тингловчи ва кузатувчиларга қийин”, деб жавоб берган бўлардим….
Нега?
Чунки суд залида ўтирган ҳамманинг – қозининг, давлат қораловчисининг, ҳимоячининг, судланувчининг сўзлаш ҳуқуқи бор.
Қонунга кўра, биргина кузатувчи ва тингловчилар судда фикрини баён қилиш ҳуқуқидан маҳрум.
Гоҳида ана шу ҳуқуқсизлик кишининг халқумига чанг соларкан.
Бугун менда шундай ҳол кечди.
Прокурор Баҳром Қобулов “Ҳурматли судя, Бобомурод Абдуллаев судни чўзиб, жамоатчиликни, судни боши берк кўчага киритишга, чалғитишга уринаяпти.
Судни бекордан бекорга чўзишнинг нима кераги бор? Бундан ташқари мен ўша uzerk.org сайтига кирдим, у ердаги 2014 йилнинг 14 январ кунги “Сирийские уроки и ответы “миролюбам” сарлавҳаси остидаги мақолада айрим конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват қилувчи сўзлар ўзгартирилганлигига гувоҳ бўлдим. Масалан, шу мақоланинг бир абзацидаги “военный” сўзи “активный” сўзига алмаштирилган. Ва яна бир жойида “свергнет” сўзи “избавиться” сўзи билан алмаштириб қўйилган экан. Мен буни uzerk.org сайтидаги мақоланинг фейсбук саҳифаларидаги ўзгартирилмаган, эски ҳолидаги вариантини топганимда билиб қолдим. Фейсбукда мақоладаги ўша сўзлар ўзгартирилмаган ҳолда турибди”, дея кўрсатма берганида, биринчи марта суд мажлисида кузатувчи ва тингловчининг гапириш ҳуқуқи чеклаб қўйилганидан ачиниб кетдим.
Суд залида чурқ этишга изн берилмаган экан, лоақал, шу ерда, ўз саҳифамда кўнглимдан кечганларини баён қилай деган ўйда қўлимга қалам олдим:
Биринчидан, журналист Бобомурод Абдуллаев ва 3 нафар фуқаро устидан 18 апрел куни бўлиб ўтган 9-суд мажлисида давлат қораловчиси, прокурор Баҳром Қобилов худди “беш дақиқаси кам” Шерлок Холмс бўлиб кетди, рости.
Прокурор юқоридаги фактларни келтираётганида “Бу одамнинг мутахассислиги ҳуқуқшунос эмас, журналист – ижодкор бўлса керак?”, деган ҳаёлга ҳам бордим ҳатто. Негаки, катта бир мақоладан бир жумла хам эмас, БИТТА сўзнинг ўзгартириб қўйилганлигини илғаб олишнинг ўзи бўлмайди.
Хўш, давлат қораловчиси Қобиловнинг калласига бунингдек КАТТА ақл, бунингдек зукколик қаердан келиб қолди?
Прокурорнинг ақли ишлаб қолдими ёки…“шпаргалка” иш бердими?
Шахсан мен “шпаргалка” деб ўйладим.
Негаки, Қобилов айтган “факт”лар прокурор илғаб оладиган “деталлар” эмас.
Назаримда, Прокурор Қобиловнинг қўлига Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайти матриалларидан, айнан Усмон Ҳақназар мақолаларидан “давлатни қурол билан ағдаришга даъват этиувчи” жумлаларни – “тирноқ ичидаги кирни” йиллаб ахтариб юрган кимсалардан бири унга бу “шпаргалка”ни берган менимча.
Ҳа-да, эмаклаган боланинг “то-той”лаган душмани бўлади дейишади…
Боз устига бу ёқда “Усмон Ҳақназар” тахаллуси билан “Имзолилар”нинг, “қулоқлар”нинг рўйхати чиқиб кетган бўлса! Уша “имзолилар”дан бирининг “Усмон Ҳақназар”га бўлган адовати бугун давлат қораловчиси Қобиловга қўл келди – “қулоқ”лардан бирининг адовати иш берди-ёв деб ўйлаб қолдим.Нима бўлганини билмайману, прокурор узи мақолаларни титкилаб, майда “детал”лар топмагани аник! Мен бунга ишонмайман, Билганим шу холос.
Аммо янада муҳими жихати бу эмас.
Муҳими, прокурор иддаосининг мазмунида.
Журналистиканинг, ижодкорнинг ёзилмаган бир қонуни бор. Журналист ёзади. Ёзганларини эл ҳукмига ҳавола қилади. Орадан ўн кун ўтиб ёзган мақоласига кўз югуртиргудек бўлса ғализ жумлаларини, ноўрин айтган гапларини англаб қолади.Ижодкор ижод маҳсулини ўн бора ўқиса, бу ҳол ўн бор такрорланади.
Ўқиганинг сайин ёзганларингнинг нуқсони сезилаверади. Ана шундай пайтларда ёзган мақолангдаги сатрларни, гоҳида мазмунини ҳам ўзгартиришга, тузатишга эҳтиёж сезасан!
Ана, катта ижодкорлар айтсин: мабодо ёзган романлари катта китоб бўлиб бир неча минг нусхада чоп этилмаганида эди, асарини минг карра таҳрир қилган бўларди. Китоб бўлиб чиқди, таҳрир қилмоқнинг имкони йўқ.
Аммо интернет бу – бошқа масала. У нашрдан чиққан китоб эмас. Интернет ижодкорларга ўз ижод маҳсулини ўзгартириш, қайта-қайта таҳрир қилиш, қараб чиқиш имконини берди.
Матбуот, айниқса, интернет сайтларининг яна бир афзаллиги шундаки, йўл қўйган хатосини журналистнинг ўзи сезмаса, ўқувчиларнинг ўзи кўрсатиб қўяди.
“Танбехлар” беради. Изоҳлар қолдиради.Тузатиш киритишингизни талаб қилади. Қани, камчиликларингизни бурнингиз тагида кўрсатиб турганларидан кейин ҳам хатоларингизни тузатмай кўрингчи? Бу ўқувчингизга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.
Иш бор жойда хато бўлади…
Масалан, интернетда эълон қилинган мақолаларига жуда кўп ўзгартириш киритадиган журналист мен бўлсам керак.Ёзганларимни ҳар гал ўқиганимда ҳар сафар битта қусур топаман ва тузатиб қўяман! Нима, ўз ёзганларимда нуқсонларни кўрганим ва тузатиб қўйганим учун мендан ҳам жиноятчи ясаш керакми?
Мақолаларни чоп этган ноширнинг ҳам вазифаси бундан фарқ қилмайди. У ўз саҳифасида кетган хато ва камчликларни кўриб, тузатса бу ҳам жиноят санламаса керак ҳар ҳолда.
Қолаверса, сайт админстратори мақолаларга ўзгартириш киритганлиги тўғрисида баёнот бериб турган бир пайтда Бобомурод Абдуллага ташланишлари бемаъниликдан бошқа нарса эмас.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист
Манба: facebook.com