Марказий Осиё жанубидаги Афғонистон тинчлик нималигини билмай келаётган мамлакат. Бу юртда мамлакат фуқароларининг бир неча авлодлари урушлар ичида туғилиб вояга етиб келаяпди. 27 апрель кунида 1978 йилда Афғонистонда содир бўлган “Савр инқилоби” (Апрель инқилоби) га 35 йил тўлади. Кимлардир мана шу 35 йилдан бери бу мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилмаётганини писанда қилсада, ҳар ҳолда афғон урушларининг боши XVIII асрга бориб тақалади.
Буюк Британия қироллиги ўзининг мустамлакачилик урушлари билан дунё тарихига кирган бўлсада, унинг олиб борган қирғин-баротлари сал кам қаҳрамонлик сифатида кўрилади ва бунинг учун қироллик ҳаттоки узр ҳам келтирмаган. Марказий Осиё Россия империяси томонидан босиб олинган кезларда, Буюк Британия Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистонда мустамлакачилик урушларини олиб борарди. Ҳиндистон (ўша дамда ҳозирги Покистон ҳам Ҳиндистон таркибида эди) Буюк Британия мустамлакасига айланган бўлсада, Афғонистонда улар айтарлик бирор муваффақиятни қўлга кирита олишмаган.
Биринчи Британия – Афғонистон уруши 1839 йилда содир бўлди ва бунда улар амир Дўст – Муҳаммадни тахтдан ағдаришга муваффақ бўлишганди. Англия ҳукмдорлари Афғонистон тахтига Шуджа-хонни ўтқазиб, уни ўз вассал ҳукумати бошлиғига айлантириб олишди. Бироқ инглизларнинг қўлга киритган бу муваффақиятлари узоқ давом этмади. Британияликлар томонидан тайинлаган бу ҳукумат 1842 йилда ағдарилиб, Афғонистон Британиядан ўз мустақиллигини эълон қилди, ҳамда Буюк Британия билан тинчлик шартномасини ҳам тузди.
Бу вақтда Россия империяси Марказий Осиёни забт этиб Афғонистон четараларига яқинлашиб келаётганди. Русларнинг шиддат билан олиб бораётган ҳаракатларидан ташвишга тушган Британия қироллиги 1878 йилда тағин Афғонистонга кириб келди ва бу уруш 1880 йилгача давом этди. Мағлуб бўлган инглизлар мамлакатдан чиқиб кетишаркан, ўзларига мойил бўлган амир Абдурраҳмонни тахтга ўтқазишди. Шу билан Британия қироллиги Афғонистон устидан ўзининг қисман бўлсада назоратини сақлаб қола олди.
1919 йилда Омонуллахон Афғонистоннинг Англиядан мутлақ мустақиллигини эълон қилган ва шунда учинчи Британия – Афғон уруши бошланади. Афғонистон мустақиллигини тан олган биринчи давлат бўлиб эса, ўша дамдаги Совет Россияси чиқди. Совет Россияси Афғонистон мустақиллигини тан олибгина қолмай, бу мамлакатга ҳарбий, ҳамда иқтисодий кўмак ҳам кўрсатарди. XX аср бошида Афғонистон саноъатсиз, аграр, халқи ўта даражада қашшоқ бўлган бир қолоқ мамлакат эди.
1973 йилда Афғонистон шоҳи Зоиршоҳ расмий визит билан Италияда бўлган кезда, мамлакатда давлат тўнтариши содир бўлди. Ҳукумат Зоиршоҳнинг қариндошларидан бири бўлган Муҳаммад Довуд томонидан қўлга олинганди. Янги ҳукмдор шоҳ монархиясини ағдариб, мамлакат тарихида биринчи Афғонистон Республикасини эълон қилади.
Иқтидорга келган Муҳаммад Довуд мамлакатда авторитар диктатура режимини ўрнатди ва бир қанча ислоҳотларни амалга оширишга ҳам уринди. Бироқ ислоҳатлар самарасиз якунланди. Боз устига биринчи афғон республкасида сиёсий барқарорлик ҳам мавжуд эмасди. Коммунистик ва исломий кўз қарашларда бўлган турли сиёсий гуруҳлар орасида қарама қаршилик турар, исломчиларнинг бир неча бор қўзғалонлар кўтарган ҳоллари ҳам бор эди. Лекин бу қўзғонлонлар ҳар сафар ҳукумат кучлари томонидан бостирилиб келинган. Муҳаммад Довуд ҳукумронлиги эса 1978 йилнинг 27 апрель кунида эълон қилинган “Савр инқилоби” (Апрель инқилоби) билан якун топади.
Афғонистондаги “Апрель инқилоби” (дари тилида “Энқилобе Савр”) ва унинг оқибатлари ҳақида гап кетаркан, негадир кўпчилик бунда Совет Иттифоқини айблашга одатланган. Гўёки уни Кремлдан туриб бошқариб туришган ва Кремлнинг истаги билан амалга оширишган. Ҳа, Афғон урушига аралашиш Советлар учун жуда қимматга тушганди ва охир оқибат, бу Коммунистлар мамлакатининг парчаланишида ҳам муҳим бир омил бўлганди. Лекин бу инқилобни Советлар амалга оширганмиди? Афғонистондаги инқилобни афғон коммунистлари мустақил тарзда амалга оширган ва буни кўпчилик билмайди, ёки билсада, атай тан олмайди.
Афғонистонда содир бўлган “Апрель инқилоби” мелодий 1978 йилнинг 27 апрель санасига тўғри келади. Аслида бу инқилоб эмас, балки давлат тўнтарилиши эди ва бунда асосий ҳал қилувчи ролни Афғонистон ҳарбийлари ўйнаганди. Инқилобдан ўн кунгина илгари, яъни 17 апрель кунида Афғонистон Халқ Демократик Партиясининг (АХДП) кўзга кўринган намоёндаси, афғон парламентидаги “Парчам” фракциясиннинг аъзоси, мухолифатдаги нашрлардан бирининг собиқ бош муҳаррири бўлган Мир Акбар Ҳайбар отиб ўлдирилди. 19 апрель кунида ўтказилган дафн марсимлари эса ўша даврда Афғонистон президенти бўлган Муҳаммад Давуд режимига қарши намойишга айланиб кетганди. Бу норозилик намойишларида 20 мингдан ортиқ афғонлар иштирок этишганликлари тахмин этилади. Ҳар ҳолда, эл орасида Мир Акбар Ҳайдарнинг ўлимида президент Муҳаммад Довуднинг махсус хизматларининг қўли борлиги ҳақида миш-мишлар оралаб юрарди. Ҳукумат 50 мингдан ортиқ аъзоси бўлган бу сиёсий кучдан қўрқарди ҳам.
Муҳаммад Довуд АХДП лидерларини қамоққа олишга буйруқ берди ва шу буйруққа асосан, 25 апрелдан 26 апрелга ўтар кечасида партиянинг лидерлари бўлган Нур Муҳҳаммад Тараки ва Бабрак Кармаллар ҳибсга олинди. Шу куни шундоқ ҳам уй қамоғида бўлган Ҳафизулла Амин ҳам зиндонбанд этилди. 26 апрель кунида Афғонистон газеталари Мир Акбар Ҳайдарнинг дафн маросимларида бошланган кўча намойишларини фитнакорлик ва Конституцияга зид ҳаракатлар, дея ёза бошлади. Шунингдек афғон ОАВ давлатга қарши содир этилган бу жиноятларда АХДП нинг бир қатор раҳбарларини айбдор, деб топилганини ва уларни махсус хизматлар қамоққа олганликларини ҳам келтириб ўтди. Улар кимлар эди? Нур Муҳаммед Тараки, Бабрак Кармал, доктор Шоҳ Вали, Дастагир Панжшери, Абдул Хаким Шаройи, Ҳафизулла Амин, доктор Замир Сафи.
Тарқатилган ахборотларда ҳибсга олинган шахсларнинг турар жойларида тинтув ўтказилгани, мамлакат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳужжатлар ҳам қўлга киритилганлиги иддао қилинар, ҳамда бу фитначилар гуруҳининг қолган аъзолари ҳам қидирилаётганлиги билдириларди.
Бироқ, қамоқдаги Ҳафизулло Амин ўзининг ўғли ёрдами билан АХДП га содиқ бўлган ҳарбий қисмларга, ҳали 1978 йилнинг март ойидаёқ тайёрлаб қўйилган буйруғини етказиб берди. Буйруқ Афғонистонда ҳарбий тўнтаришни амалга оширишни кўзда тутарди. Шундан сўнг АХДП тарафдорлари ҳукуматни алмаштириш учун қуроллик қўзғолон уюштиришди.
1978 йилнинг 27 апрель куни, тонги соат 10:00 да Афғонистон пойтахти кўчаларида танклар пайдо бўлади ва улар Президент саройи Аркни қуршаб олишди. Аслам Ватанжор бошчилигидаги танк ҳарбий қисмлари Муҳаммад Довуд ўз оила аъзолари билан ўрнашган Афғон шоҳи саройини тўпга тутишди. Айни бино ичида Афғонистонинг кўпгина вазирликлари ва куч ичшлатар тизимлари идоралари ҳам жойлашган эди.
Бу ҳақда ўз эсдаликларида ёзган афғон публицисти Розиқ Маъмун куннинг ўртасида танклардан отилган снарядлардан бири Мудофаа вазирлигига тушганлигини ва шу билан президент саройи бўлган “Арк” ва бу вазирлик орасидаги алоқа тармоғи ишдан чиқганлигини эслаб ўтган. Шу куни Афғонистонда ҳарбий самолётлар ҳам инқилоб томонида туриб Муҳаммад Довуднинг ҳукуматига қарши жангларда иштирок эта бошлади. 27 апрель кунида бошланган бу давлат тўнтариши ортидан президент саройининг қамал қилиниши 28 апрелнинг тонгига қадар давом этди. Снарядлар ва бомбалар остида қолган ҳукумат таслим бўлди. Ҳукумат раҳбари ўрнашган бинога Имомиддин бошлигидаги қўзғонлончи ҳарбийлар гуруҳи кириб келиб, Муҳаммад Довудни бутун оиласи билан қириб ташлайди. Тахминан ўша вақтда қўзғолончиларга қарши турган давлат ҳарбийларининг қаршиликларига ҳам барҳам берилган.
Қўзғолон бошланган 27 апрель кунининг сўнгида Афғонистон радиоси “Савр инқилоби” амалга ошганлигини ҳам эълон қилди. АХДП нинг қамоққа олинган раҳбарлари Нур Муҳаммад Тараки ва Бабрак Кармаллар озод этилиб, мамлакатда Афғонистон Демократик Республикаси эълон қилинади. Мамлакат раҳбари ва бош вазири этиб Нур Муҳаммад Тараки, унинг муовини этиб Бабрак Кармол, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва ташқи ишлар вазири лавозимига эса Ҳафизулло Амин сайланади.
Янги ҳукумат марксистик эди ва Совет Иттифоқидан ўзига андоза кўчира бошлади. Афғонистондаги янги ҳукуматнинг иқтидорга келиши ортидан, унга мухолиф бўлган исломий кучлар ҳам шаклланди. Совет Иттифоқи эса қўшни Афғонистонда нима воқеъалар содир бўлганлигини ОАВ да тарқатилган хабарлардан, ҳамда Афғонистондаги Совет дипломатлари маълумотларидан билди.
«Проблем мира и социализма» (Дунё ва социализм муаммолари) ойлик ижтимоий оммабоп журналининг 1979 йилнинг январь ойидаги нашрида АХДП аъзоларидан бири бўлган Зерой ўша дамдаги вазиятни қуйидагича шарҳлаган:
Омма қўзғолон қилишга тайёр эди. Мамлакатда турмуш даражаси шиддат билан тушиб кетган, бир миллондан ортиқ афғонлар Эронга ҳижрат қилишганди. Ҳукуматнинг ҳаққонийлигига ҳукумат аъзоларининг кўзи ўнгида тузатиб бўлмас шикаст етди. Буйруқлар ҳам бажарилмасди. Энг муҳим фактор шу бўлгандики, биз халқнинг орасида кунида 13-14 саотлаб ишлардик. Биз халқнинг ҳаракатига ишонардик. Инқилобга қадар 50 мингдант ортиқ аъзога эга бўлган бизнинг партиямиз катта таъсир кучига эга эди ва бу режимни қўрқитарди. Қобилдаги Совет Иттифоқи вакиллари учун, ҳамда ўзимизнинг махсус хизматлар учун ҳам 1978 йилнинг 27 апрель кунида содир бўлган давлат тўнтарилиши худди “мовий осмондаги чақмоқдек” бўлганди. Улар шунчаки, бу воқеани билмай қолишди. Афғонистон халқ-демократик партияси раҳбарлари Довуд режимини ағдаришга қаратилган ўз режаларини Совет Иттифоқидан махфий тутишганди, ҳатток улар Москва бу режага қарши чиқишига ҳам ишонишарди.
Бундан ташқари, тағин кўпгина манбалар ҳам воқеалар ривожининг айни тусда ўтганлигини тасдиқлашган. Масалан Совет Иттифоқи иқтисодчиларидан бир бўлган Станислав Меньшиков шундай ёзганди:
1978 йилнинг апрель ойида, Афғонистондаги давлат тўнтариши оқибатида ҳукумат тепасига маҳаллий коммунистлар келишди ва бу Совет раҳбарияти учун кутилмаган ҳол эди. Ўша қулатилган режим билан бизнинг муносабатларимиз ёмон эмасди, балки шунинг учун ҳам афғон коммунистлари Москва билан ўз режаларини ўртоқлашмагандирлар ҳам.
Совет Иттифоқининг чегараланган кичик бир ҳарбий контингенти Афғонистонга 1979 йилда киритилди. Бу мамлакатдаги янги Коммунистик ҳукуматга қарши турган мужоҳидлар гуруҳлари Афғонистон Демократик Республикаси ҳукуматини ағдаришни мақсад қилишган ва турли қўзғолонлар давом этаётганди.
1979 йилнинг март ойида Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида кўтарилган навбатдаги қўзғолон ортидан Афғонистоннинг янги ҳукумати биринчи бор Совет Иттифоқидан ҳарбий аралашвини илтимос қилиб мурожаат қилади. Бундай мурожаатлар тахминан 20 бор такрорланган бўлсада, аммо Совет Иттифоқи ҳар гал бу илтимосларни рад қиларди. Совет Иттифоқини Афғонистонга киритиш учун АҚШ нинг Марказий Разведка бошқармаси ҳам ҳуфёна ҳаракатлар олиб борган.
“Биз русларни Афғонистон урушига аралашишга ундардик, шундай бўлишига ишонч билан, улар айни шундай қилишлари эҳтимолини илгари сурардик”. – деб эслаб ўтган 1998 йилда Le Nouvel Observateur Француз журналига интервью берган АҚШ МРБ нинг собиқ директорои Роберт Гейтс. Совет ҳарбий контингентининг Афғонистонга кириши ортидан, 1979 йилнинг 3 июлида АҚШ президенти Джимми Картер бу мамлакатдаги антикоммунистик кучларни молиялаштириш ҳақидаги қарорини имзолади. Шу билан Афғонистон икки буюк мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий-синов полигонага айланди. Бунда Советлар ва Америкаликлар ўз қуролларини обдон синовдан ўтказишарди.
Совет Иттифиқининг ҳарбий контенгенти 1989 йилда бу мамлакатни тарк этган бўлсада, ҳалигача унда барқарор бир тинчлик ўрнатилмади. 2014 йилда уни НАТО кучлари ҳам ташлаб чиқади ва шундан кейин ҳам Афғонистонда барқарорлик ўрнатилинишига комил ишончнинг ўзи мавжуд эмас.
“Совет босқини” деб аталган йилларда советлар Афғонистонга нафақат ҳарбий ёрдам, балки гуманитар ёрдамлар ҳам кўрсатиб келганди. Бу мамлакатда ўрта умум таълим мактабларининг қурилиши, Қобулда политехника университетини қайта ташкил этгани, қишлоқ ва шаҳарларда қурилиш-ободошлаштириш ишларини олиб борилгани ҳам фактдир. Шунингдек Совет Иттифоқи Афғонистонда касалхоналар ҳам қуриб, уни мутахасислар билан таъминлаган.
Юқорида баён этганимиз, кучсиз бир давлатни оёққа турғазиш учун қилинган ҳаракат ва унга қарши турган кучларнинг ҳаракатларидан қисқа бир маълумотлар эди холос. Дунёдан узилиб қолган мамлакатларнинг ҳолига мана шунақа вой бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Афғонларнинг бошига тушган кўргуликларни назардан ўтказиб қараладиган бўлса, биз ўзбекларнинг қисматимиз ҳам ундан кўп ортиқ эмаслигини пайқаш мумкин. Фарқ эса бир ҳолда кузатилади: ўзбеклар итоаткор халқ ва ҳеч қачон ўз бошига келган офатга қарши турмайди, балки у билан ўртоқлашиш йўлларини излайди. Ҳар вазиятга бўлсада, кўникма ҳосил қилиб кетаверади.
Совет Иттифоқининг тугаши билан жаҳондаги совуқ уруш ҳам барҳам топади деган умидлар бўларди. Варшава шартрномаси тугатилганидан кейин ҳам НАТО тугатилмади. Демак совуқ уруш давом этаяпти ва энди НАТО Варшава шартномаси мамлакатлари эмас, балки биргина Россиянинг ўзига қарши турибди.
Куни келиб бир кун АҚШ МРБ сига Россия чегараларига яқин жойларда уруш чиқариш зарурати пайдо бўлиб қолсачи? Унда Марказий Осиё ҳам нақд Афғонистоннинг ўзига айланади. Кучсиз мамлакатларга уруш керак эмас, лекин ҳамма вақт айни ўшалар уруш қурбонлари бўлиб келишган.
Тўлқин Қораев
Швеция