Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинг ва содиқлар билан бирга бўлинг…” (Тавба сураси 119)
Албатта, инсонлар ўз замондошлари ва ўтмишдаги улуғ инсонлардан ўзларига ўрнак оладилар. Шубҳасиз, мўминлар учун тенгсиз ўрнак бутун сўзлари ва амаллари билан Муҳаммад (сав)дир. Шунингдек саҳобалар (яхши амалларида) ва тўғриликда собит қадам бўлган бошқа мўмин мусулмонлар ҳам биз учун ўрнакдир. Мен бугун шундай мўмин инсон ва ўзимга ўрнак олганим олим ва саёҳатчи Абдурашид Иброҳим билан саҳифамиз ўқувчиларини таништирмоқчиман. Мен устознинг ҳаёти билан Истанбулда бундан 15 йилча аввал унинг “Ислом олами” номли икки жилдли саёҳатномасини ўқиб танишгандим. Бундан деярли бир аср аввалги мусулмонларнинг дунёдаги ҳаёти ва уларнинг муаммолари ҳақида ёзилган бу асар менинг ётоғимнинг бошида “Бобурнома”, “Имон” (Мустафо Исломўғли) каби китоблар билан доимо бирга туради…
Туркча Википедияда (http://tr.wikipedia.org/wiki/Abd%C3%BCrre%C5%9Fid_%C4%B0brahim) берилган маълумотларга кўра устоз Абдурашид Иброҳимнинг отаси бухоролик ўзбеклардан, оналари эса бошқирд аслли зиёли оиладан бўлган. У 1857 йилда (устоз мендан роппа роса 100 йил катта экан) туғилган. Мадрасада таълим олгандан кейин Оренбурга келиб, бир бойнинг хизматига кирган. Кейин шу киши билан ҳажга борган ва Мадинада қолиб беш йил исломий таҳсил кўрган. Кейин мамлакатига қайтиб мударрислик иши билан шуғулланган. 1890 йилда илк марта Истанбулга келган. У ерда қайтиб Уфада қозилик қилган. Аммо шахсиятида тиниб тинчимаслик сифати бўлган устоз, Санк Петирбургга кетади ва мусулмонларнинг дардига дармон бўлишга уринади. Ҳақиқий олимларнинг йўлига сарой уламолари тўсиқ бўлиши маълум. Мусулмонлар ҳам кун кўрсин, дея жон куйдирган устозни сарой уламолари рус ҳукуматига шикоят қиладилар ва Абдурашид Иброҳим 1995 йилда яна Истанбулга келади. Истанбулга келгандан кейин бир рисола ёзиб, русиялик мусулмонларни Усмонли давлатига ҳижрат қилишга чорлайди. Бунинг натижасида етмиш минг мусулмон Русиядан Усмонли давлатига кўчиб ўтади. Истанбулда қимизчилик ва зироат ишлари билан шуғулланган устоз, 1896 йилда Европага саёҳат қилади ва Швецарияда мусулмонларнинг дардларини кун тартибига келтиришга уринади..
Абдурашид Иброҳим 1897 йилда биринчи катта саёҳатига чиқади. Истанбулдан ватанига, кейин эса Японияга боради. У ерда уч йил туриб, Ислом даъвати билан шуғулланади. 1900 йилда Санк Петирбургга қайтади, 1902 -1903 йилларда яна Японияда бўлади. У ердан Усмонли подишоҳи Абдулҳамид Хонга японияликларнинг Исломга яқинлиги хабарини бериб, бу ерда мусулмонликнинг ёйилиши учун ёрдам истайди. Аммо рус ҳукумат вакиллари унинг Японияда Русияга қарши фаолият олиб бораётганини шикоят қилишади ва у 1903 йилда Истанбулга қайтади. Бу ерда ҳам айни шикоят такрорлангач Усмонли ҳукумати уни Русияга таслим этади. Абдурашид Иброҳим Одессада икки ҳафта қамоқда тутилади ва русиялик мусулмонларнинг кучли эътирозлари туфайли қамоқдан озод қилинади. Қамоқдан чиққандан кейин Санк Петирбургга жойлашади ва у ерда турк тилида“Улфат” журналини чиқара бошлайди. Бу журнал тобора машҳур бўла бошланач, ҳукумат тарафидан 85 сони чиққанда таъқиқланади. Устоз шундан кейин араб тилида “Тилмиз” журналини, бу журнал таъқиқланган кейин эса, қозоқ шевасида “Серка” журналини чиқаради…
Матбоут фаолиятини ташкилотчилик билан кучайтиришни режалаштирган Абдурашид Иброҳим рус мусулмонларининг иттифоқи учун яширин фаолият олиб боради ва бу мақсадда мажлислар ўтказади. Бу мақсадда “Минг санали назра”, “Иттифоқ низомномаси” каби асарларини ёзади ва рус думаси кун тартибига мусулмонларнинг эркинлик масаласини келтиради. Ушбу фоалиятлари учун ҳукуматнинг тазйиқига учраган устоз яна Русияни тарк этади…
Шундан кейин Абдурашид Иброҳим иккинчи катта саёҳатига чиқади. Бир йил давомида Туркистонда (ғарбий ва шарқий) қолади. Тошкентни, Самарқандни, ота ватани Бухорони бориб кўради. Устознинг Туркистон саёҳати афсус надоматлар билан тўладир. (Унинг Туркистон саёҳати таассуротларини иншаллоҳ таржима қиламиз. НН). “Бу халқнинг одам бўлишига кўзим етмайди”, дейди устоз бу таассуротларида. Чунки ўша кунги Бухоро мадрасларида йигирма йиллаб ўтирган талабаларнинг араб тилидан хабари йўқлиги уни қаттиқ ташвишга солади. Туркистонда янги мактаб зарурлигини таъкидлайди ва кейинчалик жадидлар ҳаракатини қўллаб қувватлайди…
Кейин саёҳатини давом эттириш учун оиласини Қозонга жойлаштиради. Ўзи эса йўлида давом этиб, Сибир темир йўли орқали Мўғилистонга кетади. У ерда буддистларнинг руҳоний лидери Далай Лама билан учрашади. Шундан кейин яна Японияга боради ва императлор оиласига яқин кишилар билан учрашиб, Японияда Исломнинг ёйилиши учун музокаралар олиб боради. Шу тарзда жуда кўп япон расмийлари Исломни қабул қиладилар. Бу ерда Осиё Гикай Жамиятини қуради ва бу жамият Японияда илк масжиднинг очилиши учун ташаббус кўрсатади. Бу йилларда устоз япон тилини ўрганишга ҳам аҳамият беради..
1909 йилда Кореяга келади. Ундан кейин Хитойга боради. Устознинг “Ислом олами” саёҳатномаси асосан Япония, Хитой ва Ҳиндистон хотираларидан иборатдир. Хитойда мусулмонларга ваъз насиҳатлар қилади, бу ердаги миссионерларга қарши мужодала беради. Абдурашид Иброҳим маърифатпарвар ва катта шижоат эгаси бўлишига қарамай Хитой саёҳати давомида инглиз тилини яхши билмагани учун ўзини ўзи койийди. Ҳолбуки у турк, араб ва рус тилларини мукаммал билган. Инглиз тилни яхши билганимда бу ердаги мусулмонларга кўпроқ фойдам тегарди, дейди. Хитойдан Сингапурга, у ердан Ҳиндистонга сафар қилади. Ҳиндистонда нафақат мусулмонларнинг, балки маҳаллий аҳолининг аҳволи, тиллари билан қизиқади. Хотираларида Ҳиндистонда мавжуд бўлган тиллар рўйхати ҳам келтирилгандир…
Ҳиндистондан Ҳижозга келган устоз ҳаж фарзини адо қилади. Шундан кейин Байрутга, у ердан эса қайтиб Истанбулга келади. Усмонли фуқаролигига қабул қилингач, Истанбулнинг энг машҳур Сулаймониё, Аясофия, Шаҳзодабоши жоме масжидларида мингларча кишилар тўпланган жамоатга ваъзлар бериб, ўз саёҳатининг таассуротлари билан ўртоқлашади. Бу йилларда тукрларнинг миллий шоири Меҳмет Ақиф Эрсой билан танишиб дўст бўлади. Устознинг ваъзларидан таъсирланган Меҳмет Ақиф Абдурашид Иброҳим бағишлаб “Сулаймония минбарида” номли шеър ёзади. Бу шеърда қуйидаги мисралар ҳам ўрин олган:
Кимдир минбардаги мен танимаган пир аммо,
Ҳеч ҳам бегона эмас, қалбимга у жозиб сиймо…
“Мени минбарда кўриб, ваъз этади деманг,
Уламодан эмасман, шаклимга асло алданманг.
Диннинг аҳкомини зотан фукаҳонгиз сўйлар,
Изоҳ берарлар бир мушкулингиз борса агар.
Мендан сиз олами Исломни сўранг, айтай,
Ҳеч жойи қолмади, мен бормаган, қайтай.
Шарқий Ақсодан олинг, ғарбий ақсога қадар,
Мусулмон юртларида бошдан сўнгга даврим бор…”
(қаранг: http://www.haznevi.net/icerikoku.aspx?KID=5525&BID=63)
Устоз Абдурашид Иброҳим охирги узун саёҳатида Сибирь, Шарқий Туркистон, Украина, Литва, Германия ва Русиянинг бошқа минтақаларига боради. Шундан кейин Истанбул ва Конияда яшаган Абдурашид Иброҳим 1933 йилда яна Японияга кетади. У ерда илк масжидни иншо қилдиради ва Исломнинг расмий дин сифатида қабул қилинишига эришади. Умрини илм, маърифат, Исломга ва мусулмонларга хизмат ва саёҳат билан ўтказган устоз 1944 йилда 87 ёшида Токиода вафот этади…
Устозни ўзимга ойнаи жаҳон, деб биламан,
Сиймосига боқиб чексиз ҳижолатда тураман.
Сизку дунёни кўрдингиз, имону хизмат билан
Эй, воҳ мен қачон қўзғаламан ва не замон юраман.
Чину Ҳиндни фатҳ этдингиз илму маърифат билан
Мен жоҳил шижоатга қачон юзимни бураман.
Сиз кўрдингиз дунёнинг ғарбини ва шарқини,
Сиз кўрган у йўлларни билмам қачонлар кўраман.
Сизга боқиб шошади ақлим менинг,
Ҳиндга қачон бораману, Японга қачон бораман.
Аллоҳнинг марҳамати ер юзини саёҳат,
Мен эса ўзимни баҳона ипи билан ўраман…
Не қилай бир золимга бўлдим замондош,
Не қилай ғофилларла турмасдан оввораман.
Бир ният қилай мен ҳам имоннинг хизматига,
Аллоҳ насиб айласа, борган жойингизга бораман….
Устоз Абдурашид Иброҳимни Аллоҳ таоло мағфират қилсин! Омин.
Намоз Нормўмин,
13 декабрь 2012 йил